11.06.2019

КЕЧИРИМЛИЛИК – ХАЛҚИМИЗГА ХОС ФАЗИЛАТ

Кечиримлилик, бағрикенглик, инсонпарварлик — ўзбек халқига хос азалий қадриятлар ҳисобланади. Бугун ҳам ана шу, ўзимизга хос бўлган тамойиллар асосида, Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан оламшумул ишлар амалга оширилмоқда. Ҳаётда адашган, билиб-билмай хато қилган, қилмишидан пушаймон бўлган минглаб одамлар кечирилмоқда, афв этилмоқда, оиласи, яқинлари бағрига қайтарилмоқда.

Муборак Рамазон ойида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига биноан, улкан аҳамиятга эга «Меҳр» инсонпарварлик операцияси амалга оширилди. Яқин Шарқдаги қуролли можаролар ҳудудидан 156 нафар ватандошимиз, асосан аёллар ва болалар махсус авиарейсда ватанга қайтарилди. Ўзга юртга бориб қолиб, оғир кунларни, фожиаларни бошидан ўтказган, ватанга қайтишни яратгандан илтижо қилиб сўраган бу инсонлар ҳаёти сақлаб қолинди. Бугун уларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатилмоқда. Уларнинг жамиятга мослашиб, ижтимоий фаол шахсга айланишлари, бошпана ва иш билан таъминланишлари бўйича барча чора-тадбирлар кўрилди. Болаларга таълим бериш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу ишлар юртимизда инсон омилига олий қадрият сифатида қаралиши, ҳар бир инсон эътибор ва эҳтиромда эканининг тасдиғидир.

Шу ўринда, ўтган икки-уч йил ичида мазкур йўналишда амалга оширилган ишлар ҳақида қисқача тўхталиб ўтсак ўринли бўлади, деб ўйлайман.

2017 йил декабрь ойида Конституциямизнинг 25 йиллиги арафасида эълон қилинган Фармон билан мамлакат тарихида илк маротаба 2 минг 700 нафар маҳкум, жумладан, жазони ижро этиш колонияларидан 956 нафар турли шароитлар туфайли жиноят содир этган, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон бўлган, тузалиш йўлига қатъий ўтган, яшаш жойи ва жазони ижро этиш муассасасида ижобий тавсифланган шахслар афв этилди.

2018 йил 12 июнда Рамазон ҳайити муносабати билан эълон қилинган афвга оид Президент Фармони билан озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган 226 нафар фуқаро афв этилди.

Ватанимиз Мустақиллигининг 27 йиллиги арафасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида»ги Фармонига имзо чекилди.

Ушбу фармон билан қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган, озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган 261 нафар фуқаро афв этилди.

Фармонга мувофиқ, 215 нафар шахс жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилиниб, оиласи ва яқинлари бағрига қайтарилди. Шунингдек, 46 нафар шахсга тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазосининг муддатлари қисқартирилди.

Афв этилганларнинг 5 нафарини 60 ёшдан ошган шахслар, 135 нафарини тақиқланган ташкилотлар фаолиятида қатнашган шахслар ташкил этади.

Бу йил эса муборак Рамазон ҳайити муносабати билан ҳамда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 93-моддаси 23-бандига асосан билиб-билмай жиноят содир этган, ҳозирги вақтда қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган 575 нафар фуқаро афв этилди. Афв этилган шахсларнинг 361 нафари жазодан тўлиқ озод қилиниб, ота-онаси, фарзандлари ва яқинлари бағрига қайтарилади. Шунингдек, 214 нафар шахснинг озодликдан маҳрум этиш жазо муддатлари қисқартирилади. Афв этилганларнинг 7 нафарини 60 ёшдан ошган шахслар, 6 нафарини аёллар, 1 нафарини чет эл фуқароси ташкил этади.

Рамазон ҳайити арафасида Зангиота туманида жойлашган аёллар жазо ўтаётган муассасада ўтган сайёр суд мажлисида жами 19 нафар аёл жазодан озод этилиб, уйига – оиласи бағрига қайтарилгани, бундан ташқари, 20 нафар аёл ёпиқ турдаги жазони ижро этиш муассасасидан манзил-колониясига ўтказилганини қайд этиш лозим.

Афв этилган, кечирилганларнинг ижтимоий ҳаётга мослашиб, фойдали меҳнат билан шуғулланиши, соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиб, жамиятда муносиб ўрин топиши учун барча чора-тадбирлар кўрилмоқда. Маҳаллий ҳокимият вакиллари, кенг жамоатчилик, ўзини ўзи бошқариш органлари, диний соҳа ходимлари улар билан дилдан суҳбат ўтказиб, муаммолари билан яқиндан танишиб, амалий кўмак беришмоқда. Шунингдек, бу хайрли ишда муборак Ҳаж амалини адо этиб қайтган юртдошларимиз ҳам уларга маънавий маслакдош бўлишмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, бу юртда инсон азиз, унинг қадр-қиммати ҳар нарсадан устун. Бугун афв этилганларни, кечирилганларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, уларга кўмак бериш замирида бир ҳақиқат мавжуд. У ҳам бўлса, ҳаётга келган ҳар бир инсон умрини мазмунли ўтказсин, ғанимат фурсатларни ҳуда-беҳудага сарфламасин, юртига, юртдошларига содиқ бўлиб, ўз ватанида бахтли ҳаёт кечирсин. Зеро, олий қадриятнинг ёрқин намоёни сифати чиқарилган ушбу фармоннинг моҳиятида ҳам ана шу улуғ мақсад, эзгу ғоя мужассам.

 

Нуриймон АБУЛҲАСАН,

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: