Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Sentabr 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 31 1
2 3 4 5 6 7 8
9 10 11 12 13 14 15
16 17 18 19 20 21 22
23 24 25 26 27 28 29
30 1 2 3 4 5 6
25.06.2019

«ОСИЁДА ЯХЛИТ ХАВФСИЗЛИК ҲУДУДИ ЯРАТИШ УЧУН НУФУЗЛИ ХАЛҚАРО МАЙДОН»

Акмал САИДОВ, академик:

— Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган «Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш»нинг (ОҲИЧК) бешинчи саммитида сўзлаган нутқида мазкур Кенгашга ана шундай таъриф берди. Бу бежиз эмас, албатта. Чунки аслида ҳам ушбу Кенгаш қитъамизда тинчлик, хавфсизлик ва барқарор ривожланишни таъминлаш ҳамда ҳамкорликни мустаҳкамлаш, мамлакатлар ва халқлар фаровонлигини оширишга қаратилган халқаро форумдир.

Бугунги кунда мазкур Кенгашга минтақа ҳудуди ва аҳолисининг 90 фоизини қамраган 27 давлат аъзо ҳисобланади. Шунингдек, кузатувчилари сафида 8 мамлакат ва 5 нуфузли халқаро тузилма, жумладан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, Араб давлатлари лигаси, Халқаро меҳнат ташкилоти, Туркий тилли мамлакатлар Парламент Ассамблеяси бор.

Ўтган йилларда мазкур Кенгашнинг Қозоғистон, Туркия ва Хитой раислигида тўртта саммити ўтказилган. Тожикистон раислигида ташкил этилган бу галги учрашув «Хавфсиз ва янада равнақ топган минтақа сари ягона ёндашув» мавзусига бағишланди.

Осиё қитъаси жаҳон сиёсий майдонида алоҳида ўринга эга. Ҳозирги кунда ушбу қитъада 4,5 миллиард аҳоли истиқомат қилади. Келгуси 30 йилда аҳоли сони 2 баробар ўсиши кутилмоқда. Осиё иқтисодиёти глобал жаҳон иқтисодий фаоллигининг 32 фоизини ташкил этади. Шу билан бирга, 2019 йилда бу қитъада ишсизлар сони 1,3 миллион кишига ошади. Дунёдаги камбағалларнинг учдан икки қисми Осиёга тўғри келади.

Осиё хилма-хиллик ва ранг-баранглик борасида алоҳида ажралиб туради. Ушбу қитъада 15 тил оиласига мансуб турли тиллар мавжуд. Осиё жаҳон динларининг ватанидир. Осиё давлатлари ўз сиёсий, иқтисодий ва ҳуқуқий ривожланиш даражаси билан фарқланади.

Мамлакатимиз раҳбарининг Душанбе саммитидаги нутқида Осиё қитъасининг бугунги куни ва истиқболлари ҳамда геосиёсий аҳволи ҳақида атрофлича фикр юритилди. Айниқса, улкан иқтисодий ва интеллектуал салоҳиятга эга Осиё қитъаси мамлакатлари жиддий таҳдид ва хатарларга дуч келаётганига эътибор қаратилди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев қайд этганидек, бу, аввало, экология, демография, миграция, ҳаёт ва таълим даражаси пастлиги муаммоларидир. Улар ижтимоий низоларнинг асосий манбаи, экстремизм ва терроризм мафкураси тарқалиши учун шароит яратадиган муҳитдир. Айниқса, ёшлар ўртасидаги радикаллашув жараёни ташвиш уйғотади.

Бугунги кунда «мамлакатлар ва халқлар ўртасида юзага келган ишонч инқирози»ни бартараф этиш ва хавфсизликни мустаҳкамлаш йўлида, биринчи навбатда, инсон капиталини ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш талаб этилади. Зеро, «хавфсизлик бўлинмас, ишонч эса ана шу яхлит хавфсизликнинг фундаментал асосидир».

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ишлаб чиқилган ва 2017 йилда тасдиқланган «2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси»нинг бешинчи устувор йўналиши «Хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий руҳдаги ташқи сиёсат юритиш» деб номланади.

Ўзбекистонда давлат сиёсатининг энг муҳим йўналишларидан бири — бағрикенглик ва инсонпарварлик маданиятини ривожлантириш, миллатлараро, динлараро, маданиятлараро ва фуқаровий ўзаро аҳилликни мустаҳкамлаш, ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялашдир. Бу борада мамлакатимиз ҳаётининг барча соҳаларида амалий ишлар қизғин тус олмоқда.

Кейинги икки-уч йил оралиғида мамлакатимизда Имом Термизий ва Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Ислом цивилизацияси маркази ва Ўзбекистон халқаро ислом академияси фаолияти йўлга қўйилди. Бундан ташқари, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузурида «Вақф» хайрия жамоат фонди ташкил этилди.

Шунингдек, Самарқандда Калом илми мактаби, Қашқадарёда Ақида илми мактаби ва Бухородаги Мир Араб олий мадрасаси ҳузурида Баҳоуддин Нақшбанд Тасаввуф илми мактаби, Фарғонада Ислом ҳуқуқи мактаби, Самарқандда Ҳадис илми мактаби иш бошлади. Бу мактабларнинг фаолиятидан кўзланган асосий мақсад ислом динини чуқур ўрганиш ва унинг маърифатпарвар ғояларини кенг жамоатчиликка, шу жумладан, оддий фуқароларга содда тилда етказишдир.

Дунё аҳолисининг 83 фоизи эътиқод эркинлиги чекланаётган ёки хавф остида қолган мамлакатларда истиқомат қилаётган ҳозирги қалтис замонда давлатимиз раҳбарининг «Жаҳолатга қарши — маърифат» ғояси сингдирилган бу каби ташаббуслари жаҳон ҳамжамияти томонидан қизғин кутиб олинмоқда. Биргина ўтган йилнинг ўзида Президентимизнинг бир қатор муҳим халқаро ташаббуслари қўллаб-қувватлангани ва тўлиқ амалга оширилгани ҳам бу фикрни тасдиқлайди.

2018 йил 22-23 ноябрь кунлари Самарқанд шаҳрида Инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форуми бўлиб ўтди. У Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганининг 70 йиллигига бағишланди. Осиё форуми жаҳоннинг инсон ҳуқуқлари амалиётига Самарқанд руҳини олиб кириш йўлида улкан қадам бўлди.

Осиёда ўзаро ишонч муҳити, тинчлик ва хавфсизликни янада мустаҳкамлашга қаратилган муайян чора-тадбирларни амалга ошириш муҳим аҳамият касб этади. Давлатимиз раҳбари бу борада олтита янги ташаббусни илгари сурди.

Биринчи ташаббус — Осиё қитъасидаги ҳарбий можароларни ҳал қилиш, айниқса, Афғонистондаги вазиятни тартибга солиш. Бу Осиё минтақасидаги барқарорликнинг муҳим омилидир.

Афғонистонда қирқ йилдан ортиқ вақт мобайнида давом этаётган танглик даврида вояга етган бутун бир авлод вакиллари онгида «уруш маданияти» шаклланди. Эндиги вазифа «тинчлик маданияти»ни қарор топтиришдир.

Ўзбекистон ушбу қўшни мамлакатда тинчликка эришишга қаратилган ҳар қандай форматдаги музокараларни қўллаб-қувватлайди. Президентимиз бу борада Россия, Хитой ва Америка Қўшма Штатлари иштирокида Афғонистон бўйича уч томонлама учрашувлар натижаларини мамнуният билан қайд этди.

Бу бежиз эмас. Чунки Афғонистонда тинчлик ўрнатиш ва ушбу мамлакатда йирик инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш бутун минтақа учун янги стратегик имкониятлар эшикларини очади.

Давлатимиз раҳбари БМТ Бош Ассамблеяси 72-сессиясидаги нутқида ҳам таъкидлаганидек, Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш нафақат минтақавий, балки глобал хавфсизликни таъминлашнинг муҳим шартидир.

Ўзбекистон Президентининг ташаббуси асосида БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 2018 йил 22 июнда «Марказий Осиё минтақасида тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш бўйича минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш» резолюцияси тасдиқланди.

Шунингдек, 2018 йилнинг март ойида Афғонистон бўйича юқори даражадаги Тошкент конференцияси ўтказилди. Конференция якуни бўйича қабул қилинган, унинг барча қатнашчиларининг якдил позицияси ифода этилган «Тошкент декларацияси» Афғонистонда тинчлик ўрнатиш бўйича ўзига хос Дастур бўлди.

Ўзбекистон томонидан қўйилган бу муҳим амалий қадамларни, умуман, минтақавий ҳамкорликни кенгайтириш ва мустаҳкамлаш, шунингдек, Афғонистонни қайта тиклашга кўмаклашиш бўйича кўрилаётган аниқ чора-тадбирларни жаҳон ҳамжамияти юқори баҳоламоқда.

Иккинчи ташаббус — ёшлар салоҳиятини рўёбга чиқариш учун қулай ва зарур шарт-шароитлар яратиш, уларнинг радикаллашувига қарши курашиш ва сифатли таълим олиш имкониятларини кенгайтириш.

«Ўзбекистон фан, таълим соҳалари ва маданий-гуманитар йўналишдаги ҳамкорликнинг мувофиқлаштирувчиси бўлишга тайёр», деди Президентимиз. ШҲТнинг Халқ дипломатияси маркази фаолият бошлади. Халқ дипломатияси доирасидаги алоқаларни, жумладан, туризм бўйича форумларни ташкил этиш орқали фаоллаштириш жуда муҳим. Бу халқларимиз ўртасидаги ишонч ва ўзаро англашувнинг мустаҳкамланишига хизмат қилади.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, маънавият ва маърифат, ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданият, миллий ўзлик ва азалий қадриятлар бу кўҳна замин одамлари кўнглида устувор бўлган илм ва маърифат, адолат ва одиллик, иймон ва олижаноблик, бағрикенглик ва мардлик, инсонпарварлик ва тантилик каби улуғ хислатлар Ўзбекистон Республикаси Конституциясидан муносиб ўрин олган.

Маърифат ва бағрикенглик — энг катта қадриятимиз ва бу юксак маънавий қадриятларимизни асраш барчамизнинг бурчимиз. Энг эътиборли жиҳати шундаки, илк бор Ўзбекистоннинг тарихий бағрикенглик сиёсати билан замонавий ташқи сиёсати ўртасида чамбарчас боғлиқлик юзага келмоқда.

Шу нуқтаи назардан, давлатимиз раҳбари ташаббуси асосида 2018 йил 12 декабрда БМТ Бош Ассамблеясининг «Маърифат ва диний бағрикенглик» резолюцияси қабул қилинди. Бу ҳужжатнинг асосий мақсади — барчанинг таълим олиш ҳуқуқини таъминлашга, саводсизлик ва жаҳолатга барҳам беришга кўмаклашишдан иборат.

Айни пайтда Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенция лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда. Буларнинг барчаси мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалаларига давлат сиёсатининг ва халқаро ҳамкорликнинг устувор йўналишларидан бири сифатида қаралаётганини кўрсатади. Юртимиздаги сиёсий жараёнлар замонавий демократиянинг барча мезонларига тўлиқ жавоб беради.

Учинчи ташаббус — динлараро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, маърифат ва маданиятларни ўзаро бойитиш масалалари бўйича тизимли мулоқотни йўлга қўйиш.

Хусусан, «Тошкентдаги Ўзбекистон ислом цивилизацияси маркази ва Самарқанддаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази бунинг учун самарали платформа бўлиб хизмат қилиши мумкин», деди давлатимиз раҳбари.

Бу йўналишда Ўзбекистон тажрибаси намуна учун ҳар томонлама муносиб, деган фикрдамиз. Чунки Буюк ипак йўли чорраҳасида жойлашган юртимиз азалдан турли миллатлар, динлар, тиллар, маданиятлар ўзаро бирлашган, бағрикенг инсонлар яшайдиган барқарор замин сифатида ном қозонган.

Давлатимиз мустақиллиги ва суверенитетини, минтақамизда хавфсизлик, барқарорлик ҳамда аҳил қўшничилик муҳитини мустаҳкамлаш, жаҳон ҳамжамиятида юртимизнинг нуфузини ошириш йўлида диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни янада кучайтириш миллий тараққиётимизнинг ҳозирги босқичида ғоят муҳим аҳамият касб этади.

Тўртинчи ташаббус — ўзаро иқтисодий алоқалар ва минтақавий савдони ривожлантириш борасидаги саъй-ҳаракатларни кучайтириш.

Бунда, аввало, бутун минтақанинг транзит ва иқтисодий салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш имконини берадиган устувор инфратузилма лойиҳалари ҳақида сўз бормоқда.

Бу ҳақда фикр юритганда, Ўзбекистон Президенти халқаро ва минтақавий даражадаги барча мулоқотларда ҳар доим нафақат мамлакатимиз, балки бутун Марказий Осиё минтақаси ва Осиё қитъаси манфаатларини ҳимоя қилиб келаётганини алоҳида қайд этиш зарур. Давлатимиз раҳбарининг Бишкек шаҳрида бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгаши мажлисида илгари сурган амалий ғоя ва таклифлари ҳам бунинг ёрқин исботидир.

Президентимиз иқтисодиётга ШҲТ доирасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг бирламчи мезони сифатида қараб, минтақамиз ва қитъа аҳолиси фаровонлигини ошириш, инсон капиталини ривожлантириш ва инновациялар соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга доир қўшма лойиҳаларни ҳаётга чуқур татбиқ этиш зарурлигини таъкидлади.

Бинобарин, бунинг натижасида мамлакатларимиз иқтисодиётининг рақобатбардошлиги ошади. Аҳоли, авваламбор, ёшлар учун янада кўпроқ янги иш ўринлари ташкил этилади. Айниқса, Ўзбекистон Президенти Марказий Осиё бундан кейин ҳам ШҲТнинг устувор йўналишларидан бири бўлиб қолиши зарурлигини таъкидлагани ғоят аҳамиятлидир.

Чунки бугунги кунда минтақамиз нисбатан барқарор, ишончли ва иқтисодий жиҳатдан мустаҳкам бўлиб бормоқда. Бу, ўз навбатида, кенг миқёсли ҳамкорликни ривожлантириш, муҳим минтақавий лойиҳаларни илгари суриш учун қулай шароит ва ноёб имкониятлар яратади.

Бешинчи ташаббус — шерикликни бизнес даражасида ривожлантириш. Бундай замонавий ёндашув барқарор иқтисодий тараққиёт драйвери ҳисобланади. Ҳамкорлик концепциясига мувофиқ, Ўзбекистон Президенти ушбу соҳада Кичик бизнес бўйича минтақавий форум таъсис этишни таклиф қилди.

Олтинчи ташаббус — Орол инқирози оқибатларини бартараф этиш учун саъй-ҳаракатларни бирлаштириш.

Чиндан ҳам, бугунги кунда тобора кескин тус олаётган экологик хатарлар хавфсизлик ва барқарор тараққиётга жиддий таҳдид солмоқда. Орол муаммоси глобал миқёсдаги экологик ва гуманитар ҳалокат сифатида аллақачон Оролбўйи аҳолиси генофонди, ҳаёти ва соғлиғи билан боғлиқ аянчли оқибатларга олиб келди.

Давлатимиз раҳбарининг фикрича, Ўзбекистон ташаббуси билан БМТ шафелигида донорлик маблағларини жалб қилиш ва Оролбўйи минтақасида аниқ лойиҳаларни амалга ошириш учун кўп шериклик асосидаги Траст фонди ташкил этилгани диққатга лойиқдир.

Хулоса қилиб айтганда, ҳозирги кунда инсоният жаҳон куч марказлари ўртасида рақобат кучайиб бораётганининг гувоҳи бўлиб турибди. Айрим экспертлар ҳатто ушбу қалтис рақобат ошкора қуролли тўқнашувга айланиб кетиши мумкинлигини ҳам инкор этмаяпти.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъбири билан айтганда, шундай глобал хатарлар мавжуд бўлган вазиятда «Осиё минтақасидаги ҳамкорликнинг мавжуд динамикасини сақлаб қолиш муҳим. Ҳамкорликда изланиш ва ўзаро манфаатли қарорлар қабул қилиш тинчлик, барқарорлик ва тараққиётни таъминлаш сингари эзгу мақсадларимизга эришиш имконини беради».


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: