Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Sentabr 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 31 1
2 3 4 5 6 7 8
9 10 11 12 13 14 15
16 17 18 19 20 21 22
23 24 25 26 27 28 29
30 1 2 3 4 5 6
16.07.2019

ЭНГ ТОТЛИ БАЙРАМ

Баҳром ОБИДЖОНОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси:

— Мустақиллик, эрк ва озодлик. Бу тушунчалар муқаддасдир. Шунинг учун уларнинг ҳаётимиз, тақдиримиздаги аҳамияти, ўрни беқиёс. Нондек азиз, онадек ягона бўлган Ватаннинг мустақиллиги эса энг улуғ неъматдир.

Зотан, у бизга эркин яшаш, ўз тараққиёт йўлимизни ўзимиз белгилаш имконини берди, ўзлигимизни, қадриятларимизни қайтарди. Халқимиз ўтган 28 йил давомида қанча ютуқ ва марраларга эришган бўлса, бу шубҳасиз, истиқлол мевасидир. Шу боис ҳар йили Мустақиллик байрамини юртдошларимиз ўзгача ҳаяжон ва катта кўтаринкилик билан нишонлайди.

Президентимизнинг 2019 йил 8 июль куни эълон қилинган «Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма саккиз йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида»ги қарори халқимиз томонидан катта қувонч ва мамнуният билан кутиб олинди.

Таъкидланганидек, бугунги кунда юртимизда тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатларини таъминлаш, Ватанимизни ҳар томонлама тараққий эттириш, унинг халқаро майдондаги обрў-эътиборини юксалтириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Биз учун устувор аҳамиятга эга бўлган вазифалар – аҳолининг ҳаёт даражаси ва сифатини яхшилаш, тадбиркорлик ва хусусий мулк ривожига кенг имконият очиб беришга қаратилган дастурларимизнинг ижобий натижалари, нафақат мамлакатимиз, балки халқаро жамоатчилик томонидан ҳам эътироф этилмоқда. Ёшлар, хотин-қизлар, кекса авлод вакиллари, ижтимоий ҳимояга муҳтож инсонларга доимий ғамхўрлик кўрсатиш борасида ҳам эътиборга молик ишлар амалга оширилмоқда.

Барча ютуқ ва муваффақиятларимизнинг асосий манбаи бўлган Ватанимиз мустақиллиги қўлга киритилган санани катта тайёргарлик билан кутиб олиш ва муносиб тарзда нишонлаш ҳар биримизнинг кўнгил ишимизга айланиши зарур. Бу қутлуғ куннинг моҳияти ва аҳамияти, халқимизнинг фидокорона меҳнати, эзгу орзу-интилишларини фарзандларимизга тушунтириш, тарғибот қилиш унинг шукуҳини янада оширади, деб ўйлайман.

Қарорда бу борадаги энг муҳим ва устувор вазифалар белгилаб берилган. Жумладан, «Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!» деган бош ғояни ўзида мужассам этган ташкилий-амалий, маънавий-маърифий тадбирлар ҳамда тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилади. Тадбирларда Ҳаракатлар стратегияси, шунингдек, «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили» давлат дастури, «Обод қишлоқ», «Обод маҳалла», «Ҳар бир оила – тадбиркор», «Ёшлар – келажагимиз», каби муҳим дастур ҳамда режалар доирасида олиб борилаётган туб ислоҳотларнинг мазмуни ва руҳи мужассам этилишига алоҳида эътибор қаратилади.

Айтиш керакки, 2018 йилги Давлат дастурига асосан 21 триллион сўм ва 1 миллиард АҚШ долларига тенг 76 мингта лойиҳа амалга оширилди. «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурларига мувофиқ 400 дан ортиқ қишлоқ ва маҳаллаларда муносиб турмуш шароитларини яратишга қаратилган кенг кўламли қурилиш ва ободонлаштириш ишларига 3 триллион сўм маблағ йўналтирилди. Бу пуллар нима учун, ким учун сарфланди? Албатта, бу улкан маблағ яхши йўл, яхши тиббий хизмат, яхши мактаб, барқарор ичимлик суви ва шу каби эзгу ишларга йўналтирилди. Яъни, бу маблағ нуроний кишилар фароғати, ота-оналар хотиржамлиги, фарзандларимиз қувончи учун сарфланди.

Шунингдек, ўтган йили «Ҳар бир оила – тадбиркор» ва «Yoshlar – kelajagimiz» дастурлари доирасида 2 триллион сўмга яқин маблағ ажратилиб, жойларда 2 600 дан ортиқ бизнес лойиҳа амалга оширилди. Ижтимоий соҳани ривожлантириш, аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш ва меҳнатга ҳақ тўлаш тизимини янада такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилди ҳамда бу аҳолининг реал даромадларини 2017 йилга нисбатан 12 фоизга ошириш имконини берди. Бу каби мисолларни узоқ давом эттириш мумкин. Лекин, энг муҳими, одамлар ўзгаришларни қалби билан ҳис этяпти, натижада ҳаётга муносабат ўзгаряпти.

Айниқса, охирги йилларда жамиятимиз қиёфаси бутунлай ўзгариб бормоқда. Халқимизнинг турмуш даражаси, онгу тафаккури, билими, маданиятини ошириш бўйича самарали ва тизимли ислоҳотлар йўлга қўйилди. Буларнинг барчасини аниқ далил ва мисоллар, чуқур илмий таҳлиллар орқали мамлакатимиз ҳамда халқаро жамоатчиликка етказиш муҳим аҳамиятга эгадир.

Давлатимиз раҳбари қароридан кўриниб турибдики, бу йилги байрам ҳар қачонгидан кўтаринки руҳда, юқори савияда нишонланади. Байрам тадбирларида ҳар бир фуқаро фаол иштирок этиб, ўзининг ватанпарварлиги, ёш авлодга ғамхўрлиги билан намуна кўрсатиши, байрам руҳиятига ўз ҳиссаси ва қалбини қўшиши зарур, деб ўйлайман. Зеро, Ватан мустақиллиги — дунёдаги энг тотли байрамдир.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: