Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Iyul 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
1 2 3 4 5 6 7
8 9 10 11 12 13 14
15 16 17 18 19 20 21
22 23 24 25 26 27 28
29 30 31 1 2 3 4
18.06.2019

ХАВФСИЗ ТУРИЗМ ХОДИМЛАРИГА РУС ВА ИНГЛИЗ ТИЛИНИ БИЛИШ ТАЛАБИ ҚЎЙИЛАДИ

Миллий матбуот марказида Ички ишлар вазирлиги томонидан «Хавфсиз туризм» концепцияси ҳамда ички ишлар органлари хавфсиз туризмни таъминлаш бўлимларининг туризм намойиши объектларида ва инфратузилмаси ҳудудида туристлар хавфсизлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида матбуот анжумани ўтказилди.

 

— Мамлакатимизда туристик салоҳиятни юксалтириш, туристлар оқимини кўпайтириш, шунингдек, уларга қулай ва хавфсиз шароитлар яратиш мақсадида 2017 йил 23 ноябрда Вазирлар Маҳкамасининг қарорига мувофиқ туристлар оқими юқори бўлган Бухоро, Самарқанд, Хива ва Шаҳрисабз шаҳарларида 2018 йил 1 январдан бошлаб хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармалари ташкил қилинди, — дейди Ички ишлар вазирлиги хавфсиз туризмни таъминлашни мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи Абдурашид Алишеров. — Унга танлов асосида бир нечта хорижий тилларда эркин сўзлаша оладиган, касбий жиҳатдан етук ҳамда юксак муомала маданиятига эга ходимлар жалб қилинди. Бухоро, Самарқанд, Хоразм ва Қашқадарё вилоятлари ИИБларининг хавфсиз туризмни таъминлаш бўлинмалари томонидан жорий йилнинг 5 ойи давомида 47 давлат ва халқаро ташкилотлардан ташриф буюрган 313 делегацияни кутиб олиш, уларнинг хавфсизлигини таъминлаш ва кузатиш билан боғлиқ тадбирлар ташкил этилди. Бундан ташқари, бўлинма ходимлари томонидан турли масалаларда ёрдам сўраган 23 мингдан ортиқ хорижий ва маҳаллий туристларнинг мурожаатлари кўриб чиқилган ва уларга керакли ёрдам кўрсатилган.

Шунингдек, туристларга нисбатан содир этилиши мумкин бўлган жиноятларнинг олдини олиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ҳамда аҳолининг маданияти ва меҳмондўстлик фазилатларини юксалтириш мақсадида бўлинмалар томонидан 2 минг 709 профилактик тадбир ўтказилган.

Туристларга қўшимча қулайликлар яратиш ва хавфсизлик чораларини кучайтириш масалалари юзасидан тегишли давлат органлари ва ташкилотларга 105 таклиф ва тақдимномалар киритилган, уларнинг 18 таси ички ишлар органларининг бошқа соҳавий хизматларига, 42 таси маҳаллий ҳокимият органларига, 45 таси бошқа давлат орган ва ташкилотларига юборилган.

Бундан ташқари, хавфсиз туризмни таъминлаш бўлинмалари ташкил этилган ҳудудларда туристлар томонидан ёки уларга нисбатан бирорта ҳам жиноят содир этилишига йўл қўйилмаган.

– Президентимизнинг Транспорт ва туризм объектларида жамоат хавфсизлигини таъминлашнинг самарали тизимини жорий этишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги қарорига мувофиқ туристик салоҳияти юқори бўлган Тошкент, Сурхондарё вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрининг ички ишлар органлари таркибида ҳам хавфсиз туризмни таъминлаш бўлинмалари ташкил қилинди, — дейди Ички ишлар вазирлиги хавфсиз туризмни таъминлашни мувофиқлаштириш бошқармаси бош инспектори, полковник Сарварбек Усмонов. — Шунингдек, юклатилган вазифаларни самарали бажариш учун барча бошқармалар замонавий техник воситалар билан жиҳозланди. Жумладан, алоҳида белгилари билан ажралиб турувчи автобус, енгил хизмат автомашиналари, мотоцикл, скутер, сегвей ҳамда планшетлар билан таъминланган.

Журналистлар савол беришди:

— Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаларига бир нечта хорижий тилларда эркин сўзлаша оладиганлар жалб қилинади, деганда нечта тилни билиш назарда тутилган?

Ушбу саволларга Ички ишлар вазирлиги хавфсиз туризмни таъминлашни мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи Абдурашид Алишеров жавоб берди.

— МДҲ давлатларидан келаётган туристларнинг барчаси рус тилини билишлари туфайли бизнинг ходимларимиз аввало рус тилини мукаммал билишлари керак, деб ҳисоблаймиз. Бу юртимизга келаётган туристларда ходимларимиз ҳақида ижобий имиджни шакллантиришга хизмат қилади. Шунингдек, туризм полиция ходимлари бутун дунёда универсал тил ҳисобланган инглиз тилида ҳам гапиришни билиши керак. Туристларда савол ёки муаммо пайдо бўлган ҳолларда ходимлар улар билан бемалол гаплашиб муаммони тезда бартараф этишга ёрдам беради.

Бундан ташқари, хитойлик туристлар сони ҳам йилдан йилга кўпайиб бормоқда. Келажакда республикамизга келаётган хитойлик сайёҳлар оқими ошиши кутилаётгани муносабати билан хитой тилини биладиган ходимларимиз сонини ҳам кўпайтириш режаси бор. Бир сўз билан айтганда, мазкур бошқармаларнинг асосий вазифаси — туристларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш, уларнинг ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулкини турли жиноий тажовузлардан ҳимоя қилиш, ёрдамга муҳтож сайёҳларга тезкор ва сифатли ёрдам кўрсатишдан иборат.

 

Тоштемир ХУДОЙҚУЛОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: