Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
25 26 27 28 29 30 1
2 3 4 5 6 7 8
9 10 11 12 13 14 15
16 17 18 19 20 21 22
23 24 25 26 27 28 29
30 31 1 2 3 4 5
16.07.2019

ЖАЗИРАМА ИССИҚ КУНЛАРДА

синоптиклар ҳароратнинг ҳақиқий кўрсаткичларини яширяптими?

Ёз мавсуми айни авжига чиққан шу кунларда об-ҳаво масаласи кундалик суҳбат мавзуларидан бирига айланган. Аҳоли ўртасида «Синоптиклар ҳароратнинг ҳақиқий кўрсаткичини яширишаяпти, аслида ҳарорат кундузи 47-50 даражага боряпти», деган гаплар ҳам юрибди. Баъзилар эса уйдаги ҳароратни ўлчаш асбоблари 60 даражани кўрсатаётганини айтмоқда.

Бу гап-сўзлар қанчалик тўғри?

– Айни вақтда аҳоли ҳароратни аниқлайдиган маиший термометрлардан кенг фойдаланмоқда, – дейди «Ўзгидромет»нинг бош синоптиги Ирина Зайцева. – Бу асбобларнинг қабул қилиш қисми қуёш нури ёки атрофдаги предметларнинг иссиқлик нурланишидан ҳимояланмаган. Бундай ҳолатда термометр ҳаво ҳароратини эмас, балки термометрнинг қабул қилувчи қисми қизиган даражасини ўлчайди.

Тўғри, қуёш нурлари остида (очиқ ҳавода) бўлган инсон ҳаво ҳароратини эмас, Қуёшдан келаётган, ер юзасидан кўтарилаётган ҳамда атрофдаги қизиган предметлар ўзидан чиқараётган энергия таъсирида иссиқлик босимини ҳис этади. Автомашинадагилар қуёш нурлари таъсирида қизиган машина корпусининг иссиқлик нурланишини ҳис қилади. Шунинг учун тик қуёш остидаги ҳарорат сояга қараганда анча юқоридек сезилади.

Метеорологик кузатувлар Жаҳон Метеорология Ташкилоти қоидаларига мувофиқ ягона услубда ва ягона стандарт шароитларда ўтказилади. Хусусан, ҳаво ҳарорати ер сатҳидан 2 метр баландликда ўрнатилган махсус шамоллатиладиган метеорологик будкада ўлчанади. Ўлчов асбоблари доимий равишда текширилади, уларнинг кўрсаткичлари эталон асбоб кўрсаткичлари билан солиштирилади.

Шунинг учун ҳаво ҳарорати тўғрисида аниқ маълумотларни билмоқчи бўлсангиз, Ўзгидромет прогнозларидан фойдаланишни ва уларга ишонишни таклиф қиламиз.

Шаҳар аҳолиси ёз жазирамасини енгилроқ ўтказиши учун қуюқ соя берадиган дарахтларни кўпроқ экиш, аҳолининг дам олиши учун яшил хиёбонлар ва сердарахт парклар барпо этиш, ариқларни чиқиндилардан тозалаб сув билан тўлдириш зарур. Буларнинг барчаси шаҳарда мақбул микроиқлим ва жазирама иссиқ кунларда қулай яшаш шароитларини яратади.

Яна шуни айтиш керакки, ҳозирга қадар жаҳонда энг юқори ҳаво ҳарорати АҚШнинг Калифорния штатидаги Ўлим водийси ва Ливия чўлида қайд этилган бўлиб, у 57-58 даража иссиқни ташкил этган.

Ўзбекистонда энг юқори ҳарорат эса Қизилқум чўлида ва Термиз шаҳри яқинида қайд этилган бўлиб, у 50 даража иссиқ бўлган.

Тошкент шаҳрида ёз мавсумининг энг юқори иссиқ даври 1997 йилнинг 18 июль куни бўлган. Бунда иссиқлик ҳарорати 44.6° даража иссиққа тенг бўлган.

— Аслида июль ойи ёзнинг ўртаси, шу боисдан ҳам одатда энг юқори ҳароратлар июль ойига тўғри келади, — дейди Ирина Зайцева. — Халқ орасида чилла деб, аталадиган энг иссиқ ҳароратли 40 кунлик даврнинг катта қисми шу ойга тўғри келади. Бу даврда Ўрта Осиё ҳудуди, шу жумладан Ўзбекистон паст босимли атмосфера оқимлари таъсирида бўлади. Қизиган чўллар устида юқори ҳароратли ва таркибида нам жуда кам бўлган континентал тропик ҳаво оқимлари шаклланади. Бу ёзнинг ўртасида ҳавонинг кам булутли, қуруқ ва жазирама иссиқ бўлишини белгилайди.

Бу йилги июль ойи ҳам бундан мустасно бўлмаяпти. Ўтган ҳафтада ҳам кундуз кунлари Ўзбекистон ҳудудида одатдагидек 40-42 даража атрофидаги иссиқ ҳаво ҳарорати кузатилди. Жануб ва чўл ҳудудида 43-45 даражани ташкил этди.

Яқин ҳафта ичида бутун республикамиз ҳудудида ана шундай иссиқ об-ҳаво сақланиб туради. Ҳароарт кечаси 27-29, кундузи 40-42 даража, мамлакатимиз жануби ва чўл зоналарида кечаси 30-32 даража, кундузи 43-45 даража иссиқ бўлиши кутилмоқда. Бу ёз ўртаси учун ўртача кўп йиллик кўрсаткичлардан 5-7 даражага юқори бўлганини кўрсатмоқда. Ўзбекистондаги бундай иссиқ ҳавони атмосферадаги жанубий-ғарбий оқимлар келтириб чиқармоқда, иссиқ ҳаво ҳарорати республикамиз ҳудудига асосан Эрон ҳудудларидан кириб келмоқда

Бугунги кунда об-ҳавонинг бундай юқори кўтарилиши иқлим ўзгариши билан боғлиқ ҳодиса ҳисобланади. Таъсири бутун дунёда сезилаётган иқлим ўзгариши (исиши)нинг асосий сабаби атмосферада иссиқхона газлари миқдорининг ортишидир. БМТ Жаҳон метеорология ташкилоти маълумотларига кўра, бугунги кунгача глобал йиллик ўртача ҳаво ҳарорати 1880 йилдаги даражадан 1°C га ортган. Ўзбекистоннинг ҳудудида шу давр учун ўртача йиллик ҳаво ҳарорати 1,6°С га, яъни 13,2 дан 14,8 °С га кўтарилди. Бу исиш жадаллиги глобал кўламда кузатилаётган ўртача иссиқликдан юқори. Ўзбекистон иқлим ўзгариши таъсирига кўпроқ мойил бўлган мамлакатлар қаторига киради.

Инсонларнинг ҳаёти ва соғлиғига ёзги иссиқлик бевосита хавф туғдирмайди. Бироқ иссиқликнинг салбий таъсиридан, айниқса, энг иссиқ кунларда ўзингизни ҳимоя қилишингиз керак.

Авваламбор, куннинг айни исиган вақти қуёш тагида юрмаслик лозим. Агар шундай зарурат бўлса, бош кийим кийиш, тананинг очиқ жойларини соябонда ҳимоя қилишга ҳаракат қилинг. Етарлича чанқоқбосди ичимликлар истеъмол қилинг, лекин улар жуда муздек ҳам бўлмасин, энг яхшиси кўк чой ичган мақул.

Намга бой мева ва сабзавотлар истеъмол қилинг. Ўткир ва жуда ёғли овқат еманг. Музлатиш ускуналари билан жиҳозланманган дўкон ва расталардан тез бузиладиган маҳсулотлар харид қилманг.

Агар кондиционерли хонада ўтирсангиз уни 18 даражадан пастга қўйманг.

Яна шуни маълумот ўрнида айтишим мумкинки, 15-18 июль кунлари республика бўйича ҳаво ҳарорати юқорилиги сақланиб туради.

Ҳаво кундуз кунлари 40-42 даражагача, жанубда ва чўл ҳудудларда 43-45 даражагача бўлади. Бухоро, Навоий, Қашқадарё, Сурхондарё вилоятларида гармсел бўлиши мумкин.

15-18 июль кунлари республиканинг тоғ олди ва тоғли ҳудудларида ҳаво ҳарорати кўтарилиши ҳисобига Тожикистон ва Қирғизистон ҳудудларидан гляциал (музли) сел тошқинлари ўтиши мумкин.

15-18 июль кунлари Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида ҳаво бироз булутли бўлади, баъзи жойларда ўзгариб туради, ёғингарчилик кутилмайди. Шамол шарқдан 7-12 м/с тезликда эсади. Ҳарорат кечаси 22-27даража, кундузи 39-44 даража иссиқ бўлади.

Бухоро ва Навоий вилоятларида ҳам ҳаво бироз булутли бўлади, баъзи жойларда ўзгариб туради, ёғингарчилик кутилмайди. Шамол шарқдан 7-12 м/с тезликда эсади. Ҳарорат кечаси 24-29 даража, баъзи жойларда 30-32 даражагача, кундузи 40-45 даража иссиқ бўлади.

Тошкент, Самарқанд, Жиззах ва Сирдарё вилоятларида ҳаво бироз булутли бўлади, баъзи жойларда ўзгариб туради, ёғингарчилик кутилмайди. Шамол шарқдан 7-12 м/с тезликда эсади. Ҳарорат кечаси 24-29 даража, кундузи 37-42 даража иссиқ бўлади.

Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида ҳаво бироз булутли бўлади, ёғингарчилик кутилмайди. Шамол шарқдан 7-12 м/с тезликда эсади. Ҳарорат кечаси 24-29 даража, баъзи жойларда 30-32 даражагача, кундузи 40-45 даража иссиқ бўлади.

Андижон, Наманган, Фарғона вилоятларида ҳаво бироз булутли бўлади, баъзи жойларда ўзгариб туради, ёғингарчилик кутилмайди. Шамол шарқдан 5-10 м/с тезликда эсади. Ҳарорат кечаси 22-27 даража, кундузи 37-42 даража иссиқ бўлади.

 

Тоштемир ХУДОЙҚУЛОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: