Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Oktabr 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
30 1 2 3 4 5 6
7 8 9 10 11 12 13
14 15 16 17 18 19 20
21 22 23 24 25 26 27
28 29 30 31 1 2 3
09.07.2019

«ОИЛАНИ МУСТАҲКАМЛАМАСДАН ТУРИБ, ДАВЛАТДА ТАРТИБ ЎРНАТИБ БЎЛМАЙДИ»

«Оилани мустаҳкамламасдан туриб, давлатда тартиб ўрнатиб бўлмайди.»

Конфуций

 

Акмал САИДОВ, академик:

— Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг сўнгги маълумотларига кўра, ҳозирги кунда дунёнинг 7 миллиарддан ортиқ аҳолиси, яъни 85 фоизи оилаларда яшар экан. Мендаги маълумотлар эса Ўзбекистонда 7,5 миллион оила борлигини кўрсатади. Демак, юртимиз аҳолиси 33 миллиондан иборат бўлса, ҳар бир оила ўртача 4 кишидан иборат: эр-хотин ва иккита фарзанд.

Оиланинг ягона, ҳаммага бирдек мақбул таърифи борми? Йўқ, чунки оила — шунчалик кўп қиррали тушунчаки, ҳозирги кунда ижтимоий фанларнинг деярли барчаси ўз нуқтаи назаридан келиб чиқиб, оила муаммолари билан шуғулланади. Масалан, мен оилага ҳуқуқий тушунча сифатида кўпроқ эътибор бераман. Психологлар психологик томонига урғу беради, кимдир оилага миллий қадрият сифатида ёндашади. Шунингдек, дин арбоблари, файласуфлар, тарихчи ва социологларнинг оила институтига нисбатан ўз ёндашувлари бор. Буларнинг барчаси оиланинг улкан ижтимоий муаммо эканлигини кўрсатади. Бугун оила масаласи фақат бир давлат миқёсидаги эмас, балки жаҳон жамоатчилигини ўйлантираётган глобал муаммодир.

Ҳозирги кунда Ғарбдаги кўпгина давлатларда оила институти қадрият сифатида ўз аҳамиятини йўқотиб бормоқда. Жуфтликлар ўзаро келишув асосида, бир-икки йил бирга яшаб кўришади. Сўнг турмуш қуриши мумкин. Оилага бўлган бу каби муносабатни биз қабул қилмаймиз. Динимиз ҳам ношаърий оилани тан олмайди.

Оиланинг бошқа эътибор қаратадиган жиҳатлари ҳам кўп. Бугун оилани ҳимоя қилиш ҳуқуқ сифатида тан олинмоқда. Бир конференцияда қатнашганимда хорижлик эксперт бизнинг маҳалла институтини танқид қилганди. Унинг фикрича, маҳалла аёллар ҳуқуқини бузаётган экан. Нимага бузаяпти, десам, маҳалла ярашиш комиссиясининг хулосасисиз ажрашишни суд кўриб чиқмаслиги ва ажрашишга йўл қўйилмаслиги билан боғлиқ таомил нотўғри эмиш. Улар айтаяптики, аёлнинг ўз ҳуқуқи бор, хоҳласа яшайди, хоҳласа ажрашади. Маҳалла фаоллари эса аёлни турмушингдан ажрашмайсан, оиланг билан яшайсан, деб мажбурлаётган эмиш, ўша хорижлик мутахассис гўё, буни инсон ҳуқуқларининг бузилиши, деди.

Мен шунда сизларда қанақа билмадиму, биз иложи борича оилани сақлаб қолиш тарафдоримиз, дедим. Агар оила бузилса, аёлнинг учта боласи тақдири билан боғлиқ, яна нечта муаммо туғилади: Етим қолган учта боланинг қанчалаб ҳуқуқлари, хусусан, болаларнинг яшаш ҳуқуқи, турар-жойга бўлган ҳуқуқи, моддий таъминот ҳуқуқи муаммосини келтириб чиқарамиз-ку?! Ажралиш билан боғлиқ бир ҳуқуқни ҳимоя қилиб, тўрт ёки беш муаммони кўпайтириб юборамиз, шу тўғрими, дедим. Индашмади.

Оила муаммоларини ҳал этиш учун қуйидаги таклифларим бор.

Аввало, оила муносабатлари бўйича барча тадқиқотлар, мақолалар, рисола ва китобларнинг библиографиясини фанлар йўналиши бўйича тузиш лозим. Қани, педагоглар ва психологлар, бошқа соҳа вакиллари қандай тадқиқотлар ўтказган экан, билайлик.

Тиббиётда ҳам оила-жуда катта мавзу. Умуман, барча йўналишлар бўйича тадқиқотлар даражасини аниқлаб олайлик, натижамиз нечоғлик экан? Мустақиллик йиллари оила институти бўйича қандай ишлар ҳимоя қилинган экан? Агар буларни аниқ билсак, ҳозирги кунда қайси муаммоларни ўрганиш бирламчи бўлиши кераклигини ҳам аниқлаб оламиз.

Сўнгра оила муаммоларини илмий нуқтаи назардан тадқиқ қилиш юзасидан фанлар бўйича умумий, яхлит дастур тузиш керак. Шунда ҳозир ҳуқуқшунослик, фалсафа, педагогика каби соҳалар бўйича қайси муаммоларни кўтаришимиз кераклиги ойдинлашади.

Асосийси, оила муаммоларини ўрганиш бўйича доимий ҳаракатдаги методологик семинарлар ўтказишни йўлга қўйиш лозим. Бу ўринда фақатгина «Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази»нинг ўзи ҳеч қачон муаммони ҳал қила олмаслигини эътибордан соқит қилмаслик лозим. Яъни бу ишга бутун жамоатчиликнинг фикрини жалб қилишимиз керак. Хусусан, тадбирларда янграётган турли фикр-мулоҳазаларни, аниқ факт ва далилларни оила мавзуси бўйича илмий иш қилаётган магистрлар, фан докторлари, олимлар ҳам иштирок этса, бу уларга ўз илмий тадқиқотларини ҳаёт ҳақиқатларига том маънода мувофиқлаштириш имконини беради. Ҳозирги пайтда эса, афсуски, кўпчилик илмий ишлар тартибга солинмаган. Юртдошларимизнинг оила билан боғлиқ дарду-ташвишлари ҳамда бу муаммоларнинг ечимлари акс эттирилган долзарб мавзулар жуда кам.

Авваллари оила институти миллий даражадаги фаолиятимиз меъзони ҳисобланган бўлса, ҳозирги кунда бу масала халқаро миқёсга кўтарилган. Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси, Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт, каби асосий халқаро шартномалар ёки исталган минтақавий ҳужжатларда оила ҳуқуқлари юқорига қўйилган. Ҳозир нафақат миллий даражадаги оила ҳуқуқи, балки халқаро оила ҳуқуқи ҳам жадал шаклланмоқда. Халқаро ҳужжатларнинг барчасида «Оила — бу жамиятнинг бирламчи бўғини, асоси», деган фикр сингдирилган. Айни чоғда миллий қонунчилик билан халқаро қонунчилик ўртасидаги бу мутаносиблик етарли эмас. Шунинг учун оилага оид миллий ва халқаро ҳуқуқий ҳужжатлар тўпламини ишлаб чиқишимиз зарур. Сўнгра миллий қонунчилигимизда ҳам шундай тажрибани ўтказамиз. Кейинчалик у халқаро қонунни акс эттирадими ёки йўқ, буни билиб оламиз. Бундай муҳим амалиётни ҳали ҳеч ким, ҳаттоки Европа Иттифоқи ҳам амалга оширмаган.

Оила, авваламбор, ижтимоий муносабатдир. Чунки, оила бир неча шахслардан ташкил топади. Шунинг учун мен икки ёш турмуш қураётганда ўртада ўзаро никоҳ шартномаси тузишни таклиф қилгандим. Лекин бу фикримни кўпчилик танқид қилди.

Хўп, сизга савол: ҳозирги кунда ажралишлар борми? Бор. Бечора аёл иккита ёки учта боласи билан ота уйига қайтиб келса, кўп ҳолларда на ота уйига, на бошқа жойга сиғади. Куёвнинг номида ҳеч нарса йўқ. Мaшина, уй, бошқа мол-мулкнинг ҳаммаси кимнингдир номида. Бундай ҳолатда Она икки-уч нафар гўдак боласи билан қаёққа боради?

Агар никоҳ шартномаси бўлса, майли, бу ҳужжат билан аёл ҳимоя қилинмаган тақдирда ҳам, болаларнинг мулкка бўлган ҳуқуқи ҳимоя қилинади. Мазкур ишни қонунга киритдик, лекин бу институт сифатида ҳозирча фуқароларимиз онг-тафаккурига сингмади. Бу ҳам жамиятимиздаги катта муаммо. Никоҳ шартномасига эътиборсизлик ёш оилалар ажралишганда кўплаб муаммоларни келтириб чиқармоқда.

Нима учун бу янги институт жамият аъзолари онгига тўлиқ сингмади? Мажбурий тиббий кўрикдан ўтишни, биласизми, биз нима қиляпмиз? Уни тиббиёт ходимларига «пул халтачаси» қилиб бердик. Ҳозир ҳам аксарият ҳолларда келин-куёвликка номзодлардан битта-иккита текширув олинади, қолгани 10 дақиқада «намуна» бўйича тиббий маълумотномани олиб чиқади. Қайси шифокор қанча сўмга шу ҳужжатни «тўғрилаб бериши»нинг нархи ҳам бор.

Ёшларни турмуш қуриши олдидан тиббий текширувдан ўтказиш соғлом оила, соғлом фарзанд бўлсин, деб яхши ниятда йўлга қўйилган аслида. Турмуши бузилган фуқароларимизнинг орасида менга мурожаат қилганларнинг қанча ва қанақа надоматлари бор? Буларнинг ҳаммасини ҳам айта олмайман, албатта. Тиббий текширув, яъни сохта ҳужжатнинг ўзи никоҳни ҳақиқий эмас, деб топишга асос бўлган ҳолатларни биламан.

Оила кодекси ёмон тайёрланмаган, уни кўп ўрганганмиз. Лекин нима учун Оила кодекси ижросида камчиликлар кўп? Бизнинг энг катта вазифамиз, оиланинг шу каби амалий муаммоларини ҳал қилишдир.

Дунё мамлакатларининг 200 га яқин Конституциясини ўрганиб чиқдим. Уларнинг 111 тасида «Оила — бу жамиятнинг бирламчи бўғини», «Оналик ва болалик давлат ҳимоясида» каби моддалар бор экан.

Буларнинг ичида юртимиз Конституцияси ҳаммасидан ажралиб туради. Нимага десангиз, Ўзбекистонда оналик ва болаликни, оилани ҳимоя қилиш ҳуқуқи конституциявий асосда кенг ва кафолатли мустаҳкамланган. Оилаларни ҳимоя қилишни фақатгина қонунга юклаб қўймасдан, уни асрашда ҳар биримизнининг ҳуқуқимиз борлигини ҳам билишимиз керак. Чунки, донишмандлар таъбири билан айтганда, оилани мустаҳкамламасдан туриб, давлатда тартиб ўрнатиб бўлмайди. Оила мустаҳкам бўлса, жамиятдаги кўплаб муаммолар ўз-ўзидан барҳам топади.

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Шаҳбоз САИДОВ ёзиб олди.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: