02.07.2019

БИЛАСИЗМИ?

Кимлар мол-мулк солиғидан озод этилган?

Қуйидаги жисмоний шахслар мол-мулк (уй-жойлар, квартиралар, дала ҳовли иморатлари, гаражлар ва бошқа иморатлар, жойлар, иншоотлар) солиғидан озод этилган:

— «Ўзбекистон Қаҳрамони», Совет Иттифоқи Қаҳрамони, Меҳнат Қаҳрамони унвонларига сазовор бўлган, учала даражадаги Шуҳрат ордени билан тақдирланган фуқаролар. Мазкур имтиёз тегишинча гувоҳнома, орден дафтарчаси ёки мудофаа бўлимининг маълумотномаси асосида берилади;

— уруш ногиронлари ва қатнашчилари, шунингдек, уларга тенглаштирилган шахслар. Мазкур имтиёз тегишли гувоҳнома ёки мудофаа ишлари бўлимининг ёхуд бошқа ваколатли органнинг маълумотномаси асосида берилади;

— ўн нафар ва ундан ортиқ болалари бор аёллар. Мазкур имтиёз маҳалла йиғинининг маълумотномаси асосида берилади;

— пенсионерлар. Мазкур имтиёз пенсия гувоҳномаси асосида берилади;

— I ва II гуруҳ ногиронлари. Мазкур имтиёз пенсия гувоҳномаси ёки тиббий-меҳнат эксперт комиссиясининг маълумотномаси асосида берилади;

— ҳарбий хизматни ёхуд ички ишлар органларидаги хизматнинг бошқа мажбуриятларини бажариш чоғида яраланганлиги, контузия бўлганлиги ёки шикастланганлиги оқибатида ёхуд фронтда бўлиш билан боғлиқ касаллик туфайли ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ҳамда ички ишлар органлари ходимлари ота-оналари ва бева хотинлари (бева эрлари). Имтиёз пенсия гувоҳномаси ёки тегишли органлар томонидан берилган маълумотнома асосида берилади;

— энергия ресурсларининг амалдаги тармоқларидан тўлиқ узиб қўйилган турар жойларда муқобил энергия манбаларидан фойдаланувчи шахслар — муқобил энергия манбалари ўрнатилган ойдан эътиборан уч йил муддатга. Имтиёз энергия таъминоти ташкилотлари томонидан берилган маълумотнома асосида берилади.

 

Қандай шахсларга имтиёзли тиббий ёрдам кўрсатилади?

Қуйидаги шахсларга барча республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказларида Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан имтиёзли тиббий ёрдам кўрсатилади:

— болаликдан ногиронлар;

— чин етимлар;

— I ва II гуруҳ ногиронлари;

— 1941 – 1945 йиллардаги уруш ногиронлари ва қатнашчилари, шунингдек, уларга тенглаштирилган шахслар;

— ёшга оид пенсияга чиққан ишламайдиган шахслар;

— 1941 — 1945 йиллардаги уруш даврида меҳнат жабҳасининг қатнашчилари;

— Чернобиль АЭСи фалокатини тугатишда иштирок этган шахслар жумласига кирувчи ногиронлар;

— байналмилалчи-жангчилар;

— фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан моддий ёрдам олувчи кам таъминланган оилаларга мансуб шахслар;

— 18 ёшга тўлмаган патологияли болалар;

— чақирув комиссияларининг йўлланмалари бўйича чақирув ёшидаги (18 – 27 ёшдаги) шахслар.

Шунингдек, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланадиган рўйхат бўйича қуйидагилар:

— патологияли ҳомиладор аёллар;

— эндокрин касалликларига чалинган беморлар;

— жинсий йўл билан юқтириладиган касалликларга чалинган шахслар;

— сил касаллигига чалинган шахслар;

— онкология касалликларига чалинган шахслар.

 

Икки ёшга тўлмаган боласи бор аёлларга қандай имтиёзлар берилади?

Икки ёшга тўлмаган боласи бор аёлларга, дам олиш ва овқатланиш учун бериладиган танаффусдан ташқари, болани овқатлантириш учун қўшимча танаффуслар ҳам берилади.

Бу танаффуслар камида ҳар уч соатда бир марта ҳар бири ўттиз минутдан кам бўлмаслиги лозим. Икки ёшга тўлмаган икки ва ундан ортиқ боласи бўлган тақдирда, танаффуснинг муддати камида бир соат қилиб белгиланади.

Болани овқатлантириш учун бериладиган танаффуслар иш вақтига киритилади ва ўртача ойлик иш ҳақи ҳисоби бўйича ҳақ тўланади.

Боласи бор аёлнинг хоҳишига кўра, болани овқатлантириш учун бериладиган танаффуслар дам олиш ва овқатланиш учун белгиланган танаффусга қўшиб берилиши ёки умумлаштирилиб, иш кунининг (иш сменасининг) бошига ёки охирига кўчирилиб, иш куни (иш сменаси) шунга яраша қисқартирилиши мумкин.

Бу танаффусларнинг аниқ муддати ва уларни бериш тартиби жамоа шартномасида, агар у тузилмаган бўлса, — иш берувчи ва касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишиб белгилаб қўйилади.

 

Адлия вазирлигининг телеграмдаги

«Huquqiy axborot» канали.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: