28.05.2019

БАНДЛИК МАСАЛАСИДА МАМЛАКАТДА НИМАЛАР ЎЗГАРДИ?

Вазир бу ҳақда батафсил ҳисобот берди

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитасининг кенгайтирилган йиғилишида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг ҳисоботи эшитилди. Унда жорий йил биринчи чорак якунлари ҳамда хусусий бандлик агентликлари тўғрисидаги қонуннинг ижро этилиши юзасидан маълумот берилди. Йиғилиш масъуллар, соҳа мутахассислари ҳамда депутатларнинг баҳс-мунозаралари асосида ўтди.

 

Шерзод ҚУДБИЕВ, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири:

— Янги, барқарор иш ўринларини яратиш, айниқса, хотин-қизлар ва ёшлар бандлигини таъминлаш, тадбиркорликка кенг жалб этиш долзарб масалалардан бири ҳисобланади. Шу боисдан ҳам соҳага катта эътибор қаратилиб, бир неча ҳужжатлар қабул қилинмоқда. Масалан, ўтган йил август ойида вазирлик фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарор эълон қилинди, вазирлик олдига муҳим вазифалар белгилаб берилди. Хусусан, вазирликнинг ташкилий тизими, кадрлар масаласига алоҳида ёндашилди. Ўз навбатида иш сифати ҳам ижобий томонга ўзгарди. Меҳнат органларининг фаолияти тубдан қайта кўриб чиқилди.

Тан олиш керак, чорак аср давомида меҳнат органларининг жамиятда ўрни йўқ эди. Маълум вақт ҳоким вазифасида ҳам ишлаганман. Шунинг учун ҳам ҳудудларда аҳвол қандайлигини яхши билганман. Улар йиғилишларда залнинг охирида ўтирар ёки умуман таклиф этилмасди. Чунки меҳнат органи ходимининг қўлидан бирор иш келишига ҳеч ким ишонмасди. Очиғи, шундай вақтлар бўлган, айрим раҳбарлар у ердаги ҳолатни кўриб, идора эшигининг олдидан қайтиб кетган. Соҳага алоқадор қарор ва қонунлар эълон қилингач, 102 туманда меҳнат органлари учун янги бинолар қурилди, моддий-техник база янгиланди. Бу иш сифатига ҳам ижобий таъсир кўрсатди. Айниқса, замонавий ахборот технологиялари жорий этилгани айни муддао бўлди.

Қоғозбозликдан воз кечиш кераклигини ҳаётнинг ўзи кўрсатди. 102 туманда электрон ҳисобот бериш тизими жорий этилди. Эндиликда шу ҳудудларда қўшиб ёзиш, ҳисоботларни ўзгартиришга имкон бўлмайди. Масалан, жорий йилда меҳнат органларига мурожаат қилувчилар сони бир ярим баробарга ошди. Аслида бу кўрсаткич ўтган йилда ҳам шунча бўлган. Аммо аниқ ва шаффоф рақамлар кўрсатилмаган. Бугунги кунда ҳар бир мурожаатчи рўйхатга олинади ва электрон ҳисоботга киритилади.

Ўрни келганда бир масала хусусида тўхталиб ўтмоқчиман. Кўпчиликда вазирлик янги иш ўринлари яратади, деган тушунча устунлик қилмоқда. Ваҳоланки, иш ўринларини мамлакатдаги бутун иқтисодиёт яратади. Вазирлик эса меҳнат муносабатларини тартибга солувчи орган вазифасини бажаради. Депутатлардан аҳоли билан учрашувларда шуни тушунтиришларини сўраган бўлардим.

 Ўзбекистонда айни вақтда 19 миллионга яқин меҳнатга лаёқатли киши истиқомат қилади. Шундан 13 миллион 400 минг нафарининг бандлиги таъминланган бўлиб, 5 миллион 400 минг нафари расмий секторда фаолият олиб боради. Бу умумий бандликнинг 40 фоизини ташкил этади. Албатта, мазкур кўрсаткич қониқарли даражада бўлмай, меҳнат муносабатларига ҳам салбий таъсир кўрсатади. Иқтисодиётнинг норасмий секторида эса 8 миллион киши ишлайди.

Биласизми, ўтган йилнинг биринчи чорагидан бошлаб расмий статистика маълумотлари берилишида анча ўзгартириш киритдик. Яъни, илк бор мигрантлар сони, улар 2,5 миллионни ташкил этиши айтилди. Ҳақиқатни очиқчасига тан олишни бошладик.

Жорий йилнинг биринчи чорагида ишсизлик даражаси ўтган йилга нисбатан 0,3 фоизга камайган ва 9,4 фоизни кўрсатган. Айни вақтда жами ишга муҳтож аҳоли, яъни доимий даромадга эга бўлмаган, таклиф бўлса, албатта рад этмай ишга жойлашадиган фуқароларимиз 1 миллион 400 минг нафарни ташкил этади.

Давлат фуқароларини иш билан таъминлаши лозим. Агар таъминлай олмаса, қонунларда келтирилганидек, ишсизлик нафақасини тўлаб бериши керак. Аммо биз бу тушунчани унутиб қўйгандекмиз. Йиллар давомида меҳнат органларига маблағ етишмаслиги натижасида нафақани тўлаб бермаслик ҳолатлари кузатилган. Ўтган йилга нисбатан жорий йилда нафақа олган фуқаролар сони 7 баробар ошди. Ишсизлик даражасини ҳисобга олганда, юқорида келтирилган кўрсаткич камлик қилади. Бизнинг олдимизга қатъий талаб қўйилган: иш топиб бер ёки нафақа тўла.

Жамоат ишлари жамғармаси ташкил этилганидан хабарингиз бор. Бу вилоятларда яхши самара беряпти. Тошкент шаҳрида эса ўртача иш ҳақи даражаси юқорилиги ҳисобига одамлар белгиланган нархдан бироз норози бўлишяпти. Натижа у қадар сезилмаяпти. Жамоат ишларига жалб қилиш натижасида 71 минг нафар кишининг бандлиги таъминланди. Бу мажбурий меҳнатга қарши курашда ҳам қўл келмоқда.

Юқорида айтганимдек, ишни янги қарашлар, янги ёндашувлар асосида олиб боришга ҳаракат қиляпмиз. Масалан, одамларни ишли қилишдан кўра, ўзини ўзи банд қилиш чоралари кўрилмоқда. «Ҳар бир оила — тадбиркор», «Ёшлар — келажагимиз» давлат дастурлари асосида қарийб 16 минг киши ўз ишини йўлга қўйди, янги иш ўринлари яратилди.

Янги иш ўринларини ташкил этиш борасида давлат буюртмаси бўйича Президент қарори қабул қилинди. Шунга мувофиқ, жорий йилда 370 минг иш ўрни ташкил этиш, 182 минг аҳолини вақтинча ишга жалб этиш бўйича давлат буюртмаси шакллантирилди. Жорий йилнинг 4 ойи давомида эса республика бўйича 68 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилди.

Оғриқли нуқталаримиздан яна бири кадрлар рақобатбардошлигини таъминлай олмаётганимиздир. Айни вақтда мамлакатда 150 мингдан ортиқ ваканция бор. Лекин талабгор иш берувчини қаноатлантирмаслик ҳолатлари кузатиляпти. Ишсизлик муаммоси тизимли масала ҳисобланади. Таълим тизимида стандартлар ишлаб чиқилган. Унга мос келган битирувчига диплом бериляпти. Лекин мутахассис дипломида ёзилган йўналишга тайёр эмас. Бу ўзини ўзи алдаш эмасми? Бу ҳолат қачонгача давом этади? Куни кеча Вазирлар Маҳкамасининг қарори чиқди. Эндиликда миллий касблар тизимини Меҳнат вазирлиги аккредитациядан ўтказади. Шунингдек, хусусий бандлик агентликларига ўхшаб миллий баҳолаш марказлари тизимини жорий этиш керак ва бу лойиҳа сифатида ишлаб чиқилмоқда.

Таълим ва меҳнат бозорини бошқариш икки хил тизимдир. Уларни бирлаштириб бўлмайди. Талабни иш берувчи қўяди. Биз шу талабга мос кадрларни етказишимиз шарт...

— Йиғилишга келишдан олдин яна узундан-узоқ, рақамларга тўла ҳисоботни эшитаман, деб ўйлагандим, — деди Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари, Олий Мажлис Сенати аъзоси Мақсуда Ворисова. — Аммо янглишган эканман. Бугун ҳақиқий маънода ишсизлик муаммосига муносабат ўзгарибди.

Ҳисобот давомида аёлларни иш билан таъминланиши тўғрисида гап бўлди. Аёллар ўртасида ишсизлик даражаси юқори. Улар асосан малака талаб этмайдиган ёлланма, мавсумий ишлар билан банд бўлади. Оқибатда опа-сингилларимизнинг нафақага чиқиш вақтида муаммолар юзага келади. Яна бир масала. Ногиронлиги бўлган кишиларнинг меҳнат бозорига рақобатга киришиши чекланган. Учинчи гуруҳ ногиронларини иш билан таъминлаш борасида ҳам имтиёзлар кўзда тутилган. Шу масалаларга аниқлик киритсангиз...

— Аёлларни тадбиркорликка жалб қилиш бўйича базавий ҳисоблаш миқдорига асосан ёрдам пули ажратамиз, — деди бунга жавобан Шерзод Қудбиев. — Бу борада смета ҳам тасдиқланган. Шунингдек, иш берувчи ишсиз хотин-қизлар бандлигини таъминласа, касбга қайта ўқитса, олти ойгача 4 базавий миқдорда маблағ берилади. Бу Андижон вилояти Хўжабод туманида тажриба қилиб кўрилди.

Иш берувчи ижтимоий ҳимояга муҳтожларни ишга олиб, керакли шароит яратиб берса, бир йил давомида ёрдам пули ажратилади.

Шунингдек, йиғилишда хусусий бандлик агентликлари раҳбарлари ҳам иштирок этиб, ўз тажрибалари ҳақида гапириб берди.

— Хусусий бандлик агентлиги ташкил этиш истаги пайдо бўлганда, кўпчилик қароримдан қайтишга ундади, — деди «Human» хусусий бандлик агентлиги раҳбари Шоҳнур Файзуллаев. — Рости, ўзим ҳам оворагарчиликлар кўп бўлади, деб ўйлагандим. Аммо ундай бўлмади. Керакли ҳужжатларни тайёрлаб, ҳисоб рақамига 50 минг АҚШ доллари миқдорида маблағ қўйдим. Айрим хусусий бандлик агентлиги очиш истагидаги кишиларни бу жуда ўйлантирди. Уларга ҳам барчаси фуқаролар манфаатини кўзлаб қилинаётгани тушунтирилди. Айни вақтда 78 та агентлик ташкил этилган бўлиб, шундан 58 таси чет элда ишга жойлаштириш лицензиясини олди. Ўзим ҳам ўтган йилнинг ноябрь ойида лицензия олдим. 110 нафар инсонни иш билан таъминладим. Улар республикамизнинг турли ҳудудларида фаолият олиб боришяпти.

 Бизга тўлов миқдори борасида кўп саволлар бўлади. Тўлов 199 мингдан бошлаб 35 миллион сўмгача боради. Нарх хизмат кўрсатиш турларига боғлиқ ҳамда суғурта, транспорт харажатларига ҳам қаралади. Шунингдек, хорижга ишга кетиш истагини билдирган шахс қайси соҳада ишлашни ўзи танлайди.

Германияда ҳам агентлигимизнинг офисини очдик. Вакилимиз ҳар уч ойда мониторинг олиб боради. Шу кунга қадар 230 нафар фуқарони хорижга жўнатдик. Албатта, меҳнат муҳофазаси масаласи ҳам таъминланган бўлади.

Йиғилиш давомида депутатлар Давлат дастурида белгиланган бандлик соҳасидаги вазифалар маълум ҳудудларда тўлиқ бажарилмаганини айтишди. Бу борада айрим ҳудудларда имкониятлардан тўлиқ фойдаланилмаётгани таъкидланди. Йўл қўйилган камчиликлар муҳокама этилди.

Эшитув якуни бўйича ҳамда билдирилган таклиф ва мулоҳазаларни инобатга олган ҳолда қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.

 

Маҳлиё АЛИҚУЛОВА тайёрлади.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: