02.07.2019

ИСЛОМ ЦИВИЛИЗАЦИЯСИ МАРКАЗИ — ИСЛОМ МАЪРИФАТИ МУЖАССАМ МАСКАН

Даврон МАХСУДОВ, Ўзбекистон халқаро ислом академиси доценти, тарих фанлари номзоди:

Сўнгги йилларда мамлакатимизда диний-маърифий соҳада қатор ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Имом Бухорий, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Мир Араб олий мадрасаси, Ҳадис илми мактаби, калом, фиқҳ, ақида, ҳадис, тасаввуф мактабларининг очилиб, фаолият юритаётгани ва айниқса, Ислом цивилизацияси марказининг бунёд этилаётгани юртимизда дин, диний қадриятлар, азалий анъаналаримизни илмий, маърифий асосда ўрганишга қаратилган ҳаракатнинг ёрқин намунасидир.

Булар орасида юртимиз тарихида илк бора қад ростлаётган Ислом цивилизацияси марказига халқимиз ва ҳатто хорижликларнинг ҳам қизиқиши ортиб бормоқда. Шундай экан, Ислом цивилизацияси қандай марказ, нима ишлар билан шуғулланади, бу ерда таълим бериладими ёки фақат тадқиқотлар амалга ошириладими каби бир қатор саволларга жавоб беришга ҳамда унинг мазмун-моҳияти, мақсад ва вазифалари нималардан иборат эканлиги, келажакда инсонлар маънавий юксалиши, маърифий такомили учун нималар бера олиши каби мулоҳазаларга аниқлик киритишга ҳаракат қилсак. Зеро, инсон ва жамият маънавий такомили учун муҳим роль ўйнайдиган мазкур Марказ фаолияти ҳақида жамоатчилигимиз хабардор бўлишга, албатта ҳақли. Шу ўринда таъкидлаш лозимки, ҳали Марказда қурилиш ишлари давом этмоқда ва бинонинг фойдаланишга топширилиши 2020 йилга мўлжалланган. Шундай экан, истиқболда бўладиган ишлар бўйича фикрлар билдирилади ва улар асосан йўналтирувчи характерга эгалигини ҳам эслатиб ўтиш керак.

Шу жиҳатдан, Ислом цивилизация марказининг моҳияти хусусидаги мулоҳазаларни қуйидаги мақсадларни ўзида мужассам этган жиҳатлар орқали янада билиш мумкин.

Биринчидан, Бугунги шиддат билан ўзгариб бораётган бир даврда барча масалаларни, шу жумладан, диний таълимотни ҳам илмий асосда ўрганиш муҳим саналади. Содда қилиб айтганда, илм, маърифатсиз «узоққа бора олмаслигимиз» аниқ. Аслида улуғ зотларнинг авлодлари саналган ушбу миллатнинг бундан бошқа чораси йўқ, десак ҳам хато бўлмайди.

Шу маънода, Ислом цивилизация маркази илмий маскан саналади. Чунки бу ерда мунтазам равишда илмий изланишлар олиб борилади. IX-XI асрларда Хоразмда «Дорул маърифа ва ҳикма» ва Бағдодда «Байт ул-ҳикма», яъни «Донишмандлик уйи» каби илмий марказлар бўлган. Ушбу Марказ ҳам улар каби «илм ва ҳикмат уйи» ҳисобланади. Марказда аждодларимизнинг асарлари тадқиқ қилинади, таржималари амалга оширилади, таҳлил қилинади. Марказнинг улкан кутубхонасида ислом оламининг ноёб дурдона асарлари ва уларнинг электрон ҳамда факсимиль нашрлари жамланадики, уларни ўрганиш асосий вазифа бўлиб қолади.

Ушбу мақсадда Ўзбекистоннинг энг етакчи олимлари, мутахассислари, илмий изланувчилари, ҳатто хорижнинг етук алломалари жалб қилинади. Ўзбекистон халқаро ислом академияси илмий изланиш олиб бораётган тадқиқотчиларнинг масканига айланиши, шубҳасиз. Уни Имом Бухорий ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказларидан қандай фарқи бўлади, деган савол туғилиши табиий. Жавоб сифатида айтиш мумкинки, мазкур халқаро илмий-тадқиқот марказларида асосан ҳадисшунослик билан шуғулланилса, Ислом цивилизация марказида барча соҳаларда, жумладан, Қуръоншунослик, тафсиршунослик, ҳадисшунослик, сийратшунослик (Пайғамбар алайҳиссалом ҳаёт йўлларини ўрганиш), ислом ҳуқуқи (фиқҳ), ақида, тасаввуф, ислом тарихи, араб тилшунослиги каби билимлар кенг ўрганилади. Бундан ташқари, архитектура, физика, кимё, фалакиётшунослик, минерология, тиббиёт, фармокология каби йўналишларда ҳам илмий изланишлар олиб борилади. Чунки аждодларимиз асарларининг салмоқли қисмини ҳам ушбу соҳалар ташкил этишини эслатиб ўтиш даркор. Лекин масаланинг яна бир жиҳати шундаки, ҳам фалакиётни билиб, манба ўқий оладиган, тиббиётчи ёки фармацевт бўлиб, қўлёзмалардан керакли муолажаларни ўқиб ўрганадиган мутахассисларни бугунги кунда топиш қийин. Шундай экан, келажакда мазкур илмлардан бохабар ва қўлёзма манбаларини мутолаа қила оладиган кадрларга ҳам эҳтиёж ортиб боради. Демак, бу борада ҳам чуқурроқ ўйлашимиз ва келажакда соҳа мутахассисларини тайёрлаш бўйича чораларни белгилашимиз керак бўлади.

Марказда тарихимиз билан боғлиқ кўплаб ашёлар ва визуал материаллар йиғилгани боис Ислом академиясининг юқори курсларида таҳсил олувчи мутахассисликка доир фанларнинг амалий машғулотларини шу ерда ўтказиш мақсадга мувофиқ саналади. Бу, бир томондан, олинган назарий билимларни мустаҳкамлашга кўмаклашса, иккинчи томондан, тарихий материалларни кўз билан кўриш ва фойдаланиш имкониятини беради. Бундан ташқари, Марказда исломгача бўлган даврга оид ашёлар ҳам жой олгани учун археологлар, миллий кийим ва ҳунармандчилик маҳсулотларимиз жойлашгани сабабли этнологлар, ҳунармандлар, қадимий ёдгорликларнинг макетлари борлиги учун архитекторлар бу ердан кўплаб амалий маълумотларни олишлари мумкин. Қўйингки, Марказда ўрта асрлар хаттотлиги, наққошлиги, санъати ва ҳатто ошхона ва кулинарияси ҳам ўрин эгаллайди. Албатта, булар ташриф буюрувчиларга ўтмишимизнинг ҳали кўп ҳам маълум бўлмаган қирралари ҳақида тасаввурлар уйғотса, яна соҳанинг бўлажак мутахассисларига амалий машғулот маскани ҳам бўлиб қолиши, шубҳасиз.

Иккинчидан, тарихда ўтган буюк алломаларимиз – Имом Бухорий, Абу Мансур Мотуридий, Мусо Хоразмий, Ибн Сино каби буюк сиймолар юртимиз номини дунёга танитган шахслардан ҳисобланади. Мусулмон дунёсининг мўътабар манбаларида ҳам Бухоро, Самарқанд, Фарғона, Урганч, Шош каби қадим шаҳарлар улуғ олимлар юрти сифатида кўп бора тилга олинади. Жумладан, Бухоро Ислом динининг минораси, Самарқанд ер юзининг энг гўзал шаҳри, дейилади. Арабларнинг эътирофига кўра, Хоразмлик Замахшарий бобомизсиз араб тили унутилиши ҳам мумкин эди. Мусо Хоразмий саноқ тизимини кашф қилмаганида бугунги юксак технологияларни ҳам тасаввур қилиш амри маҳол бўлиб қоларди. Баҳоуддин Нақшбанд қўл ва қалб бир вақтнинг ўзида икки ишни бажариб, бир мақсад сари интилиши борасидаги соф ғояни илгари сурмаганида тасаввуфий таълимот бунчалик халқчил ва тушунарли бўлмай қолармиди? Ибн Синонинг тиббиёт соҳасидаги хизматларисиз бугунги илғор Ғарб медицинаси ҳар қандай касалликка даво топа олармиди? Мотуридий бобомиз соф ақидани мусулмонларга етказмаганида бугунги мусулмон жамиятида оқим ва тоифалар қарашларига етарлича жавоб берилмай қолармиди? Мовароуннаҳрда чуқур илдиз отган ҳанафийлик мазҳаби эса, Абу Ҳафс Кабир Бухорий, Абу Зайд Дабусий, Бурҳониддин Марғилоний илмий мероси билан мустаҳкам илмий асосларга эга бўлди. Қўйингки, бундай мисолларни кетма-кет келтиравериш мумкин.

Ўз навбатида, буни ислом оламининг машҳур олимлари ҳам эътироф этмоқда. Машҳур Ал-Азҳар университетининг ректори Аҳмад Тоййиб жаноблари ўз юртларидаги кутубхоналарни Бухорий, Мотуридий каби зотларнинг китобларисиз тасаввур қилиб бўлмаслиги эътироф этган бўлса, Фан, таълим ва маданият масалалари бўйича Ислом ташкилоти — ISESCO собиқ бош директори Абдулазиз ат-Тувайжрий 2017 йилда Тошкентдаги илмий мажлисларнинг бирида Ислом дини араб диёрида пайдо бўлса ҳам, бироқ унинг илмий асослари ажам халқлари, жумладан мовароуннаҳрлик олимлар томонидан амалга оширилганини таъкидлаган эди. Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистон замини ислом илм-фани ва маданиятининг қадимий бешикларидан бири ҳисобланади. Бироқ ўтган салкам бир асрлик давр мобайнида биз ушбу бебаҳо меросдан узоқлаштирилдик, улуғ аждодларимиз кимлигини билмадик, анъанавий қадриятларимиз бегона бўлиб борди. Шундай бир пайтда улкан меросни англаш, халқимизга, айниқса, ёшларимизга етказиш, тушунтириш, ундан намуна олиш масаласи долзарб бўлиб қолди. Бунёд этилаётган ушбу Марказда ўтган салкам бир ярим минг йиллик мерос қўлёзма асарлар, электрон тақдимотлар, фильмлар, экспонатлар орқали тақдим этилади. Бу ҳам маърифатни тарғиб қилишнинг замонавий кўринишларидан биридир.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек: Халқимизнинг ана шундай бой тарихий, илмий, маънавий меросини ҳар томонлама ўрганиш, жаҳон афкор оммасига кенг таништириш, энг муҳими, ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини чуқур очиб бериш мақсадида биз азим пойтахтимиз Тошкент шаҳрида Ўзбекистондаги Ислом маданияти марказини барпо этишга қарор қилдик.

Мазкур мақсадлар ижроси учун Марказда ноёб қўлёзмаларга эга фонд ташкил этилиши ҳам кўзда тутилган. Қўлёзмаларни сақлаш ва келажак авлодга етказиш учун реставрация қилиш, тиклаш, нусха олиш ва кўпайтириш бўлими ҳам иш юритади.

Учинчидан, глобаллашув даврида турли оқим ва тоифалар кўпайиб бораётган бир пайтда Марказ ёшларга буюк ўтмишдан намуна олишга ёрдам берса, яна бир томондан, бу ерда соф ислом таълимотини тарғиб ва ташвиқ қиладиган китоблар, таржималар, интернет маълумотлари тайёрланади ҳамда халқимизга етказилади. Бу ерда китоб дўконлари, кутубхона, матбаа маҳсулотлари ташриф буюрувчиларга хизмат қилади.

Марказ фаолияти, илмий китоб ва журналлар, олиб борилаётган илмий-тадқиқот ишлари бўйича маълумотлар, ислом олами ва соҳадаги янгиликларни ёрутувчи турли шаклдаги доимий нашр ишларини амалга ошириш учун энг замонавий ускуналар мажмуасидан иборат нашриёт ҳам хизмат кўрсатади. Бундан ташқари, йирик халқаро анжуманлар, республика ва хорижлик олимлар билан илмий семинарлар ташкил этиш, халқаро қорилар мусобақаси ва бошқа тадбирлар ўтказишга режалаштирилган, энг замонавий технологиялар асосида жиҳозланган салкам беш юз кишига эга конференция зали иш юритиши режалаштирилган.

Ҳозирда Марказ халқаро алоқаларни йўлга қўйиш, турдош хорижий ташкилотлар билан муносабатлар ўрнатиш мақсадида бир қатор хорижий муассасалар билан ҳамкорликларни бошлаган. Ислом ҳамкорлик ташкилотининг КОМСТЕК, ICESCO, IRCICA таркибий тузилмалари, Оксфорд ислом тадқиқотлари маркази, Саудия Арабистони ахборот ва араб-рус тадқиқотлари маркази кабилар билан алоқалар ўрнатилган.

Мухтасар айтганда, Президент қарорида таъкидланганидек, бу жойни «Жаҳолатга қарши — маърифат» шиори остидаги илмий, маърифий маскан, дейиш мумкин. Демак, Ислом цивилизация марказида ҳам ўқув, ҳам илмий тадқиқот, ҳам ноёб китоблар мажмуи ва буюк ўтмишимизнинг намуналари тақдим этилгани сабабли уни билим, таълим, тарбия, музей, улкан кутубхонага эга маърифат маскани, деб аташ муносиб бўлади.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: