23.07.2019

САЙЁР ҚАБУЛ: АҲОЛИ БИЛАН ОЧИҚ МУЛОҚОТ ВА МУАММОЛАР ЕЧИМИ...

Фарғона вилоятида «Аҳоли билан мулоқот: муаммо, ечим ва самара» мавзусида сайёр қабул ўтказилди. Унда ЎзХДП фаоллари, вилоятдаги барча бошқарма ва ташкилотлар раҳбарлари, прокуратура, МИБ, ИИБ ҳамда сектор раҳбарлари иштирок этди.

Тадбир давомида мутасаддилар аҳоли мурожаатларини қабул қилишди, мавжуд вазият, муаммоларни ҳар бир соҳа ва йўналиш бўйича атрофлича ўрганишди. Мулоқотларда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари, ногиронлиги бўлган шахслар мурожаатларига алоҳида эътибор қаратилди. Кам таъминланган оилаларга моддий ва маънавий кўмак берилди.

Ҳар бир ташкилот раҳбари ўз йўналишига қараб, маҳаллаларда ечимини кутаётган масалалар, хусусан, тадбиркорликни ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш, аҳоли, айниқса, ёшлар бандлигини таъминлаш юзасидан тушган мурожаатларни мутахассислар иштирокида ўрганиб чиқди. Уларнинг ечими юзасидан амалий ишлар олиб борилади.

Қабулда 82 нафар фуқаро иштирок этди ва халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатларига турли масалада 36 мурожаат бўлди. Уларнинг 11 таси уй-жой билан таъминлаш ва таъмирлаш, 5 таси ишга жойлашиш, 4 та банк кредити ажратиш, 6 таси моддий ёрдам кўрсатиш ва бошқа масалаларни қамраб олди.

— Сайёр қабул давомида фуқаролар турли масалаларда мурожаат қилишди, — дейди ЎзХДП Фарғона вилоят кенгаши раиси Дилбар Мамажонова. — Бу масалаларни жойларнинг ўзида ҳал қилиш мумкин. Фақат масъулият билан ёндашилса, сансалорликка йўл қўйилмаса, одамларни ўйлантираётган муаммолар тез ва осон ечим топади. Ўтказилган қабул натижалари бўйича 11 нафар мурожаатчининг масаласи ижобий ҳал этилди, 6 нафар фуқарога ҳуқуқий маслаҳатлар берилди, 19 мурожаат амалдаги қонунларга кўра ўрганиб чиқиш учун қабулда иштирок этган вилоят мутасадди ташкилотлари раҳбарлари эътиборига ҳавола қилинди. Улар бўйича депутатлик назорати ўрнатилди.

— Фарғона шаҳар «Шакарқишлоқ» маҳалла фуқаролар йиғинида яшайман, — дейди Саида Орипова. — Сайёр қабул ўтказилаётгани ҳақида эшитиб, бу ерга келдим. Чунки бузилган савдо дўконимиз учун жой ажратиш масаласида мурожаатим бор эди. Қабулда бизни хушмуомалалик билан кутиб олишди. Муҳими, мурожаатим эътиборсиз қолмади. Фарғона шаҳар ҳокими 1-сектор раҳбари томонидан ижобий ҳал этилди.

Фарғона шаҳар «Ҳилол» кўчасида яшовчи Наргиза Исроилова моддий ёрдамга муҳтож экан. Анчадан бери уйининг деворини қуришда қийналиб юрган аёл умид билан сайёр қабулга келган. Муаммосини мутасаддиларга айтди. Масала ижобий ечим топди. Ҳомийлар кўмагида уйининг девори тиклаб бериладиган бўлди.

Мулоқот давомида яна бошқа масалаларда ҳам кўплаб мурожаатлар бўлди. Депутатлар саволларга жавоб беришди, муаммоларни ҳал этиш бўйича вазифалар белгилаб олинди.

 

Санжар РАҲМОНОВ,

ЎзХДП Фарғона вилоят кенгаши бўлим мудири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: