Журналистлар ижодий уюшмаси Фарғона вилоят бўлими раиси, республикада хизмат кўрсатган журналист Муҳаммаджон Обидов бошчилигида ўн бир нафар журналист Умра зиёратини адо этиб қайтди.
Зиёрат давомида қилинган дуолар жараёнида, юртимизга тинчлик-омонлик, халқимизга фаровонлик, қут-барака, фарзандларимиз камолотига эзгу тилаклар билдирилди. Дунёвий билимларимиз диний билимлар билан бойиди. Тили, ирқи, ранги-рўйи турлича бўлган инсонлар имом Бухорий юртиданлигимизни эшитиб, жуда бошқача ҳурмат-эҳтиром кўрсатишди, бундан қалбимизда фахр-ифтихор туйғулари уйғонди.
Ҳамкасбларимиз Баҳовуддин Нақшбанднинг «Дилинг Оллоҳда, қўлинг меҳнатда бўлсин», деган ҳикматларига амал қилишиб, зиёратнинг биринчи кунидан ишга киришиб кетишди. Журналистларимиз кўрган ва эшитганларини қоғозга, тасвирга тушириб, ижтимоий тармоқларга жойлаштиришди.
Ҳар кунлик зиёрат тўғрисида «Ўзбекистон» телеканалига махсус репортаж ва интерьвюлар етказиб турилди. ЎзА ва бошқа ОАВларига хабарлар, материаллар юборилди.
Рамазон ойи бўлганлиги сабабли, ифторликдан сўнг Жидда шаҳрига – Ўзбекистоннинг Саудиядаги элчихонасига ташриф уюштирилди. Бу ерда оммавий ахборот воситалари вакиллари, ишбилармонлар билан бўлган мулоқот дўстона руҳда, самимий тарзда ўтди. Саудиялик ҳамкасблар Ўзбекистонга ташриф буюрадиган бўлишди. Зиёрат давомида Мадина, Макка шаҳарларидаги жуда кўплаб тарихий жойларга саёҳатлар уюштирилди.
Собиржон ТЕМИРОВ,
«Бешариқ тонги» газетаси муҳаррири, ЎзХДПдан туман Кенгаши депутати.