Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
25 26 27 28 29 30 1
2 3 4 5 6 7 8
9 10 11 12 13 14 15
16 17 18 19 20 21 22
23 24 25 26 27 28 29
30 31 1 2 3 4 5
16.07.2019

МАРҲАМАТ ОБОД БЎЛМОҚДА

Андижон вилоятининг Марҳамат туманида «Обод қишлоқ» ҳамда «Обод туман маркази» дастурлари доирасида кенг кўламли қурилиш, бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда.

Бугун Марҳаматда бўлаётган ўзгаришлар ҳар қандай кишининг ҳавасини келтиради. Айтиш жоизки, кейинги бир неча ой ичида туманнинг, айниқса, туман марказининг кўриниши бутунлай ўзгариб кетди. Кўплаб янги савдо, хизмат кўрсатиш шохобчалари, турар жой бинолари, кенг ва равон йўллар, хиёбонлар бунёд этилиб, туман қиёфасига ўзгача кўрк бағишламоқда.

«Обод қишлоқ» дастури доирасида жорий йилда туманда кенг кўламли қурилиш, бунёдкорлик ишлари олиб борилмоқда. Қовунчи, Қорақўрғон, Бозорбоши маҳаллаларида 25 миллиард, шунингдек, «Обод туман маркази» дастури асосида Наврўз, Мингтепа, Ўзбекистон, Турон, Гулистон, Дукчи Эшон маҳаллаларида 772 миллиард сўмдан зиёд ҳажмдаги қурилиш, ободонлаштириш ишлари амалга оширилиши режалаштирилган.

Белгиланган ишларни бажаришда нафақат марҳаматликлар, балки вилоятдаги кўп корхона ва ташкилотлар вакиллари, қўшни туманлардан ҳашарга келган қурувчилар, йўлсозлар жонбозлик кўрсатиб меҳнат қилмоқда.

Асака — Марҳамат магистраль йўлининг туман ҳудудига кирувчи 15 километр масофасида йўлсозлар куннинг жазирамасига қарамасдан астойдил иш олиб бормоқда.

— Корхонамиз мутахассислари томонидан магистраль йўлнинг 1 километр масофаси кенгайтирилиб, шағал ётқизилиб, асфальт билан қопланмоқда, — дейди Шаҳрихон автомобиль йўлларидан фойдаланиш унитар корхонаси раҳбари Мирзоҳид Нурматов. — Йўлнинг четларига лотоклар ётқизилиб, пиёдалар учун йўлакчалар ҳам қурилмоқда. Бу ишлар нафақат автомобиль ҳайдовчилари, балки пиёдалар учун ҳам катта қулайликлар яратади.

Умуман, юқоридаги дастурлар доирасида туман ҳудудидаги қарийб 60,3 километр узунликдаги йўлларда қурилиш, таъмирлаш, асфальтлаш ишлари бажарилиши режалаштирилган бўлиб, айни кунга қадар 24,6 километр йўлга шағал ётқизилди, 16,2 километри асфальтланди. Йўл четларига 840 дона бетон лоток ўрнатилди.

Бундан ташқари, дастурлар асосида ҳамда маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобига 92 километр масофага янги сув тармоғи тортилиши, 7 та сув қудуғини таъмирлаш ишлари белгиланган бўлса, шу кунга қадар 69 километрга янги сув тармоғи тортилиб, 3 та ичимлик суви қудуғи таъмирланди. Шунингдек, 10,8 километр оқова сув тармоғи тортиш, янги оқова сув тозалаш иншоотини барпо этиш бўйича ишлар олиб борилмоқда, Каркидон сув тозалаш иншооти реконструкция қилинмоқда.

— Кўчамизда асосан ёш оилалар яшайди, — дейди Наврўз маҳалласи, Алпомиш кўчасида яшовчи Раҳима Аҳмадалиева. — Ичимлик суви масаласи бизни анча қийнарди, бир неча наридаги кўчадан ташиб олиб келинарди. Айниқса, мен каби ёш болали аёллар қийналарди. Мана, қисқа вақт ичида кўчамизга ичимлик суви келтирилди. Бундан беҳад мамнунмиз.

Жорий йилда 13,7 километр масофага янги газ тармоғи тортиш, 1,2 километрда демонтаж ишлари, 7 та газ тақсимлаш пунктини таъмирлаш режалаштирилган. Айни кунга қадар қарийб 20 километр масофадаги тармоқ янгиланди, демонтаж ишлари бажарилди, 10 та газ тақсимлаш пункти таъмирланди. Табиий газ етиб бормаган кўчалар аҳолисини суюлтирилган газ билан таъминлаш мақсадида шу йилнинг ўтган даврида 252 та хонадонга газ баллонлари етказиб берилди. Бу борадаги ишлар яна давом эттирилмоқда.

Кейинги икки йил ичида амалга оширилган ишлар натижасида туманда электр энергияси таъминоти тубдан яхшиланди. Электр таъминотидаги узилишларга барҳам берилди.

Жорий йилда биргина «Обод туман маркази» дастури асосида 492 та симёғочни бетонли устунларга алмаштириш, 12,5 километр масофадаги электр линияларини қопламали кабелларга алмаштириш ишлари бажарилиб, 4 та янги трансформатор ўрнатилди.

— Кўчамиз қишда лой, ёзда чанг, тупроқ бўларди, — дейди Қовунчи маҳалласи «Олтин мерос» кўчасида яшовчи уй бекаси Шоирахон Мамаева. — Кўчамиз шағалланди, ичимлик суви келтирилди. Айниқса, кўчамиздаги шамол бўлса, эгилиб турадиган симёғочлар бетонлисига алмаштирилиб, кабелли симлар тортилганидан хурсандмиз.

Дастурлар амалга оширилаётган қайси маҳалла, кўчага бормайлик, бўлаётган ишлардан одамларнинг мамнунлигини кўрдик. Обод жойга меҳмонлар кўп келади. Ҳудудга сайёҳлар оқимининг ортиши эса иқтисодиётнинг ривожига таъсирини кўрсатиши табиий.

Бобохуросон маҳалласида яшовчи ўзбек цирки, дорбозлик санъатининг усталаридан бири Юнусали ота Ғозиевнинг хонадонида бўлдик. Отахон нафақага чиққач, эл хизматидан ортиб, нафақат хонадонини, балки уйи ёнидан оқиб ўтувчи зах сув оқадиган ариқ бўйларини жаннатмонанд боғга, дам олиш масканига айлантирди. Бу ердаги мевали, манзарали дарахтлар, гуллар ҳар қандай кишининг ҳавасини келтиради. Дам олувчилар учун эса барча шароит яратилган. Жумладан, тиббиёт хонасида керак бўладиган дори-дармонлар бор, волейбол ҳамда машғулотлар майдонлари эса болажонлар билан гавжум.

Ушбу масканда аҳолига янада кенгроқ қулайлик яратиш, ички туризмни ривожлантиришга кўмаклашиш мақсадида Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг Андижон вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан умумий қиймати 30 миллион сўм бўлган санитария-гигиена маскани қуриб берилди.

Хонадон ўртасига эса дор тикилган. Отахон раҳбарлигидаги «Андижон самоси» оилавий дорбозлар гуруҳи ўз томошалари билан дам олувчиларни хушнуд этади.

Кетиш чоғида ушбу дам олиш маскани фахрий меҳмонлари ўзларининг дил сўзларини ёзиб қолдирган каттагина дафтарга кўз югуртирдик. Қанча-қанча нуфузли меҳмонлар, санъаткорлар, Қирғизистон, Тожикистон, Россия, Корея, Япония, Хитой, Польша сингари хорижлик сайёҳларнинг дил сўзларини кўрдик.

Бир неча кун аввал вилоят ҳокими Ш.Абдураҳмонов туризмни ривожлантиришга қўшаётган ҳиссаси, умрининг салмоқли қисмини мана шундай хайрли ишларга бағишлагани учун Юнусали ота Ғозиевга «Spark» автомашинаси совға қилгани отанинг кўп йиллик эзгу ишларига берилган муносиб баҳо бўлди.

Марҳамат туманида туризмни ривожлантириш борасида ҳам эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда. Маълумки, туманда «Мингтепа» археологик ёдгорлиги жойлашган.

— Халқимизнинг кўҳна тарихини акс эттирувчи «Мингтепа» ёдгорлиги нафақат юртимиз, балки хорижлик сайёҳларда ҳам катта қизиқиш уйғотмоқда, — дейди «Мингтепа — маданий мерос» жамоат фонди раҳбари Ортиқали Ҳусанов. — Мингтепа харобалари халқимизнинг қадим тарихи ҳақида кўплаб маълумотларни беради.

Хитойлик ва ўзбекистонлик олимлар томонидан олиб борилган қазишмалар чоғида топилган ноёб осори атиқалар қимматли илмий-тарихий аҳамиятга эга. Ана шуни ҳисобга олиб, туристларни жалб этиш мақсадида очиқ осмон остидаги «Мингтепа» музейини ташкил этиш бўйича ҳам ишлар олиб борилмоқда.

Юртимиз ободлиги, халқимиз турмуш фаровонлигини ошириш борасида олиб борилаётган ишлардан туман аҳли беҳад хурсанд. Бу ерда ким билан суҳбатлашмайлик, уларнинг қалбида озод ва обод юртга бўлган меҳр, унинг юксалиб, янада тараққий этиб бораётганидан фахр-ифтихор туйғулари жўш ураётганлигига гувоҳ бўлдик.

 

Фахриддин УБАЙДУЛЛАЕВ,

ЎзА мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: