Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Sentabr 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 31 1
2 3 4 5 6 7 8
9 10 11 12 13 14 15
16 17 18 19 20 21 22
23 24 25 26 27 28 29
30 1 2 3 4 5 6
25.06.2019

«ИШИМИЗДА ЎЗГАРИШ БУГУН СЕЗИЛИШИ КЕРАК»

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракциясининг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзолари, партиянинг Марказий Кенгаши, Тошкент шаҳар, вилоят ва туманлар кенгашлари раҳбарлари, депутатлар иштирок этди.

Йиғилишда Президентимизнинг Олий Мажлис Сенатининг йигирманчи ялпи мажлисидаги нутқида белгиланган устувор йўналишлар, партиямиз фракцияси олдида турган вазифалар муҳокама қилинди.

Йиғилишни ЎзХДП фракцияси раҳбари ўринбосари Абдуғаффор Қирғизбоев олиб борди.

 

Улуғбек ИНОЯТОВ, Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши раиси:

— Энг аввало, Президентимизнинг Олий Мажлис Сенатининг ялпи мажлисидаги нутқида бугун мамлакатимизда амалга ошрилаётган ислоҳотлар танқидий таҳлил қилинди. Барча вазирлик, идора ва ташкилотлар олдида турган вазифаларга тўхталиб ўтилди.

Президентимиз ўз нутқида фаолиятининг дастлабки кунларида халқ вакиллари билан барча муҳим вазифалар қаторида икки муҳим масалага алоҳида аҳамият қаратишга келишиб олганини таъкидлади. Уларнинг биринчиси тинчлик ва осойишталикни сақлаш бўлса, иккинчиси аҳоли соғлиғини муҳофаза қилишдир. Барчамизга маълумки, бу икки соҳада ўзгаришларга, ижобий натижаларга эришилса, жамиятдаги муҳит ҳам кўнгилдагидек бўлади. Президентимиз парламент аъзоларига катта ишонч билдириб, Қонунчилик палатасига — соғлиқни сақлаш, Сенатга эса ички ишлар органлари тизимида ислоҳотларни амалга оширишда бошчилик қилишни таклиф қилганди. Энди бир ўйлаб кўрайлик, ишонч қай даражада оқланди? Аҳоли амалга оширилаётган ишлардан қониқаяптими? Мана шу саволларнинг жавоби фаолиятимизга берилган баҳо бўлади.

Юқоридагилардан келиб чиқиб айтиш керакки, Ўзбекистон Халқ демократик партияси фаолиятида қисқа фурсатларда янгилик, ўсиш кузатилиши лозим. Бунинг учун эса аниқ, таъсирли чора-тадбирларни амалга ошириш керак бўлади.

Биринчидан, биз халқдан узоқлашмаслигимиз керак. Бунга йўл қўйган раҳбар, идора ёки ташкилот ютқазиши тайин. Шу жиҳатдан олиб қараганда, кечаги фаолиятимиз, камчиликларимиздан тўғри хулоса чиқаришимиз, эртанги ишимизни ҳам шунга қараб режалаштириш талаб этилади.

Иккинчидан, хотин-қизлар масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилиши муҳим. Жамиятнинг негизини оила ташкил этади. Оила фаровонлиги эса кўп жиҳатдан опа-сингилларимизнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашига боғлиқ. Шундай экан, Сайловолди дастурини тайёрлашда ҳам мазкур жиҳатга жиддий эътибор қаратилса, мақсадга мувофиқ бўларди, деб ўйлайман. Маҳалладошларининг муаммосини билиб, бефарқ ўтиб кета олмайдиган, жонкуяр опа-сингилларимиз партиямиз сафида бўлишига эришиш яқинлашаётган сайловда муваффақиятимизни таъминлашига ишонаман.

Учинчидан, туман миқёсида ҳал бўладиган муаммолар ечими туман Кенгашига сайланадиган депутатларимиз Сайловолди дастурларидан жой олиши муҳим. Шу орқали сайловчиларнинг эътиборини жалб этиш мумкин. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига кўрсатиладиган номзодларда ҳам мазкур йўналишларга эътибор қаратилса, айни муддао бўларди.

Бугун зиммамизга юкланаётган вазифалар ижроси ҳар биримиз ўз вазифамизни ҳалол, виждонан, энг муҳими, вақтида бажаришимизга боғлиқ.

 

Комила КАРОМОВА, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси:

— Шубҳасиз, бу маъруза ҳаммамизни, ҳар биримизни чуқур мушоҳадага чорлади, ишончни оқлаяпманми, вазифамни уддалаяпманми, деган саволларни кўндаланг қўйди. Бу очиқ, ошкора мулоқот ҳар биримизни бир қадар ҳушёр торттирди. Хусусан, парламент, фракциялар ҳамда сиёсий партиялар фаолиятидаги камчиликларни бартараф қилиш, сайловчилар ишончини қозониш юзасидан аниқ таклифлар билдирилди. Бундан ҳар бир депутат ўзига тегишли хулоса чиқариб олди, деб ўйлайман.

Сайловолди дастурини бажаришда фракциямиз ташаббус ва ташкилотчилик имкониятларидан етарлича фойдалана олмади, деб ўйлайман. Сайловолди дастуримизда ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламлари доимо эътиборимизда бўлиши таъкидланган. Ўзбекистон ХДП фракциясининг чора-тадбирлар режасида бу масала юзасидан аниқ вазифалар ҳам белгиланганди. Аммо имконияти чекланган болаларнинг таълим олиши ва ижтимоий интеграцияси тўғрисидаги, психиатрия ёрдами тўғрисидаги, иссиқлик таъминоти тўғрисидаги қонун лойиҳалари бўйича ишларимиз охирига етказилмади. Демак, фракциянинг қонун ижодкорлиги фаолияти етарли даражада бўлмади. Хуқуқий тартибга солишда камчиликлар мавжуд бўлган долзарб соҳа ва тармоқлар аниқлангани ҳолда, янги қонун лойиҳалари ишлаб чиқилмади.

Жойларда ҳали-ҳануз соғлиқни сақлаш, таълим тизимидаги муаммолар ўз ечимини топмаётгани аниқланди. Шунингдек, кам таъминланган оилалар, ногиронлар манфаатлари билан боғлиқ қатор масалалар кўтарилмоқда. Ногиронликни белгилашдаги муаммолар аҳолининг ҳақли эътирозига сабаб бўлаётгани ўрганилди. Фракция аъзолари вазирликларга парламент сўров юборди, парламент эшитувлари ўтказилди. Аммо қарорлар ижроси назорат қилинмади. Такрор айтаман, фаолиятимизда камчиликлар борлигини тан оламиз. Жойларда аҳоли, хусусан, электоратимизни безовта қилаётган муаммолар ўз ечимини кутмоқда. Кам таъминланган оилаларни уй-жой билан таъминлаш, бандлик масалаларида, пенсионерлар, боқувчисини йўқотганлар, якка-ёлғиз қариялар билан олиб бораётган ишларимиз талаб даражасида эмас. Ижтимоий дорихоналар фаолияти ҳам аҳолини қониқтирмаяпти. Шундай экан, электоратимиз манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги фаолиятимизни янада жонлантиришни замоннинг ўзи тақозо қиляпти.

Муаммо ва камчиликларни бартараф этиш чораларини кўриш баробарида, уларнинг юзага келишига сабаб бўлаётган омилларни ҳам чуқур ўрганиш, муҳим аҳамиятга эга. Бунинг учун депутатлик бирлашмалари ишини янада кучайтириш, парламент ва депутатлик назорати, депутатлик сўрови, тегишли давлат идоралари раҳбарлари ахборотларини эшитиш каби ваколатлардан фойдаланиш амалиётини кучайтириш зарур.

Қонуннинг бирдан-бир манбаи ва муаллифи том маънода халқ бўлиши шарт, деган фикрдан келиб чиқиб, ҳар бир қонун лойиҳаси юзасидан фикр ва таклифларни қуйидан, фуқаролардан, жойлардаги халқ депутатлари Кенгашларидан олиш тартиби жорий этилди. Аммо бунда ҳам изчиллик йўқ. Демак, фракция маҳаллий Кенгашлар билан ҳамкорликни амалда янада кучайтириши керак.

 Президентимиз аёлларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш масаласига алоҳида тўхталди. Айтиш керакки, аёл ўзидан ўзи сиёсий фаол кучга айланмайди. Бунинг учун мамлакатимизда қонунчиликнинг хуқуқий асослари яратилган. Биз уларни тарғиб қилишимиз, аёллар муаммоларини ўрганишимиз керак. Демак, партиямиз, маҳаллий Кенгашлар, депутатларимиз сафларида аёлларни кўпайтириш учун «Фаол аёллар» қаноти фаолиятини янада жонлантиришимиз лозим бўлади. Депутатлик корпусларида аёллар сафи кенгайиши шунга ҳам боғлиқ, деб ўйлайман.

 

Алия ЮНУСОВА, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси:

— Сиёсатда аёллар керакми? Бугунги кунда ушбу саволнинг жавоби муҳокамалигича қолмоқда. Сабаби кўпчилик ҳануз гўёки аёл-сиёсатчи образини фақат хотин-қизларгагина хос бўлган хусусиятлар, қизиқишлар ва ўй-хаёллар бошқаради, деб баҳолайди. Лекин бу фикрлар фақатгина бир ёқламали, деб ўйлайман. Ҳеч кимга сир эмаски, айнан сиёсатчи аёллар хотин-қизларнинг жамият ҳаётида ҳамда сиёсатда фаолликка чорлайди, самарали тарғибот-ташвиқот ишларини олиб боради.

Президентимиз нутқида хотин-қизлар манфаатлари ҳимоясига алоҳида эътибор қаратилгани ҳам бу фикр тўғрилигини исботлаб турибди.

Бугун амалдор аёлларга эҳтиёж бор. Зотан, улар ўзгаришларнинг холис баҳоловчиси сифатида эътироф этилади ва майдонга чиқади. Бошқача айтганда, раҳбарлик тизими шундай йўлга қўйилиши керакки, бу жараён жамиятда аёллар нуфузини оширишга хизмат қилсин. Яъни, бир аёлга берилган эътибор, имконият ва юксак лавозим, бутун бир жамиятга қаратилган эътибор, ўзаро тенглик тушунчаларини ифодалайди. Муҳими, амалда ҳам мана шунга эришиш зарур. Аёлларнинг ҳокимият бошқарувидаги иштироки мувозанатлаштирувчи омил бўлиб, бу нисбатан тез ривожланаётган мамлакатлар тажрибасида синовдан ўтган. Масалан, бошқарувда 30-40 фоиз хотин-қизларни ташкил этувчи мамалакатлар барқарор ривожланиш йўлидан бормоқда.

Биргина бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги қонунчиликни олайлик. Жаҳон тажрибасидан маълумки, қонун чиқарувчи органларда 10 фоиздан кам аёллар ўрни бўлган жойларда бола ҳуқуқлари билан боғлиқ қонун лойиҳаларини яратиш, ишлаб чиқишда муаммолар юзага келади. Бу каби мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Демак, бу амалиётни қўллаб-қувватлашимиз, хотин-қизлар сафини кенгайтиришимиз керак. Чунки улар реал ҳаётдаги воқеликларга холис баҳо берувчи, муаммоларни яхши ҳис қила оладиган кишилардир.

 

Сайёра ФАЙЗИЕВА, Ўзбекистон ХДП Тошкент вилоят кенгаши раиси:

— Маърузани тинглаб, хотин-қизларга қаратилаётган катта эътиборни яна бир бор ҳис этиб, жамиятдаги фаол аёллардан бири эканимдан ғурурландим. Президентимиз маърузасида айни вақтда республикамизда давлат ва жамоат ташкилотлари тизимида 1 минг 400 га яқин аёллар раҳбарлик лавозимларида ишлаётганлиги айтилди. Хотин-қизларимиз орасидан Олий Мажлис Сенатида — 17 нафар сенатор, Қонунчилик палатасида — 21 нафар депутат фаолият олиб бормоқда. Маҳаллий Кенгашларда эса халқ вакилларининг 23 фоиздан зиёдини хотин-қизлар ташкил этади. Юртимиздаги турли корхоналарда ишлаётган раҳбар аёллар сони ҳам йил сайин ўсиб бормоқда. Бу кўрсаткич 2017 йили 44,2 фоизни ташкил этган бўлса, жорий йилда 45,3 фоизга етган. Эндиги вазифа эса уларнинг сафини янада кенгайтириш, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, опа-сингилларимизнинг жамиятдаги фаоллигини оширишдан иборатдир.

Нутқни қайта-қайта ўқиб чиққач, бир савол хаёлимга келди. Президент нима учун хотин-қизлар масаласига бунчалик катта эътибор қаратди. Демак, бу жуда долзарб вазифа. Мазкур йўналишдаги бугунги ишларимиз талабга жавоб бермаяпти. Хотин-қизларга эътибор кучайтирилса, кўп муаммоларига ўз-ўзидан ечим топилади.

Тошкент вилоят партия кенгаши раиси бўлганимга уч ойдан ўтди. Шу вақт орлалиғида озми-кўпми тажриба тўпладим. Очиғини айтаман, замон шиддат билан ривожланяпти, ҳар бир ташкилот, идора раҳбари-ю ходимларидан ҳам ана шу шиддат талаб қилинмоқда. Бир соат ёки бир кун тин олдингми, демак, шунча муддат бошқалардан ортдасан.

Жорий йил барча сиёсий партиялар учун ниҳоятда синовли йиллигини кўп жойларда, ОАВда эшитяпмиз. Ўз фаолиятимиз мисолида ҳис этяпмиз. Биз сайловга тайёргарликни ўтган сайлов натижаларини таҳлил этишдан бошладик. Аввал йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш учун «йўл харитаси»ни ҳам ишлаб чиқдик. Ўйлайманки, ҳаракатларимиз самара бермай қолмайди.

 

Сафар ОСТОНОВ, «Ўзбекистон овози» газетаси Бош муҳаррири:

— Президентимиз нутқида аввало Сенат фаолиятидаги бугунги камчиликлар нималардан иборат экани ва уларнинг сабаблари аниқ кўрсатиб ўтилди. Бу камчиликлар Қонунчилик палатасига ҳам, барча сиёсий партияларга ҳам дахлдорлигини яхши англаб турибмиз.

Иккинчидан, мамлакатимиз миллий тараққиётининг ҳозирги босқичида, оддий қилиб айтганда, бугун Сенатор ва депутатлар зиммасида турган долзарб вазифалар белгилаб берилди. Ўзбекистоннинг бугунги ижтимоий-сиёсий ҳаётида миллий Парламентаризмни ривожлантириш, қонун ижодкорлиги билан бирга таъсирчан парламент назоратини олиб бориш, давлатимизнинг халқаро майдонда обрўсини ошириш каби ўта муҳим ва долзарб вазифалар кун тартибига қўйилди. Айниқса, хотин-қизлар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя этиш, уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш бўйича муҳим вазифалар, ғоялар илгари сурилди. Демак, вазифалар аниқ, бу вазифалар оддий вазифалар эмас, муҳим вазифалар, Президент қўйган вазифалар. Маълум муддат ўтгач, уларнинг ижроси сўралади.

Энг асосий савол шундан иборатки, бу вазифалар ижросини қандай таъминлаймиз? Қандай йўл, қандай механизмлардан фойдаланамиз? Кимларга, нималарга суянамиз?

Албатта, бу борада парламент катта тажрибага эга. Президент нутқида илгари сурилган ҳар бир вазифа бўйича ҳаётий режалар, дастурлар ишлаб чиқилади.

Шу ўринда айрим таклиф ва мулоҳазаларимни билдирмоқчиман.

Дастабки вазифа — нутқда илгари сурилган ғоялар, масалалар маъно-мазмунини халқимизга кенг тушунтиришимиз керак. Бу ишларда депутатлар фаол бўлиши талаб этилади. Газеталаримизда махсус рукнлар ташкил этиб, нутқдаги ҳар бир масалани шарҳлаб беришни йўлга қўямиз.

Бироз вақт ўтгач, бу вазифалар ижроси тўғрисида аҳолига ахборот бериб бериш лозим бўлади. Нима ишлар қилинаётганини халқимиз ўз вақтида билиши муҳим аҳамиятга эга. Бунда барча ОАВ имкониятларидан фойдаланиш зарур.

Олий Мажлис депутатлари парламент назоратини олиб боришида, маслаҳатлашиб, партиялар матбуоти вакилининг иштирокини изчил йўлга қўйсак, яхши самара беради. Депутатдан эшитиб ёки интервью олиб ёзган бошқа, журналист ўз кўзи билан кўриб, ўз қулоғи билан эшитиб ёзгани бошқа.

Имкониятдан фойдаланиб айтмоқчиман, мамлакатда, жаҳонда бирор воқеа-ҳодиса рўй берса, аксарият ҳолларда оддий одамлар биринчи бўлиб, ижтимоий тармоқларда ўз фикрини билдирмоқда. Таҳририятларимизга қўнғироқ қилиб, таклиф билдиришмоқда. Бу кишини қувонтирадиган ўзгариш, жамият фикрлашга ўтдими, демак жамият ривожланади. Аммо бу масалаларда депутатларимиз фаол бўлиши керак, халқ вакили сифатида биринчи бўлиб, улар муносабат билдириши керак, деб ўйлайман.

Депутатларга айтилди: Жойларга бориб, ҳоким, прокурор, ички ишлар бўлими, солиқ раҳбарлари фаолияти ўрганилсин, камчилик бўлса, очиқ айтилсин, муносабат билдирилсин, дейилди. Депутатларимиздан қанчаси бу масалаларни матбуотда кўтариб чиқди? Назаримда бу масалада қатъийроқ бўлишимиз керакка ўхшайди.

Ҳозир биз муҳокама қилаётган масалаларни ҳар бир вилоят, туман, шаҳар ва бошланғич ташкилотларда ҳам кўриб чиқиш керак. Қўйилаётган талаб ва вазифалар аҳамиятини қуйи ташкилотлар яхши англамаса, кўзланган мақсадга эришиш қийин.

Бу вазифалар ижроси ҳар биримиз қай даражада хулоса чиқариб олишимизга, фаоллик ва фидойиликни, масъулият ва бурчни қай даражада англаётганимизга боғлиқ бўлади...

Кун тартибидан ўрин олган масала юзасидан билдирилган таклифлар асосида партия ташкилотлари ва фракция фаолияти бўйича тизимли чора-тадбирлар белгилаб олинди.

 

Маҳлиё АЛИҚУЛОВА,

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбирлари.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: