Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Sentabr 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 31 1
2 3 4 5 6 7 8
9 10 11 12 13 14 15
16 17 18 19 20 21 22
23 24 25 26 27 28 29
30 1 2 3 4 5 6
20.08.2019

НОГИРОН ТУҒИЛГАН БОЛАЛАР УЧУН КИМ АЙБДОР, КИМ ЖАВОБГАР?

Бухоро шаҳридаги «Мурувват» ногирон болалар интернат уйига кирганимизда қурилиш таъмирлаш ишлари авж палласида эди. Ходимлардан бири бизни муассаса директорининг хонасига бошлади. Раҳбар бошқа меҳмонлар билан бандлиги сабабли кутиб туришимизга тўғри келди. Шу орада айрим маълумотлардан хабардор бўлдик.

Муассасада 4 ёшдан 18 ёшгача бўлган ақлан заиф ва ногиронлиги бўлган болалар яшаб, таълим-тарбия олади. 2009 йилда фаолият бошлаган, ушбу интернатнинг асосий биноси Давлат бюджетига қарашли. Айни пайтда муассасада 280 нафар бола яшайди. 25 нафар шифокор, 300 нафар энага ва 21 нафар ҳамшира уларни парваришлаб келмоқда. 57 нафар болага бошланғич таълим ҳам берилар экан.

Муассаса раҳбари Шоира Шамсиевага бир қатор саволлар билан мурожаат қилдик.

— Ақли заиф ногирон болалар билан ишлаш, уларни ўқиш-ёзишга ўргатишнинг машаққатини тасаввур қилиш қийин эмас. Бу ердаги тартиб-қоидалар ҳақида тўхталсангиз?

— Бизда бошланғич билим берилади. Яъни босма ҳарфларда бўлса ҳам исмини ёза олса, ўз-ўзига хизмат қила олса, масалан, пиёлани олиб келиш, овқатланиш ва бошқа ҳаракатларни бажариши ҳам бу болаларнинг ютуғи ҳисобланади. Муассасамиздаги болаларнинг аксарияти овқатланишни ҳам билмайди. Шунинг учун улар ўқитилади, ўргатилади.

Ақли заифликнинг турлари кўп. Улар касаллик даражасига қараб даволанади, жисмоний ва руҳий машқлар ҳам ўтказилади. Илмий жиҳатдан олиб қаралганда, ақли умуман ишламайдиган ва 20-25 фоиз ишлайдиганлар бор. Биласизми, бу руҳий ҳолатни тушуниш, даволаш жуда мураккаб ҳисобланади. Масалан, Бобуржон исмли бир боламиз бор. У 16 ёшда. Озодбек Назарбековни қўшиқларини айтади. Худо берган истеъдоди бор. Лекин сиз билан яхши гаплашиб туриб, ақлга сиғмайдиган нотўғри ишни қилиб қўяди. «Бобуржон ёмон иш қилиб қўйдингизку», десак, жиддий туриб бошқа қайтарилмаслигини айтади. Эртасига эса яна шу ҳолат такрорланади.

Бу биргина мисол. Бобуржон каби болалар эса кўпчиликни ташкил этади. Улар тушунади, фикрини айта олади. Аммо айримлари фикрлаш қобилиятига эга эмас. Умуман олганда, миянинг қайсидир қисми шикастланиши ногиронликка сабаб бўлади.

Чет элда бизнинг муассасамизга ўхшаш жойларда зўравонлик ҳолатлари кузатилади. Ўзбекистонда бу масалага жиддий эътибор қаратилади. Назорат кучайтирилган, ҳар бир хона, йўлак ва залларга кузатув камералари ўрнатилган. Беморларнинг тутқаноғи тутганда ёки бошқа бирор кўнгилсиз ҳолатларда опа-сингилларимиз уларни бошқара олмай қолади. Муассасамизда каттароқ ёшдаги ўғил болаларга эркак тарбиячилар ажратилган.

— Ақли заифликнинг асосий сабаблари нимада?

— Яқинда Сурхондарёдан бир болани олиб келишди. Отаси руҳий касал экан. Ота-онасидан носоғлом фарзандини нега уйлантирганини сўрасак, уйланаман деб туриб олганини айтишди. Бир эмас, 3 нафар руҳий хаста бола дунёга келган. Уларнинг бири Сурхондарёда, иккинчиси Тошкентда ва яна бири бизнинг муассасада. Одамларда тиббий маданият яхши шаклланмаганидан кейин бу каби ҳолатлар давом этаверади, жамиятда беморлар кўпаяверади.

Бу масала бўйича жойларда кенг тушунтириш ишларини олиб бориш керак. Баъзан отаси руҳий касал бўлса ҳам, соғлом бола туғилибди, дейишади. Касалликлар яширин ҳолатда инсон организмида яшайди. Одамда гормонал ўзгаришлар вақти бўлади. Мисол учун, балоғат ёшида, оила қуришда, ҳомиладорликда ва туғишдан кейин ҳоказо. Ана шундай ҳолатларда кўпроқ қизларда шизефрения каби касаллик юзага чиқади.

Айрим ирсий касалликлар бор, уларни аёл ўзида олиб юради. Масалан, гемофилия, деган қон касаллиги бор. Агар рецессив генни ўзида олиб юрган аёл ўзига ўхшаш эркакка турмушга чиқмаса, бу касаллик авлоддан-авлодга ўтиб юраверади. Касаллик ўзини ошкор қилмайди. Шунинг учун ҳам бу хатар қариндошлар ўртасида кўпроқ бўлади. Иккита қариндош оила қурдими, рецессив генлар қўшилиб, касалликни уйғотади. Одамларга тушунтиришга ҳаракат қиляпмиз, қариндошлар ўртасидаги никоҳларнинг олдини олиш зарурлигини кўп таъкидлаймиз. Бироқ биласиз, чекка-чекка жойларда, айрим қишлоқ, маҳалла ва овулларда қариндошлар билан ёки бир уруғдаги одамлар билан оила қуриш одатга айланган. Натижада генлар алмашмайди. Ёки иккита опа сингилнинг боласи турмуш қуради. Эркакнинг қони бошқа, деган сабаб кўрсатилади. Йўқ, бу хато тушунча. Бола 50 фоиз отадан, 50 фоиз онадан қон олади. Агар она ўз қонида рецессив генни олиб юрса, табиийки боласига беради. Қарабсизки, иккита бир хил ген учрашиши фарзандга салбий таъсир кўрсатади.

Инсон саломатлигини асраш учун тиббий билимга эга бўлиш талаб этилади.

Айрим касалликлар ҳақида очиқ-ойдин гапириш менталитетимизга тўғри келмайди, дейдиганлар бор. — Бу нотўғри фикр. Одамларга тушунтириш зарур. Ахир 17-18 ёшда мактабни тамомлаган фарзандларимиз ўқиш ёки иш, деб хорижга кетади. Ёлғиз қолган бола билганини қилади. У хавфсиз жинсий алоқа ҳақида тушунчага эга бўлмаса, юқумли, охири ўлим билан тугайдиган касалликлардан бехабар бўлса, касалликни осонгина юқтириб олади. Ўзбекистонга қайтгач, уйланади. Бегуноҳ ёшгина бир қизга уйланади. Натижада касалликлар кўпайиб бормоқда.

Уят, деб ўтиргандан фойда йўқ. Болаларимизни асрашнинг йўли — уларга маълумот бериш, тушунтириш, эҳтиёт бўлишга чақиришдан иборат. Чунки ана шундай ўта хавфли, юқумли касалликлар асосан мигрантлар орасида учрайди. Мактаб дастурида тиббий саводхонлик билан боғлиқ дарсларни кўпайтириш, ўғил болалар ва қизлар учун алоҳида шаклда мулоқотлар ўтказиш лозим. Зотан, касалликнинг олдини олиш уни даволашдан афзалдир.

...Муассаса директори билан яна бир қанча масалаларда суҳбатлашдик. Айрим одамларнинг эътиборсизлиги, лоқайдлиги ва жавобгарлик ҳиссидан йироқлиги аччиқ ҳақиқат эканини таъкидлади. Жамиятда ногиронликни бир фоизга камайтира олиш ҳам катта ютуқ эканини қайта-қайта такрорлади. Баъзи бир масъулиятсиз, маърифатсиз ота-оналарнинг қилмишлари сабабли фарзандлари ногирон бўлиб туғилаётгани тўғрисида куюниб гапирди.

Суҳбатдан сўнг Ўзбекистон ХДП Бухоро вилоят партия фаоллари билан биргаликда муассаса ҳамда унда истиқомат қилувчиларнинг яшаш тарзи билан яқиндан танишдик. Тўғриси, журналист халқи кўнгли бўш бўлади чоғи, кўзимиздаги ёшни тўхтата олмадик. Бирни кўриб фикр қил, мингни кўриб шукр, деган нақл хаёлимиздан ўтди. Аслида ҳам, соғлигимиз энг катта ва бебаҳо бойлигимиз эканини яна бир бор ҳис этдик. Ҳеч бир бола «Мурувват» уйига тушмасин, ўзгалар парваришига муҳтож бўлмасин, ана шундай муассасаларга эҳтиёж йўқолиб, секин-аста уларнинг барчаси ёпилиб кетсин, деб астойдил ният қилдик.

Қайтиш вақти келди. Шоира Шамсиева бизни Бобуржон билан таништирди. У бизга Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Равшан Комилов куйлаган «Одам бўлиб келдик, одам бўлайлик» қўшиғини куйлаб берди. Ҳеч қандай мусиқасиз ижро этилган бу қўшиқни ногирон бир бола айтаётганига ишониш қийин эди...

Муассасадан чиқиб, навбатдаги манзил томон йўл олар эканмиз, Бобуржоннинг овози узоқ вақтгача қулоғимиздан кетмади. Чиндан ҳам, одам бўлиб келдик, одам бўлайлик...

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА суҳбатлашди.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: