Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Sentabr 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 31 1
2 3 4 5 6 7 8
9 10 11 12 13 14 15
16 17 18 19 20 21 22
23 24 25 26 27 28 29
30 1 2 3 4 5 6
11.06.2019

ЁЛҒОН СЎЗ КАСРИ

Сўздин ўлукнинг танида руҳи пок,

Руҳ боғи тан сўздан ҳалок.

Эрининг ажрашиш ҳақида берган аризаси бўйича суд чақирувига асосан мунғайиб ерга қараб, судъянинг хонасига кириб келган Баҳорой таклиф этилган стулга омонат ўтириб, сўнг хонадагиларга зимдан кўз қирини ташлар бўлди. Ғўддайиб, йўқ, безрайиб, худдики бир ишни қойил қилган, энди тақдирланишини кутиб тургандай бўлиб ўтирган эри – Раҳимбойга кўзи тушиб, ғижинди.

— Раҳимбой ука, Баҳорой синглим, неча йил бирга яшадингизлар? Фарзандлар нечта? – деган сўровни эшитиб, кўзини ердан узиб, хона тўрида, ўзларига хайрихоҳ қараб турган, ёши олтмишни қоралаб қолган эркак киши — судьяни кўрди.

Эри «етти йил яшадик, иккита фарзандимиз бор», — деди худди «сизга нима», деб писанда қилгандай.

Судъя, эрининг муомиласига эътибор бермай, «ўғил-қиз?», — деб сўради. Баҳорой, эрининг муомаласидан хижолат бўлиб, астагина, «бир ўғил, бир қизимиз бор», — дея жавоб берар бўлди.

Шунда судья: — Ана шу ўғил ва қизингизнинг ҳаққи-ҳурмати, сизлар тотув, яхши яшашларингиз лозим. Сизлар ажрашиб кетсаларингиз, болаларингизнинг тақдири нима бўлади, уларда нима гуноҳ? Бир-бирингизни тушуниб, озроқ ён бериб яшасангизлар, олам гулистон-ку, — деб эрига савол назари билан қаради.

Эри, тўрсайган ҳолда: — Бўлмайди, бунга мен керак эмасман, бу эрга тегиб олган, энди яшамайман, — деди.

Эрининг ушбу ёлғонини эшитган Баҳоройнинг томоғига нимадир тиқилиб қолгандай бўлди, бир-икки ютиниб олиб, зўрға ўзини босиб, эрининг бу гапи туҳмат эканлигини, эри кейинги йилларда, — сен у билан гаплашдинг, бу билан гаплашдинг, у ўйнашинг, бу ўйнашинг, тан ол, — деб ҳоли-жонига қўймай, ҳақоратлаб, ҳам урадиган одат чиқарганлигини, шунда, унга аччиқ қилиб, — Ҳа, эрга ҳам тегиб олдим, — деб айтганини, эри шу гапини дастак қилиб, «бу эрга тегиб олди», — деяётганини, эри тинч яшашга йўл қўймаслигидан, ўзи уйдан чиқиб кетганлигини билдирди.

Шунда, судья, ҳар қандай оилада эр-хотиннинг бир-бирини тушунмаслик ҳолатлари бўлиб туриши, бу ажрашишга сабаб бўлмаслиги ҳақида гапираётиб, «бундай тушунмовчиликлар, ажабмаски, сизларнинг ота-оналарингизда ҳам бўлгандир, лекин улар ажрашиб кетмаган, сизларни бағрида катта қилган-ку» деганида Баҳорой ўзини тўхтатиб тура олмади, «ҳар иккаламизнинг ҳам ота-онамиз ажрашиб кетишган-да», деб юборди.

Судья бироз ўйланиб турдида, сўнг, «ҳўп, унда сизлар шу хатони такрорламанглар, агар ажрашиб кетсангиз, бугундан бошлаб, фарзандларингизнинг бахтига раҳна соласиз, ўғлингиз яхши кўрган қизига уйлана олмайди, қизингиз яхши кўрган йигитига турмушга чиқа олмайди, уларга ота-онаси ажрашган, деган тамғани босманглар», — деб насиҳат қилди, ажралиш оқибати нимага олиб келиши ҳақида гапирди.

Бахорой бехос хаёлга чўмиб қолди. «Наҳот ажралиш авлод суради, наҳот бир кун келиб, ўғлимни уйлантирсам, қизимни чиқарсам, улар ҳам ажрашиб кетишади», — деган саволлар юрагига ғулғула солди...

Баҳорой ўй сургандан ўй суриб қолди. Ота тарбиясини кўрмаган, оила тутишни билмаслиги, эҳтимол шундандир. Ўзи ҳам она тарбиясини кўрмади, гоҳ бувиси қўлида, гоҳ янгалари қўлида бўлди: «Она тарбиясини олганида оилага, ҳаётга муносабати бошқача бўлармиди? Ўйлаб-ўйлаб эрига юзланди: — Мендан ўтган бўлса кечиринг, ўзгарайлик, яхши яшайлик», — деди. Эри: «Сенинг бошқа эринг бор, мен ҳам ўзимга хотин топиб олганман, сен билан яшамайман», — деди ғолибона.

Бахорой эри аччиқ устида, алам билан гапираётганини билгандай бўлди. Аммо бир оғиз ёлғон сўзи бошига бало бўлганини ҳам тушунгандай бўлди. Яна кечирим сўради...

 

Холмўмин Ёдгоров


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: