28.05.2019

ИННОВАЦИОН ФАННИ РИВОЖЛАНТИРМАСДАН МАМЛАКАТНИ ТАРАҚҚИЙ ЭТТИРИБ БЎЛМАЙДИ

Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев 24 май куни пойтахтимизнинг Олмазор туманида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари ва йирик лойиҳалар билан танишди. Жумладан Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари раҳбарлари, академиклар, олимлар, ёш тадқиқотчилар билан учрашув ўтказди. Бу учрашувда давлатимиз раҳбари томонидан билдирилган фикрлар, белгилаб берилган вазифалар қизғин ўрганилмоқда, хулосалар чиқариб олинмоқда.

Кадрлар тайёрлаш соҳалари таркибий тузилиши лойиҳасида ёшларни олий ўқув юртларига янада кўпроқ қамраб олиш бўйича батафсил маълумот берилди. 2018-2019 ўқув йилида мамлакатимиз олий ўқув юртларига 96 минг 950 талаба қабул қилинган бўлса, 2019-2020 ўқув йилида 123 минг 170 нафар йигит-қиз ўқишга жалб этилади. Бу кўрсаткични 2022-2023 ўқув йилида 180 мингтага етказиш режалаштирилган.

Кейинги йилларда илм-фан ва таълим соҳаси ходимлари изчил рағбатлантириб келинмоқда. Илмий ходимларнинг маоши ўтган йил 1 сентябрдан ўртача 25 фоиз жорий йил 1 январдан 20 фоиз оширилган эди, 1 июлдан эса яна 25 фоиз кўтариладиган бўлди.

Жорий йил 1 сентябрдан барча давлат ташкилотларида илмий-педагогик фаолият билан шуғулланаётган, таълим ва илм-фан соҳасида меҳнат қилаётган фан номзодларининг маошига 30 фоиз, фан докторлари учун эса 60 фоиз устама ҳақи белгилаш режалаштирилмоқда.

 

Рустам ХОЛМУРОДОВ, Самарқанд давлат университети ректори:

— Жамиятнинг барқарорлиги, хусусан инсон ҳаётининг сифат кўрсаткичи кўп жиҳатдан фан ютуқларига боғлиқ эканлиги исбот талаб қилмайдиган ҳақиқатдир. Фаннинг ва биринчи навбатда инновацион фаннинг жамиятлар иқтисодий ривожланишидаги ҳиссаси тобора ўсиб бормоқда. Жаҳондаги бир қатор давлатлар табиий ва иқлим шароити ноқулайлигига қарамасдан, ер ости ва ер усти бойликлари бўлмаса ҳам, илм-фан ютуқлари ҳисобига тобора тараққий этиб, ҳар жиҳатдан қудратли мамлакатлар рўйхатидан ўрин эгалламоқда.

Ижтимоий-иқтисодий томондан ривожланган мамлакатлар босиб ўтган тарихий йўлни таҳлил қилсангиз, улар қўлга киритган оламшумул муваффақиятлар негизида энг аввало сифатли, кенг қамровли олий таълим ва инновацион фаннинг тараққиёти мужассамланган. Янгиланаётган, ўзгараётган, ислоҳ этилаётган Ўзбекистон ҳам инновацион фаолиятни жиддий ривожлантириш борасида барча имкониятларни ишга солмоқда.

Президентимизнинг парламентга Мурожаатномасида яқин келажакда Ўзбекистонни ривожланган мамлакатлар қаторига олиб чиқиш масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Бу йўлда олдимизда анча мураккаб вазифалар турганлиги ҳам рўй-рост айтилган эди. Бу — қисқа муддатда фан ютуқлари инновацион даражага кўтарилиши кераклигини кўрсатади.

Шу мақсадда, мамлакатнинг халқаро майдондаги рақобатбардошлилик даражасини ва инновацион жиҳатдан тараққий этганини белгиловчи асосий омил инсон капиталини ривожлантириш бош мақсад сифатида белгиланган 2019-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини инновацион ривожлантириш стратегияси қабул қилинди.

Фаннинг ва биринчи навбатда инновацион фаннинг узоқ муддатли барқарор ривожини таъминлайдиган, уни ҳаракатга келтирадиган манба-куч бўлиши керак. Бундай манба, энг аввало, ўта билимли, барча талабларга жавоб берадиган олий маълумотли мутахассис-кадрлардир. Улар тайёрланадиган, етиштириладиган муҳит ва манзил кўп жиҳатдан олий таълим муассасаларидир. Тегишли пойдевор яратмай инновацион фанни ва мамлакатимиз иқтисодиётини кўтариш амри маҳол.

Мен айтаётган бу фикрлар янгилик эмас. Хорижда, олий таълим муассасалари тайёрлаётган мутахассислар кўлами ва сифати, инновацион фан сифати ва самарадорлигини белгиловчи асосий омиллиги аллақачонлар ўз тасдиғини топган.

Хулоса шундан иборатки, жамиятнинг иқтисодий равнақида олий таълим сифати ҳал қилувчи ролга эга. Шундай экан, мўлжалланган мақсадга эришиш учун илмий асосланган, объектив таҳлил асосида инновацион фанни юқори самара билан ривожлантиришни кафолатлайдиган асосий омилларга мурожаат қилайлик.

Биринчидан, мактаб битирувчиларининг олий ўқув юртларига қабул қилиш савияси анча юқори бўлиши шарт. Яъни, фанда «портлаш», «резонанс» бўлиши учун илм, ижод билан шуғулланадиганларнинг муайян критик массаси шаклланган бўлиши керак. Масалан, ўтган йили мактаб битирувчиларининг тахминан 15 фоизи олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилган бўлсак, ундан олдинги йилларда бу кўрсаткич 10 фоиздан ҳам ошмаган. Агарда, ўтган даврларда, ўқишга қабул қилинганларнинг сифат кўрсаткичини ҳам инобатга олсак, минг афсуски бу ҳолат жамият тараққиётининг кескин ўсишига жиддий таъсир қилмаслигига амин бўламиз.

Бундан ташқари, магистратура таълим тури билан қамраб олиниш даражасини бир неча карра ошириш керак. Чунки иқтисодий ривожланган мамлакатларда аҳолини олий таълим билан қамраб олиш даражаси 50 - 80 фоиздан кам эмас. Бизда ҳам мактаб битирувчиларини олий таълим муассасаларида ўқиши улушини босқичма-босқич кўтариш жараёни бошланди, лекин бу икки-уч йилда натижа берадиган жараён эмас. Бунинг учун мактаб битирувчиларининг савияси анча юқори бўлиши, олий таълим муассасалари моддий-техника базаси (биринчи навбатда ўқув майдонлари) бир-неча карра кенгайиши, юқори малакали профессор-ўқитувчилар сони ва сифати талабалар контенгентига мос равишда ошиши керак.

Бугун мактабни, мактабгача таълим муассасаларини талаб қилинадиган даражага кўтариш борасида давлатимиз раҳбари, ҳукуматимиз томонидан беқиёс, кенг қамровли чора-тадбирлар кўрилмоқда, шу жумладан катта маблағ ажратилмоқда, инвестициялар киритилмоқда. Лекин мактаблардаги катта камчиликлардан бири, юқори савиядаги муаллимлар озчиликни ташкил қиилишидир. Бундан ташқари, айрим мактабларда умуман ўқитувчилар етишмаслиги ҳам бор гап. Бу муаммо ечими ҳам олий таълим муассасалари фаолияти билан боғлиқ.

Жамиятнинг энг муҳим стратегик вазифаси, ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг локомотиви бўлган миллий элитани тизимли тайёрлашдан иборат бўлиши керак. Миллий элита роли, айниқса, дунёда глобаллашув нафақат моддий ва ахборот, балким интеллектуал ресурслар соҳасини ҳам қамраб олаётганлиги сабабли ошиб бормоқда.

Элита кадрларни тайёрлаш, миллий бойлик сифатида, Президентимизнинг шахсий эътиборида бўлиб, тўлиқ, якунланган тизим шаклига келтирилди: мактабгача таълим муассасалари, умумий ўрта таълимдаги ислоҳотлар, 11 йиллик мактаб таълимини қайта тикланиши, иқтидорли ўқувчиларни рағбатлантириш тизимининг яратилиши, Президент мактабларининг ташкил этилиши, олий таълим муассасаларида иқтидорли талабаларга қаратилаётган эътибор ва бошқа бир қатор бевосита ва билвосита имкониятлар. Элита таълими сифати, уни кафолатлайдиган давлат тизими ва Президент сиёсати даражасига кўтарилди.

Иккинчидан, олий маълумотлилар сифати, савиясининг юқори бўлишини таъминлаш. Балким, энг оғир масала айнан шудир. Талабанинг билим олишига талабни кучайтириш, ўқиш жараёнида табиий танлов муҳитини шакллантириб, уни сақлаб туришдан қўрқмасликка тўғри келади.

Учинчидан, профессор-ўқитувчилар сифати, таркиби муайян даражада талабалар ўзлаштириш даражасига таъсир қилади. Яъни, талабанинг ўзлаштириш сифати ва билимининг истеъмолчи талабига жавоб бериш даражаси кўп жиҳатдан ўқитувчининг савиясига боғлиқ. Шундай экан, муайян фан ўқитувчисининг ўқувчилари билими даражасига қараб, унинг фаолиятига баҳо берса бўлади. Аста-секинлик билан олий таълим муассасаларида нисбийлик, муқобиллик асосида шундай баҳолаш мезонлари шаклланадики, савияси талабга жавоб бермайдиган ўқитувчиларни саралаш механизми ўз кучини кўрсата бошлайди.

Тўртинчидан, ҳозир ўртача кафедранинг таркибини таҳлил қиладиган бўлсангиз, унинг аъзолари орасида инновацион фан билан шуғулланишга қобилиятлилар оз эканлигини кўрасиз. Илмий тадқиқотлар ўз-ўзидан ривожланмайди, уни бажаришга қодир илмий кадрлар бўлиши керак ва уларда илмий натижаларни тижоратлаштириш маҳорати, кўникмаси шаклланиши зарур. Кафедрада фаолият кўрсатаётган катта ёшдаги домлаларимизда фанга тижорат воситаси сифатида қараш кўникмаси йўқ. Улар умуман, капиталистик иқтисодий муносабатлар шароитида тарбияланмаган. Бир сўз билан айтганда, илмий ходимларда фан ютуқларини тижоратлаштириш тушунчаси йўқ. Аксарият ҳолларда профессор-ўқитувчи ва илмий ходимларнинг илм-фани мақола ва монографиялар чоп этиш, диссертация ҳимояси билан кифояланган. Кафедраларнинг бу тоифа вакиллари қанчалик илмли, иқтидорли, диёнатли, зиёли инсонлар бўлишларига қарамасдан бугун улардан, жиддий, кенг қамровли инновацион фан натижаларини кутиш амри маҳол.

Кафедра аъзоларининг иккинчи қисми (улар 40-60 фоизни ташкил қилади) охирги 10-15 йил ичида ўзимизнинг магистратурани битирганлар. Магистратурамизнинг қабул қоидаларидан тортиб, ўқув режалари, ўқишнинг ташкил қилиниши ва диссертация ишларининг бажарилишидан тортиб ҳимоясигача таҳлил қилинса, битирувчилар сифати масаласида жиддий шубҳа туғилади. Ўзбекистонда ҳақиқий, мақсадли, сифатли магистратура ҳали шаклланиб улгурмади. Шундай экан, кафедранинг бу тоифа аъзоларининг инновацион илмий-тадқиқотлар билан шуғулланиш имкониятлари жуда чегараланган.

Юқорида таҳлил қилинган омиллар, мавжуд шароитда, тез орада инновацион фанни биз истагандек илдамлаб юргизиш мушкул эканлигини кўрсатади.

Президентимизнинг Ўзбекистон Миллий университетида ва олий таълим муассасалари ректорлари, иқтидорли ёшлар вакиллари билан ушрашувида айнан мана шу долзарб масалаларга алоҳида эътибор қаратилди. Мазкур муаммолар ечимини, яъни фундаментал ва инновацион фанни ривожлантиришни ҳамда илмий-педагогик кадрлар тайёрлашни рағбатлантиришга қаратилган тарихий қадамлар ташланди. Қарийб 50 йилдан буён олий таълим тизимидаги ўзгаришлардан хабардор бир инсон сифатида давлат раҳбарининг илмий-педагогик кадрларга кўрсатган бу даражадаги ҳимматини, ғамхўрлигини, илтифотини эслолмайман. Кўрмаганман. Фанлар академиясини молиялаштиришни бюджетга ўтказиш, қатор илмий тадқиқот институтлари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, маблағ ажратиш, штатларини кўпайтириш, Олий таълим муассасалари ўқитувчилари маошларини биринчи июлдан яна бир карра 25 фоизга ошира туриб, сентябрдан фан номзодлари(PHD) ва фан докторлари маошларини мос равишда 30 фоиз, 60 фоизга ошириш, профессор-ўқитувчиларга хорижий таълим марказларида ҳар уч йилда малака ошириш имкониятини яратиш, буларнинг барчаси албатта илм аҳлини муносиб рағбатлантириш орқали илмий тадқиқотлар самарадорлигини ошириш ва ижтимоий-иқтисодий соҳаларга тайёрланаётган олий маълумотли кадрлар сифатини жиддий кўтаришга хизмат қилишига ишонаман.

 

***

Талабалар шаҳарчаси мамлакатимиздаги йирик таълим ва илм-фан масканидир. Бу ерда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети, Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги, Маънавият ва маърифат маркази, коллеж ва лицейлар, спорт мажмуалари жойлашган. Икки университетда қарийб 25 мингга яқин талаба таҳсил олмоқда.

Президентимиз ташаббуси билан шаҳарча ҳудудининг бошланишида, «Беруний» метро бекати ёнида Беруний майдони барпо этилди. Абу Райҳон Берунийнинг Техника университети олдидаги ҳайкали шу ерга кўчирилиб, атрофи обод қилинди. Алломанинг буюк мероси ҳақида маълумот берувчи тош лавҳалар ўрнатилди. Булар ўзига хос мажмуа ҳосил қилиб, Талабалар шаҳарчаси илмий салоҳиятининг яна бир рамзи бўлди.

 

Авазжон МАРАҲИМОВ, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ректори, техника фанлари доктори:

— Учрашув давомида олий таълим тизими, илм-фан тараққиётини таъминлаш, бу борада туб ўзгаришларни амалга ошириш борасида кўплаб таклифлар, ташаббуслар илгари сурилди. Тараққиёт, инновацион ривожланишни таъминлайдиган юқори малакали кадрларни тайёрлаш бўйича энг муҳим устувор йўналишлар белгилаб берилди. Шунингдек, рақамли тиббиёт, нано, био технологиялар, табиий ресурслардан самарали фойдаланиш борасидаги энг илғор билимларни эгаллаш ва шу йўналишда тадқиқотлар олиб боришга масъул бўлган олий таълим муассасалари, жумладан, Миллий университет ҳақида асосли таҳлилий-танқидий фикрлар билдирилди. Ҳақиқатан ҳам, бу борада олиб бораётган ишларимизни етарли, деб бўлмайди. Очиқ тан олиш керак, тайёрлаётган кадрларимизнинг малакасидан, сифати ҳамда амалий кўникмаларидан иш берувчилар, ҳатто ўзимиз ҳам қониқмас эдик. Бизга йиғилиш давомида муаммоларнинг ечими бўйича керакли тавсиялар берилди. Қисқа қилиб айтганда, Президентимиз олий таълим тизимини тубдан ислоҳ қилиш бўйича тамал тошини қўйди.

Қарийб қирқ йилдан буён олий таълим тизимида фаолият юритиб келяпман. Аммо биз зиёлиларни ўйлантираётган муаммолар ечимига қаратилган бундай йиғилишни эслай олмайман. Ишонаманки, соҳа ривожида қабул қилинган қарор ҳам университетимизнинг янги 100 йиллик ривожланиш босқичига асос солади.

Ўрни келганда айтиш лозим. Биз шу вақтга қадар менинг ишим дарс бериш, илмий изланишларимни давом эттириш, китоб ёзиш, илмий-техник муаммолар ечимини топишдангина иборат, деб ўйлаган эканмиз. Ижтимоий соҳадаги, жамиятдаги таълим-тарбиядан тортиб, фуқароларнинг фикрлаш тарзини ўзгартириш билан боғлиқ вазифалар ҳам борлигини унутиб қўйгандекмиз. Барчамиз ўзгаришимиз, замонга мос тарзда ўйлашимиз лозим. Бу ҳокимиятнинг, вазирлик ёки ректоратнинг иши, деб эмас, бу менинг бурчим, деб қарашимиз керак. Шунда ҳар қандай лойиҳалар натижа беради. Энг асосийси, ёшлар ҳаммамизники эканини унутмаслигимиз шарт.

 

Садриддин ТУРОБЖОНОВ, Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети ректори, техника фанлари доктори:

      Ўтган йили октябрь ойида ҳам Президентимиз илм аҳли билан учрашиб, ўқув жараёнини сифат жиҳатдан юқорига кўтариш, моддий-техник базани яхшилаш, рақобатбардош кадрларни тайёрлаш борасида жуда кўп камчиликларимиз борлигини айтган эдилар. Шунинг билан бирга, олдимизда турган муҳим вазифалар ҳам белгилаб берилган эди. Қисқа вақт давомида юртимизда хориждаги нуфузли олийгоҳларнинг филиаллари очилди, 832 нафар хорижий мутахассис жалб этилди. Қўшма дастурлар бўйича 20 га яқин олий таълим муассасаларида икки ёқлама диплом бериш тажрибаси йўлга қўйилди. Президентимизнинг бу галги учрашувдаги нутқларидан англадикки, амалга оширилган ишлар етарли эмас экан.

Ўтган йилги маърузаларидан руҳланган университетимиз жамоаси бир таклиф билдирмоқчи эдик. Буни қарангки, давлатимиз раҳбарининг ўзлари биздан олдин кўнглимиздагини топиб айтдилар. Техника соҳасидаги олий таълим муассасалари учун янгилик — технопарк жорий этиш масаласини кўтардилар. Юрагимизга тугиб қўйган ниятимиз амалга ошадиган бўлди. АҚШдаги Кремний водийси, Россия Федерациясидаги Сколково илмий-тажриба майдонларига ўхшаган технопарк Ўзбекистонда ҳам ташкил этилиши бўйича кўрсатма бердилар. Учрашув давомида вазирлик ва Жараёнларни автоматлаштириш миллий ассоциацияси — NAPA томонидан хорижий марказлар билан ҳамкорликда ташкил этиладиган технопаркнинг тақдимоти ҳам ўтказилди. Абу Райҳон Беруний номидаги технопарк миллий университет ҳудудида барпо этиладиган бўлди. Бу истакларимизни рўёбга чиқаришда катта имконият яратади, деб ўйлайман. Технопаркда Фанлар академияси билан ҳамкорликда турли тадқиқотлар олиб бориб, саноатда ишлатиладиган тажриба қурилмаларини синовдан ўтказамиз.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: