04.06.2019

«ГУЛШАН» ИСТИРОҲАТ БОҒИ ОБОД БЎЛАДИМИ, ЙЎҚМИ?

Бу саволларга ким жавоб беради?

Ёши улуғ кишилар яхши эслашади, бундан чорак аср муқаддам пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманидаги «Гулшан» маданият ва истироҳат боғи энг гавжум дам олиш масканларидан бири эди. Бу шинам боғда болалар ва катталар учун оилавий дам олиш ва ҳордиқ чиқариш учун қулайликлар яратилганди. Сердарахт сўлим маскан, анвойи гуллар кишининг баҳри-дилини очарди. Кун ора турли тадбирлар, концертлар ўтказилиб туриларди.

Бир пайтлар ана шу ҳудудда узунлиги қарийб 5 километр, эни 4-4,5 метрни ташкил этадиган «Тўртариқ» ариғи бўлган ва ундан оққан сув боғларни, атроф-муҳитни яшнатиб, то Қибрай тумани ҳудудларигача етиб борган. Тошкент шаҳридаги ариқлар рўйхатида қайд этилган бу ариқ ҳозир чиқиндилар билан қопланган. Чунки ирригация-суғориш тизимлари ишдан чиққан. Бу атрофда истиқомат қилувчи одамлар «Гулшан» маданият ва истироҳат боғи маҳаллий маҳкамалар раҳбарларининг эътиборсизлиги туфайли қаровсиз аҳволга тушиб қолди...

Бунинг устига, боғнинг асосий кириш қисми атрофида турли савдо-сотиқ дўконлари қад кўтарди, натижада унинг манзарасига ҳам путур етди. Илгари гавжум бўлган боғ ичидаги «Оталар чойхонаси» ва сартарошхона, ёзги ва қишки кинотеатр, Халқ банки филиали, тикув устахонаси ҳувиллаб қолди, баъзи бирлари ёпилиб кетди.

Боғ ёнидаги деҳқон бозорча гавжум ва файзли эди. Бу ҳудудда илгари битта маҳалла фуқаролар йиғини бўлган, аҳоли сони кўпайиши ҳисобидан бугун улар сони 6 тага етган. Бозорча фаолият кўрсатмаётгани учун «Нодирабегим», «Шўртепа», «Баҳор», «Алишер Навоий», «Катта Қорасув», «Шукур Бурҳонов» маҳалла аҳли қўшни мавзеларда жойлашган бозорларга қатнашга мажбур бўлмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Улуғбек туманига ҳоким бўлган пайтда унинг ташаббуси билан бу боғ ободонлаштирилиб, сўлим масканга айлантирилган эди.

Боғда турли аттракционлар, кўргазмалар, кўчма қўғирчоқ театрлар ва тўгараклар фаолият кўрсатган, маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилган. Китоб дўконлари, маиший хизмат шахобчалари Мирзо Улуғбек туман ҳокимлигининг доимий назоратида бўлган. Энг муҳими, ободонлаштириш тизими фаолияти яхши йўлга қўйилгани учун ҳудуддан кунига 2-3 марта маиший чиқиндилар олиб кетилган ва ҳамма жой тоза-озода бўлган. Бугун эса унинг атрофини спиртли ичимликлар дўкони, бар, кафе, бир қатор дорихоналар «босиб» олган.

Сўнгги йилларда мавжуд 6 та маҳалла аҳли боғни ободонлаштириб, аҳоли дам оладиган масканга айлантиришга кўмак беришни сўраб илтимоснома ёзмаган мутасадди идоралар қолмади ҳисоб.

Хайриятки, уларнинг бу илтимосномасини тўғри тушунган Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев томонидан 2018 йилнинг 13 июлида боғни қайтадан реконструкция қилиш ва ишга тушириш ҳақида қарор қабул қилинди. Қарорда ҳатто боғдаги қайси объект қайси ташкилот томонидан таъмирланиши қатъий белгилаб берилган. Лекин ҳар доим «ваъда вафоси билан гўзал», деган ақидага риоя қиладиган бирсўзли ҳокимнинг қарори негадир қоғозда қолиб кетмоқда, ҳозиргача ҳеч бир ўзгариш бўлмади.

Маҳалла аҳли шу масалада ёрдам беришни сўраб 2019 йил 8 февралда Тошкент шаҳар маданият бош бошқармасига мурожаат қилди. Бошқарма бошлиғи М. Юнусов имзоси билан келган хатда «Гулшан» истироҳат боғи бўйича ташаббускор тадбиркорлар томонидан тақдим этилган лойиҳалар кўриб чиқилаётгани, агар улардан бирортаси маъқул деб топилса, ўшанга тегишли қарор асосида берилиши айтилган.

– Бошқарма бошлиғининг аҳоли мурожаатига жавоб хати мавҳум, – дейди Шукур Бурҳонов маҳалласида яшовчи отахон Иброҳим Абдуғаниев. – Агар боғни таъмирлаш ва тасарруф қилиш масаласи кун тартибига қўйилса, аллақачон ўз эгасини топарди. Хатда «лойиҳалар кўриб чиқилаяпти», дейилган. Лекин қачонгача кўриб чиқилади? Туянинг думи ерга теккандами?

Боғ атрофида иккита ўрта умумтаълим мактаби бор. Ўқувчиларнинг ёзги дам олиш таътили даврида ҳамма болани дам олиш масканлари билан қамраб олишнинг иложи йўқ. Мана шу боғни таъмирлаб, Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан ўртага ташланган бешта ташаббус асосида шу атрофда яшовчи оилалар фарзандларини турли қизиқарли тўгараклар билан банд қилса бўлади-ку! Бунга ҳалиям кеч эмас, фақат қунт ва эътибор керак. Бундан ота-оналар ҳам хурсанд бўлади, боласининг қаерда ва нима иш билан шуғулланаётганидан хабардор бўлади.

Боғ ҳудудида жойлашган маҳаллаларимизда тадбиркорлар бор, йўқ эмас, улар ҳатто боғни ҳашар йўли билан ҳам таъмирлашга рози. Лекин рухсат йўқ, бунинг учун тақдим этиладиган лойиҳа кимларгадир маъқул бўлиши ва кимларгадир берилиши керак, шекилли.

— Мен шу маҳаллада туғилганман, – дейди Любовь Денисенко. – Отам Иккинчи жаҳон урушига шу ердан кетиб, қонли жанглардан эсон-омон қайтиб келди. Ана шу «Гулшан» истироҳат боғига ота-онам, маҳалла аҳли билан дарахт ўтқазиш ҳашарида қатнашганини кўрганман. Фарзандларим, невараларим шу ерда катта бўлишди. Ҳозир боғнинг аҳволига одамнинг ичи ачийди. Ҳамма жой ташландиқ, атрофда ҳар хил дўконлар кўпайиб кетган. Кўчада машиналар қатнови тинмайди, пиёдалар йўлаги тартибга олинган эмас. Мактабга қатнайдиган невараларимиз кўчани кесиб ўтишади, улар келгунча хавотир олиб ўтирамиз.

Истироҳат боғини ободонлаштиришни сўраб ёзмаган жойимиз қолмади. Республика матбуотида шу ҳақда чоп этилган мақолаларга ҳам деярли эътибор берилмади. Туман ҳокимлиги, «Маҳалла» жамғармаси туман кенгашидан «Ушбу масала кўриб чиқилаяпти», деган мавҳум жавоб олинди, холос. Боғ нима учун ёпиқ турибди, десак, «Бу жой тадбиркорга сотилган, хусусий мулк, — дейишади. «Ким сотиб олган?» деб сўрасак, ҳеч ким билмайди.

Илгари одамлар сув ичадиган, ҳозир чиқиндихонага айланиб қолган «Тўртариқ» канали фаолияти қайтадан тикланса, шу ҳудудда экологик вазият яхшиланади, атроф-муҳит кўкаламзорлашади. Биз истаймизки, «Гулшан» истироҳат боғига ҳам пойтахтимиздаги бошқа маданият ва истироҳат боғларига ўхшаб эътибор қаратилса, унинг ён-атрофи дўкон ва бошқа савдо шохобчаларидан тозаланиб, уларнинг ўрнига кутубхоналар, замонавий кўнгилочар объектлар, маданий-маърифий марказлар очилсин.

Афсуски, бу борадаги мурожаатларимиз, жавобсиз қолаяпти, ёки: «Сизнинг хатингиз фалон ташкилотга кўриб чиқиш учун юборилди», «Мурожаатингиз назорат тартибида кўриб чиқилади», деган мавҳум мазмундаги жавоб хатидан нарига ўтмаяпти.

Мирзо Улуғбек туманидаги ташландиқ ҳолда ётган «Гулшан» маданият ва истироҳат боғининг бундан буёнги тақдири нима кечади? Маҳалла аҳли бу борада ёрдам сўраб қатор давлат идораларига мурожаат қилган бўлса, яна кимга мурожаат қилсин?

Давлатимиз раҳбари халқнинг ишончини қозониш, уларни рози қилиш лозимлигини барча йиғилиш ва учрашувларда қайта-қайта таъкидламоқда. Катта-икчик бўлсин, барча раҳбарлар халқнинг хизматкори экани уқтирилмоқда. Одамлар ўзларини қизиқтираётган ёки ташвишлантираётган саволларга ўз вақтида, аниқ жавоб олса, табиийки, хотиржам бўлади. Маҳалла аҳли қанчалаб идора ва ташкилотларга мурожаат қилиб келаётганини кўрган туман ҳокими маҳаллалар оқсоқолларини бир жойга тўплаб тушунча берса, улар гап нимадалигини тушунарди, ариза ёзиб, овора бўлишларга чек қўйиларди. Бироқ ҳозирча савол очиқ қоляпти: «Гулшан» истироҳат боғи қачон обод бўлади?

 

Нуруллоҳ ДОСТОН,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: