Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Sentabr 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 31 1
2 3 4 5 6 7 8
9 10 11 12 13 14 15
16 17 18 19 20 21 22
23 24 25 26 27 28 29
30 1 2 3 4 5 6
16.07.2019

АЁЛЛАРНИ ЎЙЛАНТИРГАН МАСАЛАЛАР

ҳал этилишига қандай ҳисса қўшяпмиз?

Шу йилнинг март ойида давлатимиз раҳбари Бухоро вилоятида бўлиб, ташриф доирасида хотин-қизлар масалаларига алоҳида тўхталиб ўтган эди. «Жорий йил охиригача аёлларнинг ижтимоий муаммоларини ҳал қилиш, иш билан таъминлаш, жиноятчилик содир этмаслиги учун зарур чораларни кўриб, Бухоро вилоятини хотин-қизлар билан боғлиқ барча масалалар бўйича энг намунали ҳудудга айлантиришимиз керак», дея таъкидланган эди.

Шундан келиб чиқиб, аёлларни ўйлантириб келаётган ижтимоий масалаларни ечиш, ҳудудда уларни ишга жойлаштириш, саломатлигини мустаҳкамлашга катта эътибор қаратиляпти. Бу ишга сиёсий партиялар ҳам камарбаста бўлиб, бир қатор амалий ишлар олиб бормоқда.

Бухоро вилояти Қоровулбозор тумани «Нефтчилар» маданият саройида Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши ташаббуси билан «Аёллар ижтимоий ҳимояси — ижтимоий фаоллик пойдевори» мавзусида форум ўтказилди. Унда Ўзбекистон ХДП вилоят кенгаши, партиянинг туман, шаҳар кенгашлари масъуллари, туман хотин-қизлар қўмитаси раиси, депутат аёллар, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган, ногиронлиги бўлган, иш билан таъминланмаган, эҳтиёжманд хотин-қизлар ҳамда ҳамкор ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

Форум қуруқ маърузалардан иборат бўлмади. Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари, партия ва маҳалла фуқаролар йиғинлари фаоллари, мутасадди ташкилотлар вакиллари иштирокида хотин-қизларни ўйлантираётган масалалар ўрганилиб, уларни бартараф этиш юзасидан амалий ишлар олиб борилди.

Тадбир эрталаб соат 7:00 да хотин-қизлар ўртасидаги веломарафон билан бошланди. Унга 50 нафардан ортиқ хотин-қиз ва ёшлар жалб қилинди. Биринчи ўринни Амир Темур кўчасида яшовчи Нилуфар Сатторова, иккинчи ўринни «Маданият» кўчасидан Шакарой Музаффарова, учинчи ўринни эса Ибн Сино кўчасида истиқомат қилувчи Севинч Мустафоева эгаллади. Уларга партия ва ҳамкор ташкилотларнинг совғалари ва фахрий ёрлиқлар топширилди.

– Ўзбекистон Халқ демократик партиясига аъзо бўлганимга икки йилдан ошди, – дейди Шакарой Музаффарова. – Партиямиз томонидан бизнинг ҳудудда бундай катта тадбир ўтказилаётганидан мамнунман. Чекка ҳудудларда яшовчи аёлларга эътибор қаратилиб, уларни ўйлантираётган муаммолар ҳал этилаётгани қувонарли. Бугунги форумни кузатиб, ЎзХДПни танлаб, адашмаганимга амин бўлдим. Очиғини айтганда, кутмагандим. Барчага раҳмат.

Лойиҳа дастуридан бир қатор амалий тадбирлар ўрин олган эди. Хусусан, чекка ҳудудларда истиқомат қиладиган кўп болали, эҳтиёжманд оилалардаги хотин-қизлар, оналар ва болалар учун бепул тиббий кўрик ташкил этилди. Вилоят, туман марказларидан шифокорлар, тиббий техника воситалари, кўчма амбуланс хизматлари жалб қилинди. Шу куни 580 нафар аёл тиббий кўрикдан ўтказилди, уларда 109 та касаллик аниқланди. 8 нафар аёлга соғлиғини тиклаши учун йўлланмалар берилди. Ижтимоий ҳимояга муҳтож 10 та хонадонга 6 турдаги дори-дармон ва соғломлаштирувчи оёқ кийимлари берилди.

Форумнинг иккинчи босқичи аёллар жиноятчилигининг олдини олишга бағишланган семинар билан бошланди. Унда Қоровулбозор туман ИИБ бошлиғи Файзулло Исмоилов маъруза қилди. У туманда ўтган йилнинг 6 ойи мобайнида 7 нафар хотин-қиз 11 жиноят содир этгани, жорий йилнинг 6 ойи мобайнида аёллар ўртасида умуман жиноят қайд этилмаганини билдирди.

Шунингдек, форум доирасида Бандликка кўмаклашиш маркази томонидан бўш иш ўринлари ярмаркаси ўтказилди. Ҳудуддаги 48 та корхона 258 та бўш иш ўрни билан ярмаркада қатнашди. Касаначилик меҳнатини ташкил этиш имконияти бор корхоналар тўғрисида батафсил маълумотлар беришди ва ишлаш истагини билдирган аёллардан 11 нафарига корхона ва ташкилотларга ишлаш учун йўлланмалар берилди.

Ўз тадбиркорлигини бошламоқчи бўлган, оилавий шароити қийин аёлларга бошланғич тўловларсиз кредит олиш масаласи шу ернинг ўзида ҳал этилди ва тегишли мутасаддилар томонидан ёрдам кўрсатиш бўйича келишиб олинди. Тадбирда Агробанк томонидан Раҳима Авезовага иссиқхона очиши учун, Саноат қурилиш банк томонидан Дилшода Қўчқоровага чорвачилик йўналишида, Турон банк томонидан 1 нафар аёлга балиқчиликни ривожлантириш учун имтиёзли кредитлар ажратиладиган бўлди. 30 нафар хотин-қиз партия сафига қабул қилиниб, аъзолик гувоҳномалари топширилди.

Форум якунида яшаш шароити қийин, ёлғиз кексалар, иш билан таъминланмаган ҳамда ногиронлиги бўлган аёллар ҳолидан хабар олинди. Феруза Ғаниевага ногиронлик аравачаси тақдим этилди.

Тадбир якунлангач, иштирокчиларга қуйидаги савол билан мурожаат қилдик:

— Семинар сизга нима берди, ундан қандай таассурот олдингиз?

— Очиғи, саёз, номига ўтган айрим тадбирларда қатнашсангиз, ундан ўзингиз учун фойдали ҳеч нарса ололмай, вақтингиз беҳуда кетганига ачинасиз, — дейди Севинч Мустафоева. — Кейин бошқа тадбирга таклиф этишганда, боргингиз келмайди. Бугунги тадбир эса анча жонли ўтди. Хусусан, форумнинг эрта тонгданоқ марафон билан бошланиши бизни жуда хурсанд қилди. Бундан ташқари, меҳнат ярмаркаси менда катта таассурот қолдирди. Ўйлашимча, ана шундай амалий тадбирларни кўпайтириш керак.

– Анчадан бери ўз ишимни йўлга қўйиш ҳақида ўйлаб юрардим, – дейди Раҳима Авезова. – Томорқада ишлашга қизиқаман, ҳовлимиздаги озгина бўш ерни кўришим билан нимадир эксам, ундан самарали фойдалансам, дейман. Режаларимни қоғозга туширдим, иссиқҳона очиш, полиз экинларини экиб, оилам даромадига улуш қўшишга қарор қилдим. Чунки бу иш қўлимдан келади, бунга ўзим ҳам жуда қизиқаман. Агробанк ходимлари бизнес режамни яхшилаб ўрганиб чиқишди. Менга иссиқхона очиш учун имтиёзли кредит ажратиладиган бўлди. Энди меҳнатим билан ўзимни кўрсатишга интиламан...

– 2-гуруҳ ногирониман, тумандаги «Тинчлик» маҳалла фуқаролар йиғини, «Ўзбекистон» кўчасида яшайман, – дейди Феруза Изделева. – Турли хил егуликлар пиширишга қизиқаман. Жисмоний имкониятим чекланган бўлса-да, нимадир билан машғул бўлишга ҳаракат қилардим. Тўғри-да, бекорчиликда вақт ўтказгандан ҳеч кимга наф йўқ. Оиламиз кам таъминланган бўлгани учун анчадан бери печь олиш муаммо бўлиб турган эди. Бу менинг ўз ишимни йўлга қўйишим учун керак эди. Бугун ЎзХДП ва ҳамкор ташкилотлар ўтказган форум доирасида бу муаммо ҳал этилди. Менга печь совға қилишди. Энди бемалол буюртма асосида турли пишириқлар тайёрлашим мумкин.

— Мулоқот тарзида ўтказилган тадбирлар одамларда қизиқиш уйғотади, — дейди ЎзХДП Марказий Кенгаши хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш масалалари сектори мудири Гулшан Асатова. — Қоровулбозордаги анжуманда хотин-қизларнинг муаммоларини ўрганиш, уларни ҳал этиш учун депутатлар ваколатидан самарали фойдаланишга ҳам эътибор қаратдик. Ишга жойлашиш, имтиёзли кредитлар олиш, иш берувчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари тўғрисида фикрлашилди. Бундай тадбирларни, айниқса, чекка ҳудудларда мунтазам ўтказиш бўйича режаларимиз бор.

 

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши

Ахборот хизмати.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: