20.08.2019

АНИҚ ВА АМАЛИЙ ИШЛАР

билан кўпроқ шуғулланмасак, мақсадга эришиб бўлмайди

Мамлакатимизда фуқароларнинг сиёсий-ҳуқуқий онги, воқеа-ҳодисларга дахлдорлик туйғуси ошиб бораётганини кундалик ҳаётдан кўриб-билиб турибмиз. Шу маънода айтадиган бўлсак, бугун халқ сиёсий партиядан, депутатдан ҳам кўп нарса кутади, талаб қилади, ҳисоб сўрайди. Демак, сиёсий партия халқнинг эҳтиёжларини биринчи бўлиб англаши, муаммоларини ўрганиб, самарали ҳал қила олиши зарур. Депутатдан эса чин маънода одамлар дарди билан яшаш талаб этилади.

Ўзбекистон ХДП Тошкент шаҳар партия ташкилотининг конференциясида ана шу масалаларга алоҳида эътибор қаратилди. Ижтимоий-иқтисодий масалалар билан боғлиқ дастурлар, қарорлар ижроси устидан назорат ўрнатиш, партия электорати манфаатларини ҳимоя қилиш, сайловларга муносиб тайёргарлик кўриш масалалари қизғин муҳокама қилинди.

Конференцияда ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси Улуғбек Иноятов иштирок этди ҳамда шаҳар партия ташкилотининг бугунги фаолияти, навбатдаги долзарб вазифалар хусусида ўз фикрларини билдирди:

– Аввало, мамнуният билан айтишимиз керакки, мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиёти, соҳалар ривожи ва аҳоли фаровонлигини таъминлашда партиямиз иштироки тобора кучайиб бормоқда. Лекин бугун ҳудудларда амалга оширилаётган ислоҳотларда иштирок этиш билан бир қаторда мамлакатнинг ривожлантириш стратегиясини белгилашда ҳам ўз позициямизни намоён этишимиз лозим. Биз ўзимизни қанчалик танқид қилмайлик, баландпарвоз даъватларни илгари сурмайлик, аниқ амалий ишга ўтмасак, партиянинг таъсир кучи сезилмайди. Шу маънода айтадиган бўлсак, аввало, кадрлар масаласи ҳақида жиддий ўйлаб кўриш керак.

Тошкент шаҳрида партиямизнинг 42 мингдан ортиқ аъзоси бор. Бу катта куч аслида. Аммо бу кучдан самарали фойдалана оладиган, партиядошларни ўз ортидан эргаштира оладиган, одамлар онгига партия ғояларини сингдира оладиган фаол етакчиларни кўпайтириш керак бўлади. Шунда бизга ишонган, сафимизга қўшиладиган фуқаролар кўпаяди.

Олдимизда муҳим сиёсий жараён турибди. Сайловлар биз учун катта имтиҳон ҳисобланади. Ана шу сиёсий жараёнда партиямиз позициясини қатъий ҳимоя қилишимиз лозим. Хўш, бўлажак сайловларда кўпроқ муваффақиятга эришиш учун нималарга аҳамият бериш керак?

Аввало, партиянинг янги дастури ва Сайловолди дастурини такомиллаштиришимиз лозим. Ғоя ва режаларимиз халқимизнинг ўй-ташвишлари, манфаатларига нечоғли муносиб эканлиги ҳақида чуқур ўйлаб кўришимиз талаб этилади. Партиямизнинг янги дастурида ижтимоий демократик давлат қуриш ғояси устуворлик қилмоқда. Ҳозир дастур ва Сайловолди дастур устида экспертлар гуруҳи жиддий ишлаяпти. Унинг халқчиллигини таъминлаш бўйича ҳаракатлар олиб бориляпти, ҳудудларда аҳолини ўйлантираётган муаммолар ечими бўйича таклифлар олиняпти. Мақсадимиз халқимиз эҳтиёжларига мос, уларнинг манфаатларига хизмат қилувчи ҳаётий дастурлар ишлаб чиқишдан иборат. Мана шу муҳим вазифани бажаришда барча даражадаги партия ташкилотлари ҳамда депутатлик бирлашмалари мустаҳкам жипслашиб, бир жон, бир тан бўлиб ҳаракат қилиши зарур.

Конференция ишида партия ташкилотининг 2015-2019 йилларда амалга оширган ишлари, партия Сайловолди дастури ижросини таъминлаш борасида қилинган ишлар ҳисоботи тингланди.

Аброр Қурбонов, ЎзХДП Тошкент шаҳар кенгаши раиси ўринбосари:

– Албатта, Сайловолди дастури ижроси фаолиятимизнинг асосий йўналиши ҳисобланади. Шу боис партия ташкилотлари ўтказаётган ҳар бир тадбир, депутатлик бирлашмалари томонидан ўрганилаётган масала, аввало, мазкур дастур ижросига хизмат қилиши керак.

Ҳисобот даврида кадрлар фаолиятини яхшилаш, уларнинг салоҳиятини ошириш, ўз сиёсий позициясига эга ва янгиликка интилувчан ходимларни қўллаб-қувватлаш, бошланғич ташкилотлар етакчиларини тайёрлаш ҳамда малакасини ошириш мақсадида жойларда сиёсий ўқув ва семинар-тренинглар ташкил этиб борилди.

Аҳоли муаммоларини ўрганишга қаратилган «Маҳалла – аҳолини манзилли ижтимоий қўллаб-қувватлаш маркази» лойиҳаси ҳаётга татбиқ этилди. Натижада Тошкент шаҳрининг 38 та маҳалласида муаммоларни ўрганиш ишлари олиб борилди. 1579 фуқаронинг мурожаати таҳлил қилиниб, 720 масала юзасидан ҳуқуқий маслаҳатлар берилди, 380 масала тегишли мутасадди ташкилотларга ҳал қилиш учун юборилди. 150 масала юзасидан депутатлар иштирокида амалий ёрдам берилган бўлса, 30 масала Тошкент шаҳар ҳокимлиги кўмагида ижобий ҳал этилди, 10 масала юзасидан йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси тегишли ишларни амалга оширди.

Ҳисобот даврида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳларида фаолият олиб бораётган депутатлар томонидан 554 маротаба депутатлик сўровлари тегишли давлат ҳокимияти ва бошқарув органларига юборилди.

Бу билан берилган имкониятлардан тўлақонли фойдалана олаяпмиз, дея олмайман. Тарғибот таъсирчанлигини таъминлай олмаяпмиз. Айрим партия кенгашлари, депутатлик тузилмаларининг электорат манфаатларини ҳимоя қилиш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, давлат ва ҳудудий дастурлар ижросини таъминлашдаги фаоллиги сезилмаяпти.

Конференцияда депутатлар, партия фаоллари Ўзбекистон ХДПнинг янги Сайловолди дастури лойиҳасини кўриб чиқиб, таҳлил қилди. Аҳоли, айниқса, ёшларни иш билан таъминлашнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш бўйича таклифлар берилди.

Иштирокчилар партия электорати манфаатларига бевосита дахлдор бўлган иқтисодий, ижтимоий, сиёсий масалаларга доир партия позициясини кенг тарғиб қилиш, айниқса, сайловлар йилида бунинг аҳамияти беқиёслигини алоҳида таъкидлашди. Бўлажак сайловларга жиддий тайёргарлик кўриш масалаларига алоҳида тўхталиб ўтилди.

Ҳисобот даврида фидойилик кўрсатган партия фаоллари, фахрийларидан бир гуруҳига Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгашининг фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари топширилди.

Конференция доирасида шаҳар партия кенгашининг ташкилий пленуми ўтказилди. ЎзХДП Юнусобод туман кенгашига узоқ йиллардан бери раислик қилиб келаётган Нигора Эшметова Тошкент шаҳар партия кенгаши раиси этиб сайланди.

 

ЎзХДП Марказий Кенгаши

Ахборот хизмати.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: