Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Sentabr 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 31 1
2 3 4 5 6 7 8
9 10 11 12 13 14 15
16 17 18 19 20 21 22
23 24 25 26 27 28 29
30 1 2 3 4 5 6
11.06.2019

ЎЗБОШИМЧАЛИК БИЛАН КОВЛАНГАН ЙЎЛЛАР УЧУН ЖАЗО БЕЛГИЛАНАДИМИ?

Фаол инвестиция ва ижтимоий ривожланиш йили Давлат дастурида йўл, транспорт соҳасини жадал ривожлантириш, соҳадаги бошқарувни такомиллаштириш ҳамда малакали кадрлар тайёрлашга катта эътибор қаратилган.

Жорий йилнинг февраль ойида транспорт соҳасида давлат бошқарув тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги ҳамда Транспорт вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги Президент фармони ва қарори қабул қилинди. Кўп ўтмай транспорт соҳасидаги давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш мақсадида Транспорт вазирлиги ташкил этилди ва тизимда Йўл-қурилиш ишлари сифатини назорат қилиш инспекциясининг ҳуқуқий асослари яратилди.

Таъкидлаш жоизки, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси томонидан автомобиль йўллари тўғрисидаги қонуннинг Жиззах вилоятидаги ижроси назорат-таҳлил тартибида ўрганилди. Депутатлар аҳоли билан очиқ мулоқот ўтказди. Шу жараёнда энг кўп кўтарилган масалалардан бири ички автомобиль йўллари носозлиги, таъмирталаблиги билан боғлиқ бўлди. Жойларда ички автомобиль йўлларини ўзбошимчалик билан қазиш, уни қайта тикламасдан бузиш ҳолатлари кузатилаётгани қайд этилди.

Яқинда Ўзбекистон ХДП фракцияси ташаббуси билан Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси раҳбарининг ҳисоботи эшитилганди. Унда хўжаликлараро қишлоқ автомобиль йўллари ҳамда шаҳарлар, шаҳар посёлкалари, қишлоқлар ва овуллар кўчалари тармоқларининг бугунги ҳолати, уларни яхшилаш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар хусусида сўз борди. Мулоқот жараёнида мазкур масаланинг нақадар долзарблигига яна бир бор амин бўлдик. Депутатлар олдида ҳал этилиши лозим бўлган муаммолар кўплиги алоҳида таъкидланди. Шуни инобатга олган ҳолда, Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси аъзолари томонидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида қонун лойиҳаси тайёрланди. Лойиҳа депутатлар, Вазирлар Маҳкамаси вакиллари, вазирликлар, мутасадди ташкилотларнинг масъул ходимлари, соҳанинг мутахассислари ва экспертлари иштирокида муҳокама қилинди. Лойиҳага кўра, Транспорт вазирлиги ҳузуридаги инспекция йўл-қурилиш ишлари сифатини назорат қилади. Шунингдек, муҳандислик тармоқларини қуриш, таъмирлашда шаҳар кўчалари ва бошқа аҳоли пунктларининг йўл қопламасини демонтаж қилиш, тиклаш бўйича ишлар ҳам инспекциянинг доимий эътиборида бўлади. Йўллар билан боғлиқ ишлар сифатини бузганлик ва уларни тегишли рухсатларсиз бажарганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланади.

Шунингдек, қонун лойиҳасини тайёрлаш жараёнида дунёнинг бир қатор давлатлари йўл хўжалигини бошқариш тизими борасидаги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлари ўрганилди.

 Автомобиль йўллари тўғрисидаги қонунда белгиланган меъёр талабларидан келиб чиқиб, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 147 ва 245-моддаларига тегишли қўшимчалар киритиш таклифи ҳам берилди. Унга кўра, автомобиль йўлларини ўзбошимчалик билан қазиш, уларда сунъий нотекисликлар ва тўсиқлар яратиш, йўллар билан боғлиқ ишлар олиб бориш учун берилган рухсатнома талабларини бажармаслик ҳамда сақлаш қоидаларини бузганлик учун нафақат мансабдор шахсларга, балки фуқароларга ҳам жарима белгилаш таклиф этилмоқда.

Айтиш керакки, йўл-қурилиш ишларининг сифати устидан назорат олиб борадиган инспекция норматив ҳужжатлар талабига риоя этилиши устидан қаттиқ назорат олиб бориши лозим бўлади. Бу бажарилаётган ишларнинг сифати ҳамда самарадорлигини оширишда муҳим аҳамиятга эга.

 

Акмал УМАРАЛИЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: