Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Sentabr 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 31 1
2 3 4 5 6 7 8
9 10 11 12 13 14 15
16 17 18 19 20 21 22
23 24 25 26 27 28 29
30 1 2 3 4 5 6
18.06.2019

ҚИДИРУВДА БЎЛГАН ШАХСЛАРНИНГ

хорижий давлатларда ҳаракатланиши чекланадими?..

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида бир қатор қонун лойиҳалари муҳокама қилинди. Аввал ушбу масалалар Ўзбекистон ХДП фракция йиғилишида кўриб чиқилган эди.

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгашининг раиси Улуғбек Иноятов йиғилишда иштирок этди. У юртимизда олиб борилаётган кенг миқёсли ислоҳотларда партия ва унинг парламентдаги фракцияси бирдек фаол иштирок этиши, ушбу ислоҳотларда партия позициясини намойиш этиш, Сайловолди дастурида белгиланган устувор вазифаларни амалга оширишда ўзаро ҳамжиҳатликда иш юритиш бўйича ўз таклифларини билдирди.

 

— Жорий йилнинг охирида бўлиб ўтадиган сайловлар барчамизни ўйлантириши керак, — деди Улуғбек Иноятов. — Масъулиятли давр арафасида турибмиз. Бунда кўп йиллик тажрибага эга фракция аъзоларига суянамиз, албатта. Биз камчиликларимизни тан олиб, уни бартараф этиш чораларини кўриш зарур. Шунингдек, қисқа фурсатда фракция аъзолари ташаббуси билан амалга оширилган ишлар хусусида тақдимот тайёрлаб, партия сайтига жойлаштириш керак.

Партиямизнинг нуфузи ошиши, аҳолида унга ишонч ортиши учун ҳар биримиз фаолиятимизни танқидий-таҳлилий кўриб чиқишимиз шарт. Партиямиз Сайловолди дастурини ҳам лойиҳа шаклига келтириб, аҳолига намойиш этиш йўлларини ўйлашимиз лозим. Бугун одамлар янгиликка, инновацияга ўч. Оддий ахборотни ҳам содда, лекин замонавий услубда етказиш яхши самара беради, деб ўйлайман.

Олий Мажлис депутатлари ҳар ойда жойларга чиқиб, ҳудудлардаги муаммоларни ўрганмоқда. Аҳоли орасида юриб, партиямизнинг мақсад, вазифаларини тарғиб этмоқда. Бундан ҳам самарали фойдаланиш керак, деб ўйлайман. Фракция аъзолари жойларда бўлганида туманлардаги партия кенгашларининг фаолияти, нуфузи ортиши борасида ҳам маълум бир ишларни амалга оширса, тажриба алмашса, мақсадга мувофиқ бўларди.

Ушбу фикрлардан сўнг, фракция аъзолари Жиноят-процессуал кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги қонун лойиҳасини муҳокама қилди.

— Қонун лойиҳасига кўра, суриштирув, дастлабки тергов ва суддан яширинган айбланувчининг ёки судланувчининг паспортини бекор қилиш тартибини белгилаш кўзда тутилган, — деди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси Бунёджон Эшонқулов. — Бунда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш самарадорлигини ошириш, жавобгарликнинг муқаррарлиги принципини таъминлаш мақсад қилинган.

Айбланувчининг, судланувчининг суриштирув, дастлабки тергов ва суддан яшириниши бу принципни амалда таъминлашга салбий таъсир кўрсатмоқда.

Статистик маълумотларга кўра, 2015 йилда 22,9 минг нафар қидирувдаги шахслардан 10,8 минг нафари, яъни 47,2 фоизи ушланган бўлса, бу кўрсаткич 2016 йилда 47,5, 2017 йилда 36, 2018 йилда эса 38 фоизни ташкил этган.

Бундан ташқари, оғир ва ўта оғир жиноят содир этиб, тергов ва суддан яширинган қидирувдаги шахсларнинг сони ҳамон юқорилигича қолмоқда. Масалан, жорий йилнинг 1 апрель ҳолатига кўра, қидирувда бўлган 7 650 нафар шахсдан 74,2 фоизи оғир ва ўта оғир жиноятни содир этган шахслар бўлган. Қидирувда бўлган шахсларнинг қарийб 50 фоизи 5 йилдан ортиқ муддатда қидирилмоқда. Қидирувда бўлган шахсларнинг 93 фоизига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси ва 311 нафарига муносиб хулқ-атворда бўлиш тўғрисида тилхат қўлланилган.

Содир этилган жиноят учун жавобгарликнинг муқаррарлигини таъминлаш ва жабрланувчиларга етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш мақсадида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан қидирувдаги шахсларни топиш учун катта куч ва воситалар жалб этилмоқда. Хусусан, 2015-2018 йиллар давомида 1457 нафар қидирувдаги шахсларни республикага экстрадиция қилиш учун давлат бюджетидан қарийб 30 миллиард сўмга яқин пул сарфланган.

Бундан ташқари, қидирувда бўлган шахслар томонидан содир этилган ҳуқуқбузарлик бошқа давлат қонунчилигига асосан жиноят, деб топилмаслиги мумкин. Бундай тоифадаги шахслар бошқа давлат фуқаролигини қабул қилганлиги ёки қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилмаганлиги сабабли қидирувдаги шахсларни ушлаб бериш ҳақидаги сўровлар ижро этилмаслигига олиб келмоқда. Айнан шундай асослар билан 320 нафар қидирувдаги шахсларни ушлаб бериш ҳақидаги сўровлар хорижий давлатлар томонидан рад этилган.

Қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш жараёнида хорижий давлатлар қонунчилиги ҳам ўрганилган. Бунда қидирувда бўлган шахсларни хорижий давлатларда ҳаракатланишини чеклаш ва ўз юртига қайтариш мақсадида фуқаролик паспортининг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилиш муддатини тўхтатиш амалиёти кенг қўлланилмоқда.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, Жиноят-процессуал кодексига ўзгартиришлар киритиш керак, деб ҳисобланмоқда. Бу билан экстрадиция қилишнинг имкони бўлмаган қидирувдаги шахсларга нисбатан жавобгарликнинг муқаррарлиги принципи таъминланади. Экстрадиция қилиш учун Давлат бюджетидан кетадиган харажатларни тежаш имконини беради.

Шуларни ҳисобга олиб, қонун лойиҳаси қўллаб-қувватланди.

Йиғилишда партия фракцияси аъзолари «Атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини ҳам муҳокама қилди.

Муҳокама жараёнида атом энергиясидан фойдаланишни таъминлаш тизимининг ҳуқуқий асосларини ташкил этиш давр талабига айланаётгани таъкидланди. Ҳуқуқий асосларни ташкил этиш, амалдаги барча меъёр, қоидаларни унификация қилиш ва уларни Ўзбекистон томонидан имзоланган халқаро ҳужжатлар билан мувофиқлаштириш муҳим саналади.

Қонун лойиҳаси биринчи ўқишдан сўнг депутатларнинг таклифлари асосида қайта кўриб чиқилганлиги билдирилди. Бу жараёнда атом энергетикасидан фойдаланиш соҳасида хавфсизликни таъминлаш бўйича давлат сиёсатининг асосий йўналишлари такомиллаштирилгани айтилди. Ядро ускуналари ва мосламаларни сертификатлаш жараёнлари белгиланганлиги алоҳида эътироф этилди.

Шуни ҳам айтиш керакки, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг ялпи мажлисида мазкур қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинмади. Уларнинг фикрича, ҳужжатда соҳада жамоатчилик назоратининг аниқ механизмларига ойдинлик киритиш лозим. Парламент аъзолари қонун лойиҳасини Олий Мажлис Қонунчилик палатаси масъул қўмитасига қайта ишлаш учун юбориш ҳақида қарор қабул қилди.

Йиғилишда кун тартибидаги масалалар бўйича фракциянинг тегишли қарорлари қабул қилинди.

 

Маҳлиё АЛИҚУЛОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: