Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Sentabr 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 31 1
2 3 4 5 6 7 8
9 10 11 12 13 14 15
16 17 18 19 20 21 22
23 24 25 26 27 28 29
30 1 2 3 4 5 6
30.07.2019

ЎЗИМИЗНИ ЎЗГАРТИРМАСАК, ИШИМИЗ ҲАМ ЎЗГАРМАЙДИ

Тошкент шаҳар партия ташкилоти фаолиятининг танқидий таҳлил натижалари қандай бўлди?

Мамлакатимиз муҳим сиёсий жараён остонасида турибди. Маълумки, шу йилнинг декабрь ойида парламент ва халқ депутатлари Кенгашларига навбатдаги сайловлар бўлиб ўтади. Ҳар бир сиёсий партия том маънода имтиҳондан ўтади. Албатта, бундай паллада қайси партия аҳоли манфаатлари ҳимояси йўлида қандай ташаббуслар билан чиқаётгани, қанақа амалий ишлар қилаётгани ҳақидаги саволлар кенг жамоатчилик муҳокамаси учун очиқ бўлади.

Тан олиш керакки, жамият миқёсидаги турли омиллар таъсирида сиёсий партиялар фаолияти ҳақида қўпроқ танқидий фикрлар сақланиб қолмоқда. Бу муносабатни ижобий томонга ўзгартириш зарурати кундан-кун ошиб бораётгани ҳам сир эмас. Ўз фаолиятига чуқур таҳлилий ва танқидий ёндашиб, иш тутмаган сиёсий партия ижобий натижаларга эриша олмаслигини ҳаётнинг ўзи кўрсатиб турибди.

 

2017 йил 12 июль куни Олий Мажлис палаталари ва сиёсий партиялар вакиллари билан ўтказилган видеоселекторда белгиланган устувор йўналишлар бўйича қабул қилинган чора-тадбирлар Дастури асосида Ўзбекистон ХДП тизимида муайян ишлар амалга оширилди. Хусусан, сайловчилар ва электорат вакиллари билан мулоқотни сон ҳамда сифат жиҳатидан яхшилаш, депутатлик бирлашмаларининг ҳудудлардаги муаммоларни ҳал этишда ташаббускорлигини ошириш, минтақавий партия ташкилотларининг моддий-техника базасини бойитиш каби йўналишларда ўзгаришлар кўзга ташланди. Лекин таҳлиллар партиямиз тизимида масъулият ва талабчанликни кучайтириш кераклигини яққол кўрсатмоқда. Боиси, айрим партия ташкилотлари белгиланган вазифалар ижросига совуққонлик билан қараб келмоқда. Партия дастурий мақсадларини тарғиб қилиш, электорат манфаатларини ҳимоя қилиш, депутатлик гуруҳлари орқали жойларда ечимини кутаётган ўткир муаммоларни аниқлаш ва уларни бартараф этишда ҳали-ҳамон дадиллик, қатъиятлилик етишмаяпти. Мулоҳазаларимизни Тошкент шаҳар партия кенгаши фаолияти мисолида давом эттирамиз.

2019 йил 1 январь ҳолатига кўра, шаҳарнинг доимий аҳолиси сони 2 510 минг кишини ташкил этган. Бу ерда партиямизнинг 42 538 нафар аъзоси бор. Мамлакат пойтахти бўлгани учун бу шаҳарда ижтимоий-иқтисодий ривожланиш бошқа ҳудудларга қараганда анча илдамроқ, имкониятлар эса кўпроқ.

Ўзбекистон ХДП тизимида олиб қарайдиган бўлсак, Тошкент шаҳар партия кенгаши ҳам катта куч ва салоҳиятга эга. Партия ташкилотлари ва депутатлик бирлашмаларининг пойтахт ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги ўрни ва аҳамияти ҳақида узундан-узоқ гапириш шарт эмас.

Таҳлиллар Тошкент шаҳар партия кенгашида кадрлар қўнимсизлиги одатий ҳолга айланиб қолганини кўрсатмоқда. Партиянинг туман кенгашларида ҳали-ҳамон дастурлар ижросига эътиборсиз қараш ҳоллари учраб турибди. Кадрларни танлаш бўйича ишчи гуруҳнинг фаолияти, партия тизими учун муносиб кадрлар танлаш, ўқитиш ва уларнинг захирасини яратиш масалаларида ҳам сусткашликка йўл қўйилган. Партия дастурий мақсад ва вазифаларини аҳолига етказиш, партия сафига янги аъзоларни қабул қилиш ҳамда бошқа масалалар борасида ҳам бир қатор камчиликлар кўзга ташланди.

Шунингдек, ҳудудда сиёсий-маърифий ўқувлар ўтказишга туман партия кенгашлари бирдек масъулият билан ёндашмаган. Хусусан, Олмазор, Яккасарой ва Сергели туман партия кенгашлари томонидан бундай ўқувлар бошланғич ташкилотларда ўтказилмаган. Шунингдек, мазкур туманларда ташкил этилган оммавий тарғибот тадбирларида электорат манфаатлари ифода қилинмаган.

Тадбирларга депутатларни жалб этиш, бошланғич партия ташкилотлари аъзолари иштирокини мунтазам таъминлаш ишлари ҳам суст олиб борилган. Бунинг оқибатида аксарият фаол бошланғич партия ташкилотлари билан алоқалар сусайган. Тарғибот тадбирлари орқали бор-йўғи 30 фоиз бошланғич партия ташкилотлари қамраб олинган.

Бундан икки йил олдин, яъни 2017 йилнинг декабрь ойида Тошкент шаҳрининг туманларида халқ депутатлари Кенгашлари ташкил қилиниб, сайловлар бўлиб ўтган эди. Унда 330 та депутатлик ўрнидан 49 тасини (15 фоиз) партиямиз вакиллари эгаллади, холос. Айниқса, Бектемир, Миробод, Учтепа, Шайхонтоҳур туманларида 30 та ўриндан бор-йўғи 3 нафар депутат партиямиздан сайлангани ачинарли ҳолдир. Демак, сайловолди тарғибот тадбирларида таъсирчанлик бўлмаган, электорат ишончини қозониш, сайловчилар билан елкама-елка туришда сусткашликка йўл қўйилган. Бу эса партиянинг имиджига, обрўсига қандай таъсир қилгани ҳаммага аён.

Орадан қарийб икки йил вақт ўтди. Партиядан сайланган ушбу депутатлар ҳам электорат манфаатларига қаратилган масалаларни ўрганиб, партия гуруҳлари, доимий комиссия йиғилишларида муҳокама қилиб, сессияга олиб чиқиш ваколатларидан етарли даражада фойдаланишмаяпти. Масалан, партиямизнинг амалий Ҳаракат дастури бўйича биринчи ярим йиллик учун белгиланган 22 масаланинг аксарияти депутатлик гуруҳлари йиғилишларида кўрилиши билан чекланилган.

Шу ўринда савол туғилади. Масалаларни доимий комиссиялар ва сессия муҳокамасига олиб чиқишга нима тўсқинлик қилди? Партиядан сайланган депутатларимиз бошини қовуштириб, уларнинг салоҳияти ва имкониятларидан самарали фойдаланиш биринчи навбатда шаҳар партия ташкилоти раҳбарияти зиммасидаги вазифа эди.

Бугунги кунда халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашида партиямиздан сайланган 16 нафар, туман кенгашларида 47 нафар депутат фаолият олиб бормоқда. Партия гуруҳлари жорий йилда 27 масалани ўз йиғилишларида кўриб чиққан, шундан 5 масала доимий комиссия ва сессиялар кун тартибига киритилган. Ушбу кўрсаткичлар бошқа ҳудудлардаги депутатлик бирлашмалари натижалари билан таққосланса, Тошкент шаҳридаги партия гуруҳлари 12-ўринда турибди.

Маҳаллий Кенгаш депутатлари томонидан ижро органларига фуқаролар мурожаатлари асосида 89 та депутатлик сўрови юборилган. Шундан 80 таси ҳал этилгани, қолганлари эса назоратга олингани қайд этилган. Аммо сўровларнинг асосий қисми тор доирадаги масалаларга қаратилган. Ижро органлари раҳбарларининг 5 маротаба ҳисоботи эшитилган. Аммо, бу рақамлар қониқарли натижаларни акс эттираётгани ҳақида ижобий фикр билдириш қийин.

Мурожаатларга бефарқ қарашга ҳеч биримизнинг ҳаққимиз йўқ. Шу боисдан маҳаллий партия ташкилотлари қошидаги Жамоатчилик қабулхоналари фаолиятига беэътибор қараб бўлмайди. Негаки, электорат вакилларини ташвишга солаётган масалаларни ўз вақтида ўрганиш, муаммолар илдизига етиб бориш, партия гуруҳларимиз орқали ҳал этишда қабулхоналар фаолияти алоҳида аҳамиятга эга.

Ўзбекистон ХДП Тошкент шаҳар ва туман кенгашларида 13 та Жамоатчилик қабулхонаси ташкил этилган. Уларга жорий йилнинг 6 ойи давомида 216 мурожаат келиб тушган ва 155 таси, яъни 72 фоизи ҳал этилган. Қолган 61 мурожаатнинг тақдири нима бўлган? Ҳеч ким бировнинг эшигини шунчаки тақиллатмайди. У минг бир ҳадик, андиша, истиҳола билан мурожаат этади. Бундай ҳолатларга бефарқ қараш партия ташкилотининг обрўсига путур етказади.

Тошкент шаҳрининг айрим туманларидаги Жамоатчилик қабулхоналари фаолияти бугунги кун талабига умуман жавоб бермайди. Жумладан, 6 ой давомида Миробод туманида 8, Олмазор туманида 17, «Ёшлик» талабалар шаҳарчасида 8, Яшнобод туманида 16 мурожаат қайд этилган. Энг қизиғи, Тошкент шаҳар кенгашига 15 нафар фуқаро мурожаат этган. Афсуски, бу рақамлар аъзоларимиз ва кенг жамоатчиликнинг ҳудуддаги партия ташкилотларига муносабатини кўрсатиб турибди.

Ўтган олти ой мобайнида партиянинг Тошкент шаҳар кенгаши томонидан ёшлар масаласига оид бир қатор амалий ишлар қилинган.

Дастлаб бир таҳлилга эътиборингизни қаратамиз. «Ёшлар — келажагимиз» Давлат дастури доирасида партиямиз тизимида тарғибот тадбирлари ўтказилиши режалаштирилган эди. Пойтахтимизда биринчи ярим йиллик давомида жами 8 маротаба ана шундай тадбир ташкил этилиб, уларда 1910 нафар йигит-қиз қатнашган. Агар пойтахтда бир ярим миллион нафардан ортиқ ёшлар борлиги ҳисобга олинса, эришилган натижанинг катта ёки кичиклиги яққол кўзга ташланади. Бугунги кунда Тошкент шаҳар партия кенгаши сафида 12500 нафарга яқин йигит-қиз бор. Бу ҳудуддаги ёшларнинг 1 фоизини ҳам ташкил этмайди. Ушбу рақам ҳам партия ташкилотлари ёшлар ўртасида дастурий мақсад ва ғоялари тарғиботини ташлаб қўйганини исботлайди. Ваҳоланки, пойтахтдаги 44 олий таълим муассасасида икки юз мингга яқин ёшлар таҳсил олмоқда. Тарғибот ишлари самарали олиб борилганида, минглаб ташаббускор ёшларни партия сафига қабул қилиш имконига эга бўлиш мумкин эди.

Хотин-қизлар билан ишлаш, уларнинг манфаатини ҳимоя қилиш йўналиши бўйича жорий йилнинг биринчи ярмида «Ҳар бир инсонга меҳр-мурувват кўрсатиш — бурчимиз!», «Ижтимоий кўмак ташаббускорликка йўл очмоғи керак!» лойиҳалари доирасида Фарғона вилоятида 500, Сурхондарё вилоятида 400 нафардан ортиқ ногиронлиги бўлган аёллар ҳолидан хабар олинган. Бироқ Тошкент шаҳрида фақатгина 63 нафар ногиронлиги бўлган аёл хонадонига борилиб, суҳбатлашилган. Эътибор беринг, «борилган». Ўрганилган муаммоларнинг ечимига келганда, қуруқ ваъдалар билан чекланилган.

Тошкент шаҳрида партиянинг 12 та туман кенгаши мавжуд бўлиб, бу кўрсаткич 1 та туман 6 ой давомида 3 нафар, 2 ойда 1 нафар ногиронлиги бўлган аёллар ҳолидан хабар олинганлигини кўрсатмоқда. Ваҳоланки, мазкур лойиҳалар Президентнинг ўтган йил 2 февралдаги фармонида белгиланган вазифалар асосида ишлаб чиқилиб, амалиётга татбиқ этилган. Лойиҳалардан кўзланган мақсад ногиронлиги бор хотин-қизларни манзилли қўллаб-қувватлаш, муаммоларини ўрганиб, бартараф этишга кўмаклашишдан иборат эди.

Партиямиз Сайловолди дастури асосида ишлаб чиқилган ушбу лойиҳалар Тошкент шаҳрида фақат 6 туманда ташкил этилган. Қолган 6 та, яъни Бектемир, Чилонзор, Мирзо Улуғбек, Юнусобод, Яккасарой туманлари ҳамда «Ёшлик» талабалар шаҳарчасида ногиронлиги бўлган аёллар ҳолидан хабар олинмаган. Партия электорати манфаатларини таъминлашга масъулиятсизлик билан ёндашилган.

Бундан ташқари, 6 ойда Ўзбекистон ХДП Сергели, Яккасарой, Юнусобод, Миробод туман кенгашлари, «Ёшлик» талабалар шаҳарчаси кенгаши томонидан хотин-қизлар бандлигини таъминлаш бўйича бирорта ҳам тадбир ташкил этилмаган.

Жорий йилнинг 10-16 июль кунлари ЎзХДП Марказий Кенгаши томонидан ишчи гуруҳ тузилган ҳолда, Тошкент шаҳар партия кенгаши фаолияти бўйича кенг қамровли таҳлил ўтказилди. Ўрганиш натижаларидан шу нарса маълум бўлдики, шаҳарда партия ташкилоти бино ва иншоотларининг ҳолати, уларни сақлаб туриш, тасарруф этиш ҳамда бошқаришда кўплаб муаммолар, ўз ечимини кутиб турган масалалар бор.

Бундан ташқари, Тошкент шаҳар партия кенгаши жорий йилда молиявий-иқтисодий имкониятлар мавжуд бўлса-да, улар ишга солинмаган. Аъзолик бадаллари ҳисобига молиявий барқарор бўлиш имкониятидан фойдаланилмаган.

Ўрганиш жараёнида ўзибўларчилик ва сусткашликка йўл қўйгани учун Ўзбекистон ХДП Тошкент шаҳар кенгаши раиси Ҳайдар Бобохонов, партиянинг Яккасарой, Олмазор, Сергели туман кенгаши раислари эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.

Юқорида қайд этилган камчиликлар шу йилнинг 23 июль куни Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши ўтказган навбатдаги видеомулоқотда атрофлича кўриб чиқилди. Айрим туман кенгашларига вазиятни тез фурсатда тубдан ўзгартириш бўйича аниқ топшириқ берилди. Унда ҳар бир минтақавий кенгаш ўз фаолиятини чуқур танқидий таҳлил асосида ўрганиши ва натижаларга қараб хулосалар чиқарилиши уқтириб ўтилди.

Агар кузатиб бораётган бўлсангиз, мамлакатимиз оммавий ахборот воситаларида сиёсий партиялар фаолияти ҳақида кўплаб таҳлилий, танқидий мақолалар чоп этиляпти. Уларда партиявий фаолият асосан марказий партия идораларида олиб борилиб, бошланғич партия ташкилотлари ўз ҳолига ташлаб қўйилгани қаттиқ танқид остига олиняпти. Биз буни инкор этмаймиз. Қачонки, бошланғич партия ташкилотининг иши жонланса, амалий ҳаракатлар қуйидан, яъни маҳаллий партия ташкилотларидан бошланса, шунда сиёсий куч ишида аниқ самара кўзга ташланади. Сайловчига яқин турган ташкилот улар билан ишламаса, натижани бошқа жойдан қидиришдан фойда йўқ.

 

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши

Ахборот хизмати.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: