Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Sentabr 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 31 1
2 3 4 5 6 7 8
9 10 11 12 13 14 15
16 17 18 19 20 21 22
23 24 25 26 27 28 29
30 1 2 3 4 5 6
02.07.2019

ЁШЛАРНИНГ ОРЗУ-ИНТИЛИШЛАРИНИ, ИЛҒОР ҒОЯ ВА ТАШАББУСЛАРИНИ РЎЁБГА ЧИҚАРИШ ЮКСАК БОСҚИЧГА КЎТАРИЛМОҚДА

Пойтахтимиздаги «Ҳумо арена» спорт саройида 30 июнь — Ёшлар куни муносабати билан тантанали тадбир бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотлари вакиллари, турли соҳаларда улкан ютуқларни қўлга киритиб, юртимиз шуҳратини дунёга танитаётган, ҳар жабҳада фаол ёшлар қатнашди.

Президентимизнинг Ўзбекистон ёшларига йўллаган байрам табригини Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева ўқиб эшиттирди.

Табрикда ёшларнинг орзу-интилишлари, илғор ғоя ва ташаббусларини рўёбга чиқариш мақсадида бошланган ишлар нафақат изчил давом эттирилиши, балки янги, янада юксак босқичга кўтарилиши алоҳида таъкидланди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари — Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раиси Қаҳрамон Қуронбоев ва Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев давлатимиз раҳбарининг ғамхўрлиги туфайли бугунги ёшлар замонавий билим ва тараққиёт чўққиларини эгаллаб, инновацион ташаббуслари, ғайрат-шижоати, эришаётган ютуқлари билан Ватанга муносиб, садоқатли фарзандлар бўлиб етишаётганини қайд этди.

 

Мамлакатимиз ёшларини қўллаб-қувватлаш, маънан етук, жисмонан соғлом, интеллектуал ривожланган, мустақил фикрлайдиган ёш авлодни тарбиялаш бўйича ягона тизимни яратиш мақсадида давлатимиз раҳбари ташаббуси билан 2017 йил 30 июнь куни Ўзбекистон ёшлар иттифоқи қайта ташкил этилган эди.

Ўтган вақт давомида бу янги тузилма мамлакатда ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини оширишга хизмат қилиб, йигит-қизларнинг таянчига айланиб улгурди.

Бунда, албатта, тизимга доир қабул қилинган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар муҳим омил бўлмоқда. Айтиш жоизки, кейинги икки йилда қабул қилинган 3 та қонун, Президент фармон ва қарорлари, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли ҳужжатлари асосида Бош вазир, ҳудудларда эса ҳокимлар раислигида Ёшлар масалалари бўйича идоралараро кенгашлар, Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ёшлар масалалари бўйича комиссия ва «Ёшлар клуби»иш бошлади.

Ёшлар иттифоқи аъзолари 7 миллион 680 мингдан, «Камалак»болалар ташкилоти аъзолари эса 3 миллион 600 мингдан ортди.

Ўтган давр давомида ташкилот томонидан ёшлар манфаатларини ҳимоя қилиш, ҳуқуқий онгини ошириш, уларни тадбиркорликка кенг жалб этиш, бандлигини таъминлаш, йигит-қизларни юқори лавозимларга тайинлаш, ёш оилаларни моддий қўллаб-қувватлаш, ёшларнинг қобилиятларини рўёбга чиқариш, имконияти чекланганларга кўмак бериш борасида самарали лойиҳалар ташкил этилди.

Ёшлар иттифоқи қошида турли йўналишларда 26 ташкилот тузилиб, самарали фаолияти йўлга қўйилди. Республика ёш ижодкорлар, ёш олимлар, ёш фермерлар кенгашлари, Ёшларга ижтимоий-психологик хизмат кўрсатиш, Имконияти чекланган ёшлар ва болалар марказлари, «Ёшлар» нашриёт уйи каби ташкилотлар бугунги кунда йигит-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган бир қатор ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда.

Мамлакатимизда олиб борилаётган халқ билан мулоқот доирасида «Ёшлар қабулхоналари»ташкил этилиб, ўтган вақт мобайнида 16,5 мингга яқин мурожаат юзасидан кўплаб муаммолар ҳал қилинди.

Йигит-қизларнинг бизнес лойиҳалари учун «Ёшлар — келажагимиз» жамғармаси томонидан бугунги кунга қадар 692 миллиард 400 миллион сўмлик имтиёзли кредитлар ажратилиб, 25 мингга яқин янги иш ўрни яратилди, республикамиз бўйича 125 та «Ёшлар меҳнат гузари», 19 та «Ёш тадбиркорлар» коворкинг маркази фойдаланишга топширилди.

Ёшлар иттифоқининг фаол аъзоларини имтиёзли асосда олий ўқув юртларига қабул қилиш ва шундай талабаларга шартнома пулининг 35 фоизини, ижтимоий ҳимояга муҳтож ёшларга 50 фоизини тўлаб бериш, ёш оилаларга уй олиш учун 20 йиллик муддатга имтиёзли кредит бериш тизими йўлга қўйилган. Тизимда фаолият юритаётган 242 ходимга имтиёзли кредит асосида автомобиллар берилди.

Ёшлар бандлигини таъминлашнинг илғор тажрибаси сифатида 190 касб-ҳунар коллежи негизида «Ёшлар марказлари»ташкил этилиб, 26 йўналишда тил ва касб-ҳунарга ўргатиш бўйича бепул тўгараклар фаолияти йўлга қўйилди. Бугунги кунда мазкур тўгаракларда 80 мингга яқин йигит-қиз билимини мустаҳкамлаб, касб-ҳунар эгалламоқда. Ушбу тўгарак аъзолари орасида боқувчисини йўқотган, уюшмаган, ИИБ идораларида рўйхатда турувчи, имконияти чекланган, кам таъминланган оила фарзандлари ва бошқалар бор. Шунингдек, чет давлатларга ишлаш учун бориш истагида бўлган ёшлар учун рус тили, инглиз тили ва хорижий давлатларнинг меҳнат қонунчилиги бўйича 209 бепул тўгарак ташкил этилган.

Тузилма ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликни кескин камайтириш, уларнинг ҳуқуқий билимларини мустаҳкамлаш мақсадида «Қонун ва адолат — устувор, жиноятга жазо — муқаррар» принципи асосида фаолият юритиб келмоқда. 2019 йил май ойи ҳолатига кўра, ҳамкорликда амалга оширилган профилактик тадбирлар натижасида соғлом турмуш тарзига қайтганлиги учун 6 минг 383 вояга етмаган ва 2 минг 944 ота-она ички ишлар идоралари профилактик ҳисобидан чиқарилди.

Жорий йилнинг ўтган даврида ёшлар жиноятчилиги 2018 йилга нисбатан 37 фоизга камайгани, адашиб хато йўлга кирган, ўз қилмишидан чин дилдан пушаймон бўлган 599 нафар шахс Ёшлар иттифоқи кафиллиги асосида суд залидан озод қилиниб, уларга енгил жазо тури тайинлангани жамиятимизда кечиримлилик, меҳр-оқибат ва ўзаро ишонч муҳитини кучайтириш йўлидаги янги қадамдир.

Бундан ташқари, ўтган икки йил давомида ёшларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларни қийнаётган муаммоларини ҳал этиш мақсадида «Ҳоким ва ёшлар», «Прокурор ва ёшлар», «Суд ва ёшлар», «Депутат ва ёшлар» мавзуларида очиқ мулоқотлар ўтказилиб, йигит-қизларнинг муаммолари ижобий ҳал этилди.

Ёш авлоднинг спорт билан мунтазам шуғулланиши учун яратилган шароитлар ҳам бугун ўзининг амалий натижасини бермоқда. Бунинг тасдиғини ёш спортчиларимиз хaлқаро мусобақaларда муваффақиятли қатнашиб, 520 олтин, 544 кумуш, 588 бронза медалига сазовор бўлганида ҳам кўриш мумкин.

Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббуснинг мазмуни ва аҳамиятини ёшларимиз чуқур тушуниб, уни амалга оширишда фаол иштирок этмоқда.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгаши ҳисобидан 10 миллиард сўм маблағ ажратилиб, «Ёшлар кутубхонаси» рукни остида 47 номдаги жами 470 минг дона бадиий китоб нашр этилди ва республикадаги барча мактаблар, ташкилотнинг маҳаллий кенгашларига бепул тарқатилди.

Ёшларда китобхонлик кўникмаларини шакллантириш, уларда китобга бўлган меҳрни уйғотиш мақсадида 2 маротаба «Ёш китобхон» республика танлови ўтказилди. Танлов ғолибларига жами 5 дона Президент совғаси — «Spark» автомашинаси топширилди.

2019 йилги мавсумда 1 миллион 210 мингдан зиёд йигит-қизнинг танловда иштирок этиш учун мурожаат қилгани китобхонликка бўлган қизиқиш тобора ортиб бораётганидан далолат. Бундан ташқари, мамлакатимизнинг олис ҳудудларида ҳам ёшлар китобхонлигини кенг тарғиб қилиш мақсадида «Кўчма кутубхоналар» (Библиобус) фаолияти йўлга қўйилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси қошида Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш институти ташкил этилди.

Институтнинг ташкил этилиши мамлакатда ёшлар муаммоларини ўрганиш, мазкур йўналишда таҳлилий ва илмий-амалий тадқиқотлар ўтказиш, истиқболли ёш кадрларни қайта тайёрлаш, малакасини оширишга қаратилган ягона тизим яратилишига олиб келди.

Институтда 2017-2019 йилларда 4 ойлик қайта тайёрлаш курслари орқали кўплаб ёшларнинг малакаси оширилди. Эътиборлиси, битирувчилар вазирлик, идора, ташкилотлар ва маҳаллий ҳокимликларнинг юқори лавозимларида ишлаб келмоқда. Ҳозирги кунда институтда 55 нафар йигит-қиз таҳсил олмоқда. Бундан ташқари, институтда таълим муассасаларидаги, ҳарбий қисмлардаги бошланғич ташкилот етакчилари ҳамда вазирлик, ташкилот ва идоралардаги етакчилар кенгаши раислари учун 1 ойлик малака ошириш ўқув курслари ташкил этилган.

Тузилма халқаро майдонда ҳам ўз ўрнига эга бўлмоқда. Ўтган йили Ўзбекистон ёшлар иттифоқи делегациясининг Хитой Халқ Республикасига ташрифи амалга оширилди ва бир қатор натижаларга эришилди. Хусусан, Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти (ШҲТ) Ёшлар кенгашининг навбатдаги йиғилишида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ШҲТ Ёшлар кенгашига тенг ҳуқуқли аъзо сифатида қабул қилинди.

Ёшларни қўллаб-қувватлаш, турли соҳаларда самарали фаолият юритаётган, юқори натижаларга эришиб, тенгдошларига ўрнак бўлаётган йигит-қизларни рағбатлантириш мақсадида «Мард ўғлон»давлат мукофоти ва «Келажак бунёдкори» медали таъсис этилди.

Ўтган йили ватанпарвар, фидойи юзлаб ёшлар «Дўстлик» ордени ва «Шуҳрат», «Келажак бунёдкори» медаллари, Зулфия номидаги Давлат мукофоти, «Ўзбекистон белгиси» кўкрак нишони, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи мукофоти билан тақдирланди. Илк бор 2018 йилда 28 нафар йигит янги таъсис этилган «Мард ўғлон»давлат мукофотига сазовор бўлган эди. Бугун улар сафига яна шунча мард ўғлон қўшилди.

— Бу мукофот Президентимизнинг, давлатимизнинг бизга билдирган катта ишончидир, — деди ЎзРФА Математика институти таянч докторанти Шомурод Шопўлатов. — Албатта, Ватан тараққиётига хизмат қилишдек бурчимизни шараф билан адо этишда шундай юксак эътибор бизга куч-қувват бахш этади, янги марралар сари ундайди, илҳомлантиради.

Тадбирда таниқли санъат усталари, ёш хонандалар ижросида концерт дастури намойиш этилди.

 

Хуршид ҚОДИРОВ,

ЎзА мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: