Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Iyun 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
27 28 29 30 31 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
04.06.2019

«ОРЗУИМ – ЕВРОПАДА ЎЙНАШ»

Майдонда ўзининг чаққон ва чапдаст ҳаракатлари билан ажралиб турадиган, бугунги кунда «Пахтакор» жамоаси ҳамда миллий терма жамоанинг асосий ўйинчисига айланиб улгурган Жалолиддин МАШАРИПОВ билан суҳбат.

 

— Нимага айнан спортнинг футбол турини танлагансиз? Умуман олганда, футболга кириб келишингиз қандай бўлган?

— Болалигимда маҳалламиз кўчаларида футбол ўйнаб юрардим. Бу мен учун доимо завқли бўлган. Ўзимдан катталар билан ҳам курашишга, тенгма-тенг ўйнашга ҳаракат қилардим. Мактабга чиқа бошлаганимдан сўнг эса жисмоний тарбия устозим дарсдан кейин футболга қизиқадиган болаларни тўплаб, футбол ўйнатарди. Буларнинг ҳаммаси менда футболга ҳавас уйғотган.

— Оилангиздагилар футболчи бўлишингизга қаршилик қилишмаганми?

Йўқ, қаршиликлар бўлмаган. Акам — Жамолиддин Машарипов мени доимо қўллаб-қувватлаб турган. Ҳатто, футболга ҳам бирга борардик.

— Қийналган пайтларингизда ёки жароҳат сабабми, футболдан кетишни ўйлаганмисиз?

Жароҳатлар масаласига келсак, албатта, бўлган. Лекин ҳар доим уйдагиларга билдирмасликка ҳаракат қилардим. Футбол мактабида ўқирдим. Уйдагилар билан кам кўришардим. Асосан, телефонда гаплашардик. Жароҳатим борлигини эса айтмасдим. Агар билиб қолишса, оёғинг синади, ногирон бўлиб қоласан деб, футболчи бўлишимга қаршилик қилишлари мумкин, деб ўйлардим. Ахир ҳар бир ота-она учун фарзанди жонидан ҳам азиз-ку.

— Ўсмирлар, ёшлар, олимпия терма жамоаларида кўпинча захирада бўлардингиз. Ўша пайтларда бу сизга қандай таъсир қилган?

У пайтларда ўзим тенгиларга кучим етмаслигини билардим. Улар мендан кучли эди, бироқ, ақл ва фикрлаш жиҳатдан улардан ортда эмаслигимга ишонардим. Ўша пайтларда жуда ҳам сиқилиб юрардим, нега мени ҳеч омадим юришмайди, деб ўйлардим. Мураббийларим эса «Жалол, сенда истеъдод бор. Сенга фақат, куч керак, холос» дейишарди. Тушкунликка тушмасдан астойдил шуғулланишимни айтишарди. Ва мен ўз устимда тинмасдан ишлардим.

— «Пахтакор»га ўтиш қандай бўлган?

Биринчи мураббийим Олимбой Давлатов билан биргаликда Жиззахда футбол мактаблари ўртасида ўтказилган мусобақага боргандик. Ўшанда «Пахтакор» билан бўлган учрашувда ўзимнинг энг яхши ўйинимни кўрсатдим. Ўйиндан сўнг улардан таклиф тушди ва мен буни дарҳол қабул қилдим.

— Ижтимоий тармоқларда бугунги кундаги терма жамоамизнинг етакчиси ким, деган сўров ўтказилган-да, кўпчилик мухлислар Машариповни 1-ўринга қўйишган. Бунга муносабатингиз қандай?

— Ҳозирги терма жамоамизда Аҳмедов етакчи. Терма жамоа йиғинларида доим бир хонада турамиз. Мендан маслаҳат ва кўмакларини аямайди. Осиёда у кишини ҳамма танийди. Шунга яраша рақибларимиз ҳам ундан ҳайиқишади. Шунинг учун унга ўйин бермасликка ҳаракат қилишади. Бундай пайтларда, биз ўзимизни кўрсатишимиз лозим. Яширмайман, терма жамоада етакчи бўлишни хоҳлайман. Мухлислар кимнидир етакчи дейишса, ундан ўзиб кетишга ҳаракат қиламан. Бу ҳасад эмас, ҳаракат, имкониятларингни кўрсатишга интилиш.

— Устун жиҳатларингиздан бири техник маҳорат, бунинг устида алоҳида шуғулланасизми?

— Ҳимоячиларни доғда қолдириб кетишдан завқланаман. Айниқса, чиройли финт ишлатиб, уларни алдаб ўтиб кетсам, демак, мен тўғри ишлаяпман, деб ўйлайман. Машғулотлардан сўнг ҳам майдонда қолиб, маҳоратимни ошириш учун ишлайман. Яхши техникага эга бўлиш учун режадаги машғулотларнинг ўзи етарли эмаслигини биламан. Истагим шуки, ўзбек футболи мухлислари Месси, Неймар ўйинидан роҳатлангандек, менинг ўйинимдан ҳам роҳатланишсин. Бор-йўғ ниятим шу.

— «Пахтакор»нинг Осиё чемпионлар лигасидаги муваффақиятсизлигига нима сабаб деб ўйлайсиз?

Саудия Арабистонига боргач, ўзимни ёмон ҳис қилиб бетоб бўлиб қолдим. Иссиғим чиқиб, қон босимим ошди. Шундай бўлса-да, майдонга тушдим. Афсус, имкониятимнинг ярмисини ҳам намойиш этолмадим. Жамоада кўп нарса менга ҳам боғлиқ. Шунинг учун, фақат ўзимни айблайман. Ўйиндан кейин бир неча кун ўзимни койиб юрдим...

— Айбни фақат ўзингизга оляпсиз, аммо ҳимоя ҳам пала-партиш ҳаракат қилди-ку.

Йўқ, ҳимоячиларга айбни юкламаган бўлардим. Ҳужумда яхши ҳаракат қилмаганимиз учун уларга босим кўп бўлди. Оқибатда, хатога йўл қўйишди.

— Терма жамоаларимиз бош мураббийи Купернинг сиз билган бошқа мураббийлардан фарқли жиҳатлари нимада деб ўйлайсиз?

Фарқли жиҳатлари кўп. Биласиз, Эктор Купер кўплаб кучли жамоаларда ишлаган. Бу унинг улкан тажриба эгаси эканлигидан далолат беради. Терма жамоа йиғинлари бошланганда, Купернинг машғулотларига шошиламан. Ундан кўп нарса ўрганса бўлади. У халқимизнинг футбол борасидаги азалий орзусини амалга ошира олишига ишонаман ва мен унга астойдил ёрдам беришга ҳаракат қиламан. Ўйлашимча, жамоамизнинг бошқа аъзолари ҳам Куперга ишонишади.

— Келажакдаги режалар қандай? Реал таклиф тушса, «Пахтакор»ни тарк этишингиз мумкинми? Араб ёки Хитой клубларидан таклиф тушса, қандай муносабат билдирган бўлардингиз?

Келажакдаги режаларимдан бири бу – Европада ўйнаш. Ҳеч бўлмаганда, аввал Россия чемпионатида қатнашиш, Сўнгра Европанинг кучли клубларига йўл олиш. Араб ва Хитой клубларига келадиган бўлсак, ўйнамайман, деб аниқ айтолмайман. Европа жамоаларидан реал таклифлар бўлишини кутаман. Вақтни бой бераётганимни сезсам, араб ва Хитой клубларига кетишим мумкин, чунки, ҳозирнинг ўзида аниқ таклифлар бор. Яна бир бора айтаман: ҳеч бўлмаса, Россия чемпионатида ўйнашни хоҳлайман.

— Қайси мамлакат чемпионатида ўйнашга кўпроқ қизиқасиз?

Англияда ўйнаш азалий орзум, Испанияда ўйнаш ҳам ҳам катта шараф.

— Футболдаги энг олий мақсадингиз нима?

Энг олий мақсадим — терма жамоамиз билан жаҳон чемпионатида иштирок этиш. Жаҳон чемпионатида давлатимиз байроғи ҳилпирашини кўриш.

 

Маъруф АБДУМАЛИКОВ,

Шерзод НУРМАТОВ

суҳбатлашди.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: