Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Avgust 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
29 30 31 1 2 3 4
5 6 7 8 9 10 11
12 13 14 15 16 17 18
19 20 21 22 23 24 25
26 27 28 29 30 31 1
13.08.2019

РАҲБАРЛИК ВА МАСЪУЛИЯТ

Мансабдорларнинг тафаккурини ўзгартириш энг долзарб вазифалардан бўлиб қолмоқда

Мақсуда ВОРИСОВА, Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари, Олий Мажлис Сенати аъзоси:

— «Сиëсaтнoмa» aсapи билан Шарқу Ғарбда ўчмaс из қолдирган Али Tусий Низoмулмулк раҳбар ва раҳбарни танлаш масаласига aлoҳидa тўxтaлиб ўтган. Кишиларни ишга тaйинлaëтгaнда нималарга эътибop бepиш лoзимлиги ҳақида фикр юритиб, aмaлдopлapни тўғpи танлаш, уларга қўлларидан кeлaдигaн вазифаларни тoпшиpиш, ижpoсини ўз вақтида талаб қилиш лозимлигини кайд этган.

Низомулмулк ўз даврида давлатни бошқариш жараёнида вазирлар, бошқа кичикроқ лавозим эгаларини ўз ишларига жиддий муносабатда бўлишга, зиммасидаги вазифаларни ҳалоллик ва поклик билан бажаришга даъват этган. Бу ўгитлар ҳозир ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган.

Ҳар бир жамият сиёсий ҳаётидаги жиддий ислоҳот маънавий-маданий юксалишлар билан параллел содир бўлиши керак, деган фикр юради. Бундай узвийлик ислоҳотларнинг муваффақиятини таъминлайди. Бироқ бу кўп, қатъий ва тизимли маърифий ишларни талаб қилади. Тафаккурни ўзгартириш энг оғир вазифалардандир.

Жамиятда янгиланишни амалга ошириш, инсонлар онг-тафаккурида ўзгариш яратишда жамиятни бошқариб турган катта-кичик раҳбарлар етакчилик қилади. Чунки ҳар қандай ташкилот, корхона ёки муассасанинг раҳбари шу меҳнат жамоасидаги кайфиятни, ходимларнинг ўз ишига, ҳамкасбларига, меҳнати натижасига, амалга оширилаётган ўзгаришларга, алал оқибат жамиятга ва давлат сиёсатига муносабати шаклланишига муҳум таъсир кўрсатади.

Бу масалада Япония тажрибаси алоҳида аҳамиятга молик. Мамлакатда раҳбар ходимлар асосан психологик ёндашган ҳолда, эҳтиёткорлик билан одамларнинг руҳиятини ўрганаркан, хизматчиларнинг иш шароитини доимо яхшилашга уринаркан, ҳар қандай ёрдамни аямасдан муомала қилишга ҳаракат қиларкан. Бундай маданиятли ёндашув мамлакат равнақида қандай самара берганига бугун гувоҳ бўляпмиз.

Раҳбар хонада ўтирмасдан, ўз фаолиятини ишчилар орасида олиб бориши ишчи ходимларнинг меҳнатга бўлган иштиёқини янада оширади.

Бугунги кунда мамлакатимизнинг барча соҳаларида туб ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Лекин ижтимоий соҳадаги амалга оширилиши лозим бўлган, Давлат дастурларида белгиланган вазифалар ҳар доим ҳам кутилган натижани бермаяпти. Менинг фикримча, бунга асосий сабаб ташкилотлар раҳбарларининг ислоҳотлар моҳиятини тўлиқ англаб етмасдан, фақат шакл ўзгаришига эътибор қилишидадир.

Ижтимоий тармоқларда кескин танқидларга учраётган халқ таълими ва соғлиқни сақлаш соҳасида ҳам аҳолимиз кутган ижобий натижаларнинг камлиги асосан бошқарувнинг тўғри ташкил этилмаганидан, деб биламан. Фикримча, жамиятда инқилобий ўзгаришларнинг тезлашувига туман даражасидаги раҳбарларнинг кўпчилиги тайёр эмаслиги, баъзи ҳолларда эса ана шу ўзгаришларни амалга оширишни истамаслиги сабаб бўлмоқда. Фикримча, бундай ҳолат йиллар давомида раҳбарлик лавозимларига тайинлаш аниқ бир меъёрларсиз, тизимли тайёргарликсиз, очиғини айтганда, таниш-билишчилик «технологияси» асосида олиб борилгани оқибатида келиб чиқди.

Баъзида ота-оналар, умуман, аҳолимиз ўқитувчиларнинг билими саёзлиги, маъсулиятсизлигидан шикоят қилиб, уларни аттестациядан ўтказишни талаб қиладилар. Аттестация ўтказдик, билими саёз деб топилган муаллимларни ишдан четлатдик, деб фараз қилайлик. Нимага эга бўламиз? Биринчидан, шундоқ ҳам етишмаётган ўқитувчилар янада камаяди, иккинчидан, раҳбарлик ёндашуви ўзгармаса, эски авторитар бошқарувни давом эттирса, таълим сифати яхшиланиш ўрнига пасайиб бораверади.

Шу ўринда ҳаётий мисол келтирмоқчиман. Онам 15-16 ёшларида ўша вақтда (1937-1938 йиллар) педагогика техникумини тугатиб, (Тошкент вилояти) Тўйтепага ўқитувчи бўлиб борганлар. Кундуз куни болаларни мактабда, кечки пайт катталарни «саводсизликни тугатиш» гуруҳларида ўқитганлар. Иккинчи жаҳон уруши даврида мактабни бошқарганлар. Тасаввур қилинг, муштдеккина қиз бутун бошли қишлоқда ёлғиз муаллима! Лекин болаларда ҳам, катталарда ҳам ўзлаштириш даражаси яхши бўлган. Менимча, бунинг сабаби бошқарув тўғри ташкил қилиниши, кадрларга билдирилган ишонч, ижодий имконият берилишида, деб биламан. Бугун мактабларда ўқитувчилар қатъий рамкага солиб қўйилган, ҳудуд хусусиятлари, мактаб имкониятлари инобатга олинмайди. Аксарият ишлар фақат ҳисобот учун бажарилади, ўқитувчи ҳар бир бажарган иши учун ҳисобот ёзишга, яна камига фотосуратлар илова қилишга, сон-саноқсиз файлларни тўлдиришга, дарсдан бўш вақтида ҳам мактабда ўтиришга мажбур. Ахир бўш вақтда устоз ўз устида ишласа, маданий ҳордиқ чиқарса, кутубхонада ёки интернетда шуғулланса, билими кенгайиб, дарслар сифатига ижобий таъсир қилади-ку!.. Албатта, бу ҳам мактабларда бошқарув масаласи қандай йўлга қўйилгани билан боғлиқ масала.

Худди шунингдек, соғлиқни сақлаш соҳасида ҳам тиббиёт ходимлари хизмат вазифаларига кирмайдиган ишларни бажарадилар, кўп ҳолларда асосий вақт бемор учун ҳам, тиббиётчи учун ҳам фойдаси бўлмаган, фақат назоратчи учун керак бўлган ҳужжатларни расмийлаштиришга сарфланмоқда. Тиббиётда соҳалар бўйича врач ва ҳамшираларнинг лавозим вазифалари аниқ чегараланиши ўта муҳим, акс ҳолда, бемор ва тиббий ходим ўртасида муаммолар кучайиб бораверади.

Ҳар иккала соҳада ҳам мутахассисларнинг ўз ишига ижодий ёндашувига имкон бермаслик, доимий, кўпинча бир-бирини инкор қилувчи кўрсатма ва топшириқларнинг берилиши, соҳа хусусиятларидан тўлиқ хабардор бўлмаган назоратчиларнинг ўзларича топшириқ беришлари, раҳбарларнинг фақат юқори ташкилотлар олдида яхши ҳисобот учун интилишлари, бунинг учун оддий ходимлардан кўзбўямачиликни талаб қилишлари маориф ва тиббиётда ислоҳотни амалга оширишга катта тўсиқ бўлмоқда, кадрларни ўз ишидан бездирмоқда.

Шунинг учун ҳам ушбу ижтимоий муҳим икки соҳада раҳбар кадрларнинг тўғри танланиши, ишчи-ходимлар самарали бошқарилиши катта аҳамиятга эга, деб ўйлаймиз.

Аҳоли орасида муҳит ва кайфият яратувчи, тараққиёт оёғига тушов бўлаётган қуйи даражадаги кадрларнинг дунёқарашини қандай ўзгартириш, билим савиясини қандай яхшилаш мумкин? Мени кўпроқ шу савол ўйлантиради.

Тушунаман, бу жуда оғир ва оғриқли масала. Лекин шуни ҳал қилмасдан муваффақиятга эришишнинг иложи ҳам йўқ.

Менимча, ҳар бир туманда ҳар бир соҳа бўйича раҳбар кадрлар захирасини тузиш керак. Тўғри, бугунги кунда ҳам қоғозда бундай захира мавжуд. Лекин мутахассис раҳбарлик захирасига қайси меъёрлар асосида, кимнинг тавсиясига кўра киритилмоқда? Йиллар давомида бу захирадан фойдаланиш самараси қандай бўлди?.. Шу каби саволларга жавоб бериш қийин бўлса керак.

Раҳбарликка тайинлашда, фикримча, соҳанинг энг қуйи қисмида тажриба орттирган, амалдаги меҳнат муносабатлари қонунчилигини биладиган мутахассис, масалан, мактаб директорлигига шу мактабда оддий ўқитувчилик қилиб, жамоа ва ота-оналар ҳурматига сазовор бўлган, муҳими, фаолияти давомида янгилик яратишга интилган, маънавий жиҳатдан барчага ўрнак бўла оладиган, бошқарув бўйича малака оширган педагогни тайинлаш мақсадга мувофиқ бўлади.

Соғлиқни сақлаш тизимида ҳам раҳбарлик лавозимларига поликлиника, ҚВП, энг узоқ тумандаги шифохона аҳволини ҳис қила оладиган, жойлардаги муаммолардан хабардор, соҳадаги ташаббускор инсонлар махсус тайёргарликдан сўнг тайинланса, бир неча йилдан бери ўзгариши қийин бўлаётган соҳа жонланармиди, дейман.

Хулосам шуки, ҳолатни ва имкониятни реал баҳолай оладиган, «юқори»дан кўрсатмани кутмасдан, мустақил фикрлаб, ҳаракат қила биладиган раҳбарлар зарур бизга.

Яна бир таклифим: барча олий ўқув юртларида соҳага оид меъёрий ҳужжатлар ўқув дастурларига киритилиши, бошқарув асослари фан сифатида замонавий шакл ва мазмунда ўргатилиши керак.

Ривожланган, эркин, фаровон мамлакатда яшашни барчамиз истаймиз. Бундай мамлакатни яратиш эса ўқиш, ўрганиш, масъулиятни зиммага олиш, тинимсиз изланиш ва машаққатли меҳнатни талаб этади. Биз ўзгаришни ўзимиздан, фарзандларимиздан, ён атрофимиздан бошласаккина эзгу мақсадларимизга етишишимизга ишонаман.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: