Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Avgust 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
29 30 31 1 2 3 4
5 6 7 8 9 10 11
12 13 14 15 16 17 18
19 20 21 22 23 24 25
26 27 28 29 30 31 1
30.07.2019

Дунёда кунига 4 минг нафардан ортиқ, Ўзбекистонда эса 14 киши

гепатитнинг В ва С тури билан касаллангани оқибатида вафот этмоқда

Миллий матбуот марказида Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Вирусология илмий-текшириш институти ҳамкорлигида мамлакатимизда гепатит касаллиги тарқалишининг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар ва истиқболдаги вазифаларга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда халқаро ташкилотлар вакиллари, олимлар ҳамда шифокорлар иштирок этди.

Тадбирда бугунги кунда дунё миқёсида вирусли гепатитнинг В ва С тури билан касалланиш кўпаяётгани ҳамда гепатит В ўз вақтида аниқланиб даволанмаса, жигар циррози ва гепатоцеллюляр карцинома, яъни жигар саратони келиб чиқишига сабаб бўлиши мумкинлиги таъкидланди.

Маълумотларга кўра, вирусли гепатитнинг С тури билан касалланган беморларни даволаш бўйича самарали дори воситалари амалиётга кириб келган бўлса-да, бу усулда даволаш харажатлари юқорилиги сабабли дун­ёдаги кўпчилик мамлакатлар аҳолиси бу имкониятлардан фойдалана олиши имкониятига эга эмас. Қолаверса, ноёб ва замонавий тиббий амалиётлардан бири — жигар трансплатацияси ўтказилиши имконияти ҳам чекланган. Шундай шароитда энг самарали ва мақбул йўл гепатитларнинг олдини олиш ва бу йўналишда тиббий-профилактика ишларини ривожлантириш, аҳолининг барча қатламини тизимли тиббий-санитария ёрдами билан қамраб олишдир.

— 2001 йилдан мамлакатимизда вирусли гепатитнинг В турига қарши эмлаш амалиётга киритилгани ва шу давр мобайнида эмланган аҳоли қатламида вирусли гепатитнинг В тури умуман қайд этилмаяпти, — дейди Вирусология илмий текшириш институти директори, профессор ­Эркин Мусабоев. — Республикамизда ҳозирда 17-18 ёшга яқинлашган йигит-қизларнинг биронтасида ҳам вирусли гепатитнинг В тури йўқ. Лекин минг афсуски, бу касаллик ёши катта одамлар орасида учраб турибди. Албатта, бунинг ўзига хос сабаблари бор. Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан Ўзбекистонда вирусли гепатитнинг С тури билан касалланган беморларни босқичма-босқич даволаш учун давлат бюджетидан 42 миллиард сўм маблағ ажратилган.

Яна шуни мамнуният билан айтишим мумкинки, АҚШнинг нодавлат фонди Centerfor Disease Analysis Foundation (CDAF) ташкилоти билан ҳамкорликда Тошкент шаҳрида янги лойиҳани, яъни «Ўзбекистонда гепатитларни бартараф этиш дастури»ни амалга ошириш арафасида турибмиз. Яъниким, гепатит В ва С билан касалланган беморларни касалликнинг илк босқичларида аниқлаш мақсадида скрининг ишларини самарали ташкил этиш учун Ўзбекистон тиббиётига 1,02 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция жалб этилди. Шунингдек, аҳоли соғлиғини асраш, гепатит касалликлари олдини олиш мақсадида АҚШнинг Centerfor Disease Analysis Foundation (CDAF) жамғармаси билан ҳамкорликда вирусли гепатит В ва С нинг олдини олиш бўйича 2019-2020 йилларга мўлжалланган махсус лойиҳа ишлаб чиқилди.

Даставвал лойиҳа ишчи гуруҳи тузилади, сўнгра, лойиҳада иштирок этадиган оилавий поликлиникалар танлаб олинади. Вирусология илмий-текшириш институти олимлари ва малакали мутахассисларини жалб этган ҳолда тиббий-маслаҳат маркази ташкил этилади ва тадбир иштирокчилари учун семинар-тренинглар ўтказилади.

Ушбу лойиҳа, яъни «Ўзбекистонда гепатитларни бартараф этиш дастури» муваффақиятли амалга оширилса, келгусида жигар касалликларининг олдини олишга муваффақ бўламиз. Асосий мақсадимиз ушбу касалликка чалинган беморларни скрининг текширувидан ўтказиш орқали аниқлаш ҳамда даволашдир. Мана шу жамғарма кўмагида Ўзбекистон шароитида биринчи бўлиб, Тошкент шаҳрида ва кейинчалик республикамизнинг қолган ҳудудларида вирусли гепатитнинг В ҳамда С турига барҳам берилади.

Тадбирда АҚШлик мутахассис, CDA Foundation жамғармаси директори Ҳоми Разавининг айтишича, яъни (ушбу маълумотлар нодавлат ташкилотлар томонидан тўпланган маълумотлари ҳисобланади) ҳозирги кунда дунё бўйлаб ҳар йили 1,5 миллион, кунига 4 минг нафардан ортиқ, ҳар 4 секундда эса бир одам, ­Ўзбекистонда эса кунига 14 одам айнан гепатит касаллиги оқибатида вафот этяпти. Шу боисдан Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти 2030 йилгача 90 фоиз диагностика билан қамраб олишни, диагноз қўйилганларнинг 80 фоизи даволанишини режалаштирмоқда. Бунинг натижасида янги касалланишлар 80 фоизга, ўлим ҳолатлари 60 фоизга камайишига эришилади.

— Яна шуни маълумот ўрнида айтишим мумкинки, — деди Ҳоми ­Разави — ушбу лойиҳа доирасида 20 фоиз беморга, яъни ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган ва ногиронларга дастлабки босқичда даволаниш учун дорилар бепул, қолган 80 фоизига эса имтиёзли нархларда тақдим этилади.

Вирусология илмий-текшириш институти директори, профессор Эркин Мусабаевнинг фикрича, республикамизда мазкур лойиҳанинг муваффақиятли амалга оширилиши натижасида  33 минг жигар раки, 15 минг 300 цирроз, 20 минг ўлим ҳолатлари олди олинишига эришилади.

Шундан сўнг журналистларни қизиқтирган саволларга Эркин ­Мусабоев жавоб берди.

— Нима сабабдан дунё давлатлари орасида биринчилардан бўлиб, АҚШнинг Centerfor Disease Analysis Foundation (CDAF) жамғармасининг янги лойиҳаси, яъни вирусли гепатит В ва С нинг олдини олиш бўйича Ўзбекистонни танлади? Бизда ушбу гепатитлар билан оғриган беморлар шунчалик кўпми?

— Ушбу жамғарма, айнан бизнинг юртимизни танлаганлигининг боиси, бугунги кунда шахсан Президентимиз томонидан соғлиқни сақлиш соҳасига, айниқса, аҳоли саломатлигига қаратилаётган жиддий эътибор туфайлидир.

— Дориларнинг беморларга 20 фоиз бепул берилувчилар тоифаси қандай мезонларга қараб аниқланади? Умуман, лойиҳада кўзда тутилган дори-дармонлар қиммат эмасми?

— 20 фоизи бу ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган оилалар ва ногиронлар тоифасидир. Улар республикамиздаги маҳалла фуқаролар йиғинлари орқали олинган маълумотлар асосида шакллантирилган рўйхат асосида аниқланади. Қолганларга дорилар 40-60 фоизгача арзон нархларда берилади. Фақат бунинг учун беморлар алоҳида рецепт билан махсус дорихоналардан харид қилишлари лозим бўлади.

— Ўзбекистон шароитида биринчи бўлиб, нимага лойиҳа Тошкент шаҳрида ўтказилмоқда? Республикамизнинг бошқа ҳудудларида эмас?

— Бунга сабаб бошқа вилоят, туман, шаҳарларга қараганда айнан пойтахтимизда вирусли гепатит В ва С билан оғриган беморлар кўпроқни ташкил этади. Шу боисдан ҳам тажриба сифатида биринчилардан бўлиб Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманидаги марказий 51-52-поликлиникалардан бошла­нади ва босқичма-босқич бутун республикамиз ­миқё­сида давом эттирилади.

 

Тоштемир ХУДОЙҚУЛОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: