Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Avgust 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
29 30 31 1 2 3 4
5 6 7 8 9 10 11
12 13 14 15 16 17 18
19 20 21 22 23 24 25
26 27 28 29 30 31 1
09.07.2019

ГЕОЛОГИЯ ФАНИ ЮТУҚЛАРИ — ИШЛАБ ЧИҚАРИШГА

Афзал Мирабдуллаев, Геология ва геофизика институтининг умумий масалалар бўйича директор ўринбосари:

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 1 июль куни геология соҳасини янада ривожлантириш, геологик қидирув ва қазиб олишни кенгайтириш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказган эди. Унда мамлакатимизда саноатлаштириш мумкин бўлган 73 турдаги фойдали қазилма захирасига эга 2 мингдан зиёд кон борлиги, шундан 437 таси ўзлаштирилмаганлиги қайд этиб ўтилди. Янги истиқболли конларни ўрганиш етарли даражада эмас. Қидирув ишларига жалб қилинаётган техникаларнинг 70 фоизи эскирган. Соҳага инвестициялар жалб қилиб, қайта ишлашни йўлга қўйиш ишлари суст. Бугунги кунда 111 истиқболли коннинг атиги 14 тасида тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар иштирокида 39 миллион долларлик 6 та лойиҳа амалга оширилмоқда.

Хўш, бу борада Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси ҳузуридаги Ҳабиб Абдуллаев номли Геология ва геофизика институти томонидан қандай ишлар амалга оширилмоқда? Институтнинг умумий масалалар бўйича директор ўринбосари Афзал Мирабдуллаев билан ана шулар ҳақида суҳбатлашдик.

— Афзал Ҳамдамович, Геология ва геофизика институти олимлари соҳа фаолиятини янада ривожлантириш, унинг самарадорлигини ошириш бўйича қандай лойиҳалар устида иш олиб боришмоқда?

— Ҳозирги кунда Геология ва геофизика институтида Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитасининг 6 та геологик қидирув ишлари, Инновацион ривожланиш вазирлигининг 3 та амалий ва 4 та фундаментал лойиҳаси бўйича илмий тадқиқотлар олиб борилмоқда.

Институт илмий ишлари лойиҳалари маблағ кириб келиши бўйича 3 турга бўлинади (грантлар, минерал хомашё базасини ривожлантириш ва кўпайтириш давлат дастурлари ва хўжалик шартномалари орқали):

биринчи босқич — бу фундаментал лойиҳалар бўлиб, бугунги кунда институтимизда 4 та шундай лойиҳа юзасидан иш олиб борилмоқда;

иккинчи босқич — амалий лойиҳалар, ушбу лойиҳалар фундаментал лойиҳалардан олинган илмий натижаларни тажрибада қўллашнинг методик масалаларига қаратилган бўлиб, ҳозирги кунда институтимизда 3 та ана шундай лойиҳа амалга оширилмоқда;

учинчи босқич — инновацион лойиҳалар бўлиб, бу бўйича ҳам бир қатор ишлар режалаштирилмоқда.

2017-2021 йилларга мўлжалланган минерал-хомашё базасини ривожлантириш ва қайта тўлдириш давлат дастуридаги 6 та лойиҳанинг ҳаммаси қаттиқ фойдали қазилмаларни ҳосил қилиш ва жойлашиш қонуниятини ўрганиш асосида янги истиқболли майдонлар ажратишга, янги йўналишлар барпо қилишга, шу жумладан, 2 та лойиҳа Ўзбекистондаги долзарб масала — ноёб ва тарқоқ металлар минерал-хомашё базасини яратишга қаратилган.

Шуни айтиб ўтиш керакки, ҳозирги кунгача Ўзбекистонда бундай металлар базаси, яъни олтин, мис, уран каби фойдали қазилмалар базаси ҳали ривожланмаган. Лекин дунё бозорида айнан шундай металларга эҳтиёж катта ва уларнинг нархи қиммат ҳисобланади. Чунки улардан асосан космонавтика, ядро энергетикаси ва саноатнинг бошқа замонавий йўналишларида фойдаланилади. Нима учун Ўзбекистонда бундай металлар ҳали қазиб олинмаяпти? Олимларимиз ана шу бўйича иш олиб боришмоқда.

Яна бир масала. Республикамизда қимматбаҳо ва ярим қимматбаҳо тош конлари анчагина. Лекин уларнинг софлиги, тозалиги, дунё стандартларига жавоб беришини аниқлайдиган хизмат лабораторияси йўқ. Бу, ўз навбатида, заргарлик саноатига хорижий ва маҳаллий инвесторларни жалб қилишда тўсиқ бўлаяпти. Биз бу масаланинг долзарблигини, иқтисодиётимизга фойда келтиришини ҳисобга олиб, янги лойиҳага қўл урдик.

Шунингдек, дарёларимизнинг сув манбаси ҳисобланмиш музликларни ўрганиш, уларнинг қандай эриётганини мониторинг қилиш — зиммамиздаги энг катта вазифалардир. Бундай лойиҳа устида ҳам иш олиб бораяпмиз.

Хўжалик шартномаларимиз эса тўғридан-тўғри амалиёт билан боғлиқ. Масалан, Тўпаланг сув омбори лойиҳаси.

— Геолог кадрлар тайёрлашнинг бугунги аҳволи қандай? Геология ва геофизика институти ҳамда олий ўқув юртлари ўртасидаги алоқалар ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз.

— Институтимизда фаолият кўрсатаётган 87 нафар ходимнинг 52 нафари илмий ходим, 10 нафари талаба бўлиб, улар ўриндошлик асосида иш юритишади. Ходимларимизнинг 6 нафари фан доктори, 16 нафари эса фан номзоди илмий даражасига эга.

Институтда илмий ходимларни тайёрлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилаётган бўлиб, бу йўналиш бакалавр ва магистрларни илмий-тадқиқот ишларига жалб қилиш, докторантура, мустақил тадқиқотчилик ва хориждаги малака ошириш курслари ҳамда стажировка ўташ орқали амалга оширилмоқда.

Жорий йилда институтимиз докторантурасида 6 нафар ходим ўқиди. Кичик илмий ходим Г.Ҳабибуллаева Минералогия ва криссталография мутахассислиги бўйича номзодлик диссертациясини ҳимоя қилди.

Ўзбекистон Миллий университети, геология ва геоинформацион тизимлар факультети билан биргаликда 2018-2030 йилларга мўлжалланган ер ҳақидаги фанларнинг устувор йўналишларида олиб борилаётган фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотларнинг самарадорлигини ошириш, фан ва таълим интеграцияси бўйича ҳамкорлик битими, шунингдек, 2019 йилда Геология ва геофизика институти қошида Тошкент давлат техника университети, геология ва кончилик иши факультети, фойдали қазилмалар геологияси ва қидирув ишлари кафедрасининг филиали фаолиятини давом эттириш тўғрисида янги битим имзоланди.

Мазкур ҳамкорлик доирасида институтимизда талабалар учун назарий ва амалий машғулотлар ташкил қилинмоқда, институтимиз лабораторияларида ЎзМУ ва ТДТУнинг 14 нафар магистри ва 7 нафар бакалаври ўриндошлик асосида фаолият олиб боришмоқда.

— Илм-фан ютуқлари ишлаб чиқаришга, деган шиор бугун ҳаётий масалага айланган. Шундан келиб чиқиб, институт олимлари яратаётган ишланмалар ишлаб чиқаришга қай даражада жорий қилинмоқда?

— Ангрен ва Янги Ангрен иссиқлик электр станциялари кўпшлакли чиқиндиларида темирнинг саноатбоп миқдори аниқланди ва таркибида қотишма сифатини оширувчи ўтга чидамли ва легирловчи металлар (6 фоиз), темирнинг миқдори юқори бўлган (94 фоиз) қотишмаларнинг экспериментал намуналари олинди. Олинган натижалар ИЭС кўпшлакли чиқиндиларини экологик ва иқтисодий самарали утилизация қилиш ва республика минерал-хомашё базасини кенгайтириш имконини беради.

— Институтнинг илмий салоҳияти, халқаро алоқалари ҳақида тўхталиб ўтсангиз?

— Хитойлик ҳамкорлар билан Ғарбий Тянь-Шань геологияси ва металлогениясини ўрганиш бўйича Ўзбекистон — Хитой халқаро илмий марказини очиш юзасидан меморандум имзоланган. Ушбу ҳужжат доирасида институтимиз олимлари ва Хитой Халқ Республикаси Фанлар академиясининг геолог олимлари Тянь-Шаннинг Хитой ва Ўзбекистон қисмини ўрганиш бўйича яқиндан ҳамкорлик қилишмоқда, маъдан конларида дала тадқиқотлари ўтказилмоқда. Шу йилнинг ўзида Хитой Халқ Республикаси Фанлар академиясининг геология соҳасидаги институтлари билан 2 та меморандум имзоладик.

— JORC кодекси талаблари нима?

— Бундай кодекслар битта эмас. JORC кодекси деганда, очилган коннинг фақат захираси тўғри ҳисобланганини эмас, бошқа омилларга ҳам катта эътибор қаратилади. Тадбиркор ёки инвестор оладиган фойда қандай бўлади, қандай хатарлар бўлиши мумкин, фойдали қазилмани ажратиб олиш технологияси мукаммалми ёки йўқми, инфратузилма қандай ва ҳоказо.

Бир сўз билан айтганда, JORC кодекси банклар томонидан маблағ ажратиш учун эксперт томонидан ёзилган, далилий исботланган ҳисобот. У бизнинг техник иқтисодий асослаш (ТЭО) ёки йириклаштирилган техник иқтисодий асослаш (УТЭР) кабидир. Бу кодекснинг разведка техникаси ва технологияси, намуна олиш, керн намунаси чиқиши бўйича ва бошқа кўп талаби бор. Масалан, керн чиқиши 95 фоизни ташкил қилиши лозим.

Ҳозирги кунда институтимиз директори геология-минералогия фанлари номзоди Рустам Долимов раҳбарлигида геологик қидирув ва қазиб олиш масалаларида инновацион ва замонавий технологияларни ўзлаштириш, бу борада хориж тажрибасини ўрганиш юзасидан чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилмоқда. Бу режага биноан геология соҳасида ривожланган мамлакатларнинг етакчи илмий ташкилотлари билан ҳамкорлик йўлга қўйилади, уларнинг тажрибаси ўрганилади. Ҳозир АҚШнинг геология хизмати билан яқин ҳамкорлик алоқалари ўрнатилган бўлиб, унинг доирасида ёш геолог мутахассислар учун фойдали қазилма конларини қидириш ва баҳолашнинг юксак технологиялари бўйича тренинглар ўтказилмоқда.

 

Барчиной ҲАМИДУЛЛАЕВА

суҳбатлашди.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: