09.07.2019

МЕҲНАТ МИГРАНТЛАРИГА 23 МИНГДАН ОРТИҚ СУҒУРТА ПОЛИСИ СОТИЛГАН

 «Ўзагросуғурта» акциядорлик жамияти томонидан ўтказилаётган сайёр қабуллар, аҳолидан келиб тушаётган мурожаатларни ўрганиш ва уларга ечим топиш мавзусида матбуот анжумани ўтказилди.

— Ҳаракатлар Стратегияси доирасида туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда, — дейди «Ўзагросуғурта» акциядорлик жамияти бошқаруви раиси ўринбосари Алишер Юсупов. — Хусусан, жамиятимиз фаолиятини тубдан қайта кўриб чиқиш бўйича бир қатор ишлар бажарилмоқда. Президентимизнинг 2018 йил 5 мартдаги Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун республика ташқарисига транспортда чиқиш вақтида хавфсизлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарорининг ижросини таъминлаш мақсадида янги суғурта маҳсулотлари жорий этилди ва ҳозирги кунга қадар 23 мингдан ортиқ суғурта полиси сотилди. Бугунги кунда жамият томонидан Россия Федерациясининг «Русский стандарт страхования» суғурта компанияси билан янги «Патент+» лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Шунингдек, «Ҳар бир оила — тадбиркор» дастури ижросини таъминлаш мақсадида аҳолига ажратилаётган кредитларни имтиёзли, қулай суғурта тарифлари асосида суғурталаш ишлари амалга оширилиши натижасида 6020 суғурта шартномаси имзоланди ва 108,3 миллиард сўм суғурта мажбуриятлари олинди.

— Суғурта турларининг афзалликлари бўйича аҳолини кенгроқ хабардор қилиб бориш бугунги куннинг асосий вазифаларидан биридир, — дейди «Ўзагросуғурта» акциядорлик жамияти бошқаруви раиси ўринбосари Бекзод Аҳадов. — Шунинг учун республикамизнинг барча ҳудудларида семинарлар, очиқ мулоқотлар ташкил этиб келинмоқда. Хусусан, бу каби мулоқотлар орқали ёзма, оғзаки ва виртуал қабулхоналардан жамият бошқарувига ўтган ва жорий йилнинг 6 ойи давомида жисмоний ва юридик шахслар томонидан жами 600 га яқин мурожаат келиб тушган. Бевосита жамият фаолиятига тегишли бўлган мурожаатларни ўз вақтида ва белгиланган тартибда қабул қилиш, кўриб чиқилишини таъминлаш бўйича назорат бўлими ва барча вилоят филиалларида масъул ходимлар фаолият олиб бормоқда.

Ўтган йили республика бўйича 6 минг 473 фермер хўжалигига 44,3 миллиард сўм миқдоридаги суғурта қопламалари тўлаб берилди.

Шунингдек, матбуот анжуманида жамият тизимида мурожаатларни камайтириш ҳамда жойида ҳал этиш чораларини кўриш юзасидан Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси қонуни ижросини таъминлаш, келиб тушаётган мурожаатлар билан ишлашни янада такомиллаштириш, аҳолининг талаб ва истакларини ўрганиш масалалари доимий эътиборда бўлиши таъкидланди.

 

Тоштемир ХУДОЙҚУЛОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: