25.06.2019

ПОЙТАХТИМИЗНИНГ СЕРГЕЛИ ТУМАНИДАГИ УЙЛАР НАРХИ

ниманинг эвазига арзон бўлганига ойдинлик киритилди

Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги раҳбарияти иштирокида «Уй-жой қурилишида сифатни назорат қилиш, қурилиш объектлари мустаҳкамлигини таъминлаш масалаларига бағишланган» матбуот анжумани ўтказилди.

Қурилиш вазирлиги масъуллари, инжиниринг компаниялари ходимлари, етакчи лойиҳалаштириш ташкилотлари вакиллари ва журналистлар иштирок этган тадбирда соҳага оид фармон ва қарорлар ижросини таъминлаш бўйича жойларда олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари, янги лойиҳалар, мавжуд муаммолар хусусида маълумот берилди.

— 2017 йилда 28 минг 255 объект Давлат дастурига киритилган бўлиб, мазкур объектларда 75 минг 506 текширув ўтказилиб, аниқланган камчилик ва нуқсонлар бўйича 19 минг 756 ёзма кўрсатма берилди, — дейди Ўзбекистон Республикаси қурилиш вазири ўринбосари, қурилишда сифат назорати инспекцияси бошлиғи Козим Тўлаганов. — Шунингдек, ҳудудий назорат инспекциялари томонидан тасдиқланган режа асосида ижтимоий соҳа ва уй-жойларнинг қурилиши сифати бўйича доимий назорат ишлари олиб борилмоқда. 2018 йилда 36 минг 938 объект Давлат дастурига киритилган бўлиб, уларда ўтказилган текширувларда аниқланган камчилик ва нуқсонлар бўйича тегишли ташкилотларга 17 минг 82 марта ёзма кўрсатма юборилди. Бундан ташқари, жорий йилда республикада ижтимоий соҳа объектлари, шаҳарларда қурилаётган кўп қаватли, қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар асосида қад ростлаётган уй-жойлар ва «Обод қишлоқ» дастурига киритилган 22 минг 717 объект мавжуд. Айни пайтда уларда қурилиш-монтаж ишлари олиб борилмоқда.

Тадбирда, шунингдек, мутахассислар жойларда сифатсиз бажарилган қурилиш-монтаж ишлари борасидаги ҳолатларга ҳам тўхталиб ўтишди. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддаси бўйича 159 пудратчи ташкилотга нисбатан маъмурий ҳужжатлар тўплами тайёрланиб, маъмурий судларга юборилгани айтилди. 2017-2018 йилларда қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекциялари томонидан олиб борилган текширувларда ҳам кўплаб камчилик ва нуқсонлар аниқлангани таъкидланди.

Матбуот анжуманида мавзу бўйича журналистларни қизиқтирган саволларга вазирлик раҳбарияти ва мутахассислар жавоб қайтарди.

Жорий йилнинг 11 апрелида пойтахтимизнинг Сергели туманидаги янги уйлар нархи ошганидан аҳоли норози экани ҳақида хабар тарқалган эди. Шундан сўнг Бош вазир А.Арипов раҳбарлигида ҳукумат комиссияси ташкил этилди, Бош вазир фуқаролар билан учрашди ва янги уйлар нархи қайта кўриб чиқилишини билдирди. Кейинчалик янги уйлар нархи арзонлаштирилгани айтилди. Шу боисдан журналистлар уйлар ниманинг эвазига арзонлаштирилгани ҳақида савол беришди.

Ушбу саволга Қурилиш вазири ўринбосари, қурилишда сифат назорати инспекцияси бошлиғи Козим Тўлаганов қуйидагича жавоб берди.

— Мен ўзим кўп йиллар қурилишда пудратчи бўлиб ишлаганман. Қурилишда қурувчининг «бошқа харажатлар», деган жойи бўлади. Ўша жуда юқори бизларда. «Ўзшаҳар қурилиш инвест»да ушбу рақам 18,2 фоизга келтирилди. «Қишлоқ қурилиш инвест»да 15 фоизга яқинлашиб қолди. Унинг даромади ҳам, зарари ҳам мана шунинг ичида. Лекин Сергели туманида фуқароларнинг ҳолатини ҳисобга олиб, истисно тариқасида илтимос қилдик, қурилиш ташкилотлари ўзига тегадиган даромадни олмаслик ҳисобига нархлар арзонлашди. Албатта, бу вақтинча кўрилган чора. Уни ҳаммаёққа татбиқ этиб бўлмайди.

Яқинда Хитойда зилзила рўй берди, уйларнинг тез фурсатда қуриб битказилганлиги боис, 5 балли ер қимирлаши оқибатида уйлар хароб аҳволга келиб қолганига гувоҳ бўлдик. Аллоҳнинг ўзи асрасин-ку, аммо бизда ҳам шундай табиий офат рўй бергудек бўлса, шаҳарда қурилаётган янги кўп қаватли уйларнинг зилзилабардошлиги қанча? Бунақа ҳолатларнинг олдини олиш учун нималар қилиняпти?

Козим Тўлаганов уйларнинг зилзилабардошлиги хусусида фикрини билдирар экан, шундай деди:

— Тошкентда, республикамизнинг вилоят, шаҳар, туман марказларида қурилаётган кўп қаватли уйларнинг зилзилабардошлиги текшириб кўрилади. Яқинда пойтахтимизнинг Чинни завод олдида қурилган янги уйнинг биринчиси битгач, 9 баллга силкитдик. Мен шу уйнинг ичида турдим. Уйнинг силкиниши ваҳимали бўлди. Лекин буни қилишимиз шарт эди. Чунки эртага 9 балли ер қимирлагудек бўлса, кўнглимиз хотиржам бўлиши керак. Шунинг учун қимирламасин-ку, агар қимирлаган тақдирда ҳам 9 балли зилзилага дош бера олади.

 

Тоштемир ХУДОЙҚУЛОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: