02.07.2019

АХБОРОТ ХИЗМАТИ РАҲБАРИ МАВҚЕЪИ ВА МАСЪУЛИЯТИ ОШАДИ

Меҳрожиддин Дархонов, Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари:

— Мамлакатимизда сўз ва ахборот эркинлигини таъминлаш, ахборот соҳасининг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш бўйича изчил ишлар амалга оширилмоқда. Бинобарин, ахборот, ундан фойдаланиш, таҳлил қилиш ва тезкорлик билан тарқатиш имконияти замонавий жамиятда инсон камолотининг асосий шартидир. Сўз ҳамда фикрлаш эркинлигини қонуний асосда кафолатлаш ҳуқуқий демократик давлатнинг ажралмас қисми ҳисобланади. Бу фикрлар ва қарашлар хилма-хиллигини, фуқароларнинг демократик жараёнларда тўлақонли иштирокини таъминлайди.

Президентимизнинг жорий йил 27 июнда қабул қилинган «Оммавий ахборот воситалари мустақиллигини таъминлаш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизматлари фаолиятини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори мамлакатимизда сўз эркинлигини таъминлаш, ахборот ва оммавий коммуникациялар соҳасини бошқариш тизимини қайта ташкил қилиш, ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий ривожланишни таъминлашда муҳим аҳамият касб этди. Қарор оммавий ахборот воситалари, хусусан, давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизматлари фаолиятини янада ривожланиши учун хизмат қилади. Қарорда бир қатор вазифалар ва матбуот хизматлари учун имтиёзлар кўзда тутилган. Масалан, ахборот хизмати раҳбари бир вақтнинг ўзида давлат органи ва бошқа ташкилот раҳбарининг матбуот котиби ҳисобланади ҳамда ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси мақомига эга бўлади, меҳнатга ҳақ тўлаш, тиббий ва транспорт хизмати кўрсатиш шароитларига кўра давлат органи ва бошқа ташкилот раҳбарининг ўринбосарига тенглаштирилади. Бу эса давлат ва хўжалик органи фаолияти ҳақида кенг жамоатчиликни тезкор ва холис маълумот билан таъминлаш имконини беради.

Шунингдек, қарорда давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг ахборот хизматлари ходимлари ижтимоий ҳимоясини таъминлаш мақсадида, уларнинг лавозим маошларига бошқа ҳар қандай тўловлардан қатъи назар давлат бюджети ҳамда давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг ўз маблағлари ҳисобидан 50 фоиздан кам бўлмаган миқдорда ойлик устама тўланадиган бўлди. Бу ҳам жойларда фаолият кўрсатаётган ахборот хизмати раҳбарларининг фаолиятини ривожлантириш, малакали мутахассисларни жалб қилиш имконини беради десак муболаға бўлмайди. Очиғини айтиш керак, бугунги кунда фаолият кўрсатаётган ахборот хизматларининг иши қониқарли эмас. Улар ўзларининг вазифаларидан ташқари, ташкилотнинг бошқа ишларига ҳам жалб қилинаётгани сир эмас. Мазкур қарор билан ахборот хизматининг вазифалари, бурч ҳамда мажбуриятлари ташкилотнинг бошқа бўлим ва бўлинмаларига юкланишига йўл қўйилмайдиган бўлинди. Улар фақат ахборот бозорига ўз ташкилоти ҳақида таҳлилий-танқидий маълумотлар тарқатиб боради. Улар оммавий ахборот воситалари ва жамоатчилик билан алоқалар ўрнатиб, веб-ресурслар ва ижтимоий тармоқларда давлат органлари фаолияти имижини яратади.

Мазкур қарорнинг аҳамиятли томонларидан бири, ахборот хизматларига устувор равишда журналистика соҳасида олий маълумотга эга бўлганлар ишга олиниши шартлиги белгилаб қўйилгани бўлди.

Шунингдек, ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ёки унинг ҳудудий бўлинмалари хулосаси асосида лавозимга тайинланади. Ҳар уч йилда белгиланган тартибда Агентликда аттестациядан ўтказилади.

Бир сўз билан айтганда, мазкур қарор матбуот хизматларининг давлат органлари ва жамият ўртасидаги ишончли кўприк сифатида самарали фаолиятини таъминлаш, матбуот котибларининг мавқеини ошириш орқали, мамлакатимиз ахборот соҳасини ривожлантиришга замин яратилади.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: