Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Sentabr 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 31 1
2 3 4 5 6 7 8
9 10 11 12 13 14 15
16 17 18 19 20 21 22
23 24 25 26 27 28 29
30 1 2 3 4 5 6
18.06.2019

КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ КУРАШДА ҲАМЖИҲАТЛИКДА ҲАРАКАТ ҚИЛИШ ЗАРУР

Олий Мажлис Сенатида Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссиясининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди. Уни Олий Мажлис Сенати Раиси, Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссиясининг раиси Ниғматилла Йўлдошев олиб борди. Йиғилишда Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги Президент фармонидан келиб чиқадиган вазифалар муҳокама қилинди.

Таъкидлаш керакки, коррупция мавжуд бўлган жамиятда ривожланиш, ислоҳотлар самарадорлигига эришиш қийин кечади. Шу боисдан келажагини ўйлаган ҳар қандай жамият бу иллатга қарши аёвсиз курашиши талаб этилади.

Афсуски, бугунги кунда мамлакатимиз фуқароларининг аксарияти кундалик ҳаётида коррупцияга дуч келмоқда. Қайсидир маънода бу иллатдан зарар кўрмоқда. Минг афсуски, фуқароларнинг ўзлари ҳам қонун бузилиш ҳолатларининг иштирокчисига айланишаётгани ҳақиқат. Масалан, кўпчилигимиз яқин инсонимиз хасталанганда шифохонага олиб борамиз. Яхши мутахассис навбатсиз кўрикдан ўтказиши учун кимларнингдир чўнтагини тўлдиришга ҳаракат қиламиз. Бошқа биримиз тезликни оширганимиз етмагандай, давлат автомобиль назорати ходимига жаримани «енгилроқ» ёзиши учун пора таклиф этамиз. Энг ўйлантирадиган томони эса нафсни енголмаётган айрим идора ходимлари узатилган қўлларни қайтармаслигидир. Натижада аҳолида қонунни четлаб ўтиш мумкин экан, деган нотўғри тушунча пайдо бўлмоқда.

Сенат Раисининг сўзларига кўра, «Ижтимоий фикр» республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан жорий йилда ўтказилган коррупция бўйича сўров натижалари ҳам кишини анчайин ўйга толдиради. Сўровда қатнашганларнинг 66,5 фоизи мамлакатимизда коррупция тарқалган, деб ҳисоблайди. Иштирокчиларнинг қарийб 17 фоизи эса коррупция ҳамма жой ва соҳаларни қамраб олган, деган ўйда. 29 фоизи эса, мансабдорларнинг ҳар иккинчиси коррупционер, деган фикрда. 26 фоиз сўралганлар мамлакатда коррупцияга қарши ўтказилаётган курашда очиқлик ва ошкоралик етишмаяпти, деган хулосада эканини билдиришган. Шунингдек, порахўрлик билан боғлиқ жиноятларни оммавий ахборот воситаларида ёритиш ишлари етарли эмас, бу ҳолат коррупциянинг асосий сабабларидан, деб ҳисоблашини таъкидлашган.

Коррупцияга қарши кураш халқаро ташкилоти — «Transparency International» нинг ўтган йил учун эълон қилган Коррупцияни ҳис қилиш индексида Ўзбекистон 100 баллик тизимда 23 балл олган.

Бу ўтган йилга қараганда 1 балл кўп. Аммо умумий рейтингда мамлакатимиз бир поғона пастлаб, 180 та давлат орасидан 158 - ўринни эгаллаган.

Бир мулоҳаза қилиб кўрсак. Маълум бир давлатга инвестиция киритиш истагидаги инвестор у ерда коррупцион ҳолатлар учрашини билиб, мамлакатимизни четлаб ўтмаслигига ким кафолат беради?.. Бу бошқа халқаро муносабатларда ҳам ўз таъсирини кўрсатмай қолмайди. Натижада давлатнинг халқаро нуфузига ҳам жиддий таъсир ўтказади.

Яна бир ҳолат. Мансабдор шахслар мансабни масъулият, вазифа сифатида эмас, имтиёз сифатида қабул қилишмоқда. Лавозимимдан фойдаланиб қолай, амал курсисида яна қанча вақт ўтираман, қабилида иш тутишмоқда.

Ниғматилла Йўлдошевнинг таъкидлашича, мамлакатда давлат хизматчилари учун яратилаётган шарт-шароитларга қарамасдан, биргина ўтган йилда коррупция билан боғлиқ оғир жиноятни содир этган 2 минг нафарга яқин мансабдор шахс жиноий жавобгарликка тортилган.

Бош прокуратурадан олинган маълумотларга кўра, ўтган йили 116 нафар банк раҳбарлари, уларнинг ўринбосарлари ҳамда бош ҳисобчиларига нисбатан 68 та жиноий иш очилган. Халқ таълими тизимидаги қарийб 150 нафар ходимга нисбатан 103 та жиноий иш қўзғатилган бўлиб, уларнинг 24 таси порахўрлик билан боғлиқ эканлиги вазирлик мутасаддиларини ташвишга солиши даркор. Бу биргина ўша соҳалар мутасаддиларини эмас, барчамизни ўйлантириши, кенг мушоҳада қилишга ундаши зарур.

Кунора кимнингдир пора билан қўлга тушганини эшитамиз. Коррупцияга қарши кураш самара бераётганидан қувонамиз. Аммо шу ўринда кишини ташвишга солаётган ҳолат бор. Бу коррупцияга қарши курашнинг олдинги сафларида турувчи, бунга бевосита масъул бўлган идораларнинг ўзида ҳам коррупцияга тўлиқ барҳам берилмаётганидир.

Ўтган йилнинг ўзида 39 нафар ички ишлар тизими ходими, 10 нафардан зиёд прокуратура ходими, 2 нафар давлат божхона тизими ходими, 1 нафардан судья ва адвокатга нисбатан порахўрлик жинояти учун иш қўзғатилганини ҳеч нарса билан изоҳлаб бўлмайди, деди Сенат Раиси.

Касалликни даволашдан кўра, унинг олдини олган маъқул. Демак, ушбу иллатнинг фақат оқибатлари билан курашиш кутилган натижани бермайди. Шундай экан, коррупцияга олиб келадиган ҳар қандай ҳолат ва омилларни бартараф этиш лозим. Бунинг учун барча имкониятларни ишга солиш, бу йўлдан асло чекинмаслик зарур.

Мажлис давомида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва давлат идораларининг тегишли бўлинмалари томонидан бевосита аниқланадиган, яъни фақат уларнинг саъй-ҳаракатлари натижасида фош этилиши мумкин бўлган жиноятларни, шу жумладан, мансаб билан боғлиқ жиноятларни аниқлаш масаласига алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги таъкидланди. Шунингдек, ҳар бир давлат идораси соҳадаги тегишли хавф-хатарларни инобатга олиб, Идоралараро комиссия билан келишган ҳолда ўзининг дастурини тасдиқлаши зарурлиги қайд этилди.

Комиссия мажлисида барча давлат органлари ва ташкилотлари идоравий чора-тадбирларни амалга ошириш устидан ички назорат механизмларини кучайтириш лозимлиги айтилди. Коррупцияга қарши курашиш бўйича ички комиссиялар ишини фаоллаштириш лозимлиги, бунинг учун раҳбар шахсан жавобгар эканлигига алоҳида тўхталиб ўтилди. Давлат бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарлари коррупция хавф-хатарларини ўз вақтида аниқламагани ва тегишли баҳо бермагани учун шахсан жавобгар бўлиши хусусида ҳам фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Идоралараро комиссия ўз ваколатлари доирасида вақти-вақти билан вазирлик ва идораларда, ҳудудларда коррупция билан боғлиқ ҳолатни ўрганиб боришини маълум қилди. Бу тўғрисида ҳеч ким огоҳлантирилмаслиги таъкидланди. Тегишли ишчи гуруҳлар Комиссиянинг кўрсатмаси асосида исталган пайтда ўрганишга киришиши мумкин. Бундай кўрсатмани бериш учун Комиссия «Ижтимоий фикр» жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази ва бошқа тузилмалар томонидан тақдим этиладиган таҳлилларга ҳам асосланади.

Мажлисда Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссиясининг тегишли қарори қабул қилинди. Унга кўра, Идоралараро комиссиянинг чора-тадбирлар режаси, «Коррупциясиз соҳа» лойиҳасини тайёрлаш ва амалга ошириш бўйича ишчи гуруҳлар, Идоралараро комиссия ҳузуридаги Эксперт гуруҳи таркиби ва Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросини оммавий ахборот воситаларида кенг тарғиб қилишга қаратилган медиа-режа тасдиқланди.

 

 «Ўзбекистон овози» мухбири

Маҳлиё АЛИҚУЛОВА тайёрлади.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: