23.07.2019

АЖРАШИШ УЧУН АРИЗА БЕРГАН 878 ТА ОИЛА ЯРАШТИРИЛИШИГА ЭРИШИЛДИ

Пойтахтимиздаги Миллий матбуот марказида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази томонидан оила институтини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилган ишлар сарҳисобига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.

Тадбирда аввало «Оила» маркази зиммасига юкланган вазифалар ва уларнинг ижроси бўйича бажарилаётган ишлар ҳақида ахборот берилди. Жамиятда замонавий намунали оила мезонларини жорий этиш, оила институтини мустаҳкамлашга қаратилган норматив-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш, фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотларни ташкил этиш, давлат ва нодавлат ташкилотлари, фуқаролик жамияти институтларини оилани мустаҳкамлаш ғояси атрофида бирлаштириш, шунингдек, мамлакатда фақат соғлом оила, соғлом жамият устуни бўлиши тўғрисидаги тушунчани аҳоли онгига сингдириш каби вазифалар «Оила» марказининг бош мақсади экани таъкидланди. Бу юксак вазифаларни амалга ошириш ишларига етакчи олимлар, психологлар, ҳуқуқшунослар, оилашунос экспертлар, шунингдек, хорижлик мутахассислар кенг жалб этилгани айтилди.

— Марказимиз томонидан қатор ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда оила мустаҳкамлигига салбий таъсир қилувчи ҳуқуқий нормалар инвентаризациядан ўтказилиб, қонун ва қонуности ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш бўйича Оила, Меҳнат, Уй-жой, Жиноят ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларнинг жами 1 минг 658 та моддаси таҳлил қилиниб, уларга нисбатан 50 та таклиф берилди, — дейди «Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази директори ўринбосари Дилбар Алимжанова. — Бундан ташқари, марказ томонидан олиб борилган тадқиқотлар натижасида ишлаб чиқилган методика, чора-тадбирлар ва тавсиялар асосида ажрашиш учун ариза берган 878 та оила яраштирилди. Ажрим ёқасига келиб қолган 13 минг 493 оила тикланди ва 21 минг 293 нафар бола ярим етим бўлишдан сақлаб қолинди. Шунингдек, республикамиз бўйича 15 минг 102 та қийин ҳаётий вазиятга тушиб қолган оила муаммолари таҳлил этилди ва 8 минг 458 нафар ночор оилага ёрдам кўрсатиш бўйича «Йўл хариталари» ишлаб чиқилиши натижасида 2 минг 670 нафар оиланинг муаммолари ҳал этилди.

Шунингдек, оила институтини ривожлантириш борасидаги ислоҳотларни ёритиш мақсадида таъсис этилган «Марказий Осиёда жамият, гендер ва оила» номли халқаро илмий журналнинг таҳрир кенгаши таркибига Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, АҚШ ва Буюк Британия олимлари жалб этилди.

Бундан ташқари, марказ томонидан ёш йигит-қизларни оилавий ҳаётга тайёрлашнинг замонавий услуби сифатида «Бўлғуси келин-куёвлар инновацион мактаби» ташкил этилди. Ушбу мактабларда бўлғуси келин-куёвлар учун оилавий муносабатларнинг маънавий-ахлоқий асослари, оила иқтисодиёти, оиладаги ижтимоий муҳит, никоҳ муносабатлари, соғлом турмуш тарзи, мулоқот маданияти ва оилавий низоларнинг олдини олиш каби масалалар юзасидан маҳорат дарслари ўтилмоқда. Мазкур мактабларда шу кунга қадар 12 минг 564 нафар бўлғуси келин-куёв таълим олди. Уларга «Оила» маркази томонидан тайёрланган «Мустаҳкам оилага йўлланма», деб номланган ён дафтарча шаклидаги қўлланма топширилди ва ёшларнинг «Оила сабоқлари» номли мобиль иловага уланишлари таъминланмоқда.

Матбуот анжуманида, шунингдек, оила институтини мустаҳкамлаш борасида олиб борилаётган ишлар самарадорлигини янада оширишга қаратилган режалар хусусида ҳам маълумотлар берилди.

 

Дилдора ЙЎЛДОШЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: