Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Avgust 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
29 30 31 1 2 3 4
5 6 7 8 9 10 11
12 13 14 15 16 17 18
19 20 21 22 23 24 25
26 27 28 29 30 31 1
30.07.2019

ХОТИН-ҚИЗЛАР ИЖТИМОИЙ-СИЁСИЙ ФАОЛ БЎЛСА,

мамлакат тараққий этиб, халқнинг фаровонлиги ошади

Дунёда аёллар шаънига айтилган, аёл зотини улуғловчи сўзлар кўп, ҳикматлар кўп. Президентимиз Шавкат ­Мирзиёев жорий йил 21 июнда Олий Мажлис Сенатининг йигирманчи ялпи мажлисида сўзлаган нутқида жамиятда «Шахс-Оила-Жамият-Давлат» деган тушунча ва қадриятлар нечоғли муҳим ўрин тутишига алоҳида эътибор қаратар экан, «Аёлга бўлган ҳурмат-эътибор — бу аввало оилага, жамият келажагига бўлган ҳурмат-эътибор ифодасидир», деб аёл зотига юксак таъриф берди.

Ҳақиқатан ҳам, аёл энг юксак эъзоз ва эътиборга муносибдир. Ҳадиси шарифларда аёллар хусусида кўплаб ривоятлар мавжудки, уларнинг барчасида аёлларга яхши муносабатда бўлган киши энг яхши фазилатларга эга инсон сифатида таърифланади. Имом Термизий «Сизларнинг яхшиларингиз аҳли аёлига яхши муносабатда бўлганингиз. Мен сизларнинг орангиздаги аҳли аёлига яхши муносабатда бўлгувчингизман», деган муборак Ҳадисни ёзиб қолдирган.

Халқимиз қадим-қадимдан  хотин-қизларимизга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиб келган. Тўмарис ва Бибихоним, Гулбаданбегим ва Зебуннисо, Нодирабегим ва Анбар отин каби оқила момоларимиз аёл зотининг жасурлиги, ақл-заковати тимсоли бўлишган. Улар Ватан ҳимоясида, илм ва маърифатда, давлат бошқарувида фаол иштирок этишган.

Юртимизда ушбу анъана изчил давом этмоқда. Бу ҳақда сўз борганда, кўплаб ватанпарвар, фидойи опа-сингиллар ҳақида тўхталиш мумкин. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, таълим тизимининг жонкуяр фаоли ва ёшларимизнинг меҳрибон устози, Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг аъзоси Дилшодахон опа Дадажоновани улардан бири, деб ҳисоблайман.

Дилшодахон опа Андижон туманида туғилган, 1966 йили, яъни 17 яшарлигида  Россиянинг Кубан давлат университетига ўқишга кирган. Бу ерда 1971 йилгача таҳсил олиб, ўқитувчи ва сиёсатшунос мутахассисликларини эгаллаган.

Сўнгра юртимизга қайтиб, узоқ йиллар Наманган вилояти Поп туманида мактабларда ўқитувчилик қилди.

Дилшода опа кўп йиллар давомида Поп тумани, кейинчалик Наманган вилояти ёшлар ва партия ташкилотларида раҳбарлик лавозимларида ишлаган. Ўзбекистон Ёшлар қўмитасининг биринчи котиби лавозимида фаолият олиб борган, 1985-1987 йилларда бирга ишлаганмиз.

Ўша даврда Дилшодахон Дадажонова тимсолида ўзбек аёли раҳбарлик лавозимларида самарали фаолият юритиш асносида ўзининг иқтидори ва салоҳиятини намоён қилишга қанчалик муносиб эканига қатъий амин бўлганман. Дилшодахон опани олима сифатида ҳам яхши биламан ва ҳурмат қиламан.

У 1983-1985 йилларда Москвадаги Ижтимоий фанлар академиясининг аспирантурасида таҳсил олган. Шундан кейин изчил тадқиқотлар олиб бориб, тарих фанлари номзоди илмий даражасини ёқлаган.

Мамлакатимиз мустақиллигининг дастлабки даврида Дилшодахон Дадажонова Наманган вилояти ҳокимининг ўринбосари, кейинчалик вилоят халқ таълими бошқармасининг бошлиғи бўлиб ишлади.

Қандай лавозимда ишламасин, юртимиз равнақи йўлида ўз билим ва тажрибаси, иқтидор ва салоҳиятини намоён этишга ҳамиша интилиб келди.

Биргина мисол: Дилшодахон опанинг саъй-ҳаракатлари туфайли Наманган вилоятида иқтидорли болаларнинг лицей-интернатлари сони 21 тага етказилган. Бу ўқув муассасалари битирувчиларининг 85-97 фоизи олий ўқув юртларига ўқишга кирган.

Дилшодахон Дадажонованинг меҳнат фаолияти давомида вилоятдаги таълим муассасаларининг моддий-техник базаси мустаҳкамланган. Мактабларни тоза ичимлик сув билан таъминлаш, иситиш тармоқларини табиий газга улаш, телефон тармоқларини кўпайтириш, ўқув синфларини замонавий компьютер техникаси билан жиҳозлаш, янги спорт майдонлари қуриш ишларига эътибор кучайтирилган. 1998-2011 йилларда биргина Наманган шаҳрида 5 та янги мактаб бунёд этилган. Барча ўқув муассасаларига ҳомий ташкилотлар бириктирилиб,  ҳар янги ўқув йилида мактабларни барвақт ва сифатли таъмирлашга эришилган. Шунингдек, кам таъминланган оилалар фарзандлари бепул дарсликлар ва ўқув қуроллари билан мунтазам таъминланган.

Ҳозирги глобаллашув даврида хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш янада долзарб аҳамият касб этмоқда. Айниқса, аёлларнинг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий фаоллигини ошириш давр талабига айланмоқда. Чунки 7,7 миллиард кишидан иборат дунё аҳолисининг қарийб 51 фоизи аёллардан иборат. Жаҳон хотин-қизлари орасида 14 ёшгача бўлганлар – 9,7 фоиз, 15-19 ёшгача бўлганлар – 10 фоиз, 60 ва ундан юқори ёшдагилар  7 фоизни ташкил этади.

Бу кўрсаткичларни Ўзбекистон мисолида кўрадиган бўлсак, ҳозирги вақтда 33,5 миллиондан ортиқ аҳолимизнинг қарийб 50 фоизи хотин-қизлардир. Улар орасида 14 ёшгача бўлганлар – 29 фоиз, 15-30 ёшгача бўлганлар – 28 фоиз, 31-45 ёшлилар – 21 фоиз, 46-60 ёшлилар – 15 фоиз ва 60 дан юқори ёшдагиларнинг миқдори 7 фоиз.

Сайёрамизда яшайдиган аёлларнинг 5 фоизи юқори бошқарув лавозимларида фаолият юритмоқда. Ўзбекистонда ушбу кўрсаткич қанча? Биз бу борада дунё мезонларидан олдиндамизми ё ортда қолаяпмизми?

Яна рақамларга мурожаат қиламиз: бугунги кунда юртимиздаги давлат ва жамоат ташкилотлари тизимида 1 минг 388 нафар аёл раҳбарлик лавозимларида ишламоқда. Шундан 39 нафари – Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясида, 45 нафари вазирлик ва идораларда фаолият юритмоқда.

Олий Мажлис Сенатида – 17 нафар сенатор, Қонунчилик палатасида – 21 нафар депутат, маҳаллий Кенгашларда эса 23 фоиздан зиёди депутат хотин-қизлардан иборат.

Юртимиздаги турли корхоналардаги раҳбар аёллар миқдорида ҳам ўсиш кузатилмоқда. Бу кўрсаткич 2017 йили 44,2 фоиз бўлгани ҳолда, 2019 йилнинг ўтган даврида 45,3 фоизга етган.

Иқтисодиёт соҳасида агар тадбиркор аёллар жами тадбиркорлик субъектларининг 29 фоизини ташкил этса, фермер хўжалиги раҳбарларининг 5,4 фоизи аёллар экан.

Сиёсат билан шуғулланувчи хотин-қизлар 1 минг 837 нафарни ташкил этади.  Касаба уюшмалари жами аъзоларининг 48 фоизи аёллар. Шунингдек, Ўзбекистон Либерал-демократик партияси аъзоларининг 40,8 фоизи; Халқ демократик партияси аъзоларининг 49 фоизи; «Адолат» социал-демократик партияси аъзоларининг 44,7 фоизи; «Миллий тикланиш» партияси аъзоларининг 47,6 фоизи; Ўзбекистон Экологик партияси аъзоларининг 36,9 фоизи аёллар ҳисобланади.

Суд тизимида ишлаётган ходимларнинг 12,4 фоизи аёллар, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар соҳасида 82 фоиздан зиёдни, илм-фан, таълим-тарбия, маданият ва санъат соҳаларида 72 фоизни, қишлоқ хўжалигида 45 фоиздан ортиқни, саноатда 38 фоизни хотин-қизлар ташкил этади.

 Бу рақамлардан хулоса қилиб,  «Ўзбекистон хотин-қизлари – Ватанимиз инсоний салоҳиятининг олтин фондидир», десак, ҳар томонлама тўғри бўлади. Дилшодахон Дадажонова ҳам ана шу олтин фондимизга бевосита мансубдир.

 БМТ Бош котиби Антонио Гутерреш жорий йил 11-17 март кунлари бўлиб ўтган БМТ Хотин-қизлар аҳволи бўйича комиссиясининг 63-сессиясида қайд этганидек, «Қаердаки сиёсат ва ижтимоий ҳаётда хотин-қизлар фаол иштирок этаётган бўлса, ўша жойда иқтисодиёт ўсмоқда, барқарорлик мустаҳкамланмоқда ва фуқароларнинг фаровонлиги юксалмоқда».

Ўз навбатида, БМТнинг Аҳолишунослик жамғармаси (ЮНФПА) Ижрочи директори Н.Кан кейинги йилларда Ўзбекистонда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, хотин-қизларни рағбатлантириш, гендер тенглик ва репродуктив саломатликни таъминлаш борасида муҳим ўзгаришлар амалга оширилаётганини эътироф этди.

Европа ва Марказий Осиё учун «БМТ-Аёллар» тузилмаси минтақавий раҳбари А.Эл-Ясир ҳам Ўзбекистон ҳукумати аёлларни қўллаб-қувватлаш, шунингдек, уларнинг мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётида тўлақонли иштирок этишига эришиш йўлида амалий чоралар кўраётганини юксак баҳолади.

Ўзбекистоннинг хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш борасидаги сиёсатининг халқаро даражада эътироф этилаётгани бежиз эмас. Зеро, Ҳаракатлар стратегиясида хотин-қизларнинг мамлакат ҳаётидаги муносиб ўрнини белгилаб беришга ва жамиятдаги мавқеини янада юксалтиришга қаратилган устувор вазифалар кўзда тутилган.

Айни чоғда, бу борадаги эзгу ишлар самарадорлигини янада ошириш учун ҳали кўп иш қилиш талаб этилади. Ўзбекистон Президенти таъкидлаганидек, «Биз узоқ вақт бу масалага етарлича эътибор бермасдан, ҳурматли опа-сингилларимизнинг дарду ташвишларига бепарво қараб келганимиз туфайли йиллар давомида тўпланиб қолган ижтимоий муаммоларни ҳал қилиш бугун, очиғини айтиш керак, осон бўлмаяпти».

Президентимиз томонидан аёллар ва оилага эътибор билан боғлиқ ушбу ғоят муҳим масала айнан парламентнинг юқори палатаси ялпи мажлиси муҳокамасига ҳавола этилгани бежиз эмас. Бинобарин, Сенат мамлакатимиз барча ҳудудларининг вакиллик органидир.

Бугун замоннинг ўзи барчамиздан юртимизда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш борасидаги ислоҳотларнинг нафақат иштирокчиси, балки ташаббускори ва асосий ижрочиси бўлишни, бошқаларга намуна кўрсатишни талаб этмоқда. Шу маънода, авваламбор, юртимиз хотин-қизларининг сиёсий жараёнлардаги иштирокини кенгайтириш мақсадида Олий Мажлис ва маҳаллий Кенгашларга оқила ва етук аёллар имкон қадар кўпроқ депутат ва сенатор бўлиб сайланишларига эътибор қаратиш лозим.

Президентимиз таъбири билан айтганда, «Парламентга ва маҳаллий Кенгашларга сайланадиган аёллар сонининг ўсиши қонун ижодкорлиги жараёнида хотин-қизларнинг манфаатлари ва фикрларини ҳисобга олиш имкониятини беради. Шунингдек, давлат бюджети шаклланишида гендер тенглиги масалаларини инобатга олиш мумкин бўлади».

БМТ маълумотларига қараганда, парламентларда аёлларнинг вакиллиги бутун дунёда ўсиб бормоқда. Бу кўрсаткич 2018 йилда 24,3 фоизни ташкил этган. Дунёдаги  мавжуд парламентларнинг 279 палатасидан 55 тасида, яъни 19,7 фоизида аёллар раҳбардир. Масалан, Нонси Пилосси – АҚШ Вакиллар палатаси спикери ҳисобланса, Валентина Матвиенко – Россия Федерация Кенгаши раисидир. 

Мана, яқинда Ўзбекистонда Сенат раислигига Танзила Норбоева сайланди. Бу воқеа юртимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида аёллар иштироки фаоллашаётганини кўрсатади.

Статистика маълумотлари ўз парламентлари ва ҳукуматларида аёллар 25-30 фоиздан кам бўлган давлатлар оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, бола ҳуқуқлари, ижтимоий муҳофаза муаммоларини ҳал этишда қийинчиликларга дуч келаётганлигини кўрсатмоқда.

Шундай экан, жаҳон демократик амалиётига уйғун равишда мамлакатимиз сайлов қонунчилигида белгиланган вакиллик органларида хотин-қизлар учун 30 фоизлик квотадан тўғри фойдаланиш, фикримизча, миллий манфаатларимизга ҳам, халқаро андозалар талабларига ҳам тўла жавоб беради.

Шу билан бирга, Президентимизнинг яқин вақт ичида «Эркаклар ва аёлларнинг тенг ҳуқуқлари ва имкониятлари кафолатлари тўғрисида» ҳамда «Аёлларни тазйиқ ва зўравонликлардан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунларни қабул қилишга доир таклифлари ҳам ниҳоятда долзарб. Нега деганда, халқаро андозалар талаблари доирасида 2018 йили юртимизда аёллар аҳволини тубдан яхшилашга доир 15 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат имзолангани ҳолда, қонун ижодкорлари томонидан бу борада биронта қонун қабул қилинмаган.

Давлатимиз раҳбари ушбу ташаббусларни ўз вақтида ва тўлиқ рўёбга чиқариш учун қайси масалаларга эътибор қаратиш мақсадга мувофиқлиги хусусида атрофлича сўз юритиб, «Аввало, оилани мустаҳкамлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, аёлларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини таъминлаш, ижтимоий, иқтисодий, сиёсий, ҳуқуқий ва маданий ҳаётда аёлларнинг иштирокини кенгайтириш бўйича қонун ижодкорлиги ва парламент назоратини кучайтириш лозим», деди.

Шунингдек, аёлларни иш билан таъминлаш, хотин-қизларнинг замонавий касб-ҳунарларни пухта эгаллаши учун муносиб шароитлар яратиш, уларнинг ишбилармонлик кўникмаларини ривожлантириш, хотин-қизларни тадбиркорликка кенг жалб этиш керак.

Бундан ташқари, аёллар соғлиғини мустаҳкамлаш, оилаларнинг тиббий маданиятини оширишга кўмаклашиш, жойларда, хусусан, маҳаллаларда хотин-қизлар ўртасида олиб борилаётган маърифий-тарбиявий ишлар самарадорлигини кучайтириш зарур.

Шу билан бирга, меҳр-оқибатли, оқкўнгил аёлларимизга мутлақо ярашмайдиган салбий иллатлар, яъни хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар, жумладан, жиноятчилик,  одам савдоси, оилавий ажримлар, эрта никоҳларнинг, ўз жонига қасд қилиш ҳолатларининг олдини олиш доимий эътибор марказида бўлиши даркор.

Бу жараёнларда, фикримизча, кўп йиллик меҳнат фаолияти давомида турли раҳбарлик лавозимларида самарали фаолият юритиб, бугун бахтиёр умр кечираётган Дилшодахон опа Дадажонова каби муҳтарама аёлларимиз тажрибалари ва имкониятларидан кенг фойдаланиш лозим, деб ҳисоблайман.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг таъбири билан айтганда, «Ер юзидаги ҳар қайси жамиятнинг маданий даражаси унинг аёлларга нисбатан муносабати билан белгиланади», деган ҳикматли сўзларининг амалдаги ифодасини ўз кўзимиз билан кўриб турибмиз. Шу ўринда  кўпчилигимизни тўлқинлантирган бир мисолни такрор эслашга тўғри келади. Жорий йил халқаро хотин-қизлар байрами куни атоқли ижодкорларимиз Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Ўткир Ҳошимов турмуш ўртоқларига давлат мукофотлари топширилди. Улуғ шоир ва мутафаккир Алишер Навоий «Насойим ул-муҳаббат» тазкирасининг «Эркаклар мартабасига етган ориф аёллар зикри» номли фаслида мозийдан то ўз давригача яшаб ўтган ёки ўзига замондош бўлган ислом оламида машҳур 35 нафар шайх, орифа хотин-қизларнинг руҳияти, шариати, тариқати, ижодлари хусусида лавҳалар битганини бир эслайлик.

Янада аҳамиятлиси, Навоий бобомизнинг «Фарҳод ва Ширин» достонида таърифланган 10 нафар олима қиз, жумладан, мантиқ илмида тенгсиз ­Дилосо, астроном Гуландом, файласуф Суманбўй, ҳикмат фани билимдони Паризод образлари реал ҳаётдан олинган. Уларнинг прототипи ҳазратга замондош бўлган закий момоларимиздир.

Шундай экан, бугун замондошларимиз бўлган оқила ва зукко хотин-қизларни қадрлаш ҳамда улуғлаш, уларнинг тажрибаларидан самарали фойдаланиш муҳим аҳамиятга эга, деб ўйлайман

Акмал Саидов,

академик


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: