02.07.2019

ЖОРИЙ ЙИЛ 5 ОЙИДА 289 НАФАР ШАХС ОҚЛАНГАН

Ўзбекистон Республикаси Президенти Админстрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Олий суд раҳбарияти ва судьялари иштирокида ОАВ вакиллари учун «Суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар» мавзуида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Унда Олий суд раиси ўринбосари Холмўмин Ёдгоров журналистлар олдида сўзга чиқар экан, кейинги йилларда суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, хусусан, аҳолининг судга бўлган ишончини, қонун устуворлигини, судда адолат ва шаффофликни таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида ахборот берди.

Таъкидландики, бугунги кунда судлар томонидан ўтказилаётган сайёр судлар ва сайёр қабуллар ўз самараcини бермоқда. Айниқса, ишлар маҳаллаларда сайёр суд мажлисларида кўрилаётгани аҳолининг ҳуқуқий маданиятини оширишга, ҳуқуқбузарликлар ва жиноятчиликнинг камайишига эришилишига кўмаклашмоқда.

Статистик маълумотларга қараганда, жами кўрилган ишларнинг 54,2 фоизи сайёр судларга тўғри келади.

Жорий йилнинг ўтган 5 ойида 51 минг 645 та жиноят иши биринчи инстанцияда кўрилган бўлса, шундан фақат 25 фоизига озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлган жазо тайинланган. 9722 та иш бўйича озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар белгиланган.

Бугунги кунда Олий суд ва Ёшлар иттифоқи, Хотин-қизлар қўмитаси, «Маҳалла» жамоат фонди ўртасида ўзаро ҳамкорлик Меморандуми имзоланган бўлиб, мазкур жамоат ташкилотларининг кафиллик хатлари асосида судланувчиларга озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланмоқда.

Бундан ташқари, судларнинг ОАВ билан ҳамкорлиги масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, ўтган йили 4000 дан зиёд суд ишлари матбуотда ёритилган бўлса, жорий йилнинг 5 ойида 5 мингдан ортиқ суд ишлари ҳақида ОАВда жамоатчиликка тезкор ахборот берилган.

Қиёсий таҳлилларга кўра, 2018 йил биринчи ярмида судларда жами 817 минг 656 та иш кўрилган бўлса, 2019 йил 5 ойида 461 минг 100 та иш кўриб тамомланган.

Матбуот анжуманида журналистларни судларда оқлов ҳукмлари ҳақидаги масала ҳам қизиқтирди. Таъкидландики, олиб борилган ислоҳотлар, амалдаги процессуал қонунчиликка киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар, хусусан, жиноят ишларини қўшимча терговга юборишга барҳам берилгани натижасида энди судлар иш бўйича якуний адолатли қарор қабул қилиш ваколатига эга бўлганлиги ва бунинг самараси сифатида 2018 йилда жами 867 нафар, 2019 йил 5 ойида 289 нафар шахс айби судда исботланмагани учун оқланган.

Анжуманда фуқаролик, маъмурий, иқтисодий судлар томонидан кўрилаётган ишлар юзасидан ҳам фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Олий суд раиси ўринбосари ва судьялари журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб беришди.

 

Равшан ШОДИЕВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: