30.07.2019

ЎЗБЕКИСТОННИНГ ЁШ МАТЕМАТИКЛАРИ

Буюк Британиянинг Бат шаҳрида ўтказилган халқаро олимпиадада муносиб иштирок этди 

Ўзбекистон терма жамоаси раҳбари Тошкент шаҳридаги Инҳа университети ўқитувчиси Рустам Турдибоев билан халқаро математика олимпиадаси, унда юртдошларимиз иштироки борасида суҳбатлашдик.

— Олимпиада қачондан буён ўтказилади ва унинг шартлари ҳақида тўхталсангиз?

— Халқаро математика олимпиадаси ўқувчилар ўртасида ҳар йили ўтказилади. Дастлабки олимпиада 1959 йилда Руминияда бошланган. 2017 йилда иштирокчи давлатлар сони 111 тага етди.

Ҳар бир мамлакатдан олти киши, терма жамоа раҳбарлари ва назоратчилардан иборат жамоа таклиф этилади. ХМО — шахсий чемпионат ҳисобланади. Иштирокчилар 20 ёшдан катта бўлмаслиги керак.

Олимпиададаги вазифалар мактаб ва лицейларда ўтиладиган математика фанининг турли йўналишларидан, геометрия, сонлар назарияси, алгебра ва комбинаторикадан танланади. Қатнашчилардан олий математика даражасидаги билимлар талаб этилмайди.

Бу йилги олимпиаданинг ўтган йилгиларидан фарқи шундаки, 2019 йил халқ­аро математика олимпиадаси ташкил этилганига 60 йил тўлди.

Буюк Британиянинг Бат шаҳри университетида олимпиаданинг асосий қисми бўлиб ўтди. Жамоа раҳбарлари Жанубий Вэйлснинг «Celtic Manor» меҳмонхонасига иштирокчилардан алоҳида жойлаштирилди. 112 давлатдан 621 нафар ўғил-қиз иштирок этди. Ҳакамлар ҳайъати томонидан 52 олтин, 94 кумуш 156 бронза медали ғолибларга топширилди.

— Ўзбекистонликларнинг олимпиадада иштироки қачон бошланган, қандай натижаларга эришилган?

— ХМОда Ўзбекистон 1997 йилдан бери, орада баъзи йилларни ҳисобга олмаганда, жами 18 марта қатнашган. Бунинг натижасида 9 кумуш,  27 бронза медаль ҳамда 35 фахрий ёрлиқни қўлга киритган.

— Терма жамоа раҳбарининг вазифалари нималардан иборат?

— Жамоа раҳбарлари иштирокчилар келишидан 3-4 кун аввал олимпиада ўтадиган шаҳардан ташқарида ажратилган меҳмонхонага жойлашади. Бу йил Вэйлснинг Ньюпорт шаҳри яқинидаги меҳмонхона бизга бириктирилди. Жамоа раҳбарларига масалалар тўплами, яъни 30 дан ортиқ мисоллар жамланмаси – Short List тарқатилади. Бизнинг вазифамиз мазкур мисоллар билан танишиб, унинг орасидан олимпиада учун 6 мисолни танлаш. Мен учун бу вазифа  математика дунёсига саёҳатдай туюлади. Қизиқарли ва жуда масъулиятли бўлган юмушни биз аъло даражада бажаришга ҳаракат қилдик.

Олимпиада талабларига кўра, қатнашчилар 3 тадан мисолни 4,5 соат ичида ечишлари керак. Биз бу жараён бошланишидан аввал ўқувчиларнинг саволларига жавоб бердик. Қолган вақт текширувчилар жамоаси ҳар бир масаланинг баҳолаш мезони хусусида баҳс олиб бориб, бир тўхтамга келдик.

— Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган жамоа аъзолари билан газетхонларимизни тўлиқ таништирсангиз:

— Бажонидил. Газетхонлар улар номларини эслаб қолишларини истардим.

Жасурбек Имомов, 2000 йилда Бувайдада туғилган. Бухоро давлат университети Қоракўл академик лицейи ўқувчиси. У халқаро математика олимпиадаси бронза медалини қўлга киритди.

Жаҳонгир Тўраев, 2002 йилда Каттақўрғон туманида туғилган. Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти академик лицейи ўқувчиси. Олимпиада фахрий ёрлиғи билан тақдирланди.

Расулбек Озодов, 2000 йилда Қўшкўпир туманида туғилган. Ўзбекистон Миллий университети Саъди Сирожиддинов номли академик лицейи ўқувчиси. Олимпиада фахрий ёрлиғи билан мукофотланди.

Аббос Сайлиев, Қоракўл туманида туғилган. Бухоро давлат университети Қоракўл академик лицейи ўқувчиси. Олимпиада фахрий ёрлиғига муносиб кўрилди.

Абдушукур Аҳадов, 2001 йилда Сайхунобод туманида туғилган. Ўзбекистон Миллий университети Саъди Сирожиддинов номли академик лицейи ўқувчиси. У истеъдодли математик сифатида эътироф этилди.

Акбар Эркинов, 2000 йилда Самарқанд шаҳрида туғилган. Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти академик лицейи ўқувчиси. У умидли математиклар қаторидан ўрин олди.

 Шу ўринда бир мулоҳазани айтиб ўтиш ўринли, деб ҳисоблайман. Жамоа аъзоларининг ҳар бири Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишди. Улардаги интилиш, изланиш, шижоат барчани ҳайратлантирди. 112 мамлакат ичида 63-ўринни эгаллашнинг ҳам ўзи бўлмайди, албатта. Мен улар орасидан келажакда буюк математиклар етишиб чиқишига ишонаман.

— Ҳакамлар ҳайъатининг ўзбекистонлик ёш математиклар ҳақидаги фикри қандай?

— Координация (текширув) жараёнида америкалик ва англиялик мутахассислар Жасурбек ва Аббоснинг ечган масалаларига сўзсиз энг юқори баҳо беришди. Уларнинг маҳоратига қойил қолишди. Худди шундай бошқа шартлар бўйича ҳам ҳеч қандай эътироз билдирилмади. Бу йилги олимпиадада Ўзбекистон терма жамоаси бир неча ижобий натижаларга эришди. Ўқувчиларимиз комбинаторикага оид масалани тўлиқ еча олишди. Шунингдек, қийинлик даражаси бўйича тўртинчи энг мураккаб мисолни жамоа аъзоларидан Абдушукур ва Жасур ечиб, барчани ҳайратлантирди. Энг ажабланарлиси, иккаласининг ечими бир-биридан тубдан фарқ қилади. Айниқса, Абдушукурнинг тригонометрик айниятлар орқали топган ечими ҳатто халқаро даражадаги текширувчилар учун ҳам муаммо туғдирди. Биргаликда деярли ярим соат деганда унинг услубини тушуниб етдик ва елкамиздан тоғ ағдарилгандек бўлди. 

—  Халқаро математика олимпиадаси ғолиблари қандай имтиёзларга эга бўлади?

— ХМОда медаль олган ўқувчилар Ўзбекистон миллий университетининг механика-математика факультетига имтиёзли равишда ўқишга қабул қилинади. Шунингдек, чет элдаги нуфузли университетлар ҳам бундай талаба ёшларни ўқишга қабул қилишга тайёр. Москва физика-техника институтига имтиёзли равишда ўқишга кирган юртдошларимиз талайгина. Олимпиададан сўнг Словениянинг Примоск университетига жамоамизни таклиф қилишди.

— Олимпиада жараёнида ўқувчиларимизда қандай камчиликлар кўзга ташланди?

— Жасурбекка кумуш медалга икки балл етмай қолди. Жамоадан яна 4 қатнашчи бронза медалига жуда яқин бўлиб, уларга омад кулиб боқмади.

Умумжамоа ҳисобида ҳаммаси бўлиб 81 балл тўпланди. Бу кўрсаткич Ўзбекистон жамоасининг кейинги 9 йилдаги энг яхши натижасидир.

Олимпиадада математиканинг тўртта йирик соҳаси – алгебра, геометрия, комбинаторика ва сонлар назариясидан мисоллар танланади. Ўзбекистон мактабларида комбинаторика соҳасида ўзбек тилида масалалар тўплами ҳамда зарур адабиётлар мавжуд эмас. Бунинг натижасида ўқувчиларимиз айни шу йўналишда юқори натижалар кўрсатмаяпти. Аксарият жамоа аъзолари олимпиадага тайёрланишда инглиз ёки рус тилидаги китоблардан фойдаланишади. Шу боис алгебра, геометрия ва сонлар назариясидан бериладиган мисолларни осон тушунишади. Комбинаторикадаги мисолларни ечиш учун чет тилини чуқурроқ билиш зарур. Афсуски, терма жамоа аъзоларининг аксарияти рус ёки инглиз тилларини мукаммал билмайди. Бу уларга панд беради.

Шунингдек, жамоанинг деярли барча аъзоси олимпиадада биринчи бор қатнашганлиги учун ҳаяжонланиб, кичик хатоларга йўл қўйишди. Бунинг оқибатида имкониятларимизни бой бердик. Иккинчи йил қатнашгани учун Жасурбек ҳаммадан кўра яхши натижа кўрсатди.

Биз жамоа аъзолари билан хатоларимизни таҳлил этиб, келгуси режаларни тузиб олдик. Кейинги йил бундай камчиликларга йўл қўймаймиз, албатта.

Ёш математикларимизнинг камтарона ютуғини Ўзбекистон мустақиллигининг 28 йиллигига бағишлаймиз.

 

Барчиной ҲАМИДУЛЛАЕВА

суҳбатлашди.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: