Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Sentabr 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 31 1
2 3 4 5 6 7 8
9 10 11 12 13 14 15
16 17 18 19 20 21 22
23 24 25 26 27 28 29
30 1 2 3 4 5 6
16.07.2019

ҲАМКОРЛИК МЕМОРАНДУМЛАРИ АСОСИДА

амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилинди

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши ҳамкор ташкилотлар билан имзоланган меморандум ижроси бўйича давра суҳбати ўтказди. Унда Ўзбекистон Ногиронлар, Кўзи ожизлар ва Карлар жамиятлари, Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий қўллаб-қўвватлаш «Нуроний» жамғармаси раҳбар ва масъуллари, партия ходимлари иштирок этди.

 

— Партиямиз ҳамкор ташкилотлар билан меморандумлар имзолаганидан хабарингиз бор, — деди Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши бўлим мудири Боймурод Юсупов. — Шу асосда партиямизнинг ҳудудий ташкилотлари ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги гуруҳлари томонидан бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Масалан, партиямиз ҳужжатларида, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги гуруҳларимиз ва фракциямиз фаолиятида фахрийларнинг қонуний ҳуқуқлари ҳамда манфаатлари алоҳида ҳисобга олинди. Қонун лойиҳалари ва меъёрий ҳужжатларни ишлаб чиқиш, таклифлар тайёрлаш жараёнларига фахрий депутатлар ва нуронийлар жалб қилинди.

Маҳаллий Кенгашлардаги партиямиз гуруҳлари томонидан 10 та вакиллик органининг ҳисоботи эшитилди. Пенсионерлар ва ногиронлиги бўлган кексаларнинг манфаатларини ҳимоя қилишга оид 45 масала депутатлик гуруҳларида, 34 масала доимий комиссияларда ва 12 масала сессияларда кўриб чиқилди.

Сайёр қабуллар давомида ижтимоий соҳага доир 2500 га яқин мурожаат, таклиф ва мулоҳазалар билдирилди. Шунингдек, ҳамкорликда ўтказилган тадбирларда ногиронлар дуч келаётган ижтимоий муаммолар аниқланиб, уларни ҳал этиш чоралари кўрилмоқда. Шу ўринда бир мисол келтирсам. Яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳга монеълик қилиш мақсадида фракция аъзолари Оила кодексининг 16-моддасига тегишли ўзгартиришлар киритиш таклифи билан чиқди.

Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига оид қонун лойиҳалари ва меъёрий ҳужжатларни ишлаб чиқишда улар экспертлар сифатида жалб қилинди. Партиянинг барча даражадаги юқори органлари аъзолари таркибига ногиронлиги бўлган шахслар жалб этилди.

Амалга оширилган ишлар ўзимизники. Аммо ҳал этилиши лозим бўлган масалалар ҳам оз эмас. Фаолиятимизни чуқур таҳлил қилиб боришииз, аҳоли билан доимий мулоқотни изчил олиб боришимиз зарур. Шунда реал натижаларга эришиш имконига эга бўламиз, деб ўйлайман.

— Ўзбекистон ХДП билан меморандум имзолашдан олдин ҳам ҳамкорликда ишлаганмиз, — деди Кўзи ожизлар жамияти Марказий Бошқаруви етакчи мутахассиси Улуғбек Маматхонов. — Турли тадбирлар ўтказганмиз. Кўтарилган муаммолар оммавий ахборот воситаларида ёритилган, жамоатчилик эътиборини тортиб, муҳокамаларга сабаб бўлган.

Партия вакиллари ногиронлиги бўлган шахсларнинг депутатликка номзодини илгари суриш ҳақида фикр билдирди. Шу хусусда тўхталиб ўтсам. Яқинда ўз-ўзини бошқариш органлари раислигига сайлов бўлиб ўтди. Миробод туманида жойлашган «Баёт» маҳалласи оқсоқоллигига икки нафар кўзи ожиз инсон номзодини қўймоқчи бўлди. Маҳалланинг аксарият аҳолисини кўзи ожизлар ташкил этади. Афсуски, номзодлар рўйхатдан ўтказилмади. Тегишли ташкилотлардан бунинг сабабини сўраганимизда, номзодлар манфаатини ўйлаб, шу иш қилинганини айтишди.

2017 йилда ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида Президент фармони қабул қилинган. Унинг 12-бандида шахслар ўртасида мулоқот воситаси сифатида ишлатиладиган имо-ишора тилини янада ривожлантириш, унинг ҳуқуқий мақоми ва қўллаш соҳасини белгилаш борасида тўхталиб ўтилган. Шунингдек, ногиронлиги бўлган шахслар, жумладан катта ёшдагиларнинг саводхонлигини ошириш мақсадида вилоятлар, туманлар марказларидаги умумтаълим мактаблари негизида имо-ишора тили ва Брайль алифбосини ўргатиш бўйича махсус курсларни ташкил этиш белгиланганди. Бу борада 2018 йилнинг март ойига қадар Вазирлар Маҳкамасига аниқ ва режавий таклифлар киритиш ҳам назарда тутилган эди. Кўзи ожизлар жамияти шу масалада Халқ таълими вазирлигига мурожаат қилди. Таклифлар ўтган йилнинг 1 июнида ҳам киритилмаганини билдик. Ваҳоланки, 1 июлда Вазирлар Маҳкамасининг қарори қабул қилиниб, Молия вазирлиги томонидан ажратиладиган маблағ миқдори белгиланиши лозим эди.

Шу фармоннинг 14-бандида ногиронлиги бўлган шахслар жамиятлари корхоналарини рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш лозимлиги айтилганди. Уларнинг маҳсулотлари, хизматларига давлат харидлари бўйича мажбурий буюртма квоталари белгилаш бўйича кўрсатма берилганди. Хабарингиз бор, яқинда Солиқ кодекси янги таҳрирда чиқарилди. Унда бир йиллик молиявий айланмаси 1 миллиард сўмдан ошган ташкилот, корхоналардан солиқ чегирмалари олиб ташланиши кўзда тутилган. Бизнинг корхоналаримиз ҳам улар қаторида. Бу масалани атрофлича ўйлаб, кейин қарор қабул қилинса, яхши бўларди.

Яна бир гап. Жамиятнинг фаол аъзоси сифатида Вазирлар Маҳкамасига кўп бораман. Маданият, спорт, маърифат йўналишларида «куратор»лар билан учрашаман. Шунда улардан Президент фармонида келтирилган Брайль саводхонлиги билан боғлиқ ишлар ҳақида ҳам сўрайман. Улар Халқ таълими вазирлигидан бу ҳақда телефон орқали сўраган ҳолатларга ҳам гувоҳ бўлдим. Баъзи масъуллардан 2017 йил декабрь ойида ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги фармон чиққананидан хабарингиз борми, деб сўрасам, рақами неччи деган саволомуз жавобни ҳам олдим. Бу ачинарли ҳолат.

Ногиронлар Ассоциацияси билан ҳамколикда мазкур фармон ижросини мониторинг қилдик. Натижалар афсуски, хурсанд бўладиган даражада эмас.

Ўйлайманки, бугунги анжуман доирасида кўтарилган масалалар шу ерда қолиб кетмайди. Оммавий ахборот воситаларида ҳам ёритилади. Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши ютуқларимиз байроғини кўтаришга ва муаммоларимиз қўнғироғини чалишга доимо ёрдам беради, деб умид қиламан.

Анжуман давомида «Нуроний» жамғармаси Тошкент шаҳар бўлими раиси Рустам Колонов, Ўзбекистон Ногиронлар жамияти раиси Комилжон Абдуллаев мавзу юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

 Давра суҳбати якунида ҳамкорликдаги ишларни янада кучайтириш бўйича вазифалар белгилаб олинди.

 

Маҳлиё АЛИҚУЛОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: