Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Iyul 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
1 2 3 4 5 6 7
8 9 10 11 12 13 14
15 16 17 18 19 20 21
22 23 24 25 26 27 28
29 30 31 1 2 3 4
02.07.2019

БОЛА ҚАДРИ, ИҚТИДОРИ ВА ТАРБИЯСИ

Қашқадарё вилояти мактабгача таълим тизимидаги ўзгаришлар

Рости, бундан уч йил бурун бу ҳақда сўз очишдан кўпчилик ҳайиқарди. Ҳақиқат шундаки, коллежлар учун маблағларни аямабмизу, бироқ кичкинтойлар тарбия оладиган масканларга қайрилиб ҳам қарамабмиз. 2017 йилда Мактабгача таълим вазирлиги ташкил этилгандан сўнг маълум бўлдики, биргина Қашқадарё вилоятининг ўзида етарлича муаммолар бор экан. Ўша йили вилоятда 3-7 ёшли болаларнинг 13,3 фоизини мактабгача таълим муассасаларига жалб этишга эришилди, холос. Чунки ўтган йилларда бирорта янги боғча қурилмаган, маблағ етишмаслиги баҳонасида эскилари фаолияти тугатилиб, айрим бинолар сотиб юборилган. Хўш аҳвол ҳозир қандай?

2018 йилнинг январи. Шаҳрисабзга келган мамлакатимиз раҳбари бош майдон ёнида қурилган қўшқаватли бинога ташриф буюрди. Бу шаҳрисабзлик тадбиркор Актам Аҳмедов қурдирган 30 ўринли иқтидорли болалар тарбия маскани эди.

— Ушбу учрашувнинг ўзига яраша масъулияти бор, — дейди МТМ мудири Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳиби Шаҳноза Холмаҳматова. — Президентимиз барчамиз билан самимий суҳбатлашди. Бино ичкарисига кириб, хоналарнинг шинам ва иссиқлиги, кичкинтойлар учун яратилган шароитларга алоҳида эътибор қаратди. Биласизми, раҳбаримиз билан суҳбатлашган киши ўзида қандайдир куч-қудрат сезар экан. У кишининг бола бахтли бўлса, бутун жамият бахтли бўлиши ва фарзандларимиз тарбиясига аҳамият беришимиз кераклиги тўғрисидаги фикрлари бир умрга хотирамда муҳрланиб қолди. Мен ҳам она сифатида икки нафар ўғлим, шу масканга умид билан келган кичкинтойлар келажаги ҳақида ўйлай бошладим...

Кўп ўтмай ташкилотчи ва ташаббускор Шаҳноза Холмаҳматова Шаҳрисабз шаҳар мактабгача таълим бўлими мудири этиб тайинланди. Аҳвол анча мураккаб эди. Мавжуд 29 МТМ икки йил олдин 30 фоиздан сал ошиқ болани қабул қилганди. Елиб-югуришди, тадбиркорлар билан кенгашилди, 31 давлат, 23 оилавий, 2 давлат шерикчилик, 9 хусусий мактабгача таълим муассасаси ишлай бошлади. Жорий йил охиригача 3-7 ёшдаги болаларнинг 72 фоизини мактабгача таълим муассасаларига қамраб олиш режаси тузилди ва амалга оширилмоқда. Шаҳноза Холмаҳматова билан «Кеш» маҳалласида яшовчи Тўлқин Хуррамовнинг қўш қаватли уйида очилган оилавий муассасани кўришга бордик. Жами 25 бола тарбияланмоқда, шароити яхши. Шаҳар ҳокими Тўлқин Каримов чекка маҳаллаларга сув чиқариш, иссиқхона қуриш ишлари бошида турган экан. 27-МТМ га боргандим. «Бинони марказий канализация тизимига улаймиз», деди ҳоким. Янгиликлар кўп — инглиз ва рус тилларини ўргатувчи 30 дан ошиқ гуруҳлар очилган, 14-МТМ да эса 20 бола мақом санъати сирларини ўрганмоқда.

Шаҳардан ажралиб, мустақил бўлган Шаҳрисабз тумани бўйича дастлаб 3-7 ёш болалардан аранг 10 фоизини жалб қилишга имкон топилди. Мактабгача таълим муассасалари Шаҳрисабз туман бўлими мудири Дилором Имомова қаровсиз биноларни таъмирлаш, оилавий, шерикчилик асосида муассасалар ташкил этиш борасида қилинган ишлар ҳақида гапириб берди. Бугунги кунда болаларни қамраб олиш 50 фоиздан ошибди. Айниқса, тоғли қишлоқларда қийинчилик кўп экан.

— Қишлоғимизга келганмисиз? —деб сўрайди телефон орқали боғланганимизда Ғилон қишлоғида янги очилган МТМ мудири Умиджон Халилов. — Чўққиларини доимо қор босиб ётадиган Ҳисор тоғлари бағрида яшаймиз. Одамларимиз 7 мингдан ошиқ. Боғдорчилик, картошкачилик, чорвачилик билан шуғулланамиз. Бўшаган коллеж биносида 100 болага шароит яратилди. Яна 300 бола навбат кутаяпти. Бу масалани ҳам ҳал қилиш керак.

Мамлакатимиз раҳбари ўтган йил бошида вилоятга ташрифи чоғида Деҳқонобод туманининг ҳам тараққиёт режаларини белгилаб берганди. Чунки темир йўл боргани, калий заводи қурилгани билан барча муаммоларни ҳал қилиб бўлмайди — энди қир-адирларда шифобахш ўсимликларни етиштириш, иссиқхоналар, кичик корхоналарни кўпайтириш, сув омбори қурилишини шу йил охиригача тугаллаш, Карашина шаҳрига тоза ичимлик суви қувурларини тортиб келиш, энг яхши лойиҳа асосида янги МТМ биносини қуриш ва бошқа вазифалар амалга ошмоқда. 2017 йилда мавжуд 7 та МТМ га тумандаги болаларнинг 3,2 фоизи қатнаган. Ўтган йили бу кўрсаткич 13 фоизга етган.

Обод қишлоғида 75 ўринли бино қурилиши якунланди. Тадбиркор Нуриддин Бозоров 100 ўринли иморатни тиклашга киришди. 5 та оилавий МТМ ташкил этилди. Тоғли Галабулоқ қишлоғида тадбиркор Эсонтурди Ражабов банкдан олган 1 фоизли 823 миллион сўм кредит ва ўз сармояси эвазига қурган бир қаватли мактабгача таълим муассасасида 70 бола тарбиялана бошлабди. Келини Адолат Эсонтурдиева бош тарбиячи. Хусусий бўлгани учун овқат, тарбиячиларга маблағ топиб бериш қийинлашмоқда, иш тўхтаб қолиши мумкин экан. Мен унга давлат-шерикчилик асосида ишлашга ўтишни маслаҳат бердим. Чунки 900 нафар аҳоли яшайдиган Галабулоқ, атрофдаги Тоғайтемир, Қўрғонтепа, Усмондара каби қишлоқларни ҳам қўшса, янги МТМ иши тўхташига йўл қўйиш мумкин эмас. Чунки қанча кичкинтойлар дафтар-қаламларини шайлаб, навбат қутишмоқда, ахир...

Туман қир-адирлари бағрига сочилиб кетган қишлоқларида 400 минг аҳоли истиқомат қилаётган Чироқчи шароити бундан-да мураккаб эди. 2017 йилда бу ҳудудда бор-йўғи путурдан кетган 12 боғча бор эди. Уларда жами болаларнинг 2,3 фоизи қамраб олинарди холос. Ўтган йили туманда яшаётган 40 минг 728 боланинг атиги 8 фоизи МТМ ларга қатнай бошлади. Эркабой Боймуродов туман мактабгача таълим бўлими мудири этиб тайинланди. «Ҳамма имкониятлардан фойдаланяпмиз, ҳозир 17 давлат, 6 шерикчилик, 23 оилавий муассаса ишлаяпти. Ўзига тўқ тадбиркорлар кўп, оилавий МТМ ларни йил охиригача 100 тага етказамиз, шу орқали 50 фоиз болаларни жалб этиш имкониятини яратамиз», дейди у.

 — Дарҳақиқат, ўзгаришлар кўп. Жар қишлоғида тадбиркор Рафоат Бўронова ташкил этган оилавий МТМ барчага намуна қилиб кўрсатилмоқда. Қорабуруқ қишлоғида тадбиркор Фарҳод Жуманов қурган қўш қаватли, 130 бола тарбияланаётган муассасада яратилган шароитга қараб кўзингиз қувнайди. Шерикчилик асосида ишлаб, ота-оналардан 150 минг сўмдан маблағ олишга келишилибди. Яна 10 болага 45 минг сўмдан тўлов тўлашга имконият яратиб беришибди. Икки йил олдин Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетини битириб келган Рушана Каримова тайёрлов гуруҳида ўтаётган машғулотга қатнашиб, инглизча сўзларни жуда тез ўрганиб олаётган болажонларни зеҳни ва интилишларини кўриб, роса қувондим. Муассаса инглиз тили ўргатиш йўналишида. Бундай таълим масканлари вилоятда 100 дан ошиқ экан. Ана шу қишлоқдаги даргоҳни инглизча «HELLO HAPPY KIDS» — «Салом, азиз болажонлар», деб аташибди.

Китоб туманининг Олақўйлиқ қишлоғида яшаётган Иккинчи жаҳон уруши иштирокчиси, 100 ёшли Мажид Хидировнинг уйи дарахтзорлар бағридаги 18-МТМ билан ёнма-ён.

— Жами 140 болага мўлжалланган боғчага ҳозир жуда оз бола қатнайди. Ана шу МТМда яқинда таъмирлаш ишларини бошлаймиз, — дейди Қашқадарё вилояти мактабгача таълим бошқармаси бошлиғи Асрор Алимардонов. — 1991 йилда вилоятда 700 боғча бўлган. 2017 йилда сақланиб қолган 326 муассасага вилоятдаги жами болаларнинг атиги 13 фоизини жалб қила олдик, холос. Чунки ўтган йиллар давомида вилоятда бирорта боғча биноси қурилмаган. Мен беш йил Шаҳрисабз туман халқ таълими бўлими раҳбари бўлиб ишлаганман, молиячилар маблағ кам, деб қанча боғчаларни тугатиб юборишганини биламан. Йил охиригача вилоятдаги 275 минг 123 боланинг 50 фоизидан ошиғи МТМ ларга қатнай бошлайди. Ҳамма имкониятлар яратилаяпти, 1 фоизли, имтиёзли кредитлар ажратилаяпти, тадбиркорлар қўллаб-қувватланаяпти.

Китоб туманидаги 18-боғчани таъмирлаш 2020 йилда амалга оширилади. Бу учун 3,3 миллиард сўм маблағ ажратилаётган экан. Лойиҳа асосида жойлар сони 125 ўринни ташкил этаркан. Бу борада Ғузор туманида ҳам ижобий ўзгаришлар юз бермоқда. Икки йил олдин бор-йўғи 14 МТМ бўлган Қамаши туманида янгилари жадал қурилмоқда. Касби, Муборак, Косон, Нишон ва бошқа туманларда янги-янги болалар муассасалари ишга тушаяпти. Узоқ чўл тумани — Миришкордаги ишлар жадал. Ўтган йили Женов қишлоғида 100 ўринли МТМ ишга тушганига гувоҳ бўлгандим, энди яна биттага кўпайибди. «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурлари асосида 11-,12-, 8-МТМ бинолари сифатли таъмирдан чиқибди. Марказдан узоқ, 17 минг аҳоли истиқомат қилаётган Помук қишлоғида янги МТМ тикланмоқда.

Икки йил олдин Яккабоғ туманидаги жами боланинг 9,6 фоизи МТМ ларга борган. Бир йил ичида бу кўрсаткич 20 фоизга, МТМ лар сони 42 тага етди. Йил охиригача 53 МТМ бўлиши режалари тузилган ва кураш давом этмоқда.

Яккабоғ туман мактабгача таълим бўлими мудири Шаҳноза Бегнаева билан суҳбатлашдим. Хўжаилғор қишлоғига бордим. Илгари қурилган эски иморат таъмирланибди. Жами 2 миллиард 800 миллион сўм маблағ эвазига 115 ўринли қўшқаватли янги бино тикланибди. Шу 15-МТМ давлат қарамоғида, ота-оналардан 45,5 минг сўмдан, агар 2 бола қатнаса, 32 минг сўмдан тўлов олинаётган экан. Шароити жуда яхши. Аммо 500 метр наридан ўтган табиий газ тармоғига уланмабди. Бу муаммони ҳал қилиш керак.

Тўйхона, тиббий диагностика маркази қурган тадбиркор Шоира Ҳайдарова кредит ва ўз маблағи ҳисобидан қўшқаватли, «Тонг ёғдуси» МТМни қурди. Давлат-шерикчилиги асосида ишлаяпти, шароити намунали. Мактабда 27 йил бошланғич синфларга дарс берган Раъно Азимова хонадонига 25 болани жалб қилиб, таълим-тарбия бераяпти. Намунали, янги уй бўлгани туфайли шароити яхши.

Яккабоғ шаҳридаги Оқтош маҳалласида тадбиркор Маҳзуна Аҳмедовага тегишли давлат-шерикчилик асосида ишлаётган 120 ўринли МТМ мени ҳайратга солди. Банкнинг 1 фоизли 2 миллиард сўм кредити, яна тадбиркор сармояси ишлатилган бино лойиҳаси Жанубий Кореянинг энг яхши болалар муассасалари намунасида, ўзимизнинг шароитимизни ҳисобга олиб тайёрланган. Бинони вилоятдаги тажрибали ташкилот — Жамол Ғаффоров раҳбар «Авангардгидро экспресс» МЧЖ тиклаган. Оёқ ости иситилади. Санитария тизими аъло — кичкинтойлар ва тарбиячилар учун алоҳида-алоҳида шароит. Ошхона, овқатланиш хоналари, ётоқхоналар энг замонавий ускуна ва мебеллар билан жиҳозланган. Тарбиячилар танлаб олинган, рус, инглиз тили ўргатилаяпти. Яна янгилик — барча хоналарга кузатув камералари ўрнатилган. Ота- оналар телефон орқали фарзандлари аҳволидан хабардор бўлиб туришади. Маълум бўлишича, ана шундай замонавий лойиҳалар асосида вилоятда ўнлаб янги МТМлар қурилаётган экан.

Қарши шаҳар мактабгача таълим бўлимига Ораста Тошева мудирлик қилаяпти. Ўзбек тили ва адабиёти муаллимаси, уч йил Қарши шаҳар ҳокими ўринбосари бўлиб ишлаган, хотин-қизлар қўмитасига раҳбарлик қилган, ташкилотчи, жонкуяр.

Шаҳарда бир замонларда 300, ҳатто 400 ўринли боғчалар қурилган, кейин тўхтаб қолган. Икки йил бурун шаҳар болаларининг 30 фоизга яқини, бугун 52 фоизи муассасаларга қатнаяпти. Йил охиригача бу кўрсаткич 60 фоиздан ошади. Чунки давлат, хусусий, шерикчилик, оилавий муассасаларнинг янги-янгилари ташкил этилмоқда. Мутахассис кадрлар билан таъминлаш ҳам бошқа туманларга нисбатан яхшироқ. Айниқса, оилавий боғчаларни жиҳозлаш талаблар даражасида.

Рус тили ўргатишга ихтисослашган, Моҳира Азизова мудирлик қилаётган 14-МТМга бордим. 1983 йил қурилган бино яхши таъмирланган, 370 бола 14 гуруҳга бириктирилган. Шаҳардаги барча бинолар каби газ билан иситилар экан, ошхонага ҳам табиий газ ўтказилган, шароити яхши. Ишни ўрганиш жараёнида янги таклиф ва мулоҳазалар туғилибди:

Биринчи таклиф. Олий маълумотли тарбиячи Нафиса Турдиева ўрта гуруҳда 22 бола билан турли кўргазмали қуроллар асосида машғулот ўтаётган экан. Тарбиячи телефон орқали бугун машғулотга келмаган 4 нафар бола ҳақида маълумотни тўғри Тошкентга, вазирликка узатди. Бугун алоқа воситалари ўта ривожланган даврда бу яхши қулайлик. Энди вазирлик хабардор бўлади, давлат сиёсати шундай — бола азиз, янги миллат ва халқ улар орқали шаклланади. Яккабоғ туманидаги давлат-шартнома асосида ишлаётган янги «Сирли булоқча» муассасасида видео камералардаги тасвирларни ота-онанинг телефонига узатиш ҳақида ўйлашаётган экан. Бемалол эпласа бўладиган иш. Яна муассаса эгалари иккинчи қаватдаги деразалар учун нафис панжаралар буюришибди, зинапоянинг ён тўсиғини узайтириб, хавфсиз қилиш ҳақида ўйлашаётган экан. Қаршидаги 14-МТМ да ҳам, янги қурилаётган бошқа биноларда ҳам ана шу хавфсизлик ҳақида ўйланса, лойиҳаларга киритилса, нохуш ҳодисаларнинг олди олинган бўларди. Чунки болалар шўх, хавф-хатарга писандсиз бўлишлари табиий.

Иккинчи таклиф. 1983 йилда қурилган, 2015 йилда таъмирланган, 300 болага мўлжалланган 39-МТМда яхши тажрибага дуч келдик. Мураббий Шавкат Алиқулов 3 гуруҳдаги 60 болага қўл жанги сирларини ўргатаётган экан. Мен 5 ёшли Темур Муродов ва 7 ёшли Асад Илҳомовнинг машқини кузатдим. Шу йил апрель ойида Тошкентда болалар ўртасида ўтказилган Осиё очиқ чемпионатида мазкур даргоҳдан — Заҳро, Мадина, Баҳора, Довуд, Беҳруз қатнашиб, совринли ўринларни эгаллашибди. Улар билан суҳбатлашдим. Фикр туғилди — болаларни қабул қилишда 7 хил имтиёз белгиланган экан. Аммо иқтидорли болаларни танлаш кўзда тутилмаган. Бу ҳақда айтганимда, вилоят бошқармаси бошлиғи Асрор Алимардонов Қарши шаҳрида иқтидорли болалар учун алоҳида муассаса ташкил этиш режаси борлигини маълум қилди. Афсуски, бу билан масала ечилмайди. Биргина Чироқчи туманида руйхатдан ўтган 4 минг бола навбат кутаяпти. Демак, Саккизинчи имтиёзни жорий этиш керак. Масалан, 50 бола навбати билан қабул қилинаётганда, уларнинг 5-6 таси (ёки кўпроғи) ўқиш-ёзишни билиши, расм, мусиқа, спортга қизиқиши синовдан ўтказилиб, иқтидорлиси қабул қилинади. Синаб кўриш керак.

Учинчи таклиф. Қарши шаҳрида янги тажриба — «Аутсорсинг» хизмати жорий қилинибди. Бошқача айтсак, «Нишон кўзгуси» фермер хўжалиги ва «Вақт завқи» хусусий корхонаси МТМлар ошхоналарини ижарага олибди. Ошпазларга иш ҳақини ҳам ўзи тўлар, масаллиқлар билан таъминлар экан. Болаларни овқатлантириш ҳамиша эътибор талаб қилган. Вазирлар Маҳкамасининг Мактабгача таълим муассасаларининг фаолиятини такомиллаштириш тўғрисидаги қарорига биноан алоҳида Низом қабул қилинган. Муассасалар ва ота-оналар ўртасида тузилаётган шартномаларда санитария қоидалари, нормалари, гигиена нормативлари асосида сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш мажбурияти олинган.

Нитратга тўйдирилган сабзавот, сифатсиз гўшт, кейинги пайтда пайдо бўлган биоқўшимчалар ва антибиотиклар билан боқилган товуқларни болалар овқатига ишлатиб бўлармикан?

Шўро замонида, ундан кейинги йилларда ҳам муассаса мудири, парҳез таомлар ҳамшираси, таъминотчи «Таомнома»ларни имзолаган. Ҳақиқатни биладиган, кичкинтойларни ўз фарзандидек ардоқлайдиган тарбиячи бир чеккада қолиб кетаверган. Замон ўзгарди, ота-оналар ишонадиган, болалар меҳр қўйган тарбиячилар ҳам «Таомнома»ларни имзолаши, «мулоҳаза» деган жойига қайси овқатлар берилмаганлиги, сифати ҳақида фикрларини ёзишни жорий қилиш лозим. Шунда кўп тортишувлар ўз-ўзидан ҳал бўлади. Хусусий, оилавий муассаса эгалари ошхоналарини тадбиркорларга ижарага беришга кўнмайди, сифатли овқатлантиришдан улар ниҳоятда манфаатдор, шунинг учун яхши масаллиқлар олиб келишади.

Кичкинтойлар тарбия олаётган муассасалар иши билан танишар эканман, воҳада яхши ишлар кўпайиб бораётганига амин бўлдим.

Ўтмишдаги камчиликлар ва бугунги ўзгаришларни эринмай ўрганиш, энг чекка қишлоқларга бориш, турли йўналишдаги болалар таълим масканларини таққослаш маслаҳатини берган, қайси бири афзаллигини сўраган Қашқадарё вилояти ҳокими Зафар Рўзиевнинг сўроғига шундай жавоб бергим келди:

— Қаерда бола чинакам қадр топса, ўша жой афзал! Тарбия муассасаси қадрдон уйга айланиши, фарзандларимиз бир оила бағридан иккинчи оила бағрига бориши лозим. Янги давр талаби шундай!

 

Юнус УЗОҚОВ,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: