Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Sentabr 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 31 1
2 3 4 5 6 7 8
9 10 11 12 13 14 15
16 17 18 19 20 21 22
23 24 25 26 27 28 29
30 1 2 3 4 5 6
28.05.2019

БАҒРИ КЕНГ ВА ХУШЧАҚЧАҚ ИНСОН

Бир куни изланувчан шоир укам Абдунаби Бойқўзиев қўнғироқ қилиб, ҳол-аҳвол сўрагач: «Қозоқбой ака етмишга киряптийкан. Шунга бир китоб қилиняпти. Мақола ёзиб берсангиз», — деб қолди. Хўб, дедим-у, ўйланиб қолдим: одатда, кўп учрашиб, кўришиб, суҳбатлашиб, улфатчилик, ҳазил-мутойиба қилиб юрган одаминг ҳақида анча-мунча билгандек бўлаверасан-у, аммо бирон нарса ёзиш керак бўлганида ҳийла қийналиб қоласан.

Унинг нимаси, табиатидаги қайси фазилатини ёзаман? Олим сифатидаги билимдонлиги, сермаҳсуллигиними, одам сифатидаги хушчақчақлиги, бағри кенглигиними ёки улфатчиликда «чемпионлик»ни ҳеч қачон бошқага бермаслигиними? Буларни ҳамма билади-ку!

Аввало, Қозоқбой етмишга киряпти, деган гапга ишонмадим: «Йўғ-е, шу бола-я?» — дедим (мен ахир, ундан тўққиз ёш катта бўлатуриб, ўзимни ёш ҳисоблайман-у)! Афтини, тафтини, гавдасини, иштаҳасини, савлатини кўриб ишонмайсиз-да! У билан танишганимга йигирма йиллар бўлди-ёв. Аслида унинг тўғрисида анча олдин ҳамкасб дўстим, таниқли адабиётшунос Умрзоқ Ўлжабоевдан эшитганман. У билан қачон учрашсак, «Қозоқбойнинг фалон мақоласини ўқидингизми? Қалай? Зўр масалани кўтарган-а? Жуда билимдон йигит», — дея қувониб-қувониб гапирар, — уни биз ўқитганмиз-да!» деб мақтаниб қўярди. Чиндан ҳам, ўтган асрнинг 80-йиллари ўрталарида адабиётшуносликка кириб келган бир гуруҳ синчков, жасоратли мунаққидлар орасида Қозоқбой ўзига хос овози ва услуби билан ажралиб турарди.

Қозоқбой Йўлдош 48 йиллик илмий фаолиятининг ярмидан кўпини адабиёттанувни яхшилаш, янгилаш ва ривожлантириш соҳасига бағишлади. Замонавий ўзбек адабиёти бўйича талай муаммоли масалаларни кўтариб чиққан, адабий жамоатчиликнинг эътиборига тушган Қозоқбой нега дабдурустдан педагогика соҳасига, адабиёт ўқитиш методикаси илмига ўтиб кетди? Сезишимча, олим миллий ўзбек адабиётининг илмий-назарий асосларини умумтаълим мактабларининг ўқувчи ҳамда ўқитувчилари онгига сингдирмай туриб, маълум натижага эришиб бўлмаслигини тушунди, шекилли. Айниқса, мустақиллик йилларида ёш авлодни янгича тафаккур, ростмана юксак маънавиятли комил инсон қилиб тарбиялаш учун шўро даврида мажбуран киритилган замонасозлик руҳидаги ҳамда халқимизнинг миллий менталитетига мос келмайдиган асарларни «қувиб» чиқариш, уларнинг ўрнига миллий қадриятларимизни, тарихимизни улуғлайдиган асарларни киритиш зарур эди. Чиндан ҳам бу ўз вақтида кўрсатилган илмий-маънавий жасорат эди. Бундай жасоратни амалга ошириш учун инсон, аввало, ўзига ишониши, ўзбек адабиётининг энг қадимги ёдгорликларидан то шу кунгача бўлган узоқ йиллик тарихини, унда яратилган барча асарларни билиши шарт. Қозоқбой ўзида ана шундай жасорат, ишонч, билим етарли эканини амалда исботлай олди.

Мен Қозоқбой Йўлдош тўғрисида мақола ёзиш муносабати билан унинг «Ёниқ сўз», «Бадиий таҳлил асослари», «Кийиксўқмоқдаги йўловчи» (кейинги иккитасида ҳаммуаллифлар бор) номли китобларини, ўнлаб тўпламлар ҳамда матбуотда эълон қилинган мақолаларини яна бир бор кўздан кечирдим. Амин бўлдимки, у муносабат билдирмаган илмий масала, у фикр айтмаган ёзувчи қолмабди ҳисоб. Айниқса, сўзбоши ёзишда Қозоқбой энг пешқадам олим десам, ҳамкасбларим мени бажонидил қўлласа керак. Бу борада дўстимиз ижодкорнинг кимлигига эмас, қандайлигига қараб ёзаверади: у таниқлими-йўқми, адабий жамоатчилик тан олганми-йўқми? Булар унинг учун муҳим эмас, муҳими — у фикр билдираётган адиб адабиётга нима олиб кирди? Қандай тасвирлади? Нечоғлик натижага эришди? Баъзан шундай бўладики, сўзбошида олим айтган энг янги, энг долзарб назарий мулоҳазаларни ўша асардан тополмай ҳайрон ҳам қоласиз. Ҳатто муаллифларнинг ўзлари ҳам «зўр»лигини Қозоқбой Йўлдош таърифидан сўнг «билиб» олиб, кўкрак кериб юраверадилар ва энг муҳими, кўпчилиги шу мақомга интилиб яшайдилар. Буям бир томондан дуруст шекилли, негаки, анча-мунча ёзғувчилар биз каби «инжиқ» мунаққидларни эмас, Қозоқбойдек бағри кенг синчини қидириб юришади. Бундан баъзан рашкимиз келишини яширмасам ҳам бўлаверади.

Дарвоқе, ҳамкасбимиз Қозоқбой Йўлдош фақат сўзбоши, тақриз ёзиш-у, дарсликлар яратиш, дунё адабиётидан кириб келаётган янги адабий оқимлар-у, йўналишлар тўғрисидаги илмий мақолалари билангина эмас, балки адабиётшуносликка оид кўплаб атамаларни ўзбекчалаштириш борасида дадил ташаббус кўрсатиб келаётгани билан ҳам ўзига хос мутахассис. Олим истеъмолга олиб кираётган янги атамаларнинг кўпини қўллаб-қувватлаган ҳолда айримларини қабул қилиш бироз қийин кечаётганини, ҳам биламиз.

Келинг, бу масалаларни бошқа сафарга қолдирайлик. Чунки Қозоқбой ҳали анча ёш, олдинда Худо хоҳласа, 80, 90, 100 йилликлар кутиб турибди. Унгача янаям ақли тўлиб, билими тағин ҳам ошиб, ўйлаб кўрар. Ўшанда биз ҳам омон бўлсак, яна бир бор қўлини қисиб, «яшанг, Қозоқбой! Яхшилик, эзгулик, соғлик Сизга ҳар доим Йўлдош бўлсин!» дейлик.

 

Йўлдош СОЛИЖОНОВ,

филология фанлари доктори, профессор.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: