02.07.2019

МАКТАБ ДИРЕКТОРЛАРИ НЕГА ИШДАН БЎШАТИЛДИ?

Сурхондарё халқ таълими бошқармаси бошлиғи ва вилоят прокурори диққатига

«Мен туман халқ таълими бўлими мудири Баҳром Ҳакимовни ўз машинамда олиб юриб, шахсий юмушларини бекаму-кўст бажариб келардим, — дейди Сурхондарё вилоятининг Қумқўрғон туманидаги 19-сон умумтаълим мактаби директори Жаҳонгир Бадалов. — Бироқ, шу йилнинг 18 март куни тунги соат 12:30 ларда телефон орқали берган хизмат топшириғини шаҳар марказидан анча олис қишлоқда яшаётганлигим боис бажара олмадим. Аксига олиб, ўша куни машинамни ҳам отам ҳайдаб кетган эди. 25 март куни мудир мени хонасига чақириб, нега топшириғимни бажармайсан деб, кутилмаганда ерга йиқитиб, калтаклади. Мен жон аччиғида шу куннинг ўзидаёқ туман прокуратурасига мурожаат қилдим. Туман прокурори ўринбосари Намоз Авазовнинг хонасида мудир мендан ялиниб-ёлвориб узр сўради.

Инсон боласи олов каби лов этиб ёнсада, бир зумда ўчади деганлари рост экан. Мен ҳам бир пастда ҳаммасини унутдим. Гарчанд мудирнинг дилозорлигидан қалбим тилка-пора бўлган бўлсада, унинг туман прокурори ўринбосари Н.Авазов ва кекса педагог Т.Нормуродов ҳузурида ялиниб-ёлворишидан қалбим эриб уни кечирдим. Бироқ орадан бир ҳафта ўтар-ўтмас у мени яна хонасига чақириб, прокурорга ёзиб бериб, қўлингдан нима келди, бу ишинг учун ҳали кўрасан, деб дағ-даға қилди. Қўпол сўзларни ишлатиб нафсониятимга тегди. Шундан сўнг мен таҳририятга мурожаат этишга қарор қилдим...».

 

Қумқўрғон туман халқ таълими бўлими мудири Баҳром Ҳакимовнинг бу каби ишларидан норози бўлган 31-сон умумтаълим мактаби ўқитувчиси Абдумажид Саидов, халқ таълими бўлими услубчиси Бибиражаб Сайфитдинова, 11-сон умумтаълим мактаби ўқитувчиси Шерзод Бадаловлар ҳам шикоят қилишди. 16 май куни эса қумқўрғонлик кекса педагог Тилла Нормуродов таҳририятимизга келиб, мудирнинг бу ва бошқа ҳаракатларидан ташвишланиб гапирди.

Биз Қумқўрғон туманига борганимизда халқ таълими бўлими мудири Баҳром Ҳакимов Тошкентга кетган экан. Мудир ўринбосари Парда Зиёдуллаев, бош ҳисобчи Улуғбек Бердимуродов, бош иқтисодчи Жалолиддин Бобожонов, махсус таъмирлаш эксплуатация хизмати мутахассиси Ўктам Темуровлар аризачилардан нолиб шовқин кўтаришди.

Бош ҳисобчи Улуғбек Бердимуродов таҳририятга йўлланган шикоят хатга яна бир бор кўз югуртирдида, булар бир йилдан буён тинимсиз ёзиб юрибди, — деди ғижиниб. — Ҳаммаси туҳмат, исботини топгани йўқ. Қолаверса, бухгалтерия ишларини ҳар ким ҳам тушунавермайди. Бу ишлар билан мутахассислар шуғуллангани яхши. Мана, қўлимда уларнинг хулосаси. Ҳаммаси иғводан иборат эканлиги асослаб берилган.

Дарҳақиқат, вилоят Давлат молиявий назорат бошқармаси бошлиғи ўринбосари М.Эшқобилов, Халқ таълими бошқармаси мутахассислари С.Ашуров, З.Ўтаев, А.Нормуродов, Бандлик бош бошқармасининг Давлат меҳнат ҳуқуқ инспектори А.Менгноров ва бошқалар томонидан тузилган далолатномада ариза муаллифларининг барча даъволари асоссиз эканлиги кўрсатиб ўтилган.

Масалан, аризада 43-мактабнинг собиқ директори Исроил Бойпўлатов мактабларга тарқатилган компьютердан бир донасини мудирга бермагани учун калтакланиб, ишдан ҳайдалгани тилга олинса, яна бир жойда 33- ва 70-сонли умумтаълим мактабларини таъмирлаш баҳонасида 81 та мактабдан 500 мингдан 3 миллион сўмгача пул йиғиштириб олинмоқда, дейилган. Мутахассислар ариза муаллифларининг бу даъволарини ҳам инкор этар экан, қурилиш ишлари бюджет маблағлари ҳисобидан бажарилаётгани, мактаб ходимларининг иш ҳақидан пул ўтказиш ҳолатлари бўлмаганини баён этишган.

Аслида ҳам шундайми? Ҳолбуки, биз текшириб кўрганимизда 19-сонли умумтаълим мактаби ҳисобидан 2018 йилнинг 8 май куни 867 минг сўм пул банкка ўтказилган.

— Агар бу ишлар чуқурроқ ўрганилса, барча кўзбўямачиликлар фош этиларди, — дейди шикоят хат муаллифлари. — Бироқ ҳуқуқни мухофаза қилувчи идораларга ёзган аризамиз тўлиқ ўрганилмади. Тафтишчилар 13 та мактаб билан чегараланиб, жиноятни очиқдан-очиқ яширишди.

Қумқўрғон туман «Сурхон соҳили» маҳалласида яшовчи фуқаро Т.Нормуродов ва бошқаларнинг туман прокурори номига ёзган мурожаати бўйича 2019 йил январь ойида вилоят ДМН бошқармаси бош назоратчиси Ф.Турсунов ва туман молия бўлими мутахассислари иштирокида ўтказилган текширувда бир қатор камчиликлар аниқланган.

Бухгалтерия ҳужжатларида ходимнинг нақд пулни олганлигини тасдиқловчи имзоси бўлмасада, чиқим қилиш ҳоллари амалга оширилган. Масалан, бош ҳисобчи Улуғбек Бердимуродов, 16-сонли умумтаълим мактаб директори Б.Достонов, 47-сонли мактаб директори М.Ғаппоров, шунингдек, 25- ва 50-сонли мактаб директорлари Р.Холматов ва З.Маматалиеваларнинг видемостда нақд пулни олганлигини тасдиқловчи имзоси мавжуд бўлмасада, касса операцияларни амалга ошириш қоидаларига зид равишда хазиначи томонидан 73 миллион 474 минг сўм маблағ чиқим қилиб юборилган. Шунингдек, 50 миллион сўмга яқин озиқ-овқат ва канцелария маҳсулотлари ҳам ана шундай йўллар билан чиқарилган. Бошқа бир ҳолатда эса, 24 миллион сўм бюджет маблағи ортиқча ҳисобланишига йўл қўйилган.

Яна бир масала кишини лол қолдиради. 2-сонли умумтаълим мактабининг ўқитувчиси Сурайё Қорабоеванинг 2017 йили ўртача иш ҳақи ойига 360 минг сўмни ташкил этган бўлса-да, унинг туғиш ва туғишдан кейинги касаллик варақаси учун 19 миллион 980 минг сўм пул ажратилган. Шунингдек, Шоҳиста Алибоева номига 10 миллион 506 минг сўм, Хайринисо Дониевага 9 миллион 565 минг сўм пул ёзилган. Бунинг сабабини бош ҳисобчи Улуғбек Бердимуродовдан сўраганимизда 2-сонли умумтаълим мактабида 50 нафарга яқин аёл ўқитувчи ишлашини, ўтказилган пул маблағлари ана шу мактабдаги барча ҳомиладор аёлларнинг туғишдан олдинги ва туғишдан кейинги касаллик варақалари учун тўланганлигини айтди. Дарҳақиқат, унинг қўлидаги 2017 йилнинг 20 ва 27 декабрь кунлари қайд этилган «Банк тўлов топшириқномаси»да ҳам мактаб ўқитувчиларининг «касаллик варақалари учун» деб ёзиб қўйилган.

Бироқ бизнинг қўлимиздаги иккинчи бир ҳужжат «Банк тўлов топшириқномаси»да эса бунинг акси кўрсатилган. Биз ана шу чалкашликларга аниқлик киритиш мақсадида, юқорида номлари тилга олинган ўқитувчилар билан учрашиш истагини билдирдик. «Бунинг сира иложи йўқ, — деди бош ҳисобчи қатъий оҳангда. — Чунки С.Қорабоева қўшни туманлардан бирига кўчиб кетган бўлса, Х.Дониева эса тўрт йилдан буён кетма-кет тўртинчи боласига ҳомиладор бўлиб, умуман кўринмай қолди. Ҳозир уларни қаерда яшашини ҳам билмаймиз.»

Сўраб-суриштириб, Маккани топибдилар, деганларидек, биз ҳам бир амаллаб, Сурайё Қорабоевани қидириб топдик. Уни бошқа туманлардан бекорга излаган эканмиз. Чунки у халқ таълими идорасининг шундоққина биқинидаги 2-сонли мактабда ишлар экан. Ё, алҳазар! Буни қарангки, Сурайё Қорабоева умуман ҳомиладор бўлмаган экан. Қойил-э!

«19 миллион 980 минг сўм пулдан умуман хабарим йўқ, — дейди у кўз ёшларини аранг тийиб. — Давлат маблағини ўмарган фирибгарлар менинг номимни ҳам булғашди...

Хайринисо Дониева эса тўртинчи боласига эмас, 2017 йили иккинчи боласига ҳомиладор бўлганидан кейин касаллик варақаси учун 2 миллион 500 минг сўм пул олганини гапириб берди. «Менинг номимга ёзилган 9 миллион 565 минг сўм маблағдан умуман хабарим йўқ», — дейди у ҳам ажабланиб.

2-сонли умумтаълим мактабининг собиқ ҳисобчиси Қахрамон Жўраев бизни панадан кузатиб турган кўринади чоғи, охир-оқибат ёнимизга келиб, С.Қорабоеванинг номига ёзилган 19 миллион 980 минг сўм пулни сохта ҳужжатлар билан ёлғиз ўзи ўзлаштириб олганини тан олди. М.Донаеванинг номига чиқарилган 9 миллион 565 минг ва Ш.Алибоеванинг номига ёзилган 10 милллион 506 минг сўм пулдан хабарим йўқ, — дейди у.

Унинг бу гапларига ишониш қийин. Чунки С.Қорабоеванинг номига пул олинган банк ҳужжатларида М.Донаева ва Ш.Алиеваларнинг номи ҳам қайд этилган. Қолаверса, бу каби ишларни халқ таълими бўлими мудири, айниқса, бош ҳисобчи иштирокисиз амалга ошириш мумкинми?

Шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, ходимларга берилган интизомий жазонинг муддати тугамай туриб, уларга рағбатлантириш пули берилиб, ортиқча харажатларга йўл қўйиб келинган. Масалан, халқ таълими бўлимининг 2018 йил 29 май кунидаги 285-К сонли буйруғи билан 23- ва 51-сонли умумтаълим мактаблари директорлари Эркин Искандаров ва Юлдош Зияевга хайфсан берилган бўлса, 2018 йилнинг 29 июнь куни 134-К сонли буйруқ билан 15-сонли умумтаълим мактаб директорининг ўринбосари Я.Менгноров ва бошқаларга интизомий жазо қўлланилган. Бироқ, ана шу даврда уларга ортиқча 22 миллион 479 минг сўм рағбатлантириш пули берилиб, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 180-моддаси талаблари қўпол равишда бузилган.

«Дилфуза Мамадиёрова, Жавҳар Мусаева ва Истам Раҳмоновлар бизнинг мактабимизда умуман ишламайди, -дейди Жаҳонгир Бадалов. — Бироқ, марказлашган бухгалтерия томонидан уларга доимий равишда иш ҳақи тўлаб келинган. Наҳотки, давлат маблағлари шу қадар талон-тарож қилинса. Яқинда пластик картамга 1 миллион 200 минг сўм ортиқча пул ўтказилди. Хазиначидан сўраганимда, бу мудирнинг «ҳаққи», қайтариб беришларинг керак, деди. Кейинги ойдаги иш ҳақимдан қайтириб бердим. Бундан ташқари ҳар ойда 200 мингдан 500 минг сўмгача пул йиғиштириб олинади. Буни кўпчилик билади. Лекин ҳамма жим. Мудирнинг айтишича, бу пуллар турли тадбирларда ишлатилар экан. Қандай тадбирларда? Нега, бу каби ишлар ўқитувчиларнинг ойлик маоши ҳисобидан амалга оширилиши керак?..

Ўқувчи ва ўқитувчиларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида, барча мактабларга тўрт ва олтитадан кузатув камералари ўрнатилди. Ҳар бир камера учун 1 миллион 500 минг сўмдан тўлаб келаётган эдик. Халқ таълими бўлимига Баҳром Ҳакимов мудир бўлиб келган кундан эътиборан, камераларнинг нархи икки-уч барабарга кўтарилди. Яна бир гап. Ўтган йили «Термиз таъминот»дан олтита мактаб учун 14 тадан компьютер жамланмасини олдик. Ҳужжатларни расмийлаштириш вақтида мудир ҳар биримиздан биттадан компьютерни олиб қўйди.

Унинг «инновацион» иш услубларидан яна бири мактаб директорларини тез-тез алмаштиришдан иборат. У қисқа вақт ичида қирққа яқин мактаб директорини ишдан бўшатди. Улар ўрнига мудирнинг чизиғидан чиқмайдиган, ҳар бир гапига «лаббай» деб жавоб берадиган «уддабуронлар» тайинланмоқда. Узоқ йиллик педагогик тажрибага эга бўлган моҳир ўқитувчилар бир четда қолиб, бошқалар директорликка тайинланди.

Масалан, 11-сонли мактаб директори Шерзод Бобоев билимли ва тажрибали мутахассис бўлишига қарамай, мудир шартига кўнмагани учун ишдан олинди.

— Ўқитувчиларнинг иш ҳақидан бўлса ҳам «Обод қишлоқ» дастури учун пул ўтказиб берасан деб, қистовга олди, — дейди Ш.Бобоев. — Ўқитувчилар эса бунга рози бўлмади. Шунда мен иш ҳаққимдан 100 минг сўм ўтказиб бердим. Бу мудирни қаноатлантирмади, аксинча, ғазабини келтириб, мени қувғун қилди.

Ноқонуний ишдан бўшатилгани учун Термиз туманлараро суди уни ишга тиклаш борасида 2017 йилнинг 7 сентябрь куни ҳал қилув қарорини чиқарди. Бу эса мудирга ёқмади. Шундан сўнг уни яна мактаб директорлиги курсисидан йиқитиш мақсадида 2018 йилнинг март ойида йўқ жойдан унга ҳайфсан эълон қилди. 10 май ва 28 декабрь кунлари эса 30 фоизлик интизомий жазога тортди. Сал ўтиб эса, яна ҳайфсан бериб, 2019 йилнинг 4 март куни иккинчи бор ишдан бўшатди.

Фуқаролик ишлари бўйича Сурхондарё вилоят суди туман халқ таълими бўлимининг бу ҳаракатларини асоссиз деб топиб, уни ишга тиклаш борасида қарор қабул қилди. Вилоят Халқ таълими бошқармаси эса суднинг ана шу қарорига асосан шу йилнинг 31 май куни Ш.Бобоевни иккинчи бор 11-умумтаълим мактаби директори вазифасига тайинлаш борасида тегишли ҳужжатларни расмийлаштирди. Бироқ Қумқўрғон туман Халқ таълими бўлими мудири Баҳром Ҳакимов вилоят судининг қарори ва Халқ таълими бошқармасининг буйруғини бажаришни истамаяпти...

— Бибиражаб Сайфиддинова туман халқ таълими бўлимида 33 йилдан буён узлуксиз ишлаб келаётган эди, — деди аризачилардан бири. — Унинг пенсияга чиқишига атиги бир йил қолган эди. Мудир ана шу аёлни ҳам ишдан бўшатди. 24 май куни 3-сонли умумтаълим мактабида ўтказилган йиғилишда айрим ўқитувчиларнинг республика Бош прокурори номига ёзилган аризаси 70 дан ортиқ директорга ўқиб эшиттирилиб, сенлар ҳали мени бош прокурорга ёзадиган бўлдингларингми дея, 19-сонли мактаб директори Жаҳонгир Бадаловни йиғилишдан ҳайдаб чиқарди. Қизиқ, Бош прокурорнинг номига ёзилган ариза мудирнинг қўлида нима қилиб юрибди?..

Бу туманда Президентимизнинг бешта ташаббуси борасида ҳам айтарли иш қилингани йўқ. Ўқувчиларни қўйиб туринг, ҳатто айрим ўқитувчилар ҳам унинг мазмун-моҳиятини англаб етгани йўқ. Буни туман ҳокимининг ўринбосари Нормўмин Алланазаров бошчилигида 8 та мактабда ўтказилган текширишлар якунидан ҳам билса бўлади.

Биз шикоят аризани ўрганиш пайтида эшитган гаплар, аниқланган номаълум ишларнинг айримлари ҳақида тўхталдик холос. Чунки уларнинг кўплари жиддий тафтишни талаб этади. Вилоят прокуратураси, халқ таълими бошқармаси, Халқ таълими вазирлиги бу тумандаги мактабларда ишлаётган ўқитувчилар ва ўқиётган ёшлар манфаатидан келиб чиқиб, масалага ёндашса, адолатли иш бўларди, деб ўйлаймиз.

 

Абди Қодиров,

«Ўзбекистон овози» мухбири.

 

ТАҲРИРИЯТДАН: Ҳар бир соҳада ўзига яраша камчилик ва хатолар бўлиши табиий. Қандайдир хатони кечириш, қайси бирига тоқат қилиш мумкин. Аммо халқ таълими тизимидаги ҳар қандай катта-кичик масалага жиддий эътибор билан қараш талаб этилади. Чунки таълим соҳасида эътиборсиз қолдирилган ҳар қандай камчилик катта йўқотишларга олиб келиши мумкин. Шу боис бир савол бутун жамоатчилик назоратида бўлиши зарур: Бугун таълим тизимида кимлар фарзандларимизга билим ва тарбия бераяпти? Биз фарзандларимиз тақдирини кимларга ишониб топшириб қўйганмиз? Янада аниқ қилиб айтганда, мамлакат келажаги кимларнинг қўлида турибди?..

Халқ таълими соҳасида билимли, маданиятли, ҳалол инсонлар қанча кўп бўлса, муваффақиятларимиз шунча юқори бўлади. Акс ҳолда йўқотишлар кўпаяди, бунинг азобини бутун мамлакат тортади. Масалага ана шу нуқтаи назардан келиб чиқиб, баҳо бериш зарур, деб ҳисоблаймиз.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: