02.07.2019

МАҚСАД АНИҚ, РЕЖАЛАР ҲАЁТИЙ, ҲАРАКАТ АСТОЙДИЛ БЎЛСА, ОДАМЛАРГА ФОЙДАМИЗ ТЕГАДИ

«Ўзимизни ишлаётгандек кўрсатиш билан ҳеч нимага эриша олмаймиз»

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши Қорақалпоғистон Республика, Тошкент шаҳар ва вилоят кенгашлари масъуллари иштирокида видеомулоқот семинари ўтказди. Икки кун давом этган семинарда соҳа мутахассислари иштирок этиб, сайлов технологиялари, амалга ошириш услублари хусусида атрофлича маълумот берди. Шунингдек, иштирокчилар Президентимизнинг Олий Мажлис Сенати йигирманчи ялпи мажлисидаги нутқида белгиланган вазифаларни ҳам муҳокама қилишди.

 

Улуғбек ИНОЯТОВ, Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши раиси:

— Бугунги кун кечагисидан тубдан фарқ қилади. Ҳар биримиз бунга ўз фаолиятимиз, ҳаётимиз давомида ишонч ҳосил қилмоқдамиз. Аммо шу билан жамиятдаги барча муаммолар ечим топди, деб бўлмайди. Масалан, хотин-қизлар бандлиги масаласи. Бу, энг аввало партиямизнинг устувор вазифаларидан бири ҳисобланади. Хўш, ўтган вақт давомида партия тизимида мазкур йўналишда қандай ишлар амалга оширилди? Тўғри, бир қатор лойиҳаларни, эҳтиёжманд аёлларга кўрсатилаётган ёрдамларни кетма-кет санаш мумкин. Аммо муаммонинг илдизини топа олдикми? Унга қарши курашишнинг аниқ механизмини ишлаб чиқдикми? Бу саволларга жавоб бериш қийин.

Президентимиз Олий Мажлис Сенатининг йигирманчи ялпи мажлисидаги нутқида ҳам мазкур масалага тўхталиб ўтди. Хотин-қизларнинг замонавий касб-ҳунарларни пухта эгаллаши учун шароит яратиш, уларнинг ишбилармонлик кўникмаларини ривожлантириш, хотин-қизларни тадбиркорликка кенг жалб қилиш лозимлиги қайд этилди. Ўйлайманки, ишли, жамиятга фойдаси тегаётганини ҳис этган аёл она сифатида ҳам фаол бўлади. Муносиб, баркамол авлодни тарбиялайди. Шуни ҳисобга олганда ҳам, масала нақадар чуқур аҳамиятга эга эканини тушиниш мумкин. Ишсиз, фарзанди оч аёл жиноятга қўл уради. Мазкур вазиятда уни қораловчилар ҳам топилиши табиий. Аммо унга керакли шарт-шароит яратиб бермаган жамият, масъулиятсиз мутасаддилар ҳақида гапириш ҳеч биримизнинг ёдимизга келмайди. Негаки, ўша жиноятларда ҳар биримизнинг айбимиз бор аслида. Ҳеч бўлмаганда ўзимизнинг бефарқлигимиз билан бунга йўл қўйиб берганмиз. Президентимиз ўз нутқида Олий Мажлис Сенатида янги тузилма – Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари бўйича қўмита тузиш ташаббусини илгари сурди. Ўйлайманки, бу хотин-қизларимиз манфаатларини таъминловчи, ўта муҳим ва долзарб масалаларни амалга оширишда муҳим вазифани ўтайди.

 Бу йилги сайловлар барчамиздан пухта тайёргарликни талаб этади. Ўзбекистон Халқ демократик партияси сиёсий куч сифатида ўз фаолиятини қайтадан кўриб чиқиши лозим, деб ўйлайман. Натижасиз ҳаракатлар, самарасиз фаолият энди ўзини оқламайди. Хусусан, партия тизимидаги энг қуйи бўғин раҳбарларидан тортиб, марказдаги ходимларгача аниқ мақсад билан олға интилиши шарт. Мақсад ниқ, режалар ҳаётий, ҳаракат астойдил бўлса, одамларга фойдамиз тегади.

 

Мақсуда ВОРИСОВА, Олий Мажлис Сенати аъзоси, Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари:

— Бирор-бир мақсадни амалга оширмоқчи бўлсак, албатта, йиллар давомида режалаштирардик. «Йўл хариталари», чора-тадбирлар ишлаб чиқардик. Тегишли ташкилотларга ҳисоботлар бериб, ўзимизни иш қилаётгандек кўрсатардик. Оқибатда ислоҳот республика даражасидаги ташкилот ва идоралардагина жорий этиларди. Афсуски, қуйида бунинг амалий натижасини сезмасдик. Эндиликда ҳар бир ҳаракат оддий халққа манфаат келтириши кераклиги айтилмоқда ҳамда талаб қилинмоқда. Хўш, бу йўлда биз сенатор ва депутатларнинг вазифамиз нималардан иборат, бугунги ислоҳотлар жараёнида ўрнимиз қаерда? Президентимизнинг Олий Мажлис Сенатининг йигирманчи ялпи мажлисидаги нутқида мана шу масалаларга ҳам атрофлича тўхталиб ўтилди, фаолиятимизга холис баҳо берилди. Шунингдек, парламент олдидаги вазифалар ҳам белгиланди.

Ҳеч кимга сир эмас, ижро органлари ва ҳудудлардаги Кенгашларни бир шахс бошқариши депутатларнинг фаолиятига тўсиқ бўлаётган эди. Халқ депутатлари туман Кенгашларидаги партия гуруҳларида етарлича фаоллик сезилмаётганди. Одамларни қийнаб келаётган муаммоларни ҳокимият олдига кескин қўя олмаётгандик. Лекин буни юқоридаги каби объектив ва субъектив сабаблари ҳам бор эди. Жорий йилги сайловлардан сўнг бари ўзгаради. Эндиги масала эса депутатларимизда фаоллик, ташаббускорлик ошиши лозим. Энг муҳими, депутатда юрак катта бўлиши керак. Қайсидир раҳбарга қарши гапириб қўйсам, эртага нима бўларкан, таёқ кимнинг бошида синаркан қабилида иш тутмаслиги шарт. Бу замон талаби. Акс ҳолда ривожланиш бўлмайди.

Олдинлари жамиятда қонун оддий инсонлар учун, раҳбарлар уни четлаб ўтса бўлади, деган тушунча шаклланган эди. Президентимиз қонунга, энг аввало, раҳбарлар бўйсуниши, бошқаларга ўрнак кўрсатиши кераклигини қатъий таъкидлаганди. Яна бир жиҳат. Ҳар бир раҳбар қонунчиликни яхши билса ва тушинса мақсадга мувофиқ бўларди. Шунда аҳоли орасида тушунмовчилик келиб чиқишига ўрин қолмасди. Яқинда қурол тўғрисидаги қонунни Сенат маъқуллади. Бу кўпчиликнинг баҳс-мунозараларига сабаб бўлди. Яъни, аксарият кишилар эндиликда қурол олиб юришга рухсат берилади, деб ўйлади. Аслида эса қонун орқали ҳаракатни тартибга солиш мақсад қилинганди.

Президентимиз нутқи давомида жамиятда йиғилиб қолган муаммолар ечими бўйича ҳам тўхталди. Масалан, Сенат қонунчилик фаолиятида ишни тўғри ташкил этиш масаласи. Айни вақтда мазкур йўналишда талабчанлик, жонкуярлик, ташаббускорлик ва изчиллик етишмаётганини танқид қилди. Чунки Сенатда шу кунга қадар ташаббускорлик етишмасди. Буни очиқ тан олиш керак. Қонунчилик палатасидан келган қонунлар кўриб чиқиларди ва асосан таҳририй, кичик ўзгартишлар киритиларди. Фақат битта қонун қайтарилди. Сенатнинг вазифаси қабул қилинаётган қонунларни барча ҳудудлар учун бирдик фойдали бўлиши ва самара келтиришини таъминлаши зарур эди. Бундан ташқари Сенат қонун ижроси назоратида ҳам сусткашликка йўл қўяётганди.

Фуқароларимизнинг сиёсий онги, маданияти ҳар қачонгидан ҳам ўсган. Шуни ҳис этмаган инсон ўзига савол бериши керак. Мен дупутатликка арзийманми? Ҳар бир партия ходими эса сайловга қай даражада тайёрман, деб ўз фаолиятини таҳлилий-танқидий кўриб чиқиши лозим.

 


Азиз ЙЎЛДОШЕВ, юридик фанлари номзоди, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги давлат бошқаруви академияси доценти:

— Сайловчи сиёсий партиялар томонидан кўрсатилган номзодлардан бирига овоз беради. Табиийки, кўп овоз олган номзод депутат сифатида фаолият юрита бошлайди. Ўз-ўзидан ҳудудда истиқомат қилаётганларнинг келгуси беш йилдаги тақдири бевосита шу депутатга боғлиқ бўлиб қолади. Демак, ҳар бир сиёсий партия муносиб номзод кўрсатиши энг муҳим масала ҳисобланади.

Фаолиятим мобайнида сийсий партияларнинг Низомлари, Сайловолди дастурлари билан танишиб чиққанман. Уларнинг Низомларида номзод кўрсатиш борасида умумий меъёрларгина кўрсатиб берилган. Хориж тажрибасига назар ташлайдиган бўлсак, сиёсий партиялар номзод кўрсатиш борасида ўз услубига эга. Ҳатто уларнинг фаолиятига шунга қараб ҳам баҳо берилади. Бизда эса жойлардаги партия конфренцияларида номзодлар кўрсатилади. Баъзи партия Низомларида эса ҳудудий ташкилотларгина номзод кўрсатиши мумкинлиги айтилган.

Шунингдек, сиёсий партиялар сайлов жараёнида кузатувчилар ёрдамига таяниш ҳуқуқига эга. Аммо партиялар бу имкониятдан ҳам етарлича фойдаланмаяпти.

Яна бир амалиёт. Сиёсий партиялар, иложи борича ҳудуддаги номдор, обрўли кишиларнинг номзодини кўрсатишга ҳаракат қилади. Аммо бу доим ҳам кўзланган натижани беравермайди. Номзод сайловда ғалаба қозониши мумкин. Аммо бундан аҳоли манфаат кўрмайди. Хулоса қилиб айтганда, номзод кўрсатиш жараёнида ҳар бир жиҳатга алоҳида эътибор қаратиш лозим. Бунда сиёсий партия ҳамда аҳоли манфаатларини ўйлаб ҳаракат қилинса, мақсадга мувофиқ бўларди.

Семинар давомида сиёсатшунослик фанлари доктори, профессор Муқимжон Қирғизбоев, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқарув академияси катта ўқитувчиси Даврон Бекжановлар ҳам мавзу юзасидан маъруза қилди.

Ўқув-семинар якунида барча даражадаги партия ташкилотлари етакчиларига сиёсий технологиялардан унумли фойдаланиш бўйича тавсиялар берилди.

 

Маҳлиё АЛИҚУЛОВА тайёрлади.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: