Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Sentabr 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 31 1
2 3 4 5 6 7 8
9 10 11 12 13 14 15
16 17 18 19 20 21 22
23 24 25 26 27 28 29
30 1 2 3 4 5 6
20.08.2019

ҚОРАСУВ – КЎҲНА САМАРҚАНДНИНГ ЯНГИ МАВЗЕСИ

Ўзининг бой тарихий ва маданий меросига эга бўлган кўҳна Самарқанд бугун ҳар жиҳатдан обод ва кўркам масканга айланди. Истиқлол туфайли қадимий осори-атиқаларининг ўз ҳолига қайтарилиши, янги-янги замонавий иншоотларнинг барпо этилиши, кўчаларнинг кенгайтирилиши, сўлим боғ-роғларнинг барпо этилиши шаҳар қиёфасини бутунлай ўзгартириб юборди.

 

Бугун эса қадимий шаҳарнинг ёнгинасида, Самарқанд туманига қарашли бўлган 50 гектарлик ҳудудда янги Қорасув массиви қад ростлади. Қисқа муддатларда кенг кўламли бунёдкорлик, ободонлаштириш ишлари амалга оширилди.

Энди янги массивда бажарилган бунёдкорлик ишлари ҳақида батафсилроқ тўхталайлик:

2018 йил дастури бўйича аҳоли учун «Ўзшаҳарқурилишинвест» инжиниринг компанияси томонидан жами 32 та 7 қаватли уй-жой қурилди. Ҳарбий хизматчилар учун «Қишлоққурилишинвест» инжиниринг компанияси томонидан жами 12 та 5 қаватли 3 хонали уй, 1 та 235 ўринли мактабгача таълим муассасаси ва 1 та янги мактаб биноси барпо этилди.

Айни пайтда ушбу масканда 2019 йил дастури бўйича аҳоли учун «Ўзшаҳарқурилишинвест» инжиниринг компанияси томонидан жами 13 та 7 қаватли уй-жой қурилмоқда. Шунингдек, 2019-2021 йиллар давомида «Агромир Билдинг» масъулияти чекланган жамияти томонидан Туркиянинг замонавий технологияси асосида монолит усулида жами 72 та уй-жой қурилиши режалаштирилган бўлиб, ҳозир 30 та уй-жой қурилиши олиб борилмоқда.

2019 йилнинг охирига қадар қуриб, фойдаланишга топширилиши режалаштирилган 18 та турар жой биносида қурувчилар қисқа фурсат ичида кенг кўламдаги ишларни амалга оширди. Замон талабларига ҳамоҳанг барпо этилаётган ушбу турар жой бинолари 12-16 қаватдан иборат бўлади. Қурилишда 1 минг 500 дан зиёд ишчи ва мутахассис меҳнат қилмоқда.

Маълумки, туркиялик қурувчилар жаҳон қурилиш бозорида ўзига хос нуфузга эга. «Агромир Билдинг» масъулияти чекланган жамиятининг ушбу мамлакат қурувчилари билан ўзаро ҳамкорлиги Қорасув массивида олиб борилаётган бунёдкорлик жараёнида ўз самарасини бермоқда. Ҳозир 150 нафардан ортиқ туркиялик қурувчи-муҳандис кўп қаватли турар жойларни барпо этишда иштирок этаётир.

— Бу массивда қурилиши режалаштирилган уйлар тез ва сифатли барпо этилади. Масалан, 16 қаватли уйни бир ойда қуриб битириш мумкин. Бу биноларнинг зилзилага бардошлилиги ҳам юқори, — дейди лойиҳа координатори туркиялик мутахассис Жейхун Хуюктепа. — Давр ўзгарди, замонавий меъморчилик, урбанизация, деган атамалар пайдо бўлди. Қорасув массивида амалга оширилаётган қурилиш жараёнларида ҳам ана шу жиҳатларни кўриш мумкин. Яъни, ҳар бир бино қурилишида ҳудуднинг кескин континентал иқлими, бино хоналарида тоза ва мўътадил ҳавони таъминлаш ҳисобга олинмоқда. Биноларнинг ичи табиат фаслларига монанд қишда иссиқ, ёзда салқин бўлиши таъминланади.

Янги маскандаги ижтимоий-иқтисодий жабҳалардаги ўзгаришлар, одамлар турмуш шароити вилоят ҳокимлигининг доимий эътиборида бўлиб келмоқда. Буни яқинда вилоят ҳокими Эркинжон Турдимовнинг ушбу маскандаги янги қурилган кўп қаватли уйларда яшаётган аҳоли билан мулоқот ўтказганлигидан ҳам англаш мумкин.

Даставвал, вилоят ҳокими янги уй-жойларда яшаётган аҳолининг муаммоларини эшитди. Кимдир янги қурилган арзон уй-жойлар нархининг асоссиз кўтарилиб кетганини айтса, яна кимдир уйнинг сифати ҳақида гапирди. Яна бошқа киши маҳалладаги боғчанинг ойлик бадали жуда қимматлигидан шикоят қилди.

– Қурувчилар уйимизни тўлиқ ва сифатли қилиб битирмасдан кетди, – дейди 21-уйнинг 35-хонадонида яшовчи Сайёра Маҳмадиёрова. – Бу ҳам етмагандай, уй олишда шартнома қилаётганимизда унинг бир квадрат метр нархи 2 миллион 800 минг сўм, деб айтилган эди. Аммо бугун банк бизга ҳар бир квадрат метр учун 3 миллион 400 минг сўмдан тўлашимизни айтяпти. Турмуш ўртоғим ўқитувчи бўлиб ишлайди. Ўзим ишсизман, икки нафар фарзандимиз бор, бунча пулни тўлашга имкониятимиз йўқ.

– Кимнинг уйи сифатсиз, чала қурилган бўлса, тегишли ташкилотлар томонидан унинг ҳолати ўрганиб чиқилади ва кетадиган харажат уй эгасига албатта ундириб берилади, – деди вилоят ҳокими. – Ундирилган маблағ эвазига ҳар ким ўз уйини таъмирлайди. Негаки, бу иш яна қурувчига юклатиладиган бўлса, муаммо кўпаяверади. Шунингдек, шу бугуноқ яшаётган уйларингизни квадрат метрини аниқлаштириб берамиз ва белгиланганидан кам чиқадиган бўлса, умумий тўловдан сизнинг фойдангизга олиб қолинади.

Шундан сўнг вилоят ҳокими фуқаролар томонидан берилган саволларга атрофлича жавоб қайтарди ва Қорасув массивида амалга ошириладиган қурилиш-бунёдкорлик ишлари билан танишди.

Мазкур массивда айни пайтда 16 қаватли замонавий уйлар қурилаётган бўлса, келаси йилдан бошлаб 30 қаватли бинолар қад ростлай бошлайди. Шунингдек, маҳаллада замон талаблари даражасидаги 1500 ўринли мактаб ва давлат-хусусий шерикчилик асосидаги боғчалар қурилади. Яқин йилларда бу ҳудуд юз минг нафар аҳоли, келажакда эса 1 миллион киши яшайдиган шаҳарчага айланади.

 

Абдурасул САТТОРОВ,

журналист.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: