28.05.2019

ИНСОННИНГ БОШ ВА БЎЙИН СОҲАСИДА МУРАККАБ АЪЗОНИ ТИКЛАШ АМАЛИЁТИ

Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказида муваффақиятли бажарилди

Ҳиқилдоқни узуксимон усти қисмидан олиб ташлаш ва узуксимон тоғайни тил ости суягига фиксация қилиш техник мураккаб жарроҳлик амалиёт тури илк бор мазкур марказда профессор Мирзағолиб Тиллашайхов раҳбарлигида, тиббиёт фанлари доктори Отабек Абдураҳмонов томонидан амалга оширилди.

Отабек Абдураҳмонов 1984 йилда Навоий вилояти Хатирчи туманида туғилган. 2008 йилда Самарқанд давлат медицина институтини тугатиб, Республика Онкология илмий марказида клиник ординатура ўтаган. Тошкент врачлар малакасини ошириш институти Оториноларингология кафедрасида катта илмий ходим, изланувчи сифатида ўқишни давом эттирган ва 2016 йилда докторлик илмий ишини ҳимоя қилган.

2016 йилдан 2017 йилгача Москвадаги академик Н.Блохин номидаги Россия онкология илмий маркази бош ва бўйин ўсма касалликлари ҳамда 2018 январь ойидан декабрь ойигача Корея Республикаси Сеул миллий университети госпитали оториноларингология бўлимида замонавий илмий-амалий ташхислаш ва даволаш йўналиши бўйича малака оширган.

Ҳозирги кунда Тошкент врачлар малакасини ошириш институти ўсма касалликлари кафедрасида ассистент ҳамда Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази бош ва бўйин ўсмалари бўлимида бўлим илмий раҳбари вазифасида фаолиятини давом эттириб келмоқда.

 

Эътибор беринг, олис бир қишлоқдан чиққан оддий ўзбек йигити билимини мустаҳкамлаш, тажриба ва маҳоратини ошириш мақсадида узоқ йиллар изланишлар олиб борди, хорижнинг нуфузли шифохоналарида, илмий текшириш институтларида тажриба орттирди, назарияни амалиёт билан мустаҳкамлади.

Аслида ҳиқилдоқни узуксимон усти қисмидан олиб ташлаш ва узуксимон тоғайни тил ости суягига фиксация қилиш жарроҳлик амалиёти биринчи бор 1959 йил Майер, кейинчалик 1974 йилда Пикет томонидан амалиётда қўлланилган. Лекин операция ва ундан кейинги даврда беморларда жуда кўплаб оғир асоратлар кузатилган ва кутилган натижани бермаган. Шу сабабли амалиётда кенг қўлланилмаган.

Кейинчалик Америка, Италия, Германия ҳамда Жанубий кореялик олимлар томонидан ушбу амалиёт тури қайта кўриб чиқилди ва такомиллаштирилди. Ҳозирги кунда ушбу давлатларда мазкур жарроҳлик амалиёти йўлга қўйилган.

— Бу жарроҳлик амалиёти бизда биринчи бор қўлланилаётгани туфайли, жуда ҳаяжонландим, зиммамда жуда катта масъулият борлигини тушунардим, — дейди Отабек Абдураҳмонов. — Лекин тажрибали устозлар далдаси билан, тиббиёт фанлари доктори Баҳром Юсупов, бўлим шифокорлари Зоҳир Шукуров, Аҳмад Мадаминов, Мурод Худоёров, Санъат Раҳимовлар иштироки ва кўмагида жарроҳлик амалиёти муваффақиятли бажарилди. Мен уларга миннатдорлик билдираман. Бу – бир менинг эмас, ҳаммамизнинг ютуғимиз.

 Ҳозир яна 2 нафар бемор худди шундай амалиёт турига тайёрланмоқда. Шу ўринда айтиб ўтишим керак, бундай мураккаб операцияларни бажаришда доимий кўмак берган устозларим — профессор Кванг Хюн Ким ва профессор Али Мудуновларнинг тавсиялари ва улардан ўрганган тажрибам катта ёрдам берди.

Ҳиқилдоқни узуксимон усти қисмидан олиб ташлаш ва узуксимон тоғайни тил ости суягига фиксация қилиш жарроҳлик амалиётини бажаришдан асосий мақсад ҳиқилдоқнинг вазифаларини, яъни ютинишда ҳимоя, овоз ҳосил қилиш ҳамда нафас олиш хусусиятларини сақлаб қолишдан иборат. Умуман олганда, ушбу амалиётга кўрсатма бўлиб ўсманинг илк босқичлари ва танланган кўрсатма асосида ўсманинг маҳаллий тарқалган босқичларида ҳам қўлланилади. (1-2-босқичдаги ўсма ҳолати). Ҳиқилдоқ боғлам қисми саратони, шунингдек, кейинги (3-босқичдаги ўсма ҳолати) даражадаги ҳиқилдоқ боғлам усти қисми саратони ҳисобланади.

Ушбу амалиёт шу кунгача кенг қўлланилиб келинган ҳиқилдоқни тўлиқ олиб ташлаш (ларингэктомия) амалиётига муқобил жарроҳлик тури бўлиб, бунда ларингэктомиядан фарқли ўлароқ, операциядан кейин доимий трахеостомик ҳаво найча қолмайди ва амалиётдан кейин маълум муддат ўтганидан сўнг ҳиқилдоқнинг барча вазифалари тикланади.

— Ҳиқилдоқ саратони эркакларда аёлларга нисбатан кўп учрайдиган ошқозон, ўпка ва қизилўнгач саратонидан кейин тўртинчи ўринни эгаллайди, — дейди тиббиёт фанлари доктори профессор Мирзағолиб Тиллашайхов. — Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказининг охирги беш йиллик статистик маълумотлари бўйича ҳиқилдоқ саратони билан оғриган беморлар сони 2014 йилда 239 тани, 2018 йилда эса 249 тани ташкил қилган. Бундан ташқари, 75 фоиз ҳолларда беморлар малакали тиббий ёрдамга касалликнинг кечки – III ва IV босқичларида мурожаат қилади.

Хавфли ўсмалар сабабли ўлим кўрсаткичи юрак ва қон-томир касалликлари оқибатида келиб чиқувчи ўлим кўрсаткичидан сўнг иккинчи ўринда туради. Бунинг асосий сабаблари нотўғри овқатланиш, тамаки чекиш ва спиртли ичимликларни истеъмол қилиш ҳисобланади. Статистик маълумотларга қараганда, сигарет тутуни таркибида 100 га яқин тўғридан-тўғри саратон чақирувчи кимёвий бирикмалар мавжудлиги исботланган.

Ҳиқилдоқ саратонининг ривожланишига атроф-муҳит ҳавосини ифлослантирадиган тутун, ишлаб чиқариш чанги (анилин бўёқлар, хром ва радий-фаол моддалар), нефтни қайта ишлаш маҳсулотлари, тошкўмир чанги нитрозаминлар, инсектицидлар, тамаки тутунидаги ис гази ва бошқа канцероген моддалар сабаб бўлади. Кимёвий моддаларнинг организмга узоқ вақт таъсир этиши, чекиш, нутқ билан боғлиқ касб эгаларида овознинг зўриқиши касалликнинг ривожига сабаб бўлади.

Бундай касалликка чалинган беморларни даволаш учун 2017-2021 йилларда аҳолига онкологик ёрдам беришни янада ривожлантириш тадбирларини амалга оширишга бюджет маблағларидан 32,5 миллиард сўм ҳамда халқаро молия институтларининг кредит маблағлари ва грантлари ҳисобидан 144,1 миллион АҚШ долларини йўналтириш назарда тутилган.

Ҳозирги кунда дунёнинг аксар мамлакатларида АҚШ, Европа, Корея Республикаси шифокорлари томонидан ишлаб чиқилган ташхис ва даволаш стандартлари ҳамда тавсиялари кенг қўлланилади, чунки уларда келтирилган маълумотлар жуда ишончли бўлиб, узоқ вақт кенг миқёсда олиб борилган илмий тадқиқотлар хулосаларига асосланган. Ўйлайманки, мамлакатимизда ана шу хулосалар асосида илк бор муваффақиятли ўтказилган бундай жарроҳлик амалиёти яқин келажакда кенг қўлланилади ва аҳоли саломатлигини тиклашга хизмат қилади.

 

Шуҳрат ИСЛОМОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: