02.07.2019

30 ИЮНЬ – 2 ИЮЛЬ КУНЛАРИ

Ўзбекистонга Туркманистон орқали Эрондан иссиқ ва қуруқ ҳаво кириб келиши оқибатида ҳаво ҳарорати одатдагидан юқори кўтарилиши кутилмоқда

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Гидрометеорология хизмати маркази томонидан «Об-ҳавони прогнозлаш, маълумотларни аҳолига етказиш, оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик масалаларига» бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.

— Табиий ҳодисалар хўжалик фаолиятига икки хил таъсир кўрсатади, — дейди Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Гидрометеорология хизмати марказининг бош директори ўринбосари Баҳриддин Нишонов. — Табиий экологик ва гидрометеорологик офатлар бир томондан иқтисодиётга катта зарар етказса, бошқа томондан эса об-ҳаво ва иқлим тўғрисидаги аниқ маълумотлар иқтисодий самарадорликда қўшимча ресурсни шакллантиради. Яъни, корхоналар ноқулай об-ҳаво шароитлари оқибатида юзага келадиган йўқотиш ва зарарларни камайтириши, табиий муҳитнинг қулай омилларидан оқилона фойдаланиши ҳисобига даромадини ошириши мумкин. Айни дамда иқтисодиётнинг барча соҳаларида об-ҳаво ва иқлим тўғрисидаги маълумотлар қанчалик пухталик билан қўлланилса, табиий офатларга шунчалик чидамли бўлади.

Ўзгидромет об-ҳаво маълумотлари сифатини янада ошириш мақсадида барча ўзгаришларни узлуксиз кузатиб, ҳар қандай ноқулай об-ҳавони рўйхатга олиб бормоқда. Ушбу маълумотлар улардан манфаатдор бўлган ишлаб чиқариш корхоналари ва фермер хўжаликлари ўртасида тарқатилмоқда. Бугунги кунда Ўзгидромет таркибида 86 метео ва 19 гидрологик станция фаолият юритади. Уларга 133 гидропост ва 3 махсус кўл станцияси, 33 агрометеорологик пост бириктирилган. Бундан ташқари, 12 авиация метеостанция, 1 баланд метеокомплекс ва фонли мониторинг станцияси ҳам маҳаллий метеорологлар ихтиёрида.

Мазкур станциялар нафақат маҳаллий, балки минтақавий ва глобал прогнозларни тузишда ҳам муҳим роль ўйнайди. Масалан, уларнинг учтаси Жаҳон метеорологик ташкилоти (ЖМТ) томонидан узоқ муддатли кузатув станциялари сифатида эътироф этилиб, ЖМТ сертификатларига эга.

Хусусан, Ўзгидромет Жаҳон об-ҳаво метеорология хизматининг минтақавий метеорология марказидир. Шунингдек, Тошкент 1967 йилдан буён Марказий Осиё мамлакатлари учун минтақавий махсус метеорологик марказ ҳисобланади. Яқин Шарқ бўйича метеорологик маълумотларни йиғади. Ушбу маълумотлар энг замонавий технологиялар, жумладан, ер атмосферасининг юқори қатламларини йўлдош орқали тасвирга олинган суратларини компьютерда таҳлил қилиш ёрдамида олинади.

Айни пайтда Ўзгидромет томонидан 200 дан зиёд турдаги таҳлилий ва прогноз маҳсулотлари тарқатилмоқда. Уларнинг қаторида хавфли ҳодисалар юзага келиши тўғрисидаги огоҳлантиришлар муҳим ўрин тутади. Жумладан, хавфли гидрометеорологик ҳодисанинг намоён бўлишига қараб тегишли вазирлик ва идораларга огоҳлантиришлар етказилади. Шунингдек, хавфли гидрометеорологик ҳодисалар эҳтимоли мавжуд бўлган ҳолатларда хавфли ва ўта хавфли ҳодисалар, яъни кўчки ва сел хавфи тўғрисида шторм огоҳлантиришлари чиқарилади.

Яна шуни айтиб ўтмоқчи эдим. Бугун кўпчиликни июль ойининг об-ҳавоси қандай бўлиши қизиқтиради. Шу боисдан июнь ойининг сўнгги кунлари ва июль ойининг биринчи ва иккинчи кунларининг об-ҳавоси қандай бўлиши тўғрисида маълумот бермоқчиман. Бу каби қисқа кунлар бўйича ахборот беришимнинг сабаби, узоғи билан уч кунлик маълумотларнинг аниқлик даражаси юқори бўлади, — деди Баҳриддин Нишонов. Хусусан, 30 июнь – 2 июль кунлари Ўзбекистонга Туркманистон орқали Эрондан иссиқ ва қуруқ ҳаво кириб келиши оқибатида 30 июнь – 1 июль кунлари Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм вилоятида, 1-2 июль кунлари республиканинг қолган ҳудудларида ўртача ҳароратдан 5-7° даража юқори аномал иссиқ бўлиши кутилмоқда. Шунингдек, кундузи ҳаво ҳарорати шимолда +40 даражадан +43 даражагача, жануб ва чўл зонасида иссиқ об-ҳаво +44 — +45 даражагача кўтарилиши ҳамда Бухоро, Навоий, Қашқадарё ва Сурхондарёда гармсел шамоли кузатилиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда.

Шу боисдан ҳам юқорида айтилган кунлари қуёш нури 12:00 дан 16:00 гача жуда ҳам фаол ҳолатда бўлишини ҳисобга олиб, ушбу вақт оралиғида ташқарига чиқишга тўғри келса, тананинг очиқ жойларини қуёш нуридан сақлашга ҳаракат қилиш зарур.

 

Тоштемир ХУДОЙҚУЛОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: