18.06.2019

МАДАНИЙ-ТАРИХИЙ МАРКАЗЛАР БИЛАН ТАНИШУВ

Бангладеш Халқ Республикаси Президенти Муҳаммад Абдул Ҳамид мамлакатимиз маданий-тарихий марказлари билан танишиш мақсадида 16 июнь куни Ўзбекистонга келди.

«Бухоро» халқаро аэропортида олий мартабали меҳмонни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари А.Абдуҳакимов, Бухоро вилояти ҳокими Ў.Барноев кутиб олди.

Муҳаммад Абдул Ҳамид Бухородаги Арк қалъаси, Пойи Калон мажмуаси, Лаби Ҳовуз ансамблида бўлиб, қадим кентнинг ривожланиш тарихи билан яқиндан танишди, Баҳоуддин Нақшбанд тарихий мажмуасини зиёрат қилди.

— Мазкур обидалар халқингизнинг бой ўтмишидан далолат. Қадим тамаддун ўчоғи, дунё илм-фани ривожига ҳисса қўшган улуғ алломалар диёри бугун ҳам маданият ва маърифат маскани бўлиб қолмоқда, — деди Муҳаммад Абдул Ҳамид.

Бангладеш Президенти 17 июнь куни пойтахтимиздаги Ҳазрати Имом мажмуасида бўлди.

Меҳмонга Қаффол Шоший мақбараси, Бароқхон ва Мўйи Муборак мадрасалари, Тилла Шайх, Намозгоҳ масжидлари тарихи, ҳудудда амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари, хусусан, Тошкент шаҳридаги Ўзбекистон ислом цивилизацияси маркази ҳақида маълумот берилди.

Олий мартабали меҳмон Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида ислом динини ўрганиш, унинг асл инсонпарварлик ғояларини кенг ёйиш борасида олиб борилаётган ишларга юксак баҳо берди.

Муҳаммад Абдул Ҳамид Темурийлар тарихи давлат музейида Соҳибқирон ва унинг авлодлари ҳақида ҳикоя қилувчи ранг-баранг экспонатлар билан ҳам танишди. Фахрий меҳмонлар китобига дастхат ёзиб қолдирди.

Бангладеш Президенти Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳридаги “UZTEX GROUP” масъулияти чекланган жамиятида бўлди.

2009 йилда ишга туширилган мазкур корхонада пахтадан матолар, тайёр тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. Йилига 7 минг тонна ип-калава тайёрланади. Корхона маҳсулотлари жуда харидоргир бўлиб, асосий қисми Россия, Украина, Беларусь, Қозоғистон каби давлатларга экспорт қилинади. Келгусида Бангладешга ҳам етказиб бериш режалаштирилмоқда.

Олий мартабали меҳмон бу ердаги замонавий технологиялар асосида пахта толасидан ип-калава ишлаб чиқариш, қадоқлаш ва экспортга йўналтиришгача бўлган жараён билан танишди.

— Иқтисодиётнинг барча жабҳаларида, хусусан, тўқимачилик соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш ва кенгайтиришдан манфаатдормиз, — деди Бангладеш Президенти.

Муҳаммад Абдул Ҳамиднинг мамлакатимизга ташрифи давом этмоқда.

 

ЎзА


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: