Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Sentabr 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 31 1
2 3 4 5 6 7 8
9 10 11 12 13 14 15
16 17 18 19 20 21 22
23 24 25 26 27 28 29
30 1 2 3 4 5 6
25.06.2019

МИРИШКОР ЯНА ПЕШҚАДАМ

Миришкор тумани ғаллакорлари бу йил ҳам режани мамлакатда биринчилардан бўлиб бажаришди. Буни эшитгач, дарҳол туман раҳбари билан боғландим.

— Далада бўламан, барвақт келаверинг, деди туман ҳокими Равшан Комилов хорғин овозда.

Тонг отар палласи манзилга етиб келдим. Пайсалга солмай, машинамни Оқмасжид қишлоғи йўлига бурдим. Бир кун олдин телефон орқали келишгандик — сал ўтмай қишлоқ йўлидан ЎзХДП туман кенгаши раиси Ўткиржон Усмонов чиқиб келди. Машинага ўтириб, кенг дала томон бошлади, анча юриб тўхтадик. Бир вақт «Нуроний» жамғармаси туман бўлими бошлиғи Араббой Хосиятов ҳам келиб қолди. Дала четида турган комбайнга қараётганимни кўриб:

— Э, булар тонгга қадар ғалла ўрган, ҳозир дам олишмоқда, — деди Араббой ака сўрашганча. — Қаранг, бошоқлар устида шудринг йилтиллаяпти. Энди соат 7-8 бўлмай ўрим бошланмайди. Ҳокимимиз ҳам туманнинг узоқ четида, телефон уланмайдиган жойда бўлса керак. Чунки комбайнларни кеча ўша далаларга кўчиришган эди...

Улар — Ўткиржон ва Араббой ака ўз ишлари билан йўлга тушишди. Мен машинамни туман марказига ҳайдадим. Бироздан кейин кун ёришиб кетди. Ҳамма ўзига топширилган юмуш билан банд экан, ҳеч кимни тополмадим, маълумотларни кимдан оламан, қайси далага бораман, деб безовта бўлар эдим. Анча суриштириб, туман қишлоқ хўжалиги бўлими бош мутахассиси Ўткир Авазов билан учрашдим. Далаларга олиб чиқди, йўқлаган кишиларим билан телефон орқали боғлаб қўйди, жуда хурсанд бўлдим ундан.

Ўтган йили режадагидан анча кўп — 55 минг 822 минг тонна дон етказиб берилди. Шартнома мамлакатда биринчилардан бўлиб уддаланди. Олдинги йилларнинг 40-45 минг тоннасига қараганда, бу қадар юксалиш кишини ҳайратга солади. Ўтган йили 1225 нафар фермер бўлса, бу йил ерларни йириклаштириб, 566 фермер билан шартнома тузилди. Улар 22 минг 350 гектар майдонда дон етиштиришди. Натижа олдинги йилдагидан юқори бўлди. Ўримга барча куч-имконият йўналтирилди. Бошқа туманларнинг комбайнлари ҳам кўмакка келди. Қисқа фурсатда шартнома режасидаги 51 минг 900 тонна ўрнига 60 минг тоннадан ошиқ сифатли дон давлатга етказиб берилди.

Ўрим давом этмоқда — мўлжал 70 минг тонна деган, даъватлар янграмоқда. Хўш, бунга имконият борми? Қандай қилиб икки йилдан буён мамлакатимизда энг юқори кўрсаткичлардан бири эгалланмоқда? Деҳқон меҳнатидан розими? Қўшни Касби туманида пахта ерларини кластер асосида ижарага олган сармоядорлар бу йил анча ерни қора шудгор қилиб, дам олдиришга қўйишди. Бу — тарихий воқеа. Ердан нуқул ҳосил сўрайверсак, тупроқ унумдорлиги кескин пасайиб кетмайдими? Қаранг, қанча саволлар.

Қувонч Чўлиев, туман ирригация бўлими бошлиғи:

— Ерга бефарқ бўлиш мумкин эмас, хусусан, чўл ерлари сал нарсага шўрланиб кетади. Давлатимиз ажратган катта маблағлар ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилашга сарфланмоқда, бу туманда ҳам яхши ишлар бажарилди. Жами 97 километр коллектор, 30 километрдан зиёд ёпиқ дренаж тизими тўла тозаланди. Миришкор каналидан сув оладиган ички 114 километр канал механизмлар, 468 километр канал қўл кучи билан тозалаб чиқилди. «Маҳзуна севинчи» фермер хўжалигида 32 гектар ерда томчилатиб суғориш жорий қилинди. Яна 468 гектар ғалла майдони эгилувчан қувурлар ёрдамида суғорилди. Ёмғирнинг мўллиги туфайли 40 фоиз сув тежалди. Буларнинг ҳаммаси эртачи ва мўл дон етиштириш имконини берди, албатта.

Маҳмуджон Қиличев, «Агрокимёхизмат» туман корхонаси бошлиғи ўринбосари:

— Тарозининг икки палласи бор. Бу йил чўл туманларида ёмғирнинг мўллиги сувни тежаб, ниҳоллар ривожига ижобий таъсир қилган бўлса, иккинчи томондан занг касали ривожланиши, бегона ўтлар босиб кетишига олиб келди. Тинмай курашдик — 51 та ОВХ агрегати бегона ўтларга таъсирли кимёвий дориларни қайта-қайта пуркаб турди. Ерни бойитмасдан юқори ҳосил олиш мумкин эмас. Бизда аниқ режа тузилгач, кам ҳосил майдонлар аниқлаб чиқилган эди. Шудгор олдидан ҳар гектар ерга 200 килодан аммофос солинди. Ғалла ниҳолларини парваришлаш давомида 50 килодан калийли ва 760 килодан азотли ўғитлар билан озиқлантирилди. Фақат шунга қараб қолмадик. Ҳар 5 гектар ерда «шарбат ўраси» тайёрлаб бердик. Гўнг тўплаб, 9 минг тонна «компост» тайёрладик. Вақти келадики, ҳар қарич ернинг нима сўраётгани, имконияти лабораторияларда аниқланиб, кейин экинлар озиқлантирилади. Ерни нобуд қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.

Далаларни кезар эканман, бири-биридан фарқ қилувчи буғдой тўпларини кўрдим. Аммо навини фарқлай олмадим.

Отамурод Абдуллаев, Дон ва дуккакли экинлар илмий-тадқиқот институти Қашқадарё филиали агрономи:

— Тўғри пайқабсиз, навлар бир-бирига ўхшамайди. Селекциячиларимиз яратган навлар Сурхондарё, Самарқанд, Бухоро, Қашқадарё вилоятидаги 400 минг гектардан ортиқ майдонда ўстирилмоқда. Миришкор туманида экилган навларнинг 70 фоизи бизларники. Мен шу туманда 65-70 центнердан ҳосил бераётган «Туркистон» буғдой нави яратувчиларидан бири эканлигим билан фахрланаман. Туманда бу йил «Яксарт», «Бунёдкор» «Ғозғон» ва бошқа буғдой навлари касалликка чидамли, эртапишар ва серҳосил эканлигини кўрсатди. Туманда 22 уруғчилик хўжалиги бор, улардан сўранг.

Акмал Салимов, уруғчилик хўжалиги бошлиғи:

— 2006 йилда фермер хўжалиги тузиб, бир йилдан кейин уруғчилик йўналишида ишлай бошладик. Тўғри, уруғлик дон етиштириш сермеҳнат, захматли иш, аммо эплаб келаяпмиз. Бу йил «Яксарт» навининг оддий уруғини 48 гектар ерга экиб, парвариш қилдик, натижада режадаги 121 тонна ўрнига 145 тонна товар дон сотдик. Яна 20 гектар майдонда шу навнинг супер элита уруғини экканмиз, ҳосил камида 80 центнердан тушади. Ҳаммаси меҳнатдан.

Абдувоҳид Бегалиев, «Турдиали бобо» хўжалиги бошлиғи:

— Ёшим 57 да. Узоқ йиллар хўжаликда ишлаганман. Ҳозир фермер хўжалигимизнинг 150 гектар ери бор. Шундан 100 гектарига буғдойнинг «Ғозғон» навини экдик. Ҳосилдорлик 70 центнердан ошди. 312 тонна ўрнига 426 тонна етказиб бердик. Ўзимизда ҳам қолди. Тўғри айтишди, ерни фарзандларимиз учун ҳам асрашимиз лозим, чунки у абадий бойлигимиз.

Яна айланиб, Оқмасжид қишлоғи яқинидаги далага келдим. Энди ўрим бошланиб кетган экан. Муқобил машина-трактор парки бошлиғи Баҳодир Шоқулов 2,5 минг гектар ерга ғалла экишгани, 45 фермернинг ҳаммаси яхши ҳосил олганини гапириб беради. Комбайнчи Маъруф Орзиев ўз касбидан рози экан. Бу йил 450 гектар майдондаги ғаллани ўриб берибди. «Ҳузур қилиб ўраяпмиз», дейди у.

Телефоним ишлади. Туман ҳокими боғланган экан. «70 минг тонна дон топширамиз деяпсизлар, деҳқоннинг ўзида ҳам қоладими?», сўрайман ундан дангалига.

— 50 минг тоннадан кўп дон қолади, деган дадил жавоб эшитилади.

 

Юнус УЗОҚОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.

Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: