04.06.2019

ТИББИЁТНИНГ ТАРАҚҚИЁТИ КИМЛАРГА ВА НИМАЛАРГА БОҒЛИҚ?

Миллий матбуот марказида Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан «Тиббий таълимдаги ислоҳотлар — тиббиёт соҳасининг тараққиёт мезонларидан бири» мавзуида матбуот анжумани ўтказилди.

Тадбирда Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан соғлиқни сақлаш тизимини тубдан ислоҳ этиш, халқимизга тиббий ёрдам кўрсатиш ишларини халқаро даражага олиб чиқиш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётганлиги, хусусан тиббиётнинг бирламчи тизимидан тортиб, ихтисослашган марказларида янги технологиялар татбиқ этилаётгани ҳамда дунё илм-фани ва тиббиёт ютуқларидан кенг фойдаланилиб келинаётгани таъкидланди.

— Президентимизнинг 2019 йил 6 майдаги «Тиббиёт ва фармацевтика таълими ва илм-фани тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори тиббий таълим тизимини янги босқичга кўтариш, соҳада ечимини кутаётган устувор вазифаларни ижро этишда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда, — деди Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Эльмира Баситхонова. — Ушбу ҳужжат билан тиббиёт олий таълим муассасаларида 2019/2020 ўқув йилидан клиник психология, биотиббиёт муҳандислиги, дори воситаларини стандартлаш, сертификатлаш ва сифат менежменти каби бир қатор янги таълим йуналишлар очилади. Шунингдек, эндиликда тиббиёт коллежларида ҳам ўқитиш муддатлари 3 йилдан 2 йилга қисқартирилиб, фельдшер-лаборатория иши, фельдшерлик иши ва тиббий-ижтимоий иши каби янги таълим йўналишларида малакали ўрта тиббиёт кадрлар тайёрланади. Яна шуни айтиш мумкинки, бугунги тадбиримизда 53-Халқаро Менделеев олимпиадасида Тошкент педиатрия институти қошидаги академик лицей ўқувчилари қатнашиб, фахрли ўринларни, яъни олтин, кумуш ва бронза медалларини қўлга киритишган. Улар билан биз, ота-оналари фахрланади. Улар бундан кейин ҳам халқаро олимпиадаларда иштирок этиб, Ватанимиз байроғини баландларга кўтаришига ишонамиз...

— 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб, республикамизнинг тиббиёт олий таълим муассасасалари ва филиалларида Россия, Германия, Корея Республикаси, Туркия, Ҳиндистон каби хорижий давлатларнинг 20 дан ортиқ бакалавриат, магистратура ва клиник ординатура мутахассисликлари бўйича қўшма дастур асосида халқаро факультетлар ҳамда янги ўқув йилидан Россиянинг Н.И. Приогова номидаги Россия тиббиёт университети филиалини ташкил этиш режалаштирилган, — деди Вазирликнинг фан ва таълим бош бошқармаси бошлиғи Ўктам Исмаилов. — Шунингдек, 2019/2022 йилларда Тошкент врачлар малакасини ошириш институти ва тиббиёт олий таълим муассасаларида босқичма-босқич ўқув-симуляцион марказлар ташкил этиш ҳамда 2020 йилдан бошлаб, ҳар йили тиббиёт олий таълим муассасалари талабалари ва тиббиёт коллежларининг ўқувчилари орасида клиник фанлар бўйича Ибн Сино номидаги халқаро тиббиёт олимпиадалари, шу билан бирга ёш олимлар орасида Ибн Сино номидаги халқаро илмий танловлар ўтказилади. Бундан ташқари, бугунги кунда республикамизда тиббиёт соҳаси учун 7 олий тиббий таълим муассасаси ҳамда уларнинг 4 филиалида малакали кадрлар тайёрланмоқда. Жумладан, ўтган йили Тошкент тиббиёт академиясининг Термиз филиали очилиши, Фарғона филиалида қабул жараёнининг қайта тикланиши ҳудудлардаги тиббиёт муассасаларини малакали кадрлар билан таъминлаш имкониятларини кенгайтирди.

Шу тақлид таълимдаги ислоҳотлар, тиббиёт соҳасининг тараққиёти ҳақидаги маърузалар тугаб, журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларини бирин-кетин бера бошлади.

Мен вазир ўринбосарига қуйидагича савол билан мурожаат қилдим.

— Ўзингиз таъкидлаганингиздек, халқаро фан олимпиадаларида академик лицей ўқувчилари ҳам қатнашиб, ўзининг ақли ва билими билан кўплаб давлатлар орасидан фахрли ўринларга сазовор бўлиб, юртимиз байроғини баландларга кўтаришмоқда. Бу каби ютуқларни спортчиларимизда ҳам кўришимиз мумкин. Уларнинг бу ютуқлари муносиб тақдирланади ва улар нуфузли мусобақаларда юртимиз байроғини янада баландларга кўтаришга бор шижоати билан ҳаракат қилишади. Уларни ана шундай озгина эътибор, озгина рағбат янада руҳлантиради. Тўғри, Президентимизнинг 2019 йил 3 майдаги «Иқтидорли ёшларни аниқлаш ва юқори малакали кадрлар тайёрлашнинг узлуксиз тизимини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида халқаро олимпиадалар ғолиблари ва уларнинг ўқитувчилари энг кам ойлик иш ҳақининг қуйидаги миқдорларида бир марталик пул мукофотлари билан тақдирланиши белгиланган. Унга мувофиқ, 1-ўрин (олтин медаль) учун – 500, ўқитувчисига – 450 баравари; 2-ўрин (кумуш медаль) учун – 300, ўқитувчисига – 250 баравари; 3-ўрин (бронза медаль) учун – 200, ўқитувчисига – 150 бараварлиги кўрсатиб ўтилган.

Мен нима демоқчиман, 53-Халқаро Менделеев олимпиадасида юртимиз академик лицей ўқувчилари фахрли ўринларни эгаллагани муносабати билан ўқувчиларни рағбатлантириш борасида вазирлик бирор чора режалаштирганми?

— Сиз спорт билан илм ўртасида фарқ борлигини, яъни иккаласи бошқа-бошқа йўналиш эканини яхши тушинасиз, деб ўйлайман. Ўзингизга яхши маълумки, спортчиларимизнинг халқаро спорт мусобақаларда қўлга киритган ютуқлари учун уларга квартира ёки автомобиль берилади. Агарда шуни назарда тутаётган бўлсангиз, биз бу халқаро олимпиадаларда фахрли ўринларни қўлга киритган ўқувчиларга автомобиль ёки квартира бера олмаймиз. Бундан ташқари, улар ҳали илм йўналишида кўп ютуқларга эришади. Чунки, боя айтганимдек, спортдан фарқли ўлароқ илм йўналиши давомли ҳисобланади. Яна шуни айтишим мумкинки, халқаро олимпиадаларда лицей ўқувчиларининг қатнашиши ҳамда улар олтин, кумуш ва бронза медалларини қўлга киритишининг ўзи улар учун рағбат эканлигини яхши тушиниб олишлари керак. Бундан уларнинг ота-оналари, устозлари ҳам жуда хурсанд бўлишган ва фахрланишган. Қолаверса, уларнинг мана шундай матбуот анжуманларига таклиф қилиниши ҳам рағбат ҳисобланади...

 Тўғри, спорт билан илм ўртасида катта фарқ бор. Аммо ҳар иккаласи ҳам Ватан шаънини ҳимоя этади. Лекин спортда ўсмирлар, ёшлар терма жамоалари муваффақиятга эришса, алоҳида рағбатлантирилади. Фан, мусиқа соҳаларида эса халқаро танловлардаги ғалабалар бироз камтарона нишонланади. Эҳтимол, улар қайси халқаро олимпиадаларда ғолибликни қўлга киритса, олий ўқув юртларига ўқишга киришида имтиёзга эга бўлишини аниқ белгилаб қўйиш керакдир. Ҳар ҳолда рағбат қанча юқори бўлса, киши шунча руҳланади, шунга яраша интилади. Бир сўз билан айтганда, тиббиёт соҳаси тараққиёти ҳам айнан истеъдодли ёшларга боғлиқ, деб ўйлаймиз.

 

Тоштемир ХУДОЙҚУЛОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: