Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Avgust 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
29 30 31 1 2 3 4
5 6 7 8 9 10 11
12 13 14 15 16 17 18
19 20 21 22 23 24 25
26 27 28 29 30 31 1
09.07.2019

«ХИРМОН ТЎЛИБ ТЎКИЛДИ ДОН»

Ёки қашқадарёлик ғаллакорлар давлатга илк бор 500000 тонна дон етказиб беришди

Кўнгил сезаркан юракларни ларзага солган бу хушхабарни. Бир ойдан буён бепоён воҳа кенгликларини кезаман, сув хўжаликлари, ғаллазорларга бораман, тажрибали деҳқонлар, селекциячи олимлар фикрини тинглайман. Хушхабардан фахрланаман, севинаман...

Абу Али ибн Сино бобомизнинг «Тиб қонунлари» китобида ноннинг қандай неъматлиги, истеъмол қилиш меъёрлари, хиллари ҳақида маълумотлар бор.

Нон юракни қувватлантиради, умрни узайтиради, унда магний, бошқа маъданлар, ноёб дармондорилар ва минералларнинг бир қанча турлари бор. Ҳамма замонларда ҳам нон тириклик манбаи, қиёси йўқ таом бўлган.

Шўро замонида қишлоғимизда Россиядан келадиган «Саратов уни» талабгорлари кўп бўларди. Яқин-яқингача қўшни қозоқ деҳқонлари етиштирган буғдой унини талашиб харид қилиб келдик. Булар бор гап. Аммо икки йилдан буён оиламизда Шаҳрисабзнинг (шаҳарда донни қайта ишлаш корхонаси бор) унидан нон пишира бошладик — хуштаъм, ҳазми енгил. Бу ўзгаришларнинг боиси нимада?

— Сабаби, ғалла ва уннинг сифатида, — дейди Қарши шаҳрининг Рогузар маҳалласида жойлашган «Нур» нон ишлаб чиқариш МЧЖ бошлиғи Жаҳонгир Қурбонов. – Бизнинг корхона 1968 йилдан буён ишлаб келяпти. 2004 йилда хусусийлаштириб, ускуналарни янгилаб олдик. Болалар оромгоҳлари, таълим муассасалари, шифохоналар, шаҳардаги савдо дўконларига маҳсулот етказиб берамиз. Бир кунда 8 тоннагача нон пишириш қуввати яратилган. Фақат ўзимизда ишлаб чиқарилган унни харид қиламиз. Асосий ҳамкоримиз «Дунё-М» корхонаси.

Воҳадаги энг йирик корхоналардан бирига бордим. У 1973 йилда қурилган. Йиллар давомида таъмирлаб, ишлатиб келинган. Ходимлар билан танишдик, ишлаб чиқариш директори Комилжон Акбаров асли Шаҳрисабзнинг тоғли қишлоғидан, бош технолог Нурулло Ҳайдаров Қарши шаҳрининг «Наво» маҳалласидан, цех бошлиғи Ғуломжон Абдураҳимов Чироқчи туманидан экан. 1-тегирмон цехига кирдик, тоза, ораста, бошқарув марказида Улуғбек Ҳусанов диққатини ускуналардан узмайди. Янгилик шуки, 2018 йилда эскирганлари ўрнига Туркияда ишлаб чиқарилган замонавий ускуналар ўрнатилибди. Маҳсулот сифати, унумдорлиги ошибди, бир суткада 300 тонна донни қайта ишлай оларкан. Икки йилдан буён Афғонистон ва Тожикистонга ун ва дон экспорт қилишаркан. «Бу йилги буғдой озуқага, сувга тўйган, нави яхши, сифатли, шунинг учун унимиз серталаб, — дейди бош технолог. – Бунинг учун ғаллакорларга раҳмат!»..

Ҳушхабарни эшитиб, эрта тонгда соҳил яқинидаги кўп қаватли вилоят қишлоқ хўжалик бошқармасига келдим. Бошқарма деҳқончилик бўлими бошлиғи Баҳодир Искандаров билан суҳбатлашдим ва Шодиёр ака Хўжаназаровни учратганимдан севиниб кетдим.

Чунки Шодиёр ака иқтидорли олим, воҳа қишлоқ хўжалик тарихини яхши билади. Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида университетда ўқиди, ўсимликлар генетикасига оид илмий ишини шу ерда ёқлаб, биология фанлари номзоди бўлди. 1986 йилда Ислом Каримов вилоятга раҳбар бўлганида, Шодиёр акани вилоят агросаноат бирлашмаси бошлиғининг деҳқончилик бўйича ўринбосари вазифасига қўяди, ёнида олиб юради, маслаҳатлашади, ноҳақ тазйиқлардан ҳимоя қилади.

— Ўта оғир даврларни бошдан ўтказдик, — дея эслайди Шодиёр ака. – Қама-қама авж олган пайтлар эди. Деҳқончилик режалари бажарилмас, ерлар шўрланиб кетган, одамлар кўнгли ишдан совиган йиллар эди. Янги раҳбарнинг ғайрати, ишончи бизларга ҳам юқди, қаттиқ ишладик. Пахта режаси ошириб бажарилди, сабзавот, узум мўл бўлди, такрорий экинларга эътибор кучайди. Кечагидек эсимда, вилоят раҳбари саксон еттинчи йилда суғориладиган ерга ғалла экиш масаласини қўйганда, айрим район раҳбарлари: «Нима деяпсиз, биздан пахта сўрайди», дея тиш-тирноғи билан қаршилик кўрсатишганди. Аммо Ислом ака қатъий туриб, 30 минг гектар суғориладиган майдонга дон эктирганди. Шунинг учун ғалла мустақиллиги йўлидаги кураш Қашқадарёда бошланган эди, десак, ҳақиқатни айтган бўламиз. Аммо асосан лалми ерларга дон экилар, суғориладиган озгина майдондаги ҳосилдорлик 11-14 центнердан ошмас, чунки иқлимга мос бўлмаган уруғлар четдан келтириларди.

Дон ва дуккакли экинлар илмий-тадқиқот институти Қашқадарё вилоят филиалида кўп бўлганман. Лабораторияларда хорижда ишлаб чиқарилган замонавий ускуналардан фойдаланилади. Яна бордим. Филиал директори, қишлоқ хўжалик фанлари доктори Ойбек Аманов Мексика, АҚШ, Грузия, Австралия, Озарбайжон, Россия, Қозоғистон, Туркия каби ўнлаб давлатлардаги олимлар билан ўзаро ҳамкорлик, изланиш натижалари ҳақида ҳикоя қилди. Қашқадарёда яратилган серҳосил, эртапишар, занг касаллигига бардошли юмшоқ буғдойнинг «Яксарт», «Туркистон», «Ғозғон», қаттиқ буғдойнинг лалмикор ерлар учун «Мингчинор», «Лангар», сувли майдон учун «Насаф» навлари ўзини оқлаяпти. Андижон, Хоразм, Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Сурхондарё, Фарғона ва бошқа вилоятларнинг 350-400 минг гектар майдонида ўстирилмоқда. Бу йил Қашқадарё ғаллазорларида экилган навларнинг 70 фоиздан кўпроғи филиал олимларининг изланишлари самараси.

Умуман, воҳада уруғчиликка катта эътибор берилмоқда. Жами 495 уруғчилик хўжалиги 11 минг гектар майдонда буғдойнинг элита ва супер элита навларини етиштирмоқда. Мен Яккабоғ туманидаги Қозоқ қишлоғи атрофидаги далада 20 гектар ерга «Бунёдкор» навидан экиб, «90 центнердан уруғлик ғалла оламан», деган фермер хўжалиги бошлиғи Ойбек Бободўстов билан суҳбатлашдим. Кайфияти аъло. Уруғлик дон жамғариш режаси ҳам уддаланибди. Демак, яна ҳосил мўл бўлади. Хўш, бу навлар қандай ерга экилади ва суғорилади? Юқори ҳосилдорликнинг асоси фақат уруғдами, ёки бошқа омиллар ҳам борми?

1991 йилда Республикамиз бўйича 914 минг тонна, Қашқадарё вилоятида 210 минг тонна дон етиштирилган экан, холос. Ҳосилдорлик ниҳоятда паст бўлган. Тарихий воқеалар шоҳиди, катта олим Шодиёр ака Хўжаназаров шундай маълумотларни келтирди: вилоятда ғалла ҳосилдорлиги суғориладиган майдонларда 2000 йил 14,8 центнерни, 2005 йилда 26, 2009 йилда 44 центнерни ташкил этган. Ўтган йили суғориладиган майдонларда ҳосилдорлик анча ўсган, бироқ қурғоқчилик туфайли лалми ерлардаги ғалла қуриб кетган. Натижада давлатга дон сотиш режаси уддаланди, аммо уруғлик жамғаришга озроқ етмай қолди. Очиғи, айримлар ернинг хусусияти, тупроқ унумдорлигини таҳлил қилишни ёқтиришмайди. Бу ўта зарарли ва хато ёндашув, чунки кучсизланиб қолган ердан ҳеч нарса олиб бўлмайди.

Саксонинчи йилларда воҳа ерлари, айниқса, Қарши даштидаги суғориладиган майдонларнинг катта қисми шўрланиб, қамиш босиб кетган. Коллекторлар тўлиқ тозаланмас, ёпиқ дренаж қувурлари ишламасди. Мустақилликнинг дастлабки йилларида ҳам тупроқ унумдорлигини оширишда кўплаб қийинчиликларга дуч келинди.

Мен юриб-юриб, Қарши даштининг йирик Нишон туманига, унинг энг чеккасидаги Таллимаржон сув омборига етиб келдим. Етмишинчи йилларнинг ўртасида даштни ўзлаштириш шу жойдан бошланган ва янги туман тузилганди. Чўлни ўзлаштиришдаги пала-партишлик, ажратилган маблағларни турли йўллар билан талон-тарож қилиш натижасида кутилган натижага эришилмади. Кейинги йилларда ҳам шўрланиб кетган ерлар деҳқонларни роса қийнаб келди.

Таллимаржон сув омбори улкан шокоса, унда 1-1,5 миллиард кубометргача сув тўпланади ва экинзорларга узатилади. Улкан сув ҳавзасига иш юзасидан келган Ботир ака Раҳимовни кўриб севиниб кетдим. У кишининг фаолияти сув иншоотлари, деҳқончилик билан чамбарчас боғлиқ. Мен «Қашқадарё» вилоят газетасида ишлаганимда Ботир ака Ҳисорак сув омбори қурилишига раҳбарлик қилар эди, барча ишларни якунига етказган ҳам шу киши. Кейинги ўн олти йилда «Аму-Қашқадарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси» бошлиғи бўлиб ишлаб келяпти. Ўтган йили Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ирригатор фахрий унвони билан тақдирланди ва юксак мукофотни Президентимизнинг ўзи топширганидан фахрланади. У киши вилоят ҳокимлиги томонидан ғалла, пахта ва бошқа экинлар парваришига кўмаклашиш мақсадида тузилган «оқсоқоллар гуруҳи»га аъзо экан.

— Ўтган йилги сув танқислиги, қурғоқчилик ҳаммага маълум, — дейман гапни гапга улаб. — Ўша ёз кунларида Деҳқонобод туманида бўлганимда, қир-адирлар қуриб — қақшаб кетгани туфайли қўй-қўзилар қум кавшагани, қанчаси нобуд бўлиб кетганини биламан. Бу йил апрель ойининг охирида бордим, ўт-ўланга тўла қирлар, буғдойзорларни кўриб, Оллоҳнинг марҳаматига шукр айтдим. Адирлар бағридаги 70 гектар лалми ерга буғдой экиб, 20-22 центнердан ҳосил олган фермер Нурмуҳаммад Юсуповнинг севинганини айтмайсизми?! Чорвасига ҳам роса хашак йиғиб олибди.

Катта лалми майдонларга эга Чироқчи туманига ҳам бу йил баракали келди. Масалан, «Файз» хўжалиги 60 гектар ерга деҳқончилик қилган. Бу ерларда ҳосилдорлик 12-14 центнердан ошмасди, бу йил 28 центнерга етибди. Шартнома режасидан ошган, 100 тонна дон хўжалик ўзида қолибди. Қора шудгорга, ерларни озиқлантиришга катта эътибор беришар экан. Чорваси, 10 сотих ерда иссиқхонаси бор экан. Бу йил 20 гектар ерга яна кечки тарвуз эккан. Лалми ерларда меҳнат қилган деҳқонларнинг куни туғди бу йил. Яна қаранг, воҳанинг бир томонида ўрим якунланган бўлса, Китоб, Яккабоғ, Шаҳрисабз туманининг узоқ тоғли ҳудудларида ўрим энди бошланяпти. Лалмикор деҳқонлар орасида ғалладан 30-32 центнердан ҳосил олганлар кўп экан.

— Тўғри айтасиз, бу йил ёмғир мўл бўлди, лалми ерлар яшнади, — дейди Ботир Раҳимов. – Бироқ ҳамиша суғориладиган ерлар мўл ҳосил манбаи бўлиб келган. Бир маълумотни айтай: вилоятда 75 минг гектар ер ўртача, 15 минг гектар ер кучли шўрланган эди. Ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш бўйича ҳукуматнинг бир қанча Дастурлари амалга ошиб, катта маблағлар сарфланди, уларни айтиб ўтирмай. 2018 йилда 917 километр, 2019 йилда 843 километр коллектор тозаланди. Жами 230 километр янги ёпиқ дренаж тизими яратилди ва мавжуд 660 километр ер ости қувурлари шўр сувларни эркин чиқариб ташлаш имконига эга бўлди. Мана, шу ҳавзадан сув оладиган Қарши магистрал канали ва Амударёдан сув чиқариб бераётган насос станцияларини таъмирлаш учун ўзимизнинг ва хорижий сармоялар иштирокида «Фаза-3» лойиҳаси амалга ошмоқда. Шулар асосида 9 та насос, юқори босимга чидамли қувурлар янгиланди. Амударёдан сув олувчи 1-насос станциясига туташган канал лойқадан тозаланди. Натижада экин майдонларига сув узатиш анча яхшиланди. Етмишинчи йилларда қурилган 236 километр лотокларни янгилаб боряпмиз.

— Деҳқончилик тўхтамайди. Янги давр — янги режалар ҳақида ҳам тўхталсангиз?

— Вилоятда 15 та сув омбори бор, — давом этади Ботир ака. – Аммо Президентимизнинг қарорлари, вилоятга ташрифлари давомида берган кўрсатмалари бошқа соҳалар қатори воҳа қишлоқ хўжалигини юксалтириш борасида мукаммал дастурдир. Унга биноан катта ишлар бошланган ва янгилари режалаштирилмоқда. Масалан, Яккабоғ туманида Гулдара сув омбори қуриляпти. Деҳқонободда сел сувлари сунъий ҳавзада тўпланади. Ғузор туманида Амударё сувини узатадиган «Дўстлик-1,2,3» насос станцияси бунёд этишга юртимизнинг жуда катта маблағи ва хорижий сармоя йўналтирилмоқда. Бу орқали 22 минг гектар ерни суғориш тубдан яхшиланади. Китоб туманида «Варганза — 1,2» насос станцияларини таъмирлаш «Оқбой» янги насос станциясини қуришга киришилди. Яқин орада шу туманда Сарой насос станцияси қир-адирларга сув узата бошлайди. Бундай хайрли ишлар Косон, Яккабоғ, Қарши туманларида ҳам мўлжалланган, айримлари бошланиб кетган. Боғ-роғларни томчилатиб суғориш ва сувни тежашга катта эътибор берилмоқда. Демак, келгусида воҳада қишлоқ хўжалиги ва деҳқончилик янада равнақ топади.

Яна бир янгилик. Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 9 январдаги 14-сонли қарорига асосан, фермер хўжаликлари йириклаштирилиб, ўтган йилги 8028 ўрнига 4040 хўжалик билан ғалла сотиш юзасидан шартнома тузилди. Энг муҳими — қарорнинг 8-бандида алмашлаб экишни яхшилаш ва бошқа тадбирлар кўзда тутилган. Демак, энди ер ҳосил беришдан чарчамайди.

Яккабоғ туманида «Суюнов Мирзо Нормахматович» фермер хўжалиги бор. Узоқ йиллар уни Мирзо Суюнов бошқарди, ғалла ва пахтадан юқори ҳосилдорликка эришгани туфайли Республика «Уруғчилик энциклопедияси»га ишлари киритилди. Хўжаликни бир неча йилдан буён ўғли Фазлиддин раҳбарлик қилмоқда. Илғор эди, бир теримда пахта режасини уддалар, ғалласи ҳам мўл бўларди. Ўтган йили собиқ туман ҳокими тазйиқ ўтказиб, хўжаликка тегишли «Класс»комбайни билан ўримга рухсат бермади. Баҳона — ёнғин олдини олувчи қайсидир ускунаси носоз эмиш. Бу ёлғон эди — чунки унинг акалари Тошкентда «Яккабоғ шарбатлари» кичик корхонасини очган, ўзларига тўқ, бир зумда етишмаган эҳтиёт қисмини топиб беришарди. Хуллас, хўжалик товар донни, пахта режасини бажарди, фақат уруғлик донга озгина етмади. Чунки сентябрда экилган буғдой кечикиб ўрилгани туфайли анча дон ерга тўкилиб қолди. Энди туманда янги ҳоким, янгича муносабат. Жами 105 гектарнинг 50 гектарига «Бунёдкор» навли буғдой ўстирган Фазлиддин ҳосилни ўз комбайнида яйраб ўрди, ҳосилдорлик 80 центнердан ошди, режа ошириб уддаланди.

— Деҳқоннинг эркини бўғмаслик, ҳақини ўз вақтида бериш лозим, — дейди Яккабоғ туман қишлоқ хўжалик бўлими бошлиғининг ўринбосари Баҳром Нуралиев.

Бу йил ҳукуматимизнинг қарорига биноан, ҳосилдорлик 51-60 центнер бўлса, 1 тонна дон учун 1 миллион 440 сўмдан, агар 61 центнердан юқори бўлса, 1 миллион 500 минг сўмдан ҳақ тўланади. Бу деҳқонга мадад ва руҳ беради.

Ҳа, илк бор юқори ҳақ тўлаш, моддий омил катта кўтарилишга олиб келди. Вилоятда 638 фермер ҳосилдорликни 65-70 центнерга етказди. Ўримда 470 дан ошиқ, шу жумладан, 70 та янги комбайн қатнашди. Косон туманида Акром Шукуров 760 гектар, Муборак туманида Соҳиб Боймуродов 680 гектар ердаги ғаллани ўриб беришди.

— Очиғини айтайми, ҳукуматимиз деҳқоннинг ёнида турди, — дейди мамнунлик билан Касби туманидаги «Фурқатбек замин кўрки» хўжалигининг иш бошқарувчиси Рўзиқул Ўринов. — Озуқа, сув ўз вақтида етказилди. Ўримда қийналмадик. Жами 52 гектар ернинг ҳар гектаридан 65 центнердан ҳосил олдик. Шартномани 144 фоизга бажардик.

Бу гапни 86 гектар ерда деҳқончилик қилиб, режадаги 222 тонна ўрнига 268 тонна дон сотган фермер Ориф Нормуродов ҳам айтади. Барча туманларда ўзгариш, янгиланишлар яққол кўзга ташланди. Косон, Китоб, Қамаши, Қарши, Касби, Нишон туманларида юқори ҳосилдорлик кўзга ташланиб турди. Энг кўп донни Миришкор ва Косон туманлари ғаллакорлари етказиб берди.

Дастлабки сарҳисоб шундай: вилоятда бу йил 141 минг 800 гектар суғориладиган ва 63 минг гектар лалми ерларда деҳқончилик қилинди. Дон сотиш ва уруғлик жамғариш бўйича 408 минг тонна ғалла етказиб бериш шартномада белгиланган эди. Юртимиз ва Қашқадарё тарихида эсда қоларли воқеа юз берди — жами 500 минг тоннадан зиёд дон етказиб берилди. Суғориладиган майдонларда илк бор ҳосилдорлик 65 центнердан ошди, ўрим давом этаяпти. Айрим ҳисоб-китобларга кўра, фермер, деҳқон хўжаликлари ва аҳоли томорқаларида етиштириладиган дон 1,5 миллион тоннадан ошади.

Ботир ака Раҳимовни Таллимаржон сув ҳавзаси бўйида қолдириб, тўлқинланиб оқаётган Қарши канали ёқалаб йўлга тушаман. Канал суви минг-минглаб гектардаги такрорий экин экилаётган майдонларга оқмоқда. Демак, ноз-неъмат мўл бўлади.

 

Юнус УЗОҚОВ,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: