28.05.2019

ПЕДАГОГИК ТАЪЛИМ ИННОВАЦИОН КЛАСТЕРИ

алоҳида субъектларнинг, технологиялар ва инсон ресурсларининг интеграциялашувини кучайтиради

Тошкент вилояти Чирчиқ давлат педагогика институтида «Барқарор ривожланишда узлуксиз таълим: муаммо ва ечимлар» мавзусида бўлиб ўтган халқаро конференцияда бу фикр такрор ва такрор айтилди. Ушбу илмий анжуманда Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Афғонистон, Тожикистон, Россия Федерацияси, Польша, Германия, АҚШ, Хитой каби хорижий мамлакатлардан 50 га яқин профессор-ўқитувчи, шунингдек, республикамизнинг олий таълим муассасалари, илмий тадқиқот институтлари, академик лицей ва умумий ўрта таълим мактабларидан 700 га яқин профессор-ўқитувчи, тадқиқотчилар иштирок этишди.

Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида 2019 йил учун мўлжалланган энг муҳим устувор вазифалар тўғрисидаги долзарб масалалар қаторида илм-фан ва таълим, ижтимоий-иқтисодий ҳаёт муносабатларига алоҳида урғу берилган эди. Халқаро конференцияда асосий эътибор мактабгача, умумий ўрта ва олий таълим тизимини бугунги кун талаблари асосида яхлит бир бутунликда ташкил этиш ҳамда таълимнинг тўлиқ узлуксизлигига эришиш масалаларига қаратилди.

Тошкент вилояти Чирчиқ давлат педагогика институти ректори, Ўзбекистон Республикаси Фан арбоби Ғафур Муҳамедов анжуманни очаркан, ташриф буюрган иштирокчиларга миннатдорлик билдириб, таълим, илм-фан ҳар қандай жамият, миллат ва давлатнинг келажагини белгилаб берадиган, унинг тараққиётига хизмат қиладиган муҳим омил эканини таъкидлади.

– Инсоният кўп минг йиллик тараққиёти давомида жамиятни ривожлантиришнинг таълим, илм ва ҳунардан самаралироқ воситасини кашф қила олган эмас, – деди Чирчиқ давлат педагогика институти ректори Ғафур Муҳамедов. – Шу сабабли фан, таълим-тарбия ва иқтисодиётнинг ўзаро ҳар томонлама узлуксиз алоқасини таъминлай олган, яъни, интеграциялашувга эришган жамият ривожланади, тараққиётга эришади.

– Мен Чирчиқ давлат педагогика институтида бўлиб ўтаётган бугунги халқаро конференцияни тарихий анжуман деб ҳисоблайман, – деди Тожикистон Республикасининг Панжакент педагогика институти профессори, тарих фанлари доктори Шодмон Воҳидов. – Негаки, икки қардош давлат раҳбарларининг учрашувидан кейин чорак асрдан буён ёпиб қўйилган чегаралар очилди, таъбир жоиз бўлса, бир-биридан ажратиб қўйилган икки азим дарё яна бирлашди, уммонга айланди. Тарихий учрашувда икки давлатнинг ҳар томонлама ҳамкорлиги борасида 57 ҳужжат имзоланди. Ишонасизми, ҳозир икки давлатда яшаётган, бир-бири билан қариндош-уруғ бўлган 2 миллиондан ортиқ аҳоли бемалол борди-келди қилаяпти. Тожикистон олий таълим муассасаларида 6 минг нафарга яқин ўзбекистонлик йигит-қиз таълим олмоқда. Ўзбекистонда ҳам олий таълим муассасаларида таълим олаётган тожикистонлик ёшлар сони йилдан-йилга кўпайиб бораётир.

Мен фаолият кўрсатаётган Панжакент педагогика институти нодавлат хусусий олий таълим даргоҳи сифатида 30 йилдан буён фаолият олиб бораяпти. 4 минг нафар талаба таҳсил олади. Тожикистондаги 40 та олий таълим муассасаси ўртасида барча кўрсаткичлар бўйича 13-ўринда туради. Кам таъминланган оилаларнинг фарзандлари, ногиронлиги бўлган ёшлар бепул ўқитилади. 2012 йилдан бошлаб масофали таълим ташкил этилган. Ҳар йили 80 га яқин талаба масофали сиртқи таълимда таҳсил олади.

Бугунги давр фарзандларимизни мактабгача таълим муассасаларидан бошлаб, мактаб, коллеж ва олий ўқув юртларида таҳсил олишига қадар узлуксиз таълим тизимини тубдан такомиллаштиришни тақозо этмоқда. Шунинг учун институтимизнинг ўзига қарашли мактабгача таълим муассасаси, умумтаълим мактаби, лицейи ва коллежи бор. Уларни битириб чиққан ўқувчиларга кейинчалик бакалавриат, магистратура, докторантурада ўқиш имкониятлари яратилган. Лекин мамлакат миқёсида олганда, бу денгиздан томчидай гап. Тожикистон мисолида оладиган бўлсак, ҳар йили 52 минг нафар ўғил-қиз 1-синфга боради. Лекин ҳозирги имконият даражаси 42 минг нафар ўғил-қизни қабул қилишга етади холос. Бундан ташқари, мактабларга мингга яқин ўқитувчи етишмайди. Ўзбекистонда ҳам ана шундай муаммолар тўпланиб қолган. Шунинг учун ушбу муаммоларни биргаликда ҳал этиш ижобий натижаларни беради, деб ўйлайман.

– Яқинда институтимиз ва Чирчиқ давлат педагогика институти ўртасида таълим тизимини такомиллаштириш ва илмий тадқиқотлар олиб бориш бўйича ўзаро ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди, – дейди Қозоғистон Республикасининг Чимкент давлат педагогика университети профессори, иқтисод фанлари доктори Алимбек Жуманов. – Унга кўра, доимий равишда ўзаро тажриба алмашиш, профессор-ўқитувчиларнинг илмий салоҳиятини ошириш, уларни етакчи хорижий давлатларга малака оширишга юбориш, педагогика соҳасидаги илғор хорижий тажрибаларни ўзлаштириш, педагог кадрларнинг касбий малакалари ва билим савиясини узлуксиз юксалтириш, педагогик таълимда янги авлод ўқув, ўқув-методик, илмий адабиётлар, воситалар ва дидактик материаллар мажмуасини яратиш каби йўналишларда ҳамкорлик йўлга қўйилади.

Ҳозир шундай даврга етиб келдикки, таълим, фан ва педагогик амалиётнинг турли шакл ва турларини излаб топиш, таълимга татбиқ этиш, уларнинг узвийлигини таъминловчи механизмларни такомиллаштириш, педагог кадрларни тайёрлашда мактабгача, ўрта таълим ва олий таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорликни таъминлаш, педагогик таълимни ривожлантиришнинг долзарб масалалари атрофида интеллектуал ресурсларни интеграциялаш зарурияти барча Марказий Осиё давлатлари учун жуда муҳим бўлиб қолди. Бусиз ривожланиш мумкин эмаслигини ҳаммамиз тушуниб етдик.

Яна бир нарсани афсус билан таъкидлашим керак, кейинги йилларда оила тирикчилиги, таълим тизимида ўқитувчиларга тўланадиган ойлик маошнинг камлиги кўпчилик эркак ўқитувчиларни ўз соҳасини ташлаб, тирикчилик йўлига кириб кетишга мажбур қилди. Оқибатда умумтаълим мактабларида 70-80 фоиздан кўпроқ ўқитувчилар хотин-қизлардан иборат бўлиб қолди, бу эса ўз навбатида таълим самарадорлигини пасайтирибгина қолмасдан, ўқувчиларнинг таълим-тарбиясига, характерига салбий таъсир кўрсатганини ҳам инкор этиб бўлмайди. Ўзбекистон Президентининг ана шу масалаларга жиддий эътибор қаратаётгани, педагог кадрларнинг ойлик маошлари бозор иқтисодиёти талаби даражасида оширилиши эркак ўқитувчиларнинг яна ўз касбига қайтиб, ўқувчилар таълим-тарибяси билан шуғулланишига имкон беради, деб ўйлайман.

– Бугунги конференциядан кўзланган мақсад – педагогика соҳасидаги камчиликларни аниқлаш уларга ечим топишдан иборат, – деди Чирчиқ давлат педагогика институти ректори Ғафур Муҳамедов. – Ана шу мақсадда бир йилга яқин давр мобайнида мактабларда таълим самарадорлиги даражаси, бу борадаги камчиликларни ўргандик. Умумий муаммолардан бири – таълим тизимида умумий узвийликнинг йўқлиги, педагог кадрларнинг етишмаслиги. Гарчи бу борада Президентимиз томонидан бир қатор қарор ва фармонлар қабул қилинган бўлса-да, назаримда уларни ҳаётга татбиқ қилиш тўла амалга ошмаяпти, муаммолар тўлиқ ечилмаяпти.

Ўтган йиллар мобайнида олдимизга қўйилган мақсадларга эришиш усул ва воситаларини аниқ белгилай олмаслик, меҳнат бозори талабларини чуқур ўрганмаслик, одамларнинг ижтимоий аҳволи ва хоҳиш-истакларини инобатга олмаслик оқибатида анчагина жиддий хато-камчиликлар кузатилди. Натижада, «Таълим тўғрисида»ги қонун ва «Кадрлар тайёрлаш миллий дастури»да назарда тутилган талаблар тўлиқ ижросини топмади.

Шунинг учун мен педагогик таълимни инновацион кластер тизимига ўтказиш ташаббуси билан чиқдим. Бу умумий ҳолатда бир бутун, узвий алоқада бўлиб ишлашни, алоҳида субъектларнинг, технологиялар ва инсон ресурсларининг интеграциялашувини кучайтирадиган механизм ҳисобланади. Бу ўз навбатида инновацион занжирни ҳосил қилади ва таълим сифатини яхшилайди. Ана шу мақсадда ҳозирги кунда самарали таълим хизматлари бозорини шакллантириш инновацион таълим технологияларини тезлик билан амалиётга жорий этиш имкониятини беради. Ана шу мақсадда ҳозир институтимизда мактабгача таълим муассасалари, умумтаълим мактаблари, лицей ва коллежлар, олий ўқув юртларини Мувофиқлаштириш кенгаши тузилди ва унга тегишли мутахассислар жалб этилди.

Тошкент вилояти таълим тизимида мавжуд камчиликларни ўрганиш ва уларнинг таҳлили шуни кўрсатдики, педагогик таълим йўналишларини мувофиқлаштириш, истиқболни режалаштириш, таълим босқичлари ўртасидаги алоқа ва интеграциянинг сустлиги, таълим субъектлари фаолиятидаги тарқоқлик ҳудудда педагог кадрларга бўлган эҳтиёжнинг қондирилмаслиги ва таълим сифатининг пасайишига сабаб бўлган. Шундан келиб чиққан ҳолда институтимиз Тошкент вилоятида педагогик таълим инновацион кластерини яратиш билан боғлиқ янги тизимни ўзининг устувор стратегик йўналиши сифатида белгилаб олди ва шу тизим асосида муайян ишларни амалга оширди. Ушбу тизим енгил саноат, қишлоқ хўжалигининг қатор тармоқлари ҳамда иқтисодиётнинг ишлаб чиқариш тармоқларида самарали ҳисобланган кластер усулини таълим жараёнига татбиқ этишни назарда тутади.

Ишлаб чиқариш тармоқларида хомашёни етиштириш, қайта ишлаш ва тайёр маҳсулотга айлантириш ҳамда уни реализация қилиш кетма-кетлиги занжири мавжудлигини биламиз. Бундай кетма-кетлик педагогик таълим тизимида ҳам инсон капитали кўринишида мавжуд. Бу эса ишлаб чиқаришда самарали бўлган кластер моделини таълим тизимига жорий этиш назарий жиҳатдан мумкин эканлигини кўрсатади.

Ушбу модель узлуксиз таълим тизимидаги барча таълим турларининг биргаликдаги фаолияти асосида педагогик таълим тизимини сифат жиҳатидан янги даражага кўтариш имконини беради, кадрлар илмий салоҳиятини ошириш, таълим-тарбия узвийлигини таъминлайди. Айни пайтда бу умумий йўналишлар таълимни бошқариш ва ташкиллаштириш, таълим турлари, йўналишлари ўртасида узвийлик ҳамда интеграцияни таъминлаш, ўқитиш методлари ва воситаларидан фойдаланиш каби йўналишларда хусусийлашади.

Кластер тизими ҳар бири алоҳида фаолият олиб борадиган субъектларни умумий мақсад атрофида бирлаштиради ва айни пайтда ҳар бир субъект умумий мақсаддан келиб чиққан ҳолда хусусий манфаатдорлик асосида иш юритади. Кластер тизими субъектлари бир-бирини қўллаб-қувватлайди ва назорат қилади, ҳар бири алоҳида кластернинг маънавий ва интеллектуал майдонини яратади, ижтимоий таъсири ҳамда аҳамиятини кенгайтиради. Бу тизим алоқадорлик, узвийлик, изчиллик, ворисийлик, замонавийлик, йўналтирилганлик, манфаатдорлик тамойилларига асосланади.

Педагогик таълим инновацион кластери институтнинг асосий илмий тадқиқот йўналиши сифатида белгиланган бўлиб, ҳозирда ўттиздан ортиқ профессор-ўқитувчи мазкур илмий тадқиқот йўналишида изланишлар олиб бормоқда. Барча саъй-ҳаракатларимиз вилоятнинг педагог кадрларга бўлган эҳтиёжини сифатли қондириш, соҳага илғор хорижий тажрибаларни жалб қилган ҳолда замонавий рақобатбардош педагог кадрлар тайёрлашдан иборат.

Бугунги ривожланиш босқичида педагогик таълим инновацион кластери жамият ижтимоий-иқтисодий ҳаётининг барча жабҳаларини ривожлантиришда яқин келажакдаги энг муҳим тизим сифатида тақдим этилмоқда. Бу таълим муассасалари ва ишлаб чиқариш корхоналарининг ўзаро узвий ва узлуксиз алоқасини таъминлаш, ҳар томонлама етук кадрларни тайёрлаш имконини беради. Чунки кадрлар билим савияси ва рақобатбардошлиги иқтисодий ишлаб чиқариш, саноат, қишлоқ хўжалиги ҳамда жамиятнинг бошқа соҳалари тараққиёти, рақобатбардошлигининг асосидир. Ҳар бир ишимиздаги сифат ва самара айнан шу масала билан чамбарчас боғлиқлигини ривожланган мамлакатлар тажрибаси, қолаверса, ҳаётнинг ўзи яққол кўрсатиб турибди.

Анжуман доирасида фан-таълим масалаларига бағишланган тақдимотлар, ижодкор талабалар яратган ишланмалар кўргазмаси намойиш этилди.

 

Нуруллоҳ ДОСТОН,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: