Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Avgust 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
29 30 31 1 2 3 4
5 6 7 8 9 10 11
12 13 14 15 16 17 18
19 20 21 22 23 24 25
26 27 28 29 30 31 1
23.07.2019

МЎЙНОҚДА ТОНГ ОТМОҚДА

Орзу-ниятларга, янгиликларга тўла тонг, гўзал бир тонг...

Инсон мол-мулкини йўқотса, яна қайта топиши мумкин. Обрўсини йўқотса, тиклаб олиш имконияти бор. Амалидан ажралса, бир кун омади келиб, яна амалга муносиб кўрилар... Аммо халқ денгизини йўқотса нима бўлади?... Бунинг устига, ягона денгизини... Йўқолган денгизни Яратган яна қайтарармикан?.. Қуриган денгиз яна сувга тўлганини кўрганлар бормикин?..

Бу саволлар олимлар, мутахассисларга тегишли. Эҳтимол қай бир замонда қайсидир қуриган денгиз ўрнида яна денгиз пайдо бўлгандир? Эҳтимол, фақат эртаклардагина қуриган денгиз яна қайта денгизга айланар?.. Ўлган денгиз қайта тирилар?..

Қайси бир юртда, қайси бир денгиз нима бўлган бўлса, бўлгандир, нима қисмат кўрган бўлса, кўргандир. Аммо Мўйноқ туманида яшовчи эл, бир пайтлар улкан Орол денгизининг чайқалиб-чайқалиб, тўлиб-тошиб турганини, қудратли тўлқинларини кўрганлар, бу денгизда кемаларда балиқ овлаганлар, бу денгизда мириқиб чўмилганлар. Орол барибир бир кун қайтади, яна сувга тўлади, деган умид билан, ишонч билан яшамоқда. Денгизга алвидо, дейишга ҳали-ҳануз уларнинг тили бормайди.

Оролдан узоқда яшаганларга бу дард унчалик сезилмаслиги мумкин. Аммо Мўйноқда туғилиб, кўз очиб, денгизни кўрганлар, денгиз билан улғайиб, денгиз билан яшаганлар денгизсиз қолиш қандай йўқотиш эканини яхши билишади.

Улар — ёши улуғлар бугун денгиз билан боғлиқ хотиралар билан яшашмоқда, болалик ва ёшликларини эслашса, денгиз ёдларига тушади, денгизни эслашса, болалик ва ёшликлари ёдга тушади.

Бугунги навқирон авлод Орол денгизи ҳақида кексалардан ажойиб, ғаройиб ҳикоялар тинглашади, эртак эшитгандай бўлишади. Бир ишониб, бир ишонишмайди...

Эҳтимол, бир кун мўъжиза рўй берар, денгиз қайтар, тирилар, армонлар ушалар, эртаклар ҳақиқатга айланар... Буни вақт кўрсатади. Аммо бугун Орол бўйларига, Мўйноққа янги ҳаёт, янги кайфият кириб келаётгани, меҳр-эътибор қайтгани ҳақиқат. Мўйноқнинг қиёфаси, салоҳияти, мазмуни бутунлай ўзгариб бораётгани бор гап.

Бунга ишонч ҳосил қилиш учун бугун Мўйноққа келиш, Орол бўйларида юриш, ҳамма-ҳаммасини ўз кўзинг билан кўриш, одамлар сўзларини ўз қулоқларинг билан эшитиш керак бўлади.

... Нукус аэропортидан Қорақалпоғистондаги мухбиримиз Мнажатдин Қутлимурадов ҳамроҳлигида тўғри Оролга йўл олдик... Нукусдан Мўйноққача кўп эмас, оз эмас, роппа-роса 220 километр экан. Ҳар ҳолда, енгил машинада уч соатдан кам юрилмайди. Ўйлаб кетиш, режаларни пишитиш учун вақт етарли. Қаерларда бўлиш, кимлар билан учрашиш, қайси масалаларга кўпроқ эътибор қаратиш, бош ғоя нима бўлиши керак?... Бу саволларга янада ойдинлик киритиб олиш имконияти бор.

Ана шундай ўй-хаёллар билан йўлда кетаяпмиз, йўл юрганимиз сайин ҳаяжон ошади... Киши ўзида ғалати туйғуларни ҳис этади. Гўё «айбдорсан», «жабрланувчи» билан юзма-юз учрашувга кетаётгандексан. Ҳозир у айбингни юзингга айтиб ташлайдигандек...

Амударё кўпригидан ўтаётганда киши беихтиёр ҳаяжонланади. Мана, ўша қадим дарё, қудратли дарё. Орол денгизига ҳаёт бағишлаб келган, икки дарёдан бири... Сўнг Оролдан узилган дарё, Оролга етолмай қуриган дарё...

— Қирғоқ бўйидаги ҳов ана у овулни кўраяпсизми, бу менинг ота овулим — Саманбой, дейди Мнажатдин. — Болалигим шу ерда ўтган, Амударёда чўмилиб катта бўлганмиз. Нариги қирғоқни кўриш қийин эди, эни бир ярим-икки километр келарди, десам ҳозирги ёшлар ишонмайди....

Кўприкдан ўтдик, Хўжайли тумани бошланди. Сўнгра Қанликўлдан, Қўнғиротдан ўтиб, Мўйноққа элтадиган йўлга бурилдик. Йўлнинг икки чети қумликлардан иборат дашту дала... Янтоқ, қамиш, саксовул, жийда, қорабароқ каби ўсимликлар сочилиб ётибди. Бир замон қизғиш гуллаган ўсимликлар кўзга ташланди. Бу ўсимлик номи сутилак экан. Новдасини шимисанг, сути бор, озгина ширин, йилига уч марта мева бераркан. Кета-кетгунча йўл четида биз билган, билмаган ўсимликлар. Лекин қамиш кўп. Қамишдан илгари тўшак сифатида фойдаланиб келинган.

Шағули овулига етдик, қуёш олов пуркаётгандек, ҳадемай ҳаммаёқ жизғанак бўлиб кетадигандек. Бу ерларнинг иқлими, табиати ҳам ўзигагина хос. Йўлнинг ўнг томонида, ҳов икки-уч километр нарида қуюн кўринди. Энига бир-икки қулочдек кўринсада, анча баландга ўрмалаб кетяпти. Бироздан сўнг чап томонда ҳам қуюн кўтарилди. «Улар бизнинг «тарнадо»лар», — деди ҳамроҳим ҳазиллашиб.

Бу ҳудудлар табиати ўзигагина хос — мураккаб, қайсар, қаҳрли, чўлланган, шўрланган. Оддий қилиб айтганда, ёзида қуш учса, қаноти, қўнса, оёғи куяди. Қиши аёзнинг аёзи, шамоли суякни қақшатади. Ҳайвонот олами ҳам бой, айниқса, юмронқозиқ, қуён, тулки, шоғол, бўри кўп экан.

 

Армонлар ва мўъжизалар

Мана, ниҳоят уч соатча йўл юриб, муаммолари билан дунёга машҳур бўлган Мўйноққа кириб келдик. Йўлнинг икки четида эски, пастқам, лойдан, ҳатто девори қамишдан кўтарилган уйлар бузиб ташланаяпти. Улар ўрнида замонавий турар-жойлар, маъмурий бинолар, спорт, санъат масканлари, савдо, маиший хизмат шохобчалари бунёд этилмоқда. Мўйноқ марказидаги катта кўча тўрт қаторли қилиб қурилмоқда, ўнг томонидаги майдонда ҳунармандлар аллеяси барпо этилмоқда. Бу ерда ўтов, миллий кийимлар, тақинчоқлар кўргазмалари ўтказилади. Туризм объектларидан бири бўлади...

Бузилаётган уйларга қараб, ўйга толасан киши. Наҳотки, шу кулбаларда одамлар яшаб келган бўлса?.. Узоқ йиллар муаммолар гирдобида қолиб келган одамлар кўнглидан бугун нималар ўтаяпти?

Бекназар Алламберганов, пенсионер: — Ёшим 73 да. Мўйноқда консерва заводида ишлаганман. Сазан, сом, лаққа, бекри, илонбалиқ, карас каби 24 хил балиқдан консерва тайёрлар эдик. 5 мингдан ортиқ ишчи бор эди. Ўшалардан саноқли одам қолган, учрашсак, заводни, Оролни эслаб йиғлаймиз... У кунлар худди туш каби ўтди, кетди...

Бироқ ҳозир Мўйноққа берилаётган эътибордан бошимиз осмонда. Катта ишлар қилинаяпти... Президентимизга раҳмат...

Орол денгизи соҳилидаги Мерес овулида нари борса, 50 оила яшайди. Орол тўлқинлари бу овул этагига келиб урилиб турган. Қариялардан бир-иккиси билан учрашмоқчи бўлдик. Афсуски, эскилардан ҳеч ким қолмабди, 65-70 ёшдаги уч нафар кампир қолибди. Улардан бири — Нийсебели Сағанбаева билан суҳбатлашамиз.

— Орол уйимиз деразасидан кўриниб турарди, не бўлди, билмаймиз. Орол қайта бошлади. Мен 15 ёшда эдим, — дейди у. — Денгиз биздан қочиб кета бошлади. Ота-онамиздан эшитганмиз, Орол қай бир замонда ҳам қочган, лекин орадан 50 йил ўтиб, яна қайтган экан. Биз ҳам бугун денгиз кетган томонга тикилиб ўтирибмиз, бир куни қайтар, деб. Оролни тез-тез тушимда кўраман. Бир гал тушимда Орол сувга тўлиб турганмиш. Денгиз қайтибди, деб ҳамма қирғоққа чопаётганмиш... Уйғониб кетдим. туш кўрганимни билдим. Аммо «ростдан ҳам денгиз қайтган бўлса-чи», деган хаёл билан ташқарига чиқиб қарадим... Жим-жит экан. Кўнглим чўкиб, қирғоқда бироз ўтирдим. Дуо қилдим, Яратгандан денгиз қайтишини сўрадим...

Денгиз қочгач, одамларнинг кўнгли чўкиб қолди, не қиларин билмай қолди. Иш йўқда, иш бўлмагач, пул йўқ. Пул бўлмаса, тирикчилик ўтмайди... Шундан кўп эркаклар, ёшлар шаҳарларга кетиб қолди... Оролга сув келса, улар ҳам қайтади, туғилиб ўсган жойинг барибир азизда...

Мўйноқ тумани марказида бузилаётган уйларни, қурилаётган йўлларни кузатиб турганимизда велосипед ҳайдаб бир қария келиб қолди.

— Утешов Есенбайман, ёшим 74 да, — деди у. — Консерва комбинатида ишладим. Орол қуригач, комбинат ҳам тўхтади, одамлар ишсиз қолди. Ҳов ана у тепалик ортида денгиз кўриниб турарди, овози шу ергача эшитиларди... Ҳар замонда ўша тепаликка бориб, тураман. Денгиз кетган томонларга тикилиб, йиғлайман...

— Бугун Мўйноқда бўлаётган ўзгаришларга нима дейсиз?

— Худойимга шукр деймиз, ҳеч қачон бундай ишлар бўлмаган. Мўйноқ бутунлай қайта қуриляпти. Кўплар юмушли бўляпти, ишлаб пул топяпти, Мўйноқ обод бўляпти... Ҳар куни чиқиб томоша қиламан...

Оқсоқол Мўйноқда давлат дастури бўйича қандай ишлар амалга оширилаётгани, бунинг учун қанча маблағ ажратилганини айтиб беролмайди, албатта. Чунки, оддий одамлар рақамларга эътибор бераверишмайди, ўз кўзлари билан кўраётган ишларга ишонишади, шуларга қараб, фикр қилишади, баҳо беришади. Мўйноқда бугун қилинаётган ишлардан оддий одамлар фахрланмоқда, бу ўзгаришлар улар кўнглини кўтармоқда, ҳаётга муносабатини ўзгартирмоқда...

Бу одамлар ғам-ташвиш, муаммолар гирдобида яшаб келишарди. Аввало Орол дарди, ишсизлик, йўл-йўриқнинг йўқлиги, газ таъминоти, айниқса, ичимлик суви масаласи. Орол билан ўтган қайноқ кунлар хотираси билан яшаб келишарди. Эртанги кундан мўъжиза кутиб яшаб келишарди.

Бугун Мўйноқда ростдан мўъжизалар рўй бера бошлади. Ҳеч ким ўйламаганди, ишонмаганди, бундай улкан бунёдкорликлар бўлишини, Қўнғиротдан Мўйноққа ичимлик суви олиб келинишини, Орол ҳудудидан чучук сув отилиб чиқишини...

Сўнгги икки йилда Президентимиз томонидан Оролбўйи минтақаси ва Мўйноқ туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича қарорлар қабул қилинди. Ўтган йил ноябрь ойида Юртбошимиз Мўйноқ туманига ташриф буюриб, ҳақиқий аҳвол билан танишди. Сўнгра икки йилга мўлжалланган Давлат дастури қабул қилинди. Унда 800 га яқин лойиҳани амалга ошириш режалаштирилди. Бу лойиҳалар сарф-харажатлари 1,5 миллиард АҚШ долларига тенг экан. 2018 йил 27 ноябрда яна бир тарихий воқеа бўлди. БМТ Президентимиз ташаббусини маъқуллади. Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик асосида траст фонди иш бошлади. Оролбўйида, хусусан, Мўйноқда катта-катта ишлар бошланди.

2018 йил январь ойида Вазирлар Маҳкамасининг Мўйноқни ривожлантиришга бағишланган қарори асосида қилинаётган ишлар рўйхати тузилса, бир-икки китобга сиғмайди. Айтмоқчи, эски консерва заводи ўрнида Германия билан ҳамкорликда туз заводи қурилиб, ишга туширилибди. Бошқа қатор кичик корхоналар барпо этилмоқда. Янги консерва заводи яқин орада ишга тушириларкан.

Аслида бу ишларни бажариш осон эмас, катта маблағ талаб қилади. Катта жасорат керак бўлади. Энг муҳими, бу ҳудудларда яшаётган одамларга катта меҳр-эътибор керак бўлади... Мўйноқ билан танишишни эртага давом эттирадиган бўлиб, Оролга шошилдик.

 

ОРОЛНИНГ КЎЗ ЁШЛАРИ

Бир вақтлар Орол денгизига қирғоқ бўлган баландликдан пастда — бағрини қумга бериб, мунғайиб, занг босиб, танаси илма-тешик бўлиб ётган кемаларгача — «кемалар қабристони»гача 100-120 метрча келади. Майда, майин қумни босиб, кемалар ёнига келганингда, Орол тарихи билан юзма-юз тургандек бўласан. Ўша кунлардан, денгизнинг ҳаёт кунларидан ёдгорлик бўлиб қолган балиқчилар кемаларига қараб туриб, хаёллар уммонига ғарқ бўласан...

Кемалардан бирининг тепасига чиқиб, атрофга қарасанг, Оролнинг қуриган тубида охирини кўз илғамас «қум денгизи»ни кўрасан, ўркач-ўркач денгиз тўлқинлари ўрнида қум барханлари, янтоққа ўхшаш ўсимликлар кўзга ташланади. Кема устида туриб, кўзингни юмиб, денгизни тассавур қилмоқчи бўлсанг, тўлқинларнинг шовуллаган овози эшитилади, чағалайлар овози эшитилади... Кема ҳам чайқалиб тургандек бўлади. Кўзингни очишинг билан бу ёқимли манзара лаҳзада йўқолади. Унинг ўрнида поёнсиз қумликларни, янтоқларни кўрасан, қўнглинг хира тортади, ғашланади...

Қирғоққа қарайсан, Оролнинг изларини ахтарасан... Шундай улкан денгиз қуриганига ишонгинг келмайди.

Орол бирданига қуримагани, бекорга қуримаганини ўйлайсан.

Орол билан боғлиқ гап кўп, дард кўп, савол кўп... Энг оғир савол эрта бир кун берилади, болалар, ёшлар беради бу саволни, ота-оналарга, муаллимларга, ёши улуғларга...

— Орол, деган денгиз бўлган экан, шу ростми? — сўрайди болалар.

— Рост, — деб жавоб беришади.

— Шу денгиз қуриб кетгани ростми? — дея яна сўрашади.

— Рост, деб жавоб беришади.

— Бу денгиз нега қуриган? — ҳайрон-ҳайрон бўлиб сўрайди болалар.

Бу саволга жавоб бериш қийин бўлади. Чунки Оролни кўрганлар, денгизда балиқчилик қилганлар кетган бўлади. Оролни нималар, кимлар қуритганини билганлар ҳам камайиб-камайиб кетган бўлади, қолмай қолади.

Эҳтимол, Оролга нима бўлганини бугунги ёшларга такрор ва такрор айтиш, уқтириш керакдир, токи улар ҳам ўзидан кейингиларга ҳақиқатни айтсин. Сабоқ олишсин. Хулоса қилишсин. Ўтган асрнинг 60-70 йилларида табиатга қилинган зуғумнинг оқибатини билишсин.

«Кемалар қабристони»дан қирғоққа кўтарилаётиб, бир гуруҳ хорижлик сайёҳларга дуч келдик. Улар япониялик, польшалик экан. Шунча узоқ юртлардан ёзнинг жазирамасида уларни бу ерга нима етаклаб келди экан, деган савол пайдо бўлди. Ўттиз ёшлар атрофидаги польшалик йигит ва қиз билан танишдик. Улар эр-хотин экан. Йигитдан нима мақсадда келганини сўрадик. Томас Степпин компюьтер технологиялари мутахассиси экан.

— Орол тарихидан озгина хабарим бор, — деди у. — Денгиз қуриганига ишониш қийин. Оролни ўз кўзим билан кўришни ўйлаб юрардим. Яқинда меҳнат таътилига чиқиб, Ўзбекистонга келдик.

— Оролни кўриб, кўнглингиздан нималар ўтди?

— Ачиндим. Бу фожиа кишини қаттиқ ўйлатади...

Унинг узоқ бир юртдан Оролни кўришга келиши, айтган гаплари бизни ўйга толдирди. У ўз ҳисобидан вақт сарфлаб, йўл юриб, бу ерларга келган... Ўзбекистонда яшаб Оролни кўрмаганлар қанча?..

Орол бағри кенг денгиз бўлган. Майдони 66458 кв.км эди, ўртача чуқурлиги 20-25 метр, энг чуқур жойи 67 метр бўлган. Кўкси одамларга ҳамиша очиқ бўлган, минглаб одамларнинг иш жойи, ризқи эди бу денгиз. Қанча-қанча замонлар одамларга яхшилик қилиб келди бу денгиз, борини одамлардан аямади, худди она фарзандларидан ҳеч нарсани аямаганидек. Орол денгизи балиқлари ХХ аср бошларида Россиянинг очарчиликка учраган ҳудудларига ҳам юборилган. Қанчалаб одамлар, болалар очарчиликдан сақлаб қолинган. Орол бўйидан неча тонна балиқ ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари юборилгани тўғрисида аниқ маълумотлар бор.

 Орол ҳудудидаги аҳоли бу денгизни ўз онасидек кўрарди, суярди. Оролим — онажоним, деб улуғларди, фахрланарди.

Кейин, кейин ... Орол гўё одамлардан хафа бўлди, одамлардан узоқлаша бошлади. Оролнинг кўнгли чўкканди, у қанча нола қилди, тўлғонди, чайқалди, бошини қайта-қайта қирғоқларга уриб, шовуллади, уввос солди... Одамлар эътибор беришмади, унинг «гаплари»ни тушунишмади, тинглашмади. Орол хафа бўлди, дили вайрон бўлди.

Аввалига бир неча метрга чекинди, ҳеч ким эътибор бермади, ташвишланмади. Сўнг қирғоқлардан узоқлашиш давом этди. Уни сақлаб қолиш учун чора кўрилмади. Ҳаддан ташқари шафқатсизлик, меҳр-оқибатсизликка Оролнинг кучи етмади, қуриб бораверди, бораверди, бораверди... Йиғлаб-йиғлаб кета бошлади, кўз ёшлари тўкилиб-тўкилиб, тугай борди... Кичрайиб-кичрайиб кетаверди... Бўлакларга бўлина бошлади. Денгиз йўқолаётганини сезган инсофли олимлар оёққа туришди. Унинг қолган қисмини бўлсада асраб қолиш бўйича таклифлар айтила бошланди. Лекин «Орол денгизи қуриётган эмиш», деган миш-мишлар пайдо бўлганда узоқ-яқиндаги аксарият амалдорлар буни сафсата, деб қабул қилишганди. Уларни Орол тақдири қизиқтирмасди. Ўзбекистон собиқ марказга пахта хомашёси етказиб берадиган асосий майдон бўлгани учун биздан пахта экиладиган ерларни кўпайтириш, йил ўтгани сайин пахта планини ошириб боришни талаб этаверишди. Шу боис Сурхон, Шеробод, Қарши, Мирзачўл каби чўлларнинг минг-минглаб гектар ҳудудлари ўзлаштирилиб, пахта экила бошланди. Қорақалпоғистоннинг ўзида ҳам Элликқалъа, Ёнбошқалъа чўллари тезкорлик билан ўзлаштирилди, Тўқайзорлар ёндирилиб, шудгор қилинди, пахта майдонига айлантирилди. Пахтадан кўра кўпроқ сув ичадиган шолизорлар кўпайди. Туркманистон ва Қозоғистонда ҳам бўз ерлар ўзлаштирилди. Сув етказиб бериш мумкин бўлган жой борки, ўзлаштирилди. Ўнлаб каналлар қазилиб, Сирдарё ва Амударё сувлари йўл-йўлакай тортиб олинди, бора-бора Орол бу икки азим дарё сувларидан бебаҳра бўлиб қолди. Атоқли адибимиз Одил Ёқубов бу икки дарёни онанинг Оролга жон бағишлаб турган икки кўксига ўхшатган эди. Орол тақдири учун қайғуриб, курашиб келаётган қорақалпоғистонлик ёзувчи, публицист Ўрозбой Абдураҳмонов Амударё ва Сирдарёни қорақалпоқ қизининг тақимини ўпган икки ўрим сочига ўхшатган эди.

Бугун Оролга онанинг икки кўксидан сут келмай қўйди, қорақалпоқ қизларининг узун кокиллари ҳам Ўрозбой оға айтганидек, кестирилди, сочлар қизлар тақимига етмай талпиниб қолди.

Қисқароқ қилиб айтганда, Сирдарё ва Амударё сувларидан шафқатсизларча, кўр-кўрона фойдаланиш оқибатида Орол денгизига бу икки дарё суви етиб бормай қўйди. Қон томирлари, жон томирлари, ҳаёт томирларидан айрилган денгиз буғланиб-буғланиб ҳавога кўтарилиб, қурий бошлади. Ҳалокат юз бергач, Орол ҳақида муҳокамалар, баҳс-мунозаралар бошланди.

СССР деган давлат парчалангач, Марказий Осиё давлатлари ўртасида минтақадаги экологик ва ижтимоий кескинликни пасайтириш, сув ресурсларидан тенг ҳуқуқли ва самарали фойдаланиш бўйича ҳужжат қабул қилинди. Фақат биргаликдагина сув хўжалиги муаммоларини ҳал этиш мумкинлиги тан олинди. 1993 йил март ойида Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари Орол денгизи ва Орол бўйи муаммоларини ҳал этиш бўйича келишув имзолашди. Оролни қутқариш халқаро фонди ташкил этилди. Кўп йиғилишлар, таклифлар бўлди. Ўзбекистон муаммони халқаро миқёсда ҳам кўтарди. Афсуски, Орол тақдири кўпчилик давлатлар раҳбарларини қизиқтирмади. Улар Оролга бировнинг муаммоси сифатида қарашди. Оролдаги экологик ҳаракат Ер шарининг катта ҳудудига, ҳатто Европа минтақасига ҳам салбий таъсири борлиги тўғрисидаги огоҳлантиришлардан хулоса чиқаришмади. Бунинг устига Марказий Осиё давлатлари келишувида белгиланган қатор режалар, талаблар бажарилмади. Орол ва Оролбўйи муаммолари долзарблигича қолаверди... Бугун Орол денгизи ўрнида Судочье, Жалтырбас, Рыбачье, Шече кўл, Междуречье, Портлытов, Бойхўжа, Қазақдарё, Кўксув сингари катта сув ҳавзалар қолди. Яна қанчалаб майда кўлчалар бор. Улар гўё Оролнинг кўз-ёшлари...

— Мўйноқда асосий ўзгаришлар Президентимиз БМТ 72 сессиясида Орол муаммосини, унинг сўнги харитасини кўрсатиб, дунё эътиборини Орол фожиасига қаратган кундан бошланди, десак тўғри бўлади, — дейди ЎзХДП Мўйноқ туман кенгаши раиси Кунсулув Насирова. — Президентимизнинг Мўйноқ туманини 2017-2018 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича қўшимча чора-табирлар ҳақидаги қарорига мувофиқ дастлабки тарихий ишлар амалга оширилди: тўқимачилик, фармацевтика, электротехника маҳсулотлари, томчилатиб суғориш ускуналари, пластмасса қувурлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Балиқчилик ва туризмни ривожлантириш имкониятларидан фойдаланишга киришилди.

Бугун амалга оширилаётган ишларни санаб охирига етиш қийин. Бунчалик катта ишлар бошланади, деб ўйламагандик. Биров айтганда, ишонмасдик. Бу ишлар ғоят муҳим аҳамиятга эга. Аввало, одамлар ишли бўлаяпти, рўзғорига барака кирмоқда, уларнинг ҳаётга муносабати ҳам ўзгармоқда...

Дарҳақиқат, Мўйноқ халқи шу кунгача бундай кенг қамровли, шижоатли бунёдкорлик ишларини кўрмаганди. 1931йилда ташкил этилган Мўйноқ тумани кейинги 30-40 йил орасида эътибордан четда қолиб келаётганди. Овулларку овул, аммо, туман маркази ҳам ғариблашиб қолганди. Аҳоли ҳаёт кечириши учун оддий шароитлардан ҳам маҳрум эди.

— Тўғриси, биз мўйноқданмиз, дейишга илгари тортинардик, меҳмон келадиган бўлса, уялардик дейди, — Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан Мўйноқда биринчи бўлиб тақдирланган Сапура Қаипазарова. — Ҳозир меҳмон келса, фахрланиб кўрсатадиган жойлар кўпаймоқда.

Президентимиз Мўйноққа келиб, аҳоли вакиллари билан ўтказган учрашувида мен ҳам қатнашиб, сўзга чиққандим. Бу воқеа бир умр ёдимда қолади. Президентимизнинг Мўйноқ келажаги, ёшлари учун яратиладиган шароитлар ҳақида айтганлари бизга куч бағишлади. Шу учрашувдан сўнг орадан ўн беш кун ўтгач, спортнинг ушу тури бўйича Осиё чемпиони бўлдим. Бу ғалабам Президентимизнинг биз мўйноқлик ёшларга кўрсатаётган ғамхўрлигига бир кичкина жавоб бўлди, деб ўйлайман.

Шу йил баҳорда Тошкентда Президентимиз қўлидан Зулфия мукофотини олаётганимда хурсандчилигимдан кўз ёшларимни тўхтата олмагандим. Президентимиз нишонни кўксимга тақиб қўйгач, биласизми, нима деди? «Мўйноқликларга салом айтинг, янада юксак марраларга етинг», деди. Бу сўзлар мукофот устига мукофот бўлди. Мўйноққа қанот чиқариб, учиб келгандек бўлдим, Юртбошимиз саломини етказдим. Ҳозир Қорақалпоқ давлат университетнинг 3-курс талабасиман. Ўқишни тугатгач, Мўйноққа бориб, ёшлар ўртасида спортни ривожлантиришга, чемпионлар чиқишига ёрдам бермоқчиман.

Қаранг, яқин-яқингача ёшлар Мўйноқдан кетиб қолишаётганди, энди улар Мўйноққа қайтишмоқчи. Аждодларидан қолган бу ҳудудни обод қилишмоқчи...

 

МЎЙНОҚ ИМКОНИЯТЛАР МАЙДОНИ

Узоқ йиллар давомида Мўйноқ туманига муаммолари қалашиб ётган ҳудуд сифатида қараб келинди. Гўё бу ерлар фақат сарф-харажат талаб этадию фойда бермайди. Бугун масалага ёндашув ўзгарди, Мўйноққа муаммолар макони, деб эмас, балки имкониятлар майдони сифатида қаралмоқда. Оролнинг қуриган ҳудудлари экологик фожиалари оқибатини юмшатиш, одамлар учун муносиб турмуш шароити яратиб бериш ишлари давом эттирилади, албатта. Аммо Мўйноқ туманининг бепоён ҳудудларида, ҳатто денгизнинг қуриган ҳудудларидан ҳам иқтисодиётни юксалтириш, халқ манфаатлари учун фойдаланишга киришилди. Нима ишларни амалга ошириш, қандай фойда кўриш мумкинлигини Президентимиз тушунтирди. Орол денгизи тубидаги қуриган ҳудудларда 500 минг туп кўчат экиш топшириғи берилди. Орол денгизининг қуриган майдонида саксовул уруғи, кўчати экиш, чорва учун озуқабоп экинлар экиш, артизан қудуқлари қазиш каби юмушларга 1 минг 560 киши, 462 техника ва 2 самолёт жалб этилди. Мўйноқликлар бундай ғайрат-шижоатли, журъатли, шиддатли ишларни кўрмаганди. Мўйноқ атрофида қамиш кўплиги ҳисобга олиниб, уни қайта ишлаб, бозорбоп қурилиш материаллари тайёрлаш корхонасини барпо этишга киришилди. Сув ҳавзаларида балиқчиликни ривожлантириш, балиқни қайта ишлаш орқали янги иш ўринлари яратиш зарурлиги айтилди. Чорвачилик, айниқса, эчкичиликни ривожлантириш, унинг жунидан турли маҳсулотлар тайёрлаш имкониятларидан самарали фойдаланиш вазифаси илгари сурилди.

Оролдан қайтаётиб, яна Мўйноқда тўхтадик. Бузилаётган, қурилаётган уй-жойлар, биноларни суратга олдик, одамлар билан суҳбатлашдик. Уларнинг ҳар бири ҳаяжон билан тўлиб-тошиб, фахр-ифтихор билан сўзлади.

Бу ерда амалга оширилаётган ишлар нафақат мўйноқликларни, узоқ-узоқдан келган меҳмонларни ҳам қувонтирмоқда. Қаранг, қувонмай бўладими, 245 ўринли маданият уйи, 1000 ўринли стадион ва 800 ўринли афмитеатр фойдаланишга топширилибди. Яна ўнлаб объектлар Ўзбекистон мустақиллигининг 28 йиллиги арафасида фойдаланишга топширилиши режалаштирилган. Айтишларича, 580 оила янги уйли бўлади, мўйноқликлар янги Мўйноққа эга бўлишади. Овулларда ҳам янги тиббиёт масканлари, мактабгача таълим муассасалари, йўллар қурилмоқда, ичимлик суви, газ қувурлари тортиб келинмоқда...

Одамлар елкасидан ташвиш, муаммолар тоғи ағдарилмоқда, кўнгилларга чўккан қоронғу пардалар сидириб ташланмоқда. Одамларга орзу ҳаваслар қайтмоқда, фахр-ифтихор қайтмоқда, шодлик қайтмоқда, улар юзларига табассум қайтмоқда. Кўнгилларида ишонч денгизи мавжланмоқда, шовулламоқда, қудратини кўрсатмоқда...

Эрта тонгда, салқинда Мўйноқдан Нукусга отландик. Қуёш эндигина қизариб кўтарилмоқда, майин, ёқимли шабада эсяпти. Тонг ёришгандан ёришиб бормоқда, Мўйноқда янги тонг отмоқда, орзу ниятларга, янгиликларга тўла тонг, гўзал бир тонг...

 

Сафар ОСТОНОВ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: