Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
25 26 27 28 29 30 1
2 3 4 5 6 7 8
9 10 11 12 13 14 15
16 17 18 19 20 21 22
23 24 25 26 27 28 29
30 31 1 2 3 4 5
16.07.2019

КИМ АСЛИДА КИМ?

Давлат билан халқ бир-бирини қандай тушунади?

Мамлакатда ҳар куни муҳим воқеалар рўй беряпти, қизиқарли янгиликлар қулоққа чалиняпти, ўйга толдирадиган саволу фикрлар ҳам тарқаляпти. Айниқса, кейинги кунлардаги хабарлару мунозаралар ҳайрон қоларли, ҳатто айрим соддадилроқ ҳамюртларимиз учун ҳайратланарли бўлиб чиқяпти.

Сурхондарё вилояти Қумқўрғон туманида яшаб, 90 ёшга дадил яқинлашаётган Рамазон бобомизни меҳнат таътили вақтида кўргали бордик. Бобомизнинг ўзгача одати бор, ҳар доим кўришганимизда кундалик борди-келдилар ҳақида эмас, мамлакатда, кенг дунёда нима янгиликлар, қандай ўзгаришлар бўлаётганини сўрайди. Жаҳондаги вазиятдан, пошшо(подшоҳ)лардан гапир, дейди. Тўғриси, бир хил саволларга жавоб беришга қийналади одам. Бу галги гурунгда ҳам қийин вазиятга тушиб қолдим. Айтсам, ишонмассиз, лекин бўлгани шу – бобомимиз бизнинг ердан газ қазиб олаётган «Лукойл»дан қандай қилиб яна ўзимиз қарз бўлиб қолганимиз ҳақида сўради...

Сенатимизнинг охирги ялпи мажлисида давлат раҳбари айтган сўзлар эсга келди: «Лукойл» компанияси Ўзбекистонда газ қазиб олмоқда. Биз улардан минг кубини 146 доллардан харид қилиб, аҳолига 46 доллардан сотяпмиз. Орадаги фарқ эвазига компаниядан қарз бўляпмиз. Ҳар минг кубометрдаги 100 долларлик фарқ 600 миллион долларлик қарзни пайдо қилган. Бу рақам кун сайин ортиб боряпти. Балки бу компания билан ишлаётганимиз нотўғридир. Нима учун шартнома тузилганда миллий манфаатлар инобатга олинмаган?..

Бобомга янада батафсилроқ маълумот бермоқчи бўлдим. Бу қарздорлик ҳақида дастлаб бош идораси Англияда жойлашган Reuters агентлиги шу йил март ойида хабар бергани, кейин апрель ойи бошида «Ўзтрансгаз» компанияси раисининг молия бўйича ўринбосари вазифасини бажарувчи лавозимидан озод этилгани, июнь ойи охирида «Ўзбекнефтгаз» бошлиғи «Лукойл» билан ҳамкорликдаги лойиҳадан давлат уч ярим миллиард доллар даромад олгани, шу боис битим миллий манфаатларга мос келмайди дейиш тўғри бўлмаслиги ҳақида изоҳ бергани эсга тушди. Шунча тафсилотлар орасида Сурғил нефть-газ лойиҳаси доирасидаги Устюрт газ-кимё мажмуаси учун бир амалдор 80 миллион доллар пора олгани ҳақидаги хабар ҳам бор ҳали...

Расмий ахборотлар асосида имкон қадар тушунтириш беришга уриндим. Лекин бобомиз кўпни кўрган, кўзи пишиб кетган, ишонқирамай қарагандай бўлди.

Орадан кўп ўтмай, 10 июль куни Президентнинг соҳага доир қарори чиқди. Унда қуйидаги маълумотлар бор: сўнгги 20 йилда табиий газ қазиб олиш ҳажми 8 фоизга ошгани ҳолда мамлакат корхоналари томонидан уни қазиб олиш ҳажми 29 фоизга пасайди, 2017-2018 йилларда молиявий маблағларнинг етишмаслиги ва моддий-техник ресурсларнинг тақчиллиги натижасида табиий газ қазиб олишнинг ўсиши прогноз кўрсаткичларига нисбатан 42 фоизни ташкил этган, холос...

Республика ишчи комиссиясига бир ой муддатда «Ўзбекнефтгаз» АЖга «Ўзбурғунефтгаз» АЖ, «Ўзнефтгазқазибчиқариш» АЖ, «Ўзнефтмаҳсулот» АЖ, «Ўзнефтгазмаш» АЖларни қўшиш; «Ўзтрансгаз» АЖни «Ўзбекнефтгаз» АЖ таркибидан чиқариш каби вазифалар юклатилган.

Шунингдек, «Ўзнефтмаҳсулот» АЖ тасарруфидаги фермер хўжаликларига хизмат кўрсатувчи 1381 та автомобилга ёқилғи қуйиш шохобчасини тадбиркорлик субъектларига аукцион савдолари орқали сотиш, «Ўзбекнефтгаз» АЖ таркибига кирувчи ташкилотларнинг бозорлар, савдо ва чорвачилик комплекслари устав капиталидаги улушларини (иловага кўра) маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига бериш ва бошқа таклифлар маъқулланган.

Хуллас, бу улкан қарор. Бу ерда миллион ёки миллиардлар эмас, эҳтимол бир неча триллионлар ҳақида гап кетяпти. Вазифалар белгиланди, лекин шаффофликни таъминлаши керак бўлган ишларнинг ўзи шаффоф амалга ошириладими? Фикрловчи кишилар шу саволни беради ва унга жавоб кутади.

Умуман, давлат амалга ошираётган ўзгаришларни халқ қандай тушунади? Бу катта савол. Биргина 1300 дан ортиқ ёқилғи қуйиш шохобчасининг сотилиш жараёни қай даражада шаффоф бўлади? Одамлар бу саволларни баланд овозда бермаслиги мумкин, аммо ичида уларга жавоб кутиши аниқ.

Ўтган ҳафта охирида мавзуга оид яна бир хабар чиқди. «Ўзбекнефтгаз» бошқаруви раиси 2001 йилда қабул қилинган «Маҳсулот тақсимотига оид битимлар тўғрисида»ги қонун қайта кўриб чиқилишини маълум қилибди. 600 миллион долларлик қарздорлик танқид қилинганидан кейин шу фикрга келинган кўринади.

Юқоридаги хабар ва янгиликларнинг ҳаммаси бир-бирига шунчалик чамбарчас боғланганки, орасидан ингичка ипни ҳам ўтказиш қийин.

Бошқа бир хабар. Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ўтказилган брифингда «Иссиқлик электр станциялари» АЖ бошқаруви раиси ҳозирги пайтда Ангрен ва Янги Ангрен ИЭСни Қозоғистон компаниясига уч йилга ишончли бошқарувга топшириш бўйича келишув тафсилотлари ишлаб чиқилаётганини маълум қилибди. Табиий газдан фойдаланишни максимал қисқартириш ва кўмир ёқиш улушини кўпайтириш назарда тутиларкан. Етказиб бериш ишлари Ангрен кўмир кони тўлиқ ишга туширилгунга қадар амалга ошириларкан. Ният яхшига ўхшаяпти. Аммо бу масалада ҳам тафсилотлар аниқ бўлмагани учун турли фикрлар билдириляпти.

Навбатдаги хабар. Ўтган йили катта шов-шув билан «Ўзбекистон почтаси» АЖ бош директорлигига тайинланган хорижлик мутахассис июнь ойи охирида ишдан бўшатилди. Ўзбекистон почтасини гуллатиб юбораман дегандек катта ваъда берган мутахассис ўз ортида 27,8 миллиард сўмлик қарз қолдириб кетгани айтилмоқда. Маълумотларга кўра, хорижлик мутахассис келишидан олдин «Ўзбекистон почтаси» 2016 ва 2017 йилларни даромад билан якунлаган экан...

Давлат бошқаруви бўйича таниқли эксперт Азиза Умарова «Ўзбекистон ҳаво йўллари» авиакомпанияси мисолида давлат ташкилотлари монополиясининг халққа зарари ҳақида фикр билдирди. «... Бизда ҳаммаси бошқача. Оддий фуқароларда таътилда чет элга чиқиш имкони йўқ, сабаби авиаташувчи монополист, Ўзбекистонга рақобат киришига йўл бермаяпти. ...Мен Андижон, Бухоро, Нукус, Қўқондан болаларни Туркиядаги оддий 3 юлдузли меҳмонхонага олиб бориш бизнинг одамлар учун эришиб бўлмас орзулигича қолаётганидан афсусдаман... Аҳолининг 95 фоизи ҳаёти давомида денгизни кўрмай ўтади. Шунчаки, кимдир ўз чўнтаги учун ишлашдан тўхтай олмаслиги ва соғлом рақобат муҳитига эга, тўғри авиация бозорини қура олмаётгани учун... Ёдда тутинг, давлат монополияси ҳар доим ёмон, ҳамёнимизга қўл суқади ва бизни камбағалроқ қилади»...

Ўз навбатида миллий авиакомпания шу ва шунга ўхшаш фикрларга расмий муносабат билдирди. Унга кўра, миллий авиакомпания бошқа муқобил авиакомпаниялар ташкил этилиши ёки хорижий давлатлар авиакомпаниялари мамлакатимиз осмонида учишига, арзонроқ нархларда халқимизга хизмат кўрсатишига қаршилик қилмаслигини, соҳада рақобат муҳитини яратиш уларнинг ваколатига кирмаслигини, учиш нархларини арзонлаштириш, чипта харидларини қулайлаштириш бўйича маълум ишлар амалга оширилаётганини қайд этди.

Аччиқ факт шуки, халқимиз узоқ йиллардан бери монопол ташкилотлар – «Ўзбекистон ҳаво йўллари», «UzAuto Motors» (аввалги номи GM Uzbekistan), «Ўзбекистон темир йўллари» ўрнатган юқори нархлардан жабр кўриб, айрим фикрларга кўра, самарасиз ишлайдиган ташкилотларни боқиб келмоқда. Улар жуда улкан ва фаолиятни ушлаб туриш учун маҳсулотлари ва хизматларига юқорироқ нарх қўйишга мажбур бўлаётгандек. Нархлар пасайтирилса, тамом, гўё уларнинг иқтисодий ғилдираги айланмай қоладигандай тасаввур уйғоняпти. Аммо бировнинг фаровонлиги бошқаларга оғирлик ташлаш эвазига келадиган бўлса, умумий ўсишимиз имконсиз эмасми?..

Мамлакатимиз ялпи ички маҳсулотини аҳоли жон бошига ҳисоблаб, дунё давлатлари билан солиштирилганда, чуқур ўйга толиб қоламиз. Бу борада шундай давлатлардан орқадамизки, уларни номма-ном келтиришга одам уялади. Бироқ, халқимиз ўзи далада етиштирмайдиган, қўли билан ясамайдиган деярли ҳамма нарсага баланд нарх тўлашга мажбур бўлиб келяпти. Сифатлироқ кийим-кечак, маиший техникалар, автомобиллар ва ҳоказо. Қарийб 30 йилдирки, бу ҳолатдан ўтиб кетолмаяпмиз, аксинча, турли уюшма ва ассоциациялар таклифлари (бож тўловларини ошириш) билан у яна анча чўзиладигандек, мунтазамликка айланиб қоладигандек таассурот уйғоняпти.

Бугун бу масалалар ҳақида кенгроқ фикрловчилар салмоғи ортаётганиги кишига таскин беради. Жамоатчилик фикри ҳосил бўлаяпти, ҳали у кучайиши, ундан кейин яна кучайиб давлат идораларига демократик босим ўтказадиган даражага етиши керак. Бунинг учун, албатта, савол берувчилар жуда кўпайиши, давлат одамларни, одамлар давлатни чуқур тушуниши лозим бўлади. Афсуски, ҳозирча аксарият монопол ташкилотлар кўпроқ ўзини ҳимоялаш, амалдаги раҳбарияти фаолиятини оқлаш пайида бўлаётгани, шу илинжда муносабат билдираётгани, муаммоларнинг сабабларини аввалги йиллардаги хатоларга тақашга мойиллик сезилаётгани кишини ҳайрон қолдиради. «Ўзи аввалдан ёмон эди, биз ҳалиям озроқ яхшиладик», мазмунидаги бир хил «ашула» жамоатчиликни тез зериктиради, зада қилишиям мумкин...

Кенг жамоатчиликка анча таниш бўлиб қолган иқтисодчи Юлий Юсупов яқинда шундай шахсий мулоҳаза билдирибди: «Бизга саноат сиёсати керакми? Ҳа, керак. Лекин у ... рақобатни чеклаш учун божхона тўловларини ошириш, импорт олдига тарифга хос бўлмаган тўсиқлар қўйиш, соҳалар, ҳаттоки айрим корхоналар ёки корхоналар гуруҳига имтиёзлар тақдим этилиши каби сиёсатдан тубдан фарқ қилиши керак. Буларнинг барчаси селекцион саноат сиёсати, яъни мансабдорлар томонидан «ғолибларни танлаш» сиёсати, деб аталади. Бозор ёки рақобат эмас, айнан мансабдорлар бундай ёндашувда қайси соҳа ривожланиши-ю қайси корхона бозорда қолишини ҳал қилади. Айнан мана шу сиёсат иқтисодиётимизни боши берк кўчага бошлаб келган»...

Ўзбекистон кенг ва ранг-баранг мамлакат, давлат билан киндиги бир иқтисодиётни тушуниш анча мураккаб, пул, манфаатдорлик, фойда қай туйнукдан қай бир дарчалар орқали қаерга кетаётганини аниқ кўриш осон эмас, илдизлар чуқур кетган, минг, эҳтимол миллионта томиридан қон оқадиган улкан организмни эслатади. Соҳаларнинг сир-асрорларини, баъзи ҳолларда қандай қоидалар асосида ўйналаётганини яхши билишга, англашга бурчли бўлсак, қайси ташкилот ёки унинг раҳбарияти нима ҳақида гапириб, амалда нималар билан машғул бўлаётгани, ким аслида кимлиги равшанроқ кўрина бошлайди. Бундан ҳамма ютади.

Мурожаатларни ҳал этишга қаратилган мулоқот ва сайёр қабуллар ўз натижасини бермоқда: қанча она-болалар уйли-ватанли бўлди, яна қанча ҳамюртларимиз дарду ғамидан қутилиб, енгиллашди. Миннатдорлик, дуолар осмон қадар... Вақти етиб, мулоқот янги босқичга кўтарилаяпти, энди халқ давлату раҳбарларни тушунишга интилмоқда. Бу мулоқотда анча жиддий саволлар бериладиганга ўхшайди.

 

Тўлқин ТЎРАХОНОВ


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: